Nov 112017
 

Куни кеча деразадан ташқарига қараб, мен истиқомат қилаётган хонадон фуқаро кийимидаги нотаниш 4 нафар шахс томонидан кузатилаётганини сезгандим.

Ва бу шахслар мусодара қилинган жиҳозларни кўтариш учун келган суд ижрочиларининг ҳамроҳлари бўлса керак, пастда ижро ҳаракатларини тугашини кутиб туришган бўлса керак деган хаёлга боргандим.

Бугун соат 10.00 ларда Учтепа туман суд ижрочиларидан мусодара қилинган жиҳозлар хусусидаги далолатномани олиб келиш мақсадида кўчага отлангандим. Подъезддан чиқишим билан рўпарада турган фуқаро кийимидаги уч нафар нотаниш йигитларга кўзим тушди.

Олдинига эътибор бермадим. Уй муюлишидан бурилишим билан кимдир илдам қадамлар билан ортимдан келаётганини сездим. Қайрилиб қарасам, ўша 3 нафар йигитларнинг бири. Қўллари чўнтакда. Мен ҳам шарт ортга қайтдиму, мени таъқиб қилиб келаётган йигит томон юрдим. Менинг яқинлашаётганимни кўрган йигит ортига қайтди ва сомсахона томонга бурилди. Қарасам, сомса харид қилмоқда. Йигитга яқинлашдим-да:

-Қачондан бери мени кузатмоқдасизлар? Яна неча кун кузатасизлар? Нега бир аёлни 4 нафар эркак киши кузатиб юрибсизлар? Бир ўзингиз қўрқасизми? Ўзи бюджет пулсиз ҳувиллаб қолган бўлса, нега 4 кишига яна беҳуда пул сарфлаш керак? Бошлиғингизга бориб айтинг, менга битта кузатувчиям етади. Мен уй қамоғидаманми? Кўчага чиқмаслигим керак бўлса, ҳозир ортга қайтаман. Суд ижрочиларидан далолатномани олиб келиш учун қизимни жўнатаман, – дедим.

-Менга айтаяпсизми? Кечирасиз, мен сизни танимайман. Мен бу ерга сомса егани келганман, – деди йигит.

-Мен сиз ўйлаганчалик ахмоқ эмасман. Уялинглар-э, – дедим-да ортга қайтиб уй рўпарасида қолган икки йигит томон қайрилдим. Мени кўрган йигитлар қарши томонга қараб кета бошлашди.

– Йигитлар, бир дақиқага мумкинми? Сизларда гапим бор эди? – дедим.

Йигитлар жавоб ўрнига қадамларини тезлатишди. Ортларига ҳам қайрилиб қарашмади.

  • Бир дақиқа. Тўхтанг, гапим бор, – деганча анча жойга қадар 2 йигитнинг ортидан эргашиб бордим. Бу ҳолат кўчадаги одамлар оқимини қизиқтириб қўйди. Буни сезган йигитларнинг тўхташдан бошқа иложи қолмади.
  • Улардан бири:
  • Опа, биласизу, хизматчилик, – деди-да мен билан қуюқ саломлашди.
  • Мен сизларга душман эмасман. Қўшни бомдодга турганида, саҳарги соат 4 да ҳам шу ерда экансизлар. Чарчамадингларми? Бу ерда тургандан кўра уйга кириб ўтирсангизлар бўлмайдими? Сизларга чой керакдир, ҳожатхона зарурати бордир. Нега кўчада турибсизлар? Мени деб азият чекиб қолишларингни истамайман. Менга ноқулай. Яна бир эмас, 4 киши. Яна бирингиз орқада, машинада ўтирибди… балки келишиб олармиз. Мен уй қамоғида бўлсам, унда айтинглар, мен кўчага чиқмайман. Мени кузатишларинг шу қадар шарт бўлса, у ҳолда мен сизларни ташвишга қўймасдан, олдин чиқиб сизларни борар манзилим ҳақида огоҳлантириб, кейин кетаман, мени қидириб қийналиб қолманглар, – дедим.
  • Йўқ, нима деяпсиз, опа, уй қамоғи деганингиз нимаси? Истаган жойингизга бориб-келишингиз мумкин, -деган жавобдан сўнг Учтепа туман суд ижрочилар бўлимига бордим. Қайтиб чиқсам, кузатувчи йигитлардан бири шу ерда турибди.

Хуллас, кун бўйи қай манзилга борган бўлсам, изми-из юришди.

Кеч соат 19 .00 лар эди, адашмасам, набирамга дори олишга дорихонага чиқсам, ҳамон ортимдан келиб дорихона эшигини пойлаб туришибди.

Ўйланиб қолдим.

Балки давлатимиз ҳадиқ қиладиган, ортидан кузатувчи қўядиган кишилар биз эмасдирмиз?

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти раиси.

11 ноябрь, 2017 йил.