Mar 032018
 

Мен истиқомат қилаётган Самарқанд вилояти, Самарқанд туманида 43-умумтаълим мактаби бор.

Мактабда тожик ва ўзбек синфлари мавжуд. Бу илм даргоҳида 2 тилда дарс олиб борилади.

Бу мактабда бирор марта бўлмагандим.

Яқинда ўқувчилар “Журналист опа, бир саҳна кўринишимиз бор, келиб, бизлардаги иқтидорни томоша қилиб кетинг. Бизнинг спектакльни ҳам интернетга жойлаштиринг” ” деб таклиф қилиб қолишди.

Борсам, синфхоналар жуда совуқ…

Ўқитувчилардан тортиб ўқувчиларга қадар қалин пальтоларга ўраниб олган.

Синфда электр энергияси йўқлиги сабабли 5-“Б” синф ўқувчиларининг (мен тайёрлаган видеолавҳа матнида 6-синф ўқувчилари деб хато кетибди. Узр сўрайман) тайёрлаган саҳна кўринишларини барбод бўлди.

Мактабнинг фаоллар зали зим-зиё. Электр йўқлиги учун микрафон ҳам ишламайди. Бунингдек қоронғу шароитда роль ижро этиш ўқувчиларга ҳам, уларни тасврига туширатёган менга ҳам мушкуллик туғдирарди.

Шундай бўлса-да совуқдан дир-дир титраган ўқувчилар маҳоратларини ишга солдилар.

Мен ҳам гарчи зал қоронғу бўлса-да, бор имкониятдан фойдаланишга ҳаракат қилдим.

Бу шунчаки “Келинлар қўзғолони” спектакли эмасди.

Ўқувчилар “Келинлар қўзғолони” орқали мактабдаги муаммоларни очиб беришга уринишган.

Гарчи тасвирларим талабга жавоб бермаса-да, ўқувчиларнинг орзулари ушалсин учун бу саҳна кўринишини интернет саҳифасига жойлаштиришга қарор қилдим.

Сиз кўраётган бу томошани Самарқанд вилояти, Самарқанд туманидаги қорли қишда на табиий газ, на электр энергияси бўлмаган қишлоқдаги 43-мактабда кўмир ёқиб, кун кўраётган ўқувчиларнинг саҳна кўринишлари деб бўлмайди, балки уларнинг армонлари, орзу ўйлари, истаклари, мактабларидаги мавжуд муаммоларга нисбатан танқидий қарашларидир….

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти раиси, мустақил журналист.