Oct 142017
 

2017 йилги пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнат ўзгача тус олди: Каримов даврида пахтага сафарбар этилган ўқитувчи, шифокор ўз ўрнига ўзи мардикор топиб, ёллаган бўлса, бу йил ҳар бир бюджет ташкилотлари раҳбарлари пахтага бориши керак бўлган ходимларидан 500-600 минг сўмдан пул йиғиб, Андижон, Фарғона вилоятларидан теримчилар ёллашган.

Мана, масалан, Паркент туманидаги 17 болалар боғчасининг боғча мудираси Зулхумор Ёрова “Қўл остимдаги пахтага бориши керак бўлган ходимларнинг ҳар бири 600 минг сўмдан йиғиб, жами 11 миллион сўмни Паркент туман халқ таълими бўлими мудирига олиб бориб топширган.

Бош вазиримизнинг ўқитувчи ва шифокорларни пахта далаларидан қайтариш тўғрисидаги қароридан кейин боғчамизнинг пул берган ходимлари туман халқ таълими бўлими мудири олдига бориб, “Энди пулимизни қайтариб беринг, ҳукумат қарорига асосан ўқитувчи ва шифокорлар пахта даласидан қайтарилди” дея мурожаат қилишганларида, мудир уларга “Бекорларни айтибсиз. Сизларнинг ўрнингизга ёлланган мардикорлар аллақачон пахта даласида пахта термоқда” дея пулни қайтаришни рад қилади.

Дарҳақиқат, туман халқ таълими бўлими мудирининг иддаоси ҳақ эди.

Чиндан ҳам пахта теримининг илк кунларидан то айни дамга қадар Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ туман пахта далаларида Паркент туман бюджет ташкилот ходимларининг чўнтаклари ҳисобидан ёлланган Андижонлик, Фарғоналик мардикорлар пахта термоқда.

Фикримизни Қуйичирчиқ туманидаги 7 мактабнинг эски биносидан қўним топган Андижонлик ҳашарчиларга кўз-қулоқ бўлиб туришга масъул Йўлчи ака деган отряд раҳбари тасдиқлади. Йўлчи акага кўра Ўртачирчиқ туманидаги 7-мактабнинг эски биносида паркентлик бюджет ташкилоти ходимларининг ҳамёнлари ҳисобидан ойига 500 минг сўмга ёлланган Андижонлик 180 нафар теримчилар қўним топган.

Шунингдек, Йўлчи ака 7-мактабнинг ташландиқ биносидаги мана бу гўдаклар Андижондан келган ёлланма теримчиларнинг фарзандлари эканлигини таъкидлайди.

Биз 7-мактабнинг хароба хоналарига кирганимизда Андижондан 500 минг сўмга ёлланиб келган аёллардан бири баланд ҳарорат билан бетоб бўлиб ётарди:

Шунингдек, Йўлчи акага кўра Қўйичирчиқ туманидаги Меҳнатобод, Гул каби қишлоқ хонадонларига Паркент туман ўқитувчилари ўрнига улар томонидан Андижон ва Фарғонадан ёлланган теримчилар жойлаштирилган. “Ўқитувчиларга мумкин эмас, тўғри. Ўқитувчилар дарсини бераяпти. Лекин ўрниларига ўрин одам олиб келиб қўйишган, пахта тераяпти” дейди Йўлчи ака биз билан суҳбатда.

Йўлчи аканинг ушбу гувоҳлигини Паркент туманидан келиб 24-мактабнинг эски биносига жойлашган бюджет ташкилоти ходимлари ҳам тасдиқлайди:

Мониторинг жараёнида Қўйичирчиқ туманида жойлашган фаолиятдаги шошилинч тиббий ёрдлам бўлими биносида ҳам аянчли манзаранинг гувоҳи бўлдик.

Фаолиятдаги ушбу тиббиёт биносидан Паркентлик бюджет ташкилотлари ходимларининг ўз чўнтаклари эвазига ёлланган Фарғоналик теримчилар қўним топган экан.

Хоналардан бирида Фарғона вилоятининг Уч кўприк туманидан Паркентлик бюджет ташкилотлари ходимлари ҳисобидан ойига 500 сўмга ёлланиб келган Ёрқиной Маллаева бетоб бўлиб ётарди.

Биз ўзимизнинг маҳалладан 30 киши ёлланиб келганмиз” дейди Ёрқиной. Аммо суҳбатдошимиз ушбу шошилинч тиббий ёрдам бўлими биносига жами қанча ҳашарчи жойлаштирилганини билмайди. “Бу ерда тахминан 100 нафар теримчилар яшашмоқда” дейди бемор аёл биз билан суҳбатда.

Халқимизда “Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади” деган гап бор. Ўзбекистон ҳукумати 2017 йил пахта йиғим-терим мавсумида мажбурий меҳнат мавжуд эмас дея Халқаро ташкилотларни ишонтиришга не чоғлик уринмасин, икки юзламачи раҳбариятнинг сири шу тариқа фош бўлмоқда.

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти раиси, мустақил журналист.

14 октябрь, 2017 йил.