Jan 062018
 

Жаҳон тажрибасида бир инсоннинг бир кунлик топган даромади $2.50(икки ярим) доллардан кам бўлса, у қашшоқ деб кўрилади.

Ўзбекистонда аҳолининг қанча қисми қашшоқликда яшаши ҳақидаги статистик маълумотлар давлат сири сифатида кўрилади. Ўзбекистон матбуотида қашшоқ оила деб ёзиш тақиқланган, ушбу мавзуда ёзадиган журналистларга “кам таъминланган оила” ёки “эҳтиёжманд оила” деб ёзиш маслаҳати берилади.

Ўзбекистон эркин демократик давлат бўлмаганлиги учун,  инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳурмат қилинмаганлиги учун қашшоқлик борлиги тан олинмайди, Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида қашшоқлик ҳақида ёритилмайди.  Қашшоқлик борлиги тан олинмагандан кейин, ўз-ўзидан унга қарши курашувчи ташкилотлар ҳам йўқ.

Қашшоқлик энг жиддий ва кенг тарқалган инсон ҳуқуқлари бузилиши”, – дейилади Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Женевадаги Инсон Ҳуқуқлари Консуллигида 2006-йилда бўлиб ўтган йиғилишида.

Ирландия эркин, демократик ва ривожланган давлат бўлганлиги учун, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳурмат қилинганлиги учун  ҳар қандай муаммолар  жумладан қашшоқлик тўғрисида ҳам Ирландия оммавий ахборот воситаларида очиқ-ойдин ёритилади, муҳокама қилинади. Бундан ташқари қашшоқликка қарши курашадиган ташкилотлар ҳам фаолият олиб боради. Шундай ташкилотлардан бири “Ҳаммамиз биргаликда қадр- қимматимиз учун” (All Together in Dignity) ташкилотининг Ирландия бўлими. Мен коллежда ўқишимнинг охирги йилида яъни 2016- йилнинг 22 -февралидан 4-мартигача 2 ҳафталик иш тажрибаси(Work Experience) ўтказиш учун жой  излаганимда интернет орқали шу ташкилотнинг Дублин шаҳрида фаолият олиб борадиган бўлимини топдим ва икки ҳафта давомида  ўша ерда иш тажрибамни ўтказдим.

Бу ташкилотниниг асосий мақсади Ирландияда қашшоқликни тугатиш йўлида курашиш. Ташкилот ўз фаолиятини хайрия ҳисобига олиб боради, ҳамда кўнгилли сифатида фаолият олиб боради. Ташкилотнинг ўз веб-сайти(http://www.atdireland.ie/wp/)  ҳам бор.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 17-октябр қашшоқликни бартараф этиш Халқаро (International Day for the Eradication of Poverty)куни қилиб белгиланган. Дунёнинг кўплаб давлатлари қатори Ирландиянинг Дублин шаҳридаги “ Ҳаммамиз биргаликда қадр- қимматимиз учун”(All Together in Dignity)ташкилоти ҳам 17-Октябр Миллий қўмитаси(National Committee for 17 October)  билан ҳамкорликда ҳар йили шу кунни нишонлайди.  2016-йил 17-октябрда ва 2017-йиллардаги тадбирларда мен ҳам кўнгилли сифатида қатнашдим. Бу тадбирнинг марказида қашшоқликда яшаётган одамларнинг овозлари туради.   2016-йил 17-октябрида ўтказилган Қашшоқликни бартараф этиш Халқаро кунида Ирландия президенти Майкл Д. Хиггинс(Michael D. Higgins) ҳам қатнашган эди.

Президент ўтирган даврада қашшоқ одамлар ўз муаммоларини очиқ гапирган эдилар. Бу дегани улар ўз муаммоларидан кўпчиликни хабардор қилган эдилар ва шу орқали қашшоқлар ҳам борлигига омманинг диққатини жалб қилган эдилар.

Қачонки, муаммолар борлиги тан олинса, кўпчилик билан биргаликда муҳокама қилинса, унинг ечимини топишга, муаммони ҳал қилишга киришилади.

2017-йил 17-октябрь Қашшоқликни бартараф этиш Халқаро куни тадбирида олинган сурат.

Бундан ташқари Европа қашшоқликка қарши кураш Ирландия Тармоғи (The European Anti-Poverty Network, Ireland-EAPN (http://www.eapn.ie/eapn/about/who-we-are)) ҳам фаолият олиб боради.   Бу тармоқдаги гуруҳлар ва якка шахслар қашшоқликни тугатишга курашадилар.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2030-йилгача мўлжалланган 17 та Барқарор Ривожланиш Мақсадлари(Sustainable Development Goals 2030)дан энг биринчиси: “Қашшоқликнинг ҳар хил кўринишларини ҳамма ерда тугатиш”.  

Европа қашшоқликка қарши кураш Ирландия тармоғининг ёзишича: Мана шу қуйидаги 11та кўрсаткичларни амалга ошириш учун қурби етмаганлар қашшоқ деб ҳисобланади экан.

  1. Икки жуфт иссиқ ва пишиқ оёқ кийим.
  1. Сув ўтказмайдиган иссиқ пальто
  1. Янги кийимлар сотиб олиш
  1. Ҳар икки кунда гўшт, товуқ, балиқ маҳсулотлари истеъмол қилиш
  1. Ҳафтада бир марта қовурилган гўшт маҳсулотлари истеъмол қилиш
  1. Пул етишмаслиги сабабли йил давомида уйни иситилмай қолиши
  1. Уйни етарлича иссиқ сақлаш
  1. Бир йилда камида бир марта оила аъзолари ёки дўстлари учун совға сотиб олиш
  1. Ҳар қандай эскирган мебелни алмаштириш
  1. Бир ойда бир марта оила аъзолари ёки дўстлар билан овқатланиш ёки ичимликлар ичиш
  1. Ойнинг охирги икки ҳафтасида кўнгил очиш жойларига бориш

(http://www.eapn.ie/eapn/training/consistent-poverty-rates)

Қашшоқлик кўрсаткичи бўйича айрим расмий маълумотлар:

Туркманистон (ҳеч қандай маълумот йўқ-2015)

Қозоғистон 2.7% (2015)

Озарбайжон 4.9% (2015)

Ирландия – 8.7% (2015)

Ўзбекистон 12.8% (2015)

Россия 13,3% (2015 тахминий.)

Қирғизистон 32.1% (2015)

Тожикистон 32% (2015)

Қашшоқлик бўйича айрим Википедия маълумотлари:

Бугунги кунда дунё аҳолисининг деярли 50 фоизи кунига $ 2.50(икки ярим доллар)дан камроққа яшайди экан(2015-йилги маълумот).

Қашшоқликнинг асосий сабаблари:

  • Маҳаллий овқатларда назорат етишмаслиги
  • Коррупция: Коррупция дунёдаги қашшоқликнинг асосий сабаби ва натижасидир.
  • Таълим олиш имкониятининг йўқлиги
  • Руҳий касаллик, тўғри психиатрия ёрдамининг етишмаслиги
  • Дунёдаги очлик, дунёдаги иқтисодий ривожланиш.
  • Эпидемик касалликлар

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳурмат қилинадиган бўлса, эркин, демократик жамият қурилса коррупция ва порахўрлик кескин камаяди, қашшоқликни тугатиш учун курашиш имконияти  туғилади.

Шундай кунлар келишига умид қилиб қоламан.

Саломатой Бойматова

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти аъзоси

6-январь, 2018-йил