Jan 092018
 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ

ШАВКАТ МИРОМОНОВИЧ МИРЗИЁЕВГА

Нусхаси: ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ПРОКУРОРИГА

ЎЗБЕКИСТОН БОШ ПРОКУРАТУРАСИ ҲУЗУРИДАГИ

МАЖБУРИЙ ИЖРО БЮРОСИ ДИРЕКТОРИГА

МАЖБУРИЙ ИЖРО БЮРОСИНИНГ УЧТЕПА ТУМАН

БЎЛИМИ БОШЛИҒИГА

Эшонқулова Малоҳат Худжамовнадан

Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Чилонзор, Д20 “А” даҳа,

8-уй, 128-хонадонда вақтинча яшовчи

Тел: +99893 510 4292

ШИКОЯТ АРИЗА

(Мажбурий ижро бюроси Учтепа туман бўлими раҳбариятининг мусодара қилинган мол-мулкларни давлат фойдасига ўтказмасдан ўзлаштириб юборишдек жиноятлари хусусида хабар бериш ва жиноятчи ижрочиларга нисбатан жиноят иши қўзғаш хусусида)

Мажбурий ижро бюросининг Учтепа туман бўлими бошлиғи Б. А. Хаитовнинг 19/369/17- сонли 2017 йилнинг 29 декабрь куни менинг шикоятимга жавоб хатидан маълум бўлишича, мендан давлат фойдасига Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой туман судининг 2011 йилнинг 27 июндаги қарорига асосан мени ЎзРесМЖтКнинг 201-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топиб, энг кам иш ҳақининг олтмиш баравари миқдорида солинган – 2.984.100 (икки миллион тўққиз юз саксон тўрт минг бир юз) сўм миқдоридаги жарима, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман судининг 2012 йилнинг 12 июнь кунидаги қарорига кўра менга ЎзРесМЖтКнинг 201-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топиб, энг кам иш ҳақининг саксон баравари миқдорида солинган – 5.033.600 (беш миллион ўттиз уч минг олти юз) сўм жарима, ҳамда Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар судининг 2013 йилнинг 6 июль куни менни ЎзРесМЖтКнинг 201-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топиб, энг кам иш ҳақининг етмиш беш баравари миқдорида солган жарима – 5.969.2500 (беш миллион тўққиз юз олтмиш тўққиз минг икки юз эллик) сўм – жами учта суд томонидан солинган маъмурий жарималар ҳамда жами 139.869 сўм ижро йиғими ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатлари бўлим Мажбурий ижро бюросининг Учтепа туман бўлими иш юритувига бориб тушган.

Шунингдек, 2013 йил 29 августдаги давлат ижрочисининг жарима солиш тўғрисидаги қарорига асосан мендан давлат фойдасига 915.300 (Тўққиз юз ўн беш минг уч юз) сўм миқдорида жарима ундириш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Демак, жами бўлиб менинг гарданимда 15.042 119 (ўн беш миллион қирқ икки минг бир юз ўн тўққиз) сўм миқдорида қарздорлик бўлган.

Мазкур қарздорликни мажбурий тарзда ундириш юзасидан ижрочилар томонидан қўйидаги мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилган:

  1. 2012 йилнинг 6 ноябрь куни ижрочилар томонидан мен истиқомат қилаётган уйдан 12 турдаги мол-мулклар рўйхатга олиниб, олиб чиқиб кетилган ва мазкур мол-мулкларни реализация қилиш ҳисобидан жами 2.195.755 (икки миллион бир юз тўсон беш минг етти юз эллик беш) сўм давлат фойдасига ўтказилган;

  2. 2013 йил 5 декабрь куни олиб борилган ижро ҳаракталари ортидан менга тегишли профессионал видеокамера ва битта мобиль телефон аппарати мусодара қилинган ва 448.800 (тўрт юз қирқ саккиз минг саккиз юз) сўмга баҳоланган. Бироқ негадир давлат фойдасига ўтказилмаган;

  3. 2016 йлининг 30 март куни мен истиқомат қилаётган хонадондан 7 турдаги мол-мулклар мусодара қилинган ва мазкур мол-мулкларни реализация қилиш ҳисобидан жами 2.304.881 ( икки миллион уч юз тўрт минг саккиз юз саксон бир) сўм давлат фойдасига ўтказилган;

  4. 2016 йил 20 апрель куни бир дона уяли алоқа телефон аппаратим мусодара қилинган ва реализация қилиш ҳисобидан 13.500 (ўн уч минг беш юз) сўм давлат фойдасига ўтказилган;

  5. 2017 йилнинг 28 июль куни мен истиқомат қилаётган хонадондан 6 турдаги мол-мулклар олиб чиқиб кетилган ва мусодара қилинган. Мазкур мол-мулкларни реализация қилиш ҳисобидан давлат фойдасига 160 200 (бир юз олтмиш минг икки юз) сўм давлат фойдасига ўтказилган. Менинг бунга эътирозим бор. Ўша куни мен истиқомат қилаётган уйдан уй компьютери ва просессори олиб чиқиб кетилган эди. Наҳотки уй компьютери 160 минг сўмга баҳоланса?

Демак, олиб борилган мажбурий ижро ҳаракталари натижасида мендан ва мен истиқомат қилаётган хонадондан руйҳатга олиниб, олиб чиқиб кетилган мол-мулклар ҳисобидан то шу кунга қадар жами 5.123.136 ( беш миллион бир юз йигирма уч минг бир юз ўттиз олти) сўм давлат фойдасига ўтказилган бўлиши керак..

Бундан кўриниб турибдики, айни кунда менинг 9.918.983 ( тўққиз миллион тўққиз юз ўн саккиз минг тўққиз юз саксон уч минг) сўм қарздорлигим қолган.

Бироқ Мажбурий ижро бюроси Учтепа туман бўлими бошлиғи Б. А. Ҳайитов ўзининг 19/369/17- сонли 2017 йилнинг 29 декабрь куни менга йўллаган жавоб “… Ҳозирда сизнинг қарздорлигингиз давлат фойдасига 10.367.783 сўмни ташкил этади” дея ёзмоқда.

Яъни Хаитов менинг 9.918.983 ( тўққиз миллион тўққиз юз ўн саккиз минг тўққиз юз саксон уч минг) сўмлик қолган қарздорлигимни 10.367.783 сўм дея кўрсатмоқда.

Яъни 448.800 сўм ортиқча ёзмоқда.

Мен истиқомта қилагн хонадондан бир неча бор олиб кетилган ва мусодара қилинган мол-мулкларни баҳолаш эпизодига диққат қилсангиз, бу ортиқча 448 800 сўм қаердан пайдо бўлиб қолганини билиб оласиз.

Яъниким, Хаитов жанобларининг ўзлари ёзганларидек, “… 2013 йил 5 декабрь куни Учтепа туман ИИБ биносининг 69—хонасида ижро ҳаракатлари амалга оширилиб, Сизга тегишли бўлган 2 турдаги мол-мулклар хатлаб олиниб, “MASTER EXPERT” томонидан 2015 йил 28 апрель куни 448.800 сўмга баҳоланган”. Демак, ана энди мана шу 448.800 сўм қаерга кетганлиги бизга номаълум, аммо нега яна айланиб келиб менинг зиммамга тушаётганлиги ойнадек аён бўлмоқда.

Хўш, нега у ҳолда мендан тортиб олинган асл базордаги баҳоси 1000 АҚШ доллари бўлган, АҚШдан келтирилган профессионал видеокамера ва битта мобиль телефони қасддан ўта паст нархда – 448.800 сўмга баҳоланган экан, қани ўша маблағ? Нега ўз вақтида давлат фойдасига ўтказилмаган?

Бу профессионал видеокамера сотилмаслиги мумкин эмас. Мабодо сотилмаган бўлса, ўзимга қайтаришларини талаб қиламан. Унинг баҳоси жуда баланд эди. Менинг видеокамерамни ким талон тарож қилди? Ким уни қасддан паст нархда баҳолаб ўзлаштириб юборди? Ўзбекистон ҳукумати бунингдек юлғич ижрочиларга ҳукумат ишини қандай ишониб топшириб қўйган? Нима учун давлат номидан иш юритадиган ижрочилар ўз мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб фуқаролардан мажбурий тарзда мусодара қилинган мол-мулкларни қасддан паст нархлатиб, ўзлаштириб юборишмоқда.

Бунингдек қалобликлари ортидан Мажбурий ижро бўлими ходимлари менинг ҳукуматга, давлатга бўлган ишончимга путир етказишди.

Ижрочилар жиноятининг хавфлилик даражаси ниҳоятда катта.

Мен маъмурий жарималар ортидан вужудга келган айни дамда гарданимда турган қарздорлигимни тўлаш ниятидаман.

Шу сабаб мен Ўзбекистон Республикаси бош прокуратураси ҳузуридаги мажбурий ижро бюросига арз қилгандим. “Менинг қанча қарздорлигим қолган? Мавжуд қарздорлигимни қайси ҳисоб рақамига тўлашим керак?” деган саволим ҳамон очиқ қолмоқда.Негадир ижрочилар менга ҳисоб рақами хусусида хабарнома жўнатишда ҳайиқишмоқда.

Менинг қолган қраздорлигим хусусида 448.800 минг сўм қўшиб хабар беришмоқда.

Жаноблар!

Давлатимиз муттаҳам эмас-ку? Ҳукуматимиз 7 йилдирки ишсизликдан коса-товоқ ювишга мажбур бўлаётган зиёли бир аёлнинг 448.800 сўмни икки маротаба тўлашига қараб қолган даражада қашшшоқми, шунчалар ночормидики, мен 448.800 сўмни ҳам натура шаклида, ҳам сўм шаклида 2 маротаба тўласам?

Эҳтимол, емхўр ижрочилар учун 448.800 сўм арзимаган чақадир?

Бироқ ўзингиз ўйланг, мамлакатимизда энг кам иш ҳақининг баҳоси неча пул?

Бир ҳамшира 250 минг сўм топиш учун бир ой -30 кун тер тўкмоқда ахир?

Муттаҳамчилик ҳам шунча бўладими?

Ҳурматли Президент!

Президентлик курсисига ўтирганингиздан бери адолат деб нутқ сўзлаганларингиз, куни кеча 4 соат халқ ҳақида қайғуриб гапирганларингизда заррача ҳақиқат бўлса, давлат ижрочиларининг танобини тортиб қўйишингизни талаб қиламан.

Мен тележурналистман. Ё менинг профессионал видеокамерамни топиб, жойига қўйишсин, ёки пулни давлат ҳисобига ўтказиб қўйишсин.

Ҳурматли Президент!

Муҳтарам Бош прокурор!

Ҳукумат номидан, сизларнинг номингиздан иш тутиб, мамлакат фуқароларининг ҳукуматга, давлатга, Президентга, қонунларга бўлган ишончига путур етказаётган юлғич суд ижрочиларига нисбатан жиноят иши қўзғатишингизни талаб қиламан.

Илова: Б. А. Хаитовнинг 19/369/17- сонли 2017 йилнинг 29 декабрь куни менинг шикоятимга жавоб хати нусхаси.

Эшонқулова Малоҳат. 5 январь 2018 йил.