Nov 152017
 

Хабарингиз бор, Учтепа туман суд ижрочилари 2017 йилнинг 10 ноябрь куни эрталаб соат тахминан 7.30 лардан то 18.10 ларга қадар Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти раиси Малоҳат Эшонқулова ижарада яшаётган куёви Алимбеков Қодирбекка тегишли хонадонда 11 соат давомида тинтув ўтказиб, ғайриқонуний тарзда мажбурий ижро ҳаракатларини олиб борган ва пировардида қизи ва куёвига тегишли мол-мулкларни М. Эшонқулованинг қарздорлиги эвазига хатлаб олиб чиқиб кетишганди.

Мажбурий ижро бўлими ходими Сирож Абдувалиев ўша куни олиб чиқиб кетилаётган мол-мулклар хусусида тузилган далолатнома (АКТ)дан менга нусха бермаганди. “Муҳр урилгач, эрта ишхонага борсангиз, нусхасини оласиз” деган эди. Шу сабаб мен 13 ноябр куни Учтепа туман мажбурий ижро бўлимига далолатнома нусхасини олиш мақсадида боришга мажбур бўлгандим” -дейди Эшонқулова биз билан суҳбатда.

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти раиси Малоҳат Эшолнқуловага кўра уни Учтепа туман Мажбурий ижро бўлимида унинг ҳуқуқларини топташган.

  • Менга мусодара қилиш учун хатланиб, ижрочилар томонидан олиб чиқиб кетилган мол-мулклар хусусидаги далолатнома нусхасини беришди. Муҳр нусхада мутлақо кўринмасди. Шу сабаб мен Учтепа туман мажбурий ижро бўлими бошлиғининг қабулига кириб, “Далолатнома нусхасини ҳақиқий эканлигини тасдиқлаб беришингизни сўрайман”- деган таълабнома билан кригандим, балога қолдим.

  • Раҳбар менга “Каридорга чиқиб кутиб туринг” деганди. Шу кутганча, ярим соатлар чамаси ўтирдим.

  • Кейин мени мажбурий ижро бўлими бошлиғининг хонасига таклиф қилишди. Кирсам, бошлиқ, қизимнинг уйида ноқонуний ижро ҳаракатларини олиб борган Сирож Абдувалиев ва бинога кираверишда ўтирадиган навбатчи милиционер ўтиришган экан.

  • Мен хонага киришим билан Учтепа туман мажбурий ижро бўлими бошлиғи милиция ходимидан “Сизнинг “металлискател”ингиз қани деб сўради. ИИБ ходими “Кириш постида қолди” дегач, “Боринг, олиб келинг”- деган буйруқ бўлди. Ўшандаёқ мен гап нимада эканлигини фаҳмладим.

Навбатчи ИИБ ходими кўп куттирмай тинтув қиладиган “таёғи”ни келтирди.

Шундан мажбурий ижро бўлими бошлиғи “Ўртоқ милиционер, сизни бу ерга жамоат тартибини сақлаш ва шахсий тинтув ўтказиш мақсадида чақиртирдик. Мана бу фуқаро Эшонқулованинг давлатдан қарздорлиги бор. Аммо Эшонқулова ихтиёрий равишда қарздорлигини тўламаяпти. Биз ҳамиша қарздордан мажбурий тарзда қарздорликни ундирмоқдамиз. Мана, ҳозир ҳам биз Эшонқуловани шахсий тинтувдан ўтказамиз. Агар ёнидан қимматбаҳо нарсалар чиқса, давлатга мусодара қиламиз. Марҳамат, “металлискатель”ингиз билан Эшонқуловани тинтувдан ўтказишингиз мумкин” дея буйруқ берди.

Бунга қарата мен “Қарши эмасман, бироқ бу ҳолатни расмийлаштириб, ҳужжатлаштиришларингизни сўрайман. Илтимос, далолатнома тузсангизлар” дедим. Бошлиқ мийиғида кулиб қўйди. Аслида, мен талаб қилмаган тақдиримда ҳам мени тинтув қилиш ҳолати расмийлаштирилиши лозим эди, – дейди Малоҳат Эшонқулова биз билан суҳбатда, – Хуллас, Мажбурий ижро бўлими бошлиғи ва ижрочи кузатиб туришди. ИИБ ходими махсус “таёғи” билан мени обдон кўздан кечирди. Шунда “таёқ” белимга келганида негадир “чийиллаб” қолди. “Нима эди бу?” сўради мендан ИИБ ходими. “Билмадим, шимнинг тугмаси бўлса керак” ддедим. Мендан, чўнтакларимдан ҳеч вақо чиқмагач, навбат сўмкамга келди. Қопдек сумкамда суд қарорлари, жавоб хатлари, ижро далолатномаларидан бошқа арзигулик нарса йўқ эди. Ҳатто ҳамёнимдан ҳам 3 минг сўм – йўлкирадан бошқа ҳеч нарса топилмади. Шунда мажбурий ижро бўлимидагиларнинг дарғазам бўлишини бир кўрсангиз эди! Улар мендан мобил телефон қидиришганди. Қўл телефони чиқишини кутишганди. Кутганлари бўлиб чиқмагач, аламдан ёниб кетаёзишди, – дейди кулимсираб Эшонқулова, – Хуллас, шунча дахмазадан сўнг ҳам далолатнома нусхасига муҳр уриб беришмади. Ижрочи “Аслига тўғри” дея имзо қўйиб берди холос.

Ўша ерда бир соат ўтириб мен мажбурий ижро бўлими ходимларининг ўз вазифасига совуққонлигидан нолиб раҳбарлари қабулига кириш истагида келган бир-нечта фуқароларни кўрдим: улар орасида болаларига эридан алимент ололмай юрган аёлдан тортиб, фирибгардан суд қароридан кейин ҳам маблағини ундираолмасдан юрган ногиронларга қадар кўзим тушди. 5 йилдирки суд қарорининг ижросини кутиб сарғайиб юрган ногирон кишиларга кўзим тушди.

Бунингдек фуқароларнинг юкини енгил қилиш учун мажбурий ижро бўлими ходимлари тер тўкишмайди, қайғуришмайди.

Бироқ, гап айланиб менга, Эшонқуловага тақаладиган бўлса, қизимнинг мол-мулкларини менинг қарздорлигим эвазига мусодара қилишга қаратади, далолатнома нусхасини сўраб келсам, шахсий тинтув ўтказишади-ю, ҳужжатлаштиришмайди, далолатнома тузишмайди. Нега шундай?

Нега Ўзбекистон қонунлари шоҳу гадо учун бир хилда ишламайди?

Нега мажбурий ижро бўлими ходимлари қонун талабларига бўйсунмайди?, – дея ҳақли савол беради ҳуқуқбон ва мустақил журналист.

Орзигул ХУДОЁРОВА

Мустақил журналист