Nov 202017
 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шавкат Миромонович Мирзиёевга

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига

Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш

бўйича олий малака комиссиясига

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисига

Эшонқулова Малоҳат Худжамовнадан

Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Чилонзор,

Д20”А” даҳа, 8-уй, 128-хонадонда ижарада яшовчи

Тошкент вилояти, Зангиота тумани, “Қатортол” ҚФЙ,

Навқирон” маҳалласи, Марказий шоҳ кўча, 7-тор кўча,

10-уйд доимий пропискада турувчи

Ш И К О Я Т А Р И З А

Мен, Эшонқулова Малоҳат Худжамовна 1966 йилда Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида туғилганман.

1989 йилда, талабалик йилларимда Тошкент вилояти, Зангиота тумани, “Қатортол” ҚФЙ ҳозирда “Навқирон” маҳалла, Марказий шоҳ кўча, 7-тор кўча, 10-уй соҳиби бўлган узоқ танишимиз Исроил Исаевнинг уйига паспортимни доимий рўйхатга қўйгандим.

Шу-шу гарчи ўзим истиқомат қилмасам-да доимий пропискам юқорида манзили кўрсатилган хонадонда турарди.

2010 йилда уй эгаси Исроил Исаев турли босимлар сабаб мени уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқимни йўқотган деб топиш тўғрисида қарор чиқаришларини сўраб Фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судига мурожаат этган. Судья Маҳкамова Н. Б. 2010 йил 25 март куни “И. Исаевнинг жавобгар М.Х. Эшонқуловага нисбатан уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ҳақидаги 1-1193-сонли фуқаролик ишини кўриб чиқиб, судда менинг иштирокимни таъминламасдан туриб, даъвогарнинг даъво талабларини қаноатлантирган ва менинг уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқимни йўқотган деб топиш тўғрисида қарор чиқарган.

Мен суд қароридан орадан 11 ой ўтиб хабар топиб қолдим ва фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг кассасия ҳайъатига шикоят ариза билан чиқдим.

Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилоят суди апеллация инстанциясининг 2011 йил 6 майдаги 4ф—181-сонли АЖРИМИ билан Фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судининг 2010 йил 25 мартдаги ҳал қилув қарори бекор қилинди ва иш янгидан кўриб чиқиш учун биринчи инстанция судига юборилди ва менинг кассация шикоятим қаноатлантирилди.

2011 йилнинг 29 июль куни Фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро суди судьяси Ю.А. Умирхалова даъвогар Исроил Исаевнинг менга – М.Х. Эшонқуловага нисбатан уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ҳақидаги даъво аризаси юзасидан қўзғатилган 1-9199/11-сонли фуқаролик ишини кўриб чиқиб, Исаевнинг даъво талаби юзасидан фуқаролик иши бўйича иш юритишни ҳаракатдан тугатиш тўғрисида АЖРИМ чиқарди.

Буни қарангки, ўша яқин тарих 2017 йилга келиб яна такрорланиб турибди.

Мен 2017 йилнинг 20 октябрь куни фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судининг қарорига асосан уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқим бекор қилинганлиги ҳақида хабар топиб қолдим.

Ва Фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судига бориб мени уй жойдан фойдаланиш ҳуқуқимни бекор қилиш тўғрисидаги қарордан нусха беришларини сўраб ариза ёздим.

2017 йилнинг 26 октябрь куни фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро суди раиси Б. М. Файзиев томонидан мени турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқимни бекор қилиш тўғрисидаги 2017 йилнинг 11 августь куни чиқарилган қарор нусхасини қўлга киритдим.

Мен суд қароридан орадан 2 ярим ой муддат ўтиб хабар топмоқдаман.

Суд раиси Файзиев менинг яшаш манзилим маълум бўлган ҳолда, судда менинг иштирокимни таъминламасдан туриб мени уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқимни бекор қилиш тўғрисида ғайриқонуний тарзда қарор чиқарган.

Шу сабаб мен 2017 йилнинг 31 октябрь куни Фуқаролик ишлари бўйича Зангиота тумналараро судига Исроил Исаевнинг даъво аризасига асосан М.Х. Эшонқуловани уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш тўғрисидаги суд ишини менинг иштирокимда қайта кўриб чиқишларини сўраб ариза топширдим.

Кутилмаганда фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судининг котиби қўнғироқ қилиб, “Ишни қайта кўриш 2017 йилнинг 9 ноябрь куни соат 10.00 га тайинланди. Судга кечикмасдан келинг” дея қўнғироқ қилиб қолди. Икки маротаба қилинган қўнғироқдан кейин мен суд иши менинг иштирокимда қайта кўрилишига, суд ҳокимиятига ишонган эдим.

Шу умидда мен 2017 йилнинг 9 ноябрь куни соат 10.00 да фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро суди биносига бордим. Бироқ тайинланган суд бўлиб ўтмади. Суднинг ўзини таништирмаган ходими чиқиб қўлимга бир варақдан иборат жавоб хатини тутқазди ва нусхасига олдим деб имзо қўйиб беришимни талаб қилди.

9 ноябрь куни қўлимга тутқазилган бир варақ қоғоз фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро суди раиси Б.М. Файзиев томонидан имзоланган 09.11.2017 йилги №739-сонли жавоб хати эди.

Менинг ишни менинг иштирокимда қайта кўриб чиқишларини сўраб ёзган аризамга жавоб сифатида берилган ушбу хатда “… Ушбу фуқаролик иши Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Процессуал кодексининг 139- моддаси талабига биноан Сизнинг иштирокингизсиз кўриб чиқилган.

Бундай ҳолатда фуқаролик иши Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Процессуал кодексининг 234-моддаси асосида қайта кўриб чиқиш белгиланмаган” дейилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судининг мазкур жавоб хатида суд иши менинг иштирокимда қайта кўрилмаслиги кўзда тутилган эди.

Ваҳоланки, суд менга ишни 9 ноябрь куни қайта кўриб чиқамиз деб хабар берган эди.

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

Бундан кўриниб турибдики, суд раиси Б.М. Файзиев Сиз – Ўзбекистон президенти Шавкат Миромонович айтганларидек, судни ўзининг хусусий дўконига айлантириб олибди-ку.

Шу сабабли сиздан ушбу дўкондор судья Файзиевга нисбатан кескни чора кўришингизни ҳамда менинг бузилган ҳуқуқларимни тиклашишида амалий ёрдам беришингизни сўрайман.

Илова: 1. Фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро суди раиси Файзиевнинг 2017 йил 11 август кунидаги мени уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқимни йўқотган деб топиш ҳақидаги қарори нусхаси;

2. Фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судига 2017 йилнинг 31 октябрь куни ишни менинг иштирокимда қайта кўришларини сўраб ёзган аризам нусхаси;

3. Фуқаролик ишлари бўйича Зангиота тумналараро суди раиси Б.М. Файзиевнинг 09.11.2017 йилдаги №739-сонли жавоб хати нусхаси.

Эшонқулова Малоҳат. 17 ноябрь, 2017 йил.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ

ШАВКАТ МИРОМОНОВИЧ МИРЗИЁЕВГА

Нусхаси: ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ПРОКУРОРИГА

ЎЗБЕКИСТОН БОШ ПРОКУРАТУРАСИ ҲУЗУРИДАГИ

МАЖБУРИЙ ИЖРО БОШҚАРМАСИ БОШЛИҒИГА

Алимбекова Зарнигор Авазовнадан

Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Чилонзор, Д20”А” даҳа,

8-уй, 128-хонадонда яшовчи

Тел: +99897 7055248

Ш И К О Я Т  А Р И З А

(Учтепа туман суд ижрочиларининг жинояткорона ҳаракатларига нисбатан жиноят иши қўзғатиш ҳақида)

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

Ҳурматли Бош прокурор!

Ҳурматли Бош прокуратура ҳузуридаги мажбурий ижро бошқармаси бошлиғи!

Менинг шикоятим Учтепа туман мажбурий ижро бўлими ходими Сирож Абдувалиев бошлиқ ижрочиларнинг ўз мансаб ваколатларини суистеъмол қилган ҳолда ноқонуний ижро ҳаракталарини олиб бориши билан боғлиқ.

Мен Алимбекова Зарнигор юқорида кўрсатилган манзилда бир нафар фарзандим, оилам билан истиқомат қиламан.

Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Чилонзор, Д20”А” даҳа, 8-уй, 128-хонадон эгалик ҳуқуқи бўйича турмуш ўртоғим Алимбеков Қодирбек Баҳодирбековичга тегишли. Бу борада қўлимизда олди-сотди шартномаси ва кадастр ҳужжатлари мавжуд.

Шунингдек, юқоридаги уй биз –эр-хотиннинг биргаликда истиқомат қилган йилларимизда харид қилинган бўлиб, бу уй мулк ҳуқуқига асосан менга ва эримга – эр-хотинга тегишлидир – уй умр йўлдошим билан иккимизнинг хусусий мулкимиз ҳисобланади.

Шунингдек, ушбу хонадондаги уй жиҳозлари, мол-мулклар, барча ашъёлар биз – эр-хотиннинг, яъни мен ва эримнинг биргаликда орттирган мулкимиз ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасида “Xусусий мулк бoшқa мулк шaкллaри кaби дaxлсиз вa дaвлaт ҳимoясидa” дея қатъий белгилаб қўйилган. Шунингдек, мамлакатимиз Бош Қомусида “Мулкдoр мулкигa, ўз xoҳишичa эгaлик қилaди, ундaн фoйдaлaнaди вa уни тaсaрруф этaди” (53-мoддa) дея кафолатлаб қўйилган.

Бироқ, Учтепа туман мажбурий ижро бўлими ходими Сирож Абдувалиев 2 нафар ижрочи ҳамроҳлигида 2017 йилнинг 10 ноябрь куни эрталаб тахминан соат 7.30 ларда бизнинг уйимизга, юқорида кўрсатилган манзилдаги хонадонимизга –хусусий мулкимизга бостириб кириб, кеч соат 18.10 ларга қадар ноқонуний тарзда тинтув ўтказди, бизнинг уйда ижара шартномаси асосида истиқомат қилаётган онам Эшонқулова Малоҳат Худжамовнага тегишли компютер ва мобил телефонларни қидирди, топа олмагач, ижрочи Сирод Абдувалиев менга “Ўз ихтиёрингиз билан онангизга тегишли компьютер ва мобил телефонни топширинг. Топширсангиз, сизнинг уйингиздаги мол-мулкларни мусодара қилмайман, хатламайман. Мен талаб қилган нарсаларни ўз ихтиёрингиз билан бизга топширмасангиз, уйингиздаги барча мол-мулкларни хатлаб, олиб чиқиб кетаман” дея шарт қўйди.

2017 йилнинг 10 ноябрь куни Учтепа туман мажбурий ижро бўлими ходимлари томонидан 11 соат давом этган тинтув сўнгида, тахминан кеч соат 18.10 ларда ижрочи Сирож Абдувалиев бизнинг уйдан онамга тегишли деб қидирилаётган компьютер ва телефон аппаратларини топа олмагач, мен ва эримга тегишли бўлган мол-мулкларни ғайриқонуний тарзда хатлаб, олиб чиқиб кетди.

Ваҳоланки, менинг қўлимда онам М. Эшонқулова ва яна 2 нафар қизлар билан нотариал идора орқали тузилган ва тасдиқланган ижара шартномаси мавжуд бўлиб, мазкур ижара шартномаси билан биргаликда уйимизда истиқомат қилаётган онам ва ижарачилар ўртасида нотариал идора томонидан тасдиқланган “Мулкни топшириш ва қабул қилиб олиш” тўғрисидаги ДАЛОЛАТНОМА мавжуд.

Мазкур нотариал идора орқали тасдиқланган ДАЛОЛАТНОМАга кўра мен уйимни ижарага топшириш баробарида ундаги жиҳозларни ҳам хатлаб, рўйхат қилиб, зарар етказмасдан фойдаланиш шарти билан ижарачиларга яъни онам Эшонқулова ва бошқа ижарачиларга арендага олинаётган уй билан биргаликда топширганман, улар қабул қилиб олишгани ҳақида имзолашган. Мазкур ДАЛОЛАТНОМАда рўйхати келтирилган уй жиҳозлари уй эгаларига, яъни биз – эр-хотинга тегишли эканлигини сўзсиз тасдиқлайди. Биз мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилаётган жараёнда нотариал идора орқали тасдиқланган мазкур ижара шартномаси ва далолатномани мажбурий ижро бўлими ходими Сирож Абдувалиевга кўрсатдик.

Бироқ ижрочи бизнинг қонуний ҳужжатларимизни инобатга олмасдан, ноқонуний ижро ҳаракатларини давом эттирди.

Муҳтарам Президент!

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида “Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар» дея кафолатлаб қўйилган бўлишига қарамасдан, Учтепа туман суд ижрочиси Чилонзор тумани ҳудудида жойлашган бизнинг хусусий мулкимиз бўлган уйда мажбурий ижро ҳаракатларини олиб бориб, онам Эшонқулова Малоҳат Худжамовнанинг қарздорлигини бизнинг мол-мулкимизга қаратди ва бизнинг Конституция билан қўриқланаётган ҳақ-ҳуқуқларимизни топтаб, хусусий мулкимизга даҳл қилди.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 19-моддасида “Фуқaрoлaрнинг Кoнституция вa қoнунлaрдa мустaҳкaмлaб қўйилгaн ҳуқуқ вa эркинликлaри дaxлсиздир, улaрдaн суд қaрoрисиз мaҳрум этишгa ёки улaрни чеклaб қўйишгa ҳеч ким ҳaқли эмaс” эканлиги талаб қилинади.

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

Сиз яқингинада биз ёш авлоднинг келажаги ва манфаатларини ўйлаб қилган нутқингизда “…Биз жуда кўп ёш ва яхши кадрларни бой бердик. Бугундан бошлаб фарзанд ота-онанинг ҳаракатлари учун жавоб бермайди” деган эдингиз.

Учтепа туман мажбурий ижро бўлими ходимлари мени онам М. Эшонқулованинг ҳаракатлари учун жавоб беришга мажбур қилмоқда, онам Эшонқулованинг қарздорлигини менинг мол-мулкимга қаратиб, менга тегишли мол-мулкларни Конституция талабларига, қолаверса, сизнинг талабларингизга зид равишда хатлаб, олиб чиқиб кетмоқда.

Муҳтарам Президент!

Учтепа туман мажбурий ижро бўлими ходимлари томонидан бунингдек ғайриқонуний ҳаракатлар биринчи маротаба содир бўлаётгани йўқ.

2016 йилнинг 30 март куни Учтепа туман мажбурий ижро бўлими ходими Сирож Абдувалиев биз ёш оиланинг Учтепа туман, Чилонзор, 23-даҳада жойлашган уйимизга бостириб келиб, менинг оғир оёқлигимга ҳам қарамасдан биз – келин-куёвга тегишли бўлган мулкдан – уйимиздан мол-мулкларимизни онам Малоҳат Эшонқулованинг қарздорлиги эвазига хатлаб олиб чиқиб кетган эди. (Мажбурий ижро бўлими ходими томонидан 2016 йил 30 март куни тузилган далолатномаси илова қилинади)

Ўшанда биз адолат истаб судга мурожаат этгандик. Бироқ суд адолат қилмади.

Негаки, унда сиз президентлик иқтидорига келган эмасдингиз.

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Учтепа туман мажбурий ижро бўлими ходимлари ўзларининг ўзганинг мулкига раҳна солиш ва Конституция талабларини бузишдек бундай жинояткорона ҳаракатларини 2017 йилнинг 28 июль куни иккинчи бор такрорладилар.

С. Абдувалиев 2 нафар ижрочилар ҳамроҳлигида келиб бизнинг хусусий мулкимиз бўлган юқорида манзили кўрсатилган уйимиздан мол-мулкларимизни онам Малоҳат Эшонқулованинг фойдасига хатлаб олиб чиқиб кетишган эди. (Мажбурий ижро бўлими ходими томонидан 2017 йил 28 июль куни тузилган далолатномаси илова қилинади)

2017 йилнинг 11 ноябрь куни Учтепа туман суд ижрочиси Сирож Абдувалиев бошлиқ ижрочилар ушбу жинояткорона ҳаракталарини 3 бор такрорладилар. (Мажбурий ижро бўлими ходими томонидан 2017 йил 10 ноябрь куни тузилган далолатномаси илова қилинади)

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига асосан эр-хотиннинг биргаликда орттирган мулки даҳлсиз ҳисобланади. Бу мулкга фақат эр-хотингина даҳл қила олиши мумкин эканлиги таъкидланган. Мазкур Кодексда эр-хотиннинг биргаликда орттирган мулкига бошқаларнинг мажбуриятлари юзасидан ундирув қаратилмаслиги уқтирилган.

Муҳтарам Президент!

Муҳтарам Бош прокурор!

2017 йилнинг 10 ноябрь куни Учтепа туман мажбурий ижро бўлими ходими Сирож Абдувалиев “Ишхонага борсангиз, далолатномага муҳр ургач, берамиз” дея бизга дололатнома нусхасини бермасдан кетган эди.

13 ноябрь куни мажбурий ижро бўлимидан онам М. Эшонқулова далолатномани келтиргач, далолатномадаги қалбакилаштириш ҳолатларини кўриб, лол қолдим.

2017 йил 10 ноябр куни мажбурий ижро бўлими ходимлари томонидан тузилган далолатномага

Холислар: 1. Бахрамова М. Я. (имзо)

2. Касқмова М (имзо)” ларнинг исм-шарифлари ёзилган ва имзоланган эди.

Бироқ, Учтепа туман мажбурий ижро бюроси ходимлари бизнинг уйда 11 соат давомида тинтув ўтказган ва бизга тегишли мол-мулкларни хатлаб олиб чиқиб кетишаётганларида умуман на қўшнилардан, на бегоналардан холислар иштирок этган эмас.

Бунингдек қалбакилаштириш кимга ва нимага керак?

Қолаверса, мазкур далолатномада Чилонзор туман “Бўрижар” МФЙ раиси А. Махамовнинг ҳам фамилия ва имзоси қайд этилган ва маҳалла муҳри урилганди.

Тўғри, 10 ноябрь куни мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилаётган куни тахминан соат 1.00 ларда Бўрижар МФЙ раиси бир ровга келди ва “Мен пенсия тарқатаётган эдим, фуқаролар кутиб қолди” дея уйга ҳам кирмасдан, эшик олдидан ортларига қайтиб кетганди. Жараёнларда мутлақо иштирок этмаган одам қандай қилиб далолатномага имзо қўйиши ва муҳр уриши мумкин?

Ҳукуматнинг майда буғинларида содир бўлаётган бунингдек қалбакилаштиришлар ва қонунбузарликларга нима дейсиз? Қонунда бунингдек қаблакилаштиришларга нисбатан жазо белгиланмаганми?

Онам Учтепа туман мажбурий ижро бюроси бошлиғи ҳузурига кириб, далолатнома нусхасига муҳр уриб беришларини талаб қилган. Бироқ бошлиқ муҳр билан далолатнома нусхасини тасдиқлаш ўрнига ИИБ ходимини чақириб, онамни шахсий тинтувдан ўтказган. “Ёнингиздан қимматбаҳо буюмлар чиқса мусодара қиламиз” деган. Онам Эшонқуловани тинтув қилишган, бироқ бу тинтувни расмийлаштиришмаган. Онамнинг бу борадаги талабларини ҳам инобатга олишмаган. Шахсий тинтув ҳақида далолатнома тузишмаган. Оқибатда Учтепа туман Мажбурий ижро бюроси бошлиғи далолатномага муҳр уриб беришдан бош тортган.

Муҳтарам Президент!

Ҳурматли Бош прокурор!

Амалдаги жиноий, маъмурий, фуқаровий қонунларга мувофиқ ҳам содир этилган ҳатти-ҳаракат ва ҳаракатсизлиги учун шахснинг шахсан жавобгарлик принципи белгиланган.

Бу БМТнинг “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида, шунингдек, “Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги пактда ҳам ўз ифодасини топган.

Бироқ, шунга қарамасдан Учтепа туман мажбурий ижро бўлими ходимлари Халқаро ҳуқуқ нормаларига, шунингдек, Ўзбекистон Рреспубликаси Конституцияси талабларига тупирган ҳолда онам Эшонқулова Малоҳатнинг жавобгарлигини фарзандига – менга юклаган ҳолда 2016 йилнинг 30 март куни, 2017 йилнинг 28 июль ва 10 ноябрь кунлари менинг хусусий мулким бўлиш уйимдаги менга тегишли бўлган мол-мулкларни ноқонуний тарзда хатлаб, олиб чиқиб кетишди.

Ҳурматли Президент!

Ҳурматли Бош прокурор!

Сиздан ғайриқонуний ишлари ва Конституция талабларига зид ҳатти-ҳаракатлари ва ўз мансаб ваколатини суиистеъмол этганликлари учун Учтепа туман Мажбурий ижро бўлимининг ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатишингизни ва биз эр-хотиннинг мажбурий ижро бўлими ходимлари томонидан 2016 йилнинг 30 март куни хатлаб олиб чиқиб кетилган мол-мулкларимни, 2017 йилнинг 28 июль куни хатлаб олиб чиқиб кетилган уй компьютеримни, 10 ноябрь куни ноқонуний тарзда хатлаб олиб чиқиб кетилган мол-мулкларимизни қайтарилишида амалий кўмак беришларингизни сўрайман.

Иловалар:

1.Ижро ҳаракатлари олиб борилган хонадоннинг турмуш ўртоғимга тегишли мулк эканлигини исботловчи олди-сотди шартномаси ва кадастр ҳужжатларидан нусха;

2. Учтепа туман мажбурий ижро бўлими ходими Сирож Абдувалиев томонидан 2016 йилнинг 30 март куни бизнинг хусусий мулкимиз бўлган уйимиздан мол-мулкларимизни ноқонуний тарзда хатлаб, олиб чиқиб кетилганлиги тўғрисидаги далолатнома нусхаси;

3. Юқорида кўрсатилган манзил эримнинг хусусий мулки эканлигини тасдиқловчи кадастр ҳужжати нусхаси;

4. Учтепа туман мажбурий ижро бўлими ходими Сирож Абдувалиев томонидан 2017 йилнинг 28 июль куни бизнинг хусусий мулкимиз бўлган уйимиздан мол-мулкларимизни ноқонуний тарзда хатлаб, олиб чиқиб кетилганлиги тўғрисидаги навбатдаги далолатнома нусхаси;

5. Учтепа туман мажбурий ижро бўлими ходими Сирож Абдувалиев бизнинг хусусий мулкимиз бўлган уйимиздан мол-мулкларимизни ноқонуний тарзда хатлаб, олиб чиқиб кетилганлиги тўғрисидаги 2017 йил 10 ноябрь кундаги далолатнома нусхаси;

6. Онам Эшонқулова ва 2 нафар ижарачи билан тузилган ва нотариал тасдиқланган ижара шартномаси ва мулкни топшириш ва қабул қилиб олиш тўғрисидаги далолатнома нусхаси.

Деб шикоят ариза ёзувчи

Алимбекова Зарнигор Авазовна. 17 ноябр, 2017 йил.