Dec 252017
 

Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кунининг 69 йиллик тантанаси муносабати билан Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти Жаслиқ қаъридан омон қайтган инсон ҳуқуқлари фаоллари Аъзам Турғунов ҳамда Аъзамжон Фармоновлар билан учрашув ташкил қилди.

Тадбирга ташриф буюрган собиқ маҳкумлар бир пиёла чой устида ўзларининг ўзоқ йиллик тутқинлик изтироблари билан ўртоқлашдилар.

Аъзам Турғунов ҳамда Аъзамжон Фармоновнинг қисмати дастурхон атрофида тўпланган ҳуқуқбонларга жуда катта мактаб бўлди.

Шунингдек, ҳуқуқбонлар Front Line Defenders ташкилотининг хаёти хатарда бўлишига қарамасдан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида мардоновор кураш олиб бораётган инсон ҳуқуқлари фаолларининг фаолиятини эътироф этиш ва рағбатлантириш мақсадида “Хаёти хатарда бўлган ҳуқуқбон” номинациясига қай бир ҳуқуқ фаолининг номзодини тавсия қилиш масаласини муҳокама қилдилар.

  • Менинг ҳозирча электрон почтам йўқ. Очиб олганимда эди, мен биринчилардан бўлиб Аъзамжон Фармоновнинг номзодини тавсия қилган бўлардим. Аъзамжон қийноқ қайнаётган Жасликдан, турмадан туриб Жаслиқдаги маҳкумларнинг азоблари хусусида хабар чиқаришга муваффақ бўлган жасур ҳуқуқбонларимиздан, – деди Аъзам Турғунов.

  • Мен Аъзам Турғуновни тўла қўллаб қувватлайман. Аъзамжон Фармонов ҳам менинг назаримда энг муносиб номзод, – дея Турғуновнинг таклифини маъқуллади ҳуқуқбон Руҳиддин Комилов.

Йиғилганлар бир овоздан Front Line Defenders номинациясига Аъзамжон Фармоновнинг номзодини тавсия қилишга келишиб олишди.

Суҳбат сўнгги бугунги жараёнларга боғланиб кетди.

Яқин орада маслакдошлар билан бундай мириқиб ўтирмагандик, мириқиб суҳбатлашмагандик. Бундай учрашувлар тез-тез ташкиллаштириб турилса яхши бўларди, – деди Аъзам Турғунов.

Ҳуқуқбонлар мамнун хайрлашишди.

Тадбир Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти матбуот хизмати

25 декабрь, 2017 йил.