Jan 042018
 

Умуман олганда, Ўзбекистоннинг иккинчи президенти Шавкат Миромонович қишлоқдан. Шу сабаб қишлоқ ҳаётини жуда яхши билади.

Шунингдек, “Товуқ етти хазинанинг бири” деган гаплардан ҳам мамлакат президентининг хабари бор.

Шу сабаб ҳам 2017 йил бошида оилалар фаровонлигини ўйлаган президент товуқ боқишни тавсия қилганди.

Ўзбекистон президентининг товуқ боқишга эътибор қаратишдек фикрларини “Озодлик” радиоси ўзининг youtube каналида (https://www.youtube.com/watch?v=yR9D1D7h8UU#) қуйидагича реклама қилган эди:

Жиззах вилоят ва Бахмал туман ҳокимлиги эса Шавкат Миромоновичнинг гапларини назар қилмай, борини ҳам барбод қилмоқда экан.

Гап шундаки, 2009 йилдаёқ Вазирлар Маҳкамасининг раёсатида Бахмал туманида 15 минг бош паррандага мўлжалланган ва инкубаторга эга бўлган саноат типидаги паррандачилик комплексини қуриш кўзда тилган эди.

Ана шу мақсадда Бахмал туманининг Новқа ота қишлоғида 2009 йилдаёқ 15 минг бош паррандага мўлжалланган паррандачилик комплекси қад ҳам росталаган:

Бироқ 2011 йилга келиб мазкур комплекс тўлиқ битмасдан ўз ҳолига ташлаб қўйилди.

2013- 2014 йилга келиб олғир одамлар маҳаллий амалдорлар билан ўзоро тил бириктириб собиқ СССР даврида ишлаб чиқарилган, фойдаланишга мутлақо яроқсиз бўлган, илгари ишлатилган инкубатор ускуналарини 105 миллион сўмга ўрнатиб кетган. Бундан ташқари ҳақиқий бозор баҳоси 28-30 миллион сўм атрофида бўлган товуқхона жиҳозларини ҳаддан зиёд қиммат нархда 135 миллон сўмга ўрнатиб, нарх сунъий оширилган.

Бироқ мазкур товуқхона комплекси ҳамон ишга туширилган эмас.

Бахмал туманининг Новқа ота қишлоғида истиқомат қилувчи Маматов Абдуғаффор Халилович давлатнинг миллиардлаб маблағи сарфланган бўлишига қарамасдан ишга туширилмай аросатда қолиб кетган мазкур паррандачилик комплексини тўлиқ ишга тушираман, товуқ боқиб кўпайтираман, қишлоқ аҳолисини иш билан, парранда гўшти ва тухум билан таъминлайман, халқимиз дастурхонини тўкин қиламан деган мақсадда 8 йилдирки бош уриб бормаган идораси қолмади.

Абдуғаффор Маматов 500 товуқ учун қурилиш қилиш мақсадида банкдан кредит олишга ҳужжат тўплаганига ҳам 9 йил бўлди. Бироқ Маматовда банкга гаровга қўйиш учун ҳеч вақо йўқлиги сабаб бу ҳам тўхтаб қолганди.

Гарчи товуқхона комплексини ишга тушириш мақсадида 10 йилга яқин умри саргардонликда ўтаётган бўлса-да Абдуғаффор аканинг умидлари сўнган эмас.

2017 йилнинг январида Президент Мирзиёевнинг “Ҳар бир оила камида ўнтадан товуқ боқиши шарт” деган хитоби Маматовга жуда катта умид берганди.

Абдуғаффор ака ҳали ҳамон 15 минг бош товуққа мўлжалланган паррандачилик комплексини ишга тушириш илинжида ҳали Жиззах вилоят ҳокимиятида, Ҳали Бахмал туман ҳокимлиги остонасида ранги самон бўлиб юрибди.

Мамлакат президенти Шавкат Миромонович “Товуқ – етти хазинанинг бири” эканлигини билади. Аммо президент билган бу ҳақиқатни Шавкат Мирзиёевнинг “земляк”лари – Жиззах вилоят ҳокимиятида, шунингдек, Бахмал туман ҳокимлигида ўтирган муттасаддилар билишмайди, бехабар назаримизда.

Биз қад кўтарибоқ инқирозга юз тутган паррандачилик комплекси хусусидаги муаммоли мавзуга яна қайтамиз.

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти раиси, мустақил журналист