Jan 032018
 

Асли Андижон вилоятининг Балиқчи туманида туғилган 38 ёшли Зафаржон Валиев 2017 йилнинг 31 январь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга мана шундай тавсия берганди: “…Шавкат Миромонович, виртул қабулхонангизни ёпиб қўйинг, ундан ҳеч қандай фойда йўқ.»

Зафаржоннинг Президентга қилган мурожаатининг мазмуни бундан-да мантиқли: “… Ҳурматли Шавкат Миромонович-мен тушунаман президентлик сайлови олдин сиз халқнинг ишончини қозониш учун ва президентлик сайловида ғолиб чиқишингиз учун виртуал қабулхонани ишга тушурдингиз, лекин сизнинг виртуал қабулхонангизда фақат маиший, мураккаб бўлмаган ишлар ҳал этилаябди, ва қабулхонангиз сайтида ҳал этилган ишлар бўлимида кўрсатилган мурожаатларда фақат пенсия, газ ва эл.энергия билан боғлик мурожаатларни ечими кўрсатилган, мен буни кўрсатгич деб ҳисоблай олмайман, чунки у ҳал этилган муаммолар туман ва вилоят хокимлари даражасида ҳал этиладиган муаммолардир, мен виртуал қабулхонангизда биронта жиноят иши билан боғлик бўлган ва ҳал қилинган мурожаатни кўрмадим…”

Шунингдек, Зафаржон Валиев Ўзбекистон Президентига жумладан мана шундай дея мурожаат қилади: «Ҳурматли Шавкат Миромонович-сиз биласиз агар фуқаронинг муаммоси ўз давлатида ҳал қилинмаса у чет эл ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотларга мурожаат қилишга мажбур бўлади ва мурожаатида ўзнинг давлатининг раҳбарлари ва органларини танқид қилишга мажбур бўлади.

Ўзбекистон либерал демократик партиясининг съездида сиз маърузангизда бир нарсани айтиб ўтгансиз, Ўзбекистонда ташқи душмондан эмас балки ички душмондан қўрқиш керак дегансиз, ички душмон деганингизда Ўзбекистонда норози бўлган фуқороларни айтиб ўткансиз. Мен шуни айтмокчиманки мен ўша Ўзбекистон органлари ва хукумати тарафидан норози бўлган фуқароман, ва Прокуратура органлари, Суд хукумати тарафидан менга нисбатан ноҳақлик қилиб хукумни бузгани учун менда оппозиция тарафига ўтишимга тўғри келади. Сиз сайлов олдин программангизда коррупцияга курашаман деб ваъда бергансиз, сизга тафсиям биринчи бўлиб Прокуратура органлари ва Суд хокимиятидан бошланг, чунки бугунги кунда бу иккала орган энг порахўр коррупцияга мойил органлардир…

Хўш, Зафаржонни норози қилган нарса нима эди ўзи?

Гап шундаки, Навоий кон-металлургия конбинатининг(НКМК), Шимолий кон-бошкармасининг(ШКБ) Автомобиль транспорт бошкармаси “Давгустав” транспорт цехи бошлиғи лавозимида ишлаган кезлари 2013 йилнинг 17 октябрь куни Бухоро ҳарбий суди жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар суди томонидан Мен Валиев Зафаржон Адҳамжонович 1979 йилда Андижон вилоятининг Балиқчи туманида туғилганман, Ўз.Р.ЖКнинг 167,3 ва 209,1 моддалари билан айбдор деб топилган ва қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ёш кадрни синдиришди, қамалиши Зафаржоннинг ортидан оиласи ҳам барбод бўлиб кетди.

Зафаржон ўзини “Ноҳақлик ортидан беҳуда ўтириб чиқдим” деб ҳисоблайди.

Менга айблов эълон қилишганларида эҳтиёт чораси сифатида дарҳол қамоққа олишган эди. Шунинг учун мен ўзимнинг айбсиз эканлигимни исботлашга ожизлик қилгандим. Мана, энди қамоқдан чиқдим. Асосий мақсадим ўз айбсизлигимни исботлаш” дейди Зафаржон Валиев биз билан суҳбатда.

Қамоқ азобларини кўриб қайтагн суҳбатдошимиздаги оптимизмни кўриб қойил қолдик, рости.

Бироқ, минг афсуски, Панжара ортида жазо муддатини ўтаб қайтган кишининг ўз айбсизлигини исботлай олиш имконияти Ўзбекистон шароитида нольга тенг. Ҳали бунақаси бўлмаган! То шу кунгача қамалиб чиққан одамнинг ўз айбсизлигини исботлай олганига гувоҳ бўлган эмасмиз, бунақасини кўрмаганмиз. Токи Ўзбекистонда коррупция ҳукмронлик қилар экан, бунақасини кўрмасак ҳам керак.

Зафаржон Валиевнинг мана, то айни дамга қадар президент Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасидан қониқарли, жўяли жавоб ололмаётганлигининг ўзиёқ фикримизнинг далили.

Бироқ нима бўлган тақдирда ҳам, Навоий кон-металлургия конбинатининг, Шимолий кон-бошкармасининг Автомобиль транспорт бошкармасида айна дамда БелАЗ русумли автосамосвал хайдовчиси булиб ишлаётган курашчанг йигитга омад ёр бўлишини истаб қоламиз ва Зафаржон билан бўлган суҳбатимизни, Валиевнинг Президент Шавкат Миромоновичга қилган видеомурожаатини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти раиси.

3 январь, 2018 йил.