Dec 212017
 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ

ШАВКАТ МИРОМОНОВИЧ МИРЗИЁЕВГА

Нусхаси: ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ПРОКУРОРИГА

ЎЗБЕКИСТОН БОШ ПРОКУРАТУРАСИ ҲУЗУРИДАГИ

МАЖБУРИЙ ИЖРО БЮРОСИ ДИРЕКТОРИГА

УЧТЕПА ТУМАН МАЖБУРИЙ ИЖРО БЮРОСИ

БОШЛИҒИГА

Эшонқулова Малоҳат Худжамовнадан

Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани,Чилонзор, Д20 “А” даҳа,

8-уй, 128-хонадонда вақтинча яшовчи

Тел: +99893 510 4292

Ш И К О Я Т А Р И З А

(Менинг, Эшонқулова Малоҳатнинг қарздорлиги бўйича 2013 йилнинг 6 сентябрь куни бирлаштирилган йиғма ижро ҳужжатига асосан ижрочилар томонидан мендан ва мен истиқомат қилаётган хонадонлардан ўзганинг мулки жами 6 маротаба мажбурий тарзда мусодара қилинган мол-мулкларнинг қанчага баҳоланганлиги, қийматига ойдинлик киритиш ва сотилган мазкур мол-муллклардан тушган маблағ қайси ҳисоб рақамига, жами қанча миқдорда тушганлигини аниқлаш мақсадида Учтепа туман Мажбурий ижро Бюросига АУДИТ юборилишини, тафтиш ўтказилишини талаб қилиш, ва шу билан бирга Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунининг40- моддасига асосан уй-жойим, мол-мулким йўқлиги, ишсизлигим сабабли ижро ҳужжатини ундирувчига қайтариш ва мазкур қонуннинг 41-моддасига асосан ижро ишини юргизишдан тамомлашни сўраш хусусида)

2011 йилнинг 27 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой туман суди мени ЎзРесМЖтКнинг 201-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топиб, энг кам иш ҳақининг олтмиш баравари миқдорида – 2.984.100 (икки миллион тўққиз юз саксон тўрт минг бир юз) сўм миқдорида мутлақо ноқонуний жарима жазоси тайинлаган, шунингдек, 2012 йилнинг 12 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман суди менга ЎзРесМЖтКнинг 201-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топиб, энг кам иш ҳақининг саксон баравари миқдорида – 5.033.600 (беш миллион ўттиз уч минг олти юз) сўм миқдорида тамомила асоссиз тарзда жарима жазоси қўллаган, ҳамда 2013 йилнинг 6 июль куни Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар суди эса менга ЎзРесМЖтКнинг 201-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топиб, энг кам иш ҳақининг етмиш беш баравари – 5.969.2500 (беш миллион тўққиз юз олтмиш тўққиз минг икки юз эллик) сўм миқдорида ғайриқонуний равишда жарима жазоси тайинланган эди. Демак, менга жами бўлиб судлар томонидан 13.986 950 сўм миқдорида ноқонуний жарима қўлланилган.

Менинг қарздорлигимга оид жами ижро ҳужжатлари 2013 йил 6 сентябрь куни Учтепа туман суд ижрочилар бўлими, яъни ҳозирги Учтепа туман Мажбурий ижро бюроси томонидан йиғма ижро ҳужжатига бириктирилган.

А) Судларнинг ноқонуний қарорлари натижасида вужудга келган мавжуд қарздорлигимни мажбурий тарзда ундириш мақсадида Учтепа туман Мажбурий ижро бюросининг катта ижрочиси Ю.А. Бахромов, ижрочилар С. М. Юнусов, Р. Т. Худойназаров, Солиҳовлар томонидан 2012 йилнинг 6 ноябрь куни Тошкент шиҳар, Учтепа туманидаги мен истиқомат қилаётган хонадондан ўзганинг мулки бўлган 20 турга яқин мол-мулклар хатланиб, мусодара қилиш мақсадида олиб кетилган эди.

Мен 2012 йилнинг 6 ноябрь куни мусодара қилиб кетилган мол-мулклар жами қанча нархга баҳоланганлиги тўғрисида маълумотнома беришларини сўраб Учтепа туман Мажбурий ижро бюроси бошлиғи ҳузурига кўп қатнадим. Афсуски, улар менга нархлаш далолатномасини тақдим этишмади. Охирги маротаба “Мол-мулклар қанчага сотилганлиги хусусида маълумотнома беришларингизни сўрайман” деб борганимда, ижрочи Рустам ака “Мана, сизнинг мол-мулкларингизни икки миллион саккиз юз минг сўмга сотилганлиги ҳақдаги маълумотнома тайёр. Фақат ижрочилар бюроси бошлиғи имзо ва муҳр билан тасдиқлаши керак, кейинроқ келинг” дея оғзаки жавоб берганди. Аммо мол-мулклар қанчага сотилганлиги тўғрисидаги маълумотномани қанчалар кўп қатнамай, Учтепа туман Мажбурий ижро бюроси ходимларидан ололмагандим.

Б) 2013 йилнинг 5 декбарь куни Учтепа туман ИИБ терроризимга қарши кураш бўлими ходимлари мени мажбурий тарзда Учтепа туман ИИБ биносига олиб кетишганди. 5 декабрь куни тунги соат 22.00 ларда ИИБнинг терроризимга қарши кураш бўлими хонасига Учтепа туман Мажбурий ижро бўлими ходими Р. Т. Худойназаров ва яна бир суд ижрочиси икки холис ҳамроҳлигида кириб келиб, менинг қўлимдаги битта профессионал видеокамерини (АҚШдан келтирилган, бозордаги нархи 1000 АҚШ доллари) ва битта қўл телефони(Нокиа русумли, эскилиги сабаб базордаги нархи нари борса 40 минг сўм турарди)ни холислар ва Учтепа туман ИИБ терроризимга қарши кураш бўлимининг уч нафар ходимлари гувоҳлигида мусодара қилишган ва “Далолатномани эртага Учтепа туман Мажбурий ижро бюросидан оласиз” деб чиқиб кетишган эди.

Битта видеокамера ва битта мобил телефон аппаратимни нархлаш далолатномаси ҳам қўлимга берилмаган.

В) Учтепа туман Мажбурий ижро бюроси ходими Сирож Абдувалиев бошлиқ ижрочилар 2016 йилнинг 30 март куни куёвим Алимбеков Қодирбекка тегишли бўлган мен вақтинча истиқомат қилаётган хонадондан менинг қарздорлигим эвазига уй эгалари – қизим ва куёвимга тегишли бўлган 7 турдаги мол-мулкларни хатлаб, олиб чиқиб кетишган.

Афсуски, ижрочилар томонидан ноқонуний тарзда мусодара қилинган ўзганинг мулкларини судга мурожаат қилиб ҳам эгалари қайтариб олишолмади.

Бугунги кунга қадар 2016 йилнинг 30 март куни Алимбековга тегишли хонадондан қизим ва куёвимга тегишли бўлган 7 турдаги мол-мулклар қанчага баҳоланганлигидан, қанчага сотилганлиги-ю, қайси ҳисоб рақамига ўтказилганлигидан бехабарман.

Юқоридаги 7 турдаги мол-мулкларнинг тақдири хусусида менга маълум бўлгани шуки, “Учтепа туман суд ижрочилар бўлими бошлиғи – катта суд ижрочиси А. Т. Муҳаммадиевнинг 2016 йилнинг июнь ойида Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа тумналараро суди судьяси Р. Ф. Хашимовга йўлаган жавоб хатида “”… 2016 йилнинг 30 март куни қарздорнинг ижро варақасида кўрсатилган манзилига… чиқилганда 7 турдаги мол-мулклар борлиги аниқланиб, мол-мулклар рўйхатга олиниб, холислар иштирокида далолатномага асосан олиб чиқиб кетилган. Ушбу мол-мулкларни баҳоловчи ташкилот, яъни ‘MASTER EXPERT” МЧЖ томонидан 2016 йилнинг 13 апрель куни 2.564.00 сўмга баҳоланган ва мол-мулкларни сотиш учун 2016 йил 18 апрель куни “Ширинхон савдо” МЧЖ савдо ташклиотига топширилган.

Мазкур 30.03.2016 йилда хатланган мол-мулкларни реализация қилиш ҳисобидан жами 26.04.2016 йилдаги тўлов топшириқномларига асосан 2.307. 600 сўм ундирилган” дейилган.

Г) Учтепа туман мажбурий ижро бюроси ходими Сирож Абдувалиев томонидан 20.04.2016 йил куни бюро биносида битта нокиа русумли мобил телефоним хатлаб олиб қўилган ва мусодара этилган эди. Бу телефоним қанчага баҳоланган, қанчага сотилган, қайси ҳисоб рақамига ўтказилган, ҳамон менга бу ҳақда ижрочилар маълумотнома беришмаган.

Д) 2017 йилнинг 28 июль куни Учтепа туман мажбурий ижро бюроси ходими Сирож Абдувалиев томонидан куёвим Қодирбек Алимбековга тегишли бўлган Чилонзор туман, Чилонзор-Д20 “А” квартал, 8-уй, 128-хонадондан 7 турдаги мол-муклар олиб чиқиб кетилди. Аммо шулардан 6 таси далолатномага киритилган, уй компютерининг монитори далолатномага киритилган, бироқ, ишчи ҳолатидаги яп-янги просессор далолатномага киритилмаган.

Мазкур ноқонуний ижро хусусида Президент порталига шикоят ёзишимиз натижасида 4 турдаги мол-мулклар қайтарилди, бироқ битта уй компютерининг монитори, просессори, битта мобил телефон қайтарилмади. Бу мол-мулклар қанчага баҳоланди, қанчага сотилди ва қайси ҳисоб рақамига ўтказилди, бу ҳақда ижрочилар ҳамон менга маълумот беришган эмас.

Д) 2017 йилнинг 10 ноябрь кунида Учтепа туман мажбурий ижро бюроси ходими Сирож Абдувалиев шериклари билан куёвим Қодирбек Алимбековга тегишли бўлган Чилонзор туман, Чилонзор-Д20 “А” квартал, 8-уй, 128-хонадондан 11 соат давомида тинтув ўтказиб 3 турдаги мол-мулкларни хатлаб, олиб чиқиб кетди.

Қизимнинг 1 ёшли гўдаги бор. 10 ноябрда ҳали иситиш тизимлари ёқилмаган эди. Бетон уйлар ниҳоятда совуқ, аксига олиб ҳаво ҳам совуб кетган эди. Набирамни шамоллатиб қўймаслик учун хоналарни обогревательда иситиб ўтирган эдик.

Қизим, “Лоақал битта обогревательни ташлаб кетинглар, гўдагим бетоб бўлиб қолмасин” деб ялинишига ҳам қарамасдан, ижрочилар олиб чиқиб кетишган эди.

Бу ҳолатдан азобланган қизим Алимбекова Учтепа туман мажбурий ижро бюроси ходими Сирож Абдувалиевнинг ғайриқонуний ижроси учун устидан жиноий иш қўзғашларини сўраб Президент аппаратига, Бош прокуратурага шикоят ёзганидан кейин, ижрочилар қизимни қўнғироқ қилиб чақириб, ноқонуний тарзда олиб чиқиб кетган 3 турдаги мол-мулкларни қайтариб беришга мажбур бўлишди.

Шу кунга қадар Учтепа туман мажбурий ижро бюроси ходими С. Абдувалиев ва бошқалар мен истиқомат қилаётган ўзганинг уйидан ўзгаларга тегишли бўлган мол-мулкларни 4 маротаба, мендан 2 маротаба олиб, мусодара қилишган.

Шулардан бир маротаба мусодара қилинган мол-мулклар қайтарилди.

5 маротаба мусодара қилинган мол-мулкларнинг тақдири нима кечган?

Қанчага баҳоланган ва қанчага сотилган? Ва қай бир ҳисоб рақамига ўтказилган?

Мажбурий тарзда ундирилган мол-мулкларни сотиш ортидан қанча миқдордаги қарздорлигим қопланган?

Айни дам судлар томонидан менга солинган ноқонуний жарималардан қанча миқдорда қарздорлигим қолган?

Неа Учтепа туман мажбурий ижро бюроси ходимлари бу ҳақда менга хабарнома жўнатишмайди?

Менинг қарздорлигим билан боғлиқ рақамлар ДАВЛАТ СИРИМИ Ё?

Мен Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директоридан менинг ижро ишим билан боғлиқ ҳужжатларни тафтиш қилиш ва масалага ойдинлик киритиш мақсадида Учтепа туман мажбурий ижро бўлимида тафтиш ўтказилишини талаб қиламан.

Менинг уй-жойим, ҳатто Ўзбекистондек Ватанимда доимий, ҳатто вақтинчалик пропискам ҳам йўқ. Мол-мулким йўқ. 7 йилдирки ҳеч қаерда ишламайман.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунининг 40-модда(Ижро иши юритиш қўзғатилганидан кейин ижро ҳужжатларини қайтариш)сида ижро ҳужжатларини ундирувчига қайтаришга асос бўладиган омиллар кўрсатиб ўтилган. Жумладан, Мазкур қонуннинг 40-моддасида “Ижро ҳужжатларида кўрсатилган ундирув амалга оширилмаган ёки қисман амалга оширилган бўлса, бундай ижро ҳужжатлари қуйидаги ҳолларда ундирувчига қайтарилади” деб таъкидлаб қўйилган: 40-модданинг 3-бандида “3) агар қарздорнинг ундирув қаратилиши мумкин бўлган мол-мулки ёки даромадлари бўлмаса ва унинг мол-мулки ёки даромадларини қидириш юзасидан суд ижрочиси томонидан қонунда йўл қўйиладиган доирада кўрилган барча чоралар натижасиз бўлса;” ижро ҳужжати ундирувчига қайтарилади дейлиган.

Менинг мол-мулким, бошпанам йўқлигини била туриб Учтепа туман мажбурий ижро бўлими ходимлари ижро ҳужжатини ундирувчига қайтариш, ижро ишини тамомлаш ўрнига, нуқул менинг қарздорлигим эвазига ўзганинг мулкини мажбурий тарзда мусодара қилиш ишлари билан шуғулланиб келмоқда.

Ва яна Ўзбекистон Республикасининг Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунининг 41-модда(Ижро иши юритишни тамомлаш)сида “Ижро ҳужжати ушбу Қонуннинг 40-моддасида кўрсатилган асослар бўйича қайтарилганда;” ижро иши юритишни тамомлаш кўзда тутилган.

Қонун талабига кўра, “… Ижро иши юритиш тамомланганда суд ижрочиси бу ҳақда қарор чиқаради. Ижро иши юритишни тамомлаш тўғрисидаги қарорда … қарздор учун белгиланган чекловлар, шу жумладан Ўзбекистон Республикасидан чиқишга оид чеклашлар ва қарздорнинг ўз мол-мулкига бўлган ҳуқуқларига доир чекловлар бекор қилинади” дейилган.

Менга суд томонидан охирги маротаба ноқонуний жарима солинганига ҳам тўрт йилдан ошди. Мол-мулким, уйим йўқ. Ҳеч вақом йўқ.

Бироқ шунга қарамасдан Учтепа туман Мажбурий ижро бюроси ходимлари ижро ишини ундирувчига қайтариш ва ижро ишини тамомлаш ҳақида бирор маротаба ҳам бош қотириб кўрмаётир.

Мамлакатнинг янги президенти Шавкат Мирзиёев аҳолига енгиллик яратиш ҳақида қайғуриб, куйиб-пишиб гапириб турган бир пайтда мажбурий ижро бюроси ходимлари қарздор қолиб, унинг қариндошларини талаш билан машғул. Буни қандай шарҳлаш мумкин?

Талабим:

  1. Қизимнинг, қариндошларимнинг уйидан, менинг ўзимдан олинган мол-мулкларнинг тақдири хусусида менга аниқ маълумот берилсин: қанчага баҳоланган, қанчага сотилган, қарздорлигимнинг қанча миқдордаги қисми қопланган? Менинг ижро ишим ҳужжатларини тафтиш қилиш мақсадида АУДИТ ўтказилсин;

  2. Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунининг 40 – ва 41- моддаларига асосан менда уй-жой ва мол-мулк бўлмаганлиги сабабли ижро ҳужжатлари ундирувчига қайтарилсин ҳамда ижро ишини юритиш тугатилсин.

Илова:

  1. 06.11.2012 йилда Учтепа туман суд ижрочиси С. М. Юнусов бошлиқ ижрочилар томонидлан тузилган далолатнома нусхаси;

  2. 30.03.2016 йилда йилда Учтепа туман мажбурий ижро бўлими ижрочиси Сирож Абдувалиев томонидлан тузилган далолатнома нусхаси;

  3. 20.04.2016 йилда Учтепа туман Мажбурий ижро бўлими ижрочиси С. Абдувалиев томонидан тузилган далолатнома;

  4. 28 июль 2017 йилда Учтепа туман Мижбурий ижро бўлими ижрочиси С. Абдувалиев томонидан тузилган далолатнома нусхаси;

  5. 10.11.2017 йилда Учтепа туман Мажбурий ижро бўлими ижрочиси С. Абдувалиев томонидан тузилган далолатнома нусхаси.

Умид ва ишонч билан Эшонқулова Малоҳат Худжамовна.

2017 йил, 20 декабрь.