Oct 102017
 

Маҳаллий фаоллар Қашқадарё вилоятининг Нишон, Косон, Касби туманларида талабалар, ўқитувчи ва шифокорлар қайта пахта теримига сафарбар этилганлиги тўғрисида “Қўрқмаслар” гуруҳини хабардор қилишди.

Мен ва “Альянс” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти етакчиси Елена Урлаева пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнатга оид мониторинг олиб бориш мақсадида 2017 йилнинг 7 октябрь куни Қашқадарё вилоятига отландик.

Қашқадарё вилоятининг Нишон туман далаларига, хусусан, Ибн Сино хўжалиги далаларига пахта теримига жалб этилган Шаҳризабз туман шифокорлари жойлаштирилганлиги ҳақида хабар топдик. Шунингдек Нишон туманининг “Самарқанд-3” посёлкасида жойлашган эски трактор парки биносига, шунингдек, 19-мактаб рўпара қисмида жойлашган 2-қаватлик болалар боғчаси биносида Шаҳрисабздаги пахта йиғим-теримига сафарбар қилинган бир қатор мактаб ўқитувчилари қўним топганини эшитдик.

Кеч соат 18.00 бўлишига қарамасдан “Самарқанд-3” хўжалигидаги гаражга, яъни эски трактор парки биносига кириб бордик.

Мониторинг жараёнлари тажрибасидан маълумки, ўқитувчи, шифокор ва талабаларга инсон ҳуқуқлари фаоллари ва ёхуд мустақил журналистларга асл касбларини айтмасликлари уқтирилган. Пахта теримига жалб қилинган ўқитувчи, шифокор ва талабаларга “Маҳалладанмиз”, “Уюшган аҳолимиз”, “Фидоий ёшлар отрядиданмиз” деб айтиш борасида қатъий кўрсатма берилган. Шу сабаб биз даставвал трактор парки биноси ҳовлисида суҳбатлашган ўқитувчиларга ҳуқуқбон эканлигимизни очиқ айтмадик. “Биз ёлланма ишчи сифатида ўқитувчиларга ёллангани келдик” десангизгина, ўқитувчилардан хавотир кўтарилиб, эркинлашади, очиқча сўзлашга ўтишади. Биз ана шу усул кўмагида ўқитувчи теримчилар билан ўзоро “тил топишдик”. Аниқлик киритишимизча, трактор парки биносига Шаҳрисабздаги 3-,4-, 6-, 83- мактабларнинг пахтага жалб қилинган 86 нафар тўқитувчилари жойлашган экан. Трактор парки биносида қўним топган ўқитувчилар билан бўлган илк суҳбатимиз тахминан шундай кечди:

Трактор парки биноси ичкарисида бўлиб ўтган суҳбатимиздан эса, эшитганингиздек, Шаҳрисабздаги 6-мактабда психология фанидан дарс берувчи келининг ўрнига келган 58 ёшли Сайёра опа “Чарчаб қолмайсизми, опа?” деган сўровимизга “Кўпга келган тўйда, ўргилай” деб жавоб берди.

Соат миллари 18.30 ни кўрсатаётган бўлса-да, тун қуюқ эди. “Самарқанд-3” посёлкаси кўчалари эса зим-зиё. Биз қоронғу кўчаларни кезиб, Шаҳрисабздан келган ўқитувчиларга ётоқ вазифасини ўтаётган 19-мактаб рўпара томонидаги яқин жойда жойлашган икки қаватли болалар боғчасига қидириб кетдик:

Болалар боғчасининг биринчи ва иккинчи қаватига Шаҳрисабздаги 10-, 13, 21-, 43- мактабдан пахта теримига сафарбар этилган ўқитувчилар жойлаштирилганига гувоҳ бўлдик. Мана, масалан, Шаҳрисабздаги 21 мактаб хўжалик бўлими мудири Жуманазар аканинг ўрнига 20 ёшлардаги қизи Маҳлиёхон келиб пахта термоқда экан.

Болалар боғчасининг 2-қаватида Шаҳрисабздаги 10-, 13-, 43- мактаб ўқитувчилари ўрин олган. Бу ўқитувчиларнинг пахта теримига жалб этилганига ва ушбу болалар боғчасидан қўним топганига Ситоранинг сўзларига кўра 25 кун бўлган.

Икки қаватли болалар боғчаси айни дамда ҳам фаолиятда. Маҳаллий аҳолига кўра боғчада кундуз куни боллаар тарбияланади, кечаси пахта теримига жалб этилган ўқитувчилар боғча биносидан ётоқ сифатида фойдаланишади.

Очиғи, сиз тасвирда кўраётган расмлар сўзсиз суратлар. Бу суратларни изоҳлашга ҳожат йўқ аслида. Эски трактор паркида, боғча биносида, 19-мактабнинг эски биносида истиқомат қилаётган ўқитувчилар, мажбурий ижро бўлими ходимлари, ҳашарчиларнинг шароитини кўриб ачинасан киши. Тоза ичимлик суви муаммоси ҳам теримчиларни қийнаб қўйган. Биз ўқитувчилар ювиниш учун, овқатланган идиш тавоқларини ва ёки уст-бошларини ювиш учун сув топа олмай қийналаётганликларига гувоҳ бўлдик.

Нишон туманидаги “Самарқанд-3” посёлкасининг қоронғу кўчаларини кезарканмиз, маҳаллий йигитлар бизга 19-мактабнинг эски биноси пахта теримига жалб этилган мажбурий ижро бўлими ходимларига ётоқ сифатида берилганини айтишди. Биз 19-мактабнинг эски биноси томон қайрилдик. Бу ерда Нишон, Чироқчи, Шаҳрисабз туманидаги мажбурий ижро бўлими ходимлари ўрнига кунига 25 минг сўмга ёлланиб келган Маржона, Юлдуз исмли қизлар билан суҳбатлашдик. Отасининг ўрнига келиб тераётган қизлар эса ўзларини таништиришни исташмади.

Самарқанд-3 посёлкаси аҳолиси бизни ҳамма жойда бўлгани каби ҳар куни тунги соат 22.00 да Нишон туман ҳокимияти биносида пахтага сафарбар этилган бюджет ташкилоти ходимлари томонидан кунлик режани уддаланишига оид селектор йиғилиши бўлиши ҳақида хабардор қилди.

Биз мазкур селекторда иштирок этиш мақсадида Нишон туман ҳокимияти томон йўл олдик. Туман ҳокимияти биносига етиб келганимизда селектор йиғилиши бошланиб кетиган эди.

Елена Урлаева чаққонлик билан селектор йиғилишига кириб кетди. Бироқ ҳокимият биноси эшиги олдидаги навбатчи ходим мени саволларга тутиб қолди.

Гарчи мени ичкарига қўйишмаган бўлса-да, эшик ортидан туман ҳокими Асрор Жўраевнинг микрофон орқали йиғилишда сўзлаган сўзларини бемалол эшитиб турардим:

Кўп ўтмай ҳокимлик мажлиси микрофонидан Елена Урлаеванинг “Нима учун ҳукумат қарорига зид равишда Нишон туманидаги “Самарқанд-3” совхози далаларида Шаҳрисабзлик ўқитувчи ва Ибн Сино далаларида Шаҳрисабзлик шифокорлар пахта теримига мажбурий жалб қилинган?” деган мазмундаги рус тилида овози янгради.

Мажлислар залида ўтирган вилоят ҳокимининг муовини, туман прокурори, туман ИИБ бошлиғи, залда ўтирган барча бюджет ташкилот раҳбарлари “Альянс” етакчисининг кутилмаган нутқидан аввалига карахт ҳолга тушган бўлса, кейинчалик туман раҳбарларида саросималик бошланди.

Шу тобда мен ҳам мажлислар залига кириб бордим.

Бу пайтда туман ҳокими Елена Урлаевани мажлис трибунасига таклиф қилган, ҳуқуқбон ҳокимлар қаторида ўтириб, ўқитувчиларнинг пахта 

теримига жалб этилган ҳудудлар, улар тунаётган бинолар, шарт-шароитлар хусусида гапирарди.

Мана, журналист Малоҳат Эшонқулова “Самарқнад-3” совхозидаги трактор паркида, болалар боғчасида жойлашган Шаҳрисабзлик ўқитувчилардан интервьюлар олди” деди Елена Урлаева.

Ҳоким мени ҳам трибунага таклиф қилди. Мен ўзбекона одоб билан жойимда ўтиришимни айтиб, ҳоким таклифини рад этдим.

Нишон туман ҳокими Асрор Жўраев “Қанақанги ўқитувчилар? Қаерда экан? Бўлиши мумкин эмас? Бизда ҳеч қанақанги ўқитувчилар пахта термайди, жалб ҳам қилинмаган” деди.

Мен тортишиб ўтиришни ўзимга эп кўмрасдан “Демак, интервью берган кишилар бизга ёлғон гапиришган экан-да” деб қўя қолдим.

Ҳоким Асрор Жўраев билан бўлиб ўтган савол—жавоб қисман тасмага туширилган экан:

Эшитганингиздек, Нишон туман ҳокими юқоридаги интервьюларни, Шаҳрисабзлик ўқитувчиларнинг пахта теримидаги иштирокини рад этмоқда.

Тун қаронғуси бўлганлиги сабаб Самарқанд-3 посёлкасида жойлашган 19-мактаб рўпарасида, 200 метр чап томонда қад кўтарган 2 қаватли болалар боғчасининг номини, рақамини ўқишнинг имкони бўлмаганди. Болалар боғчаси номини аниқлаштира олмадик дегани бу, мазкур боғча биносида Шаҳрисабздан пахта теришга келган ўқитувчилар қўним топмаган дегани эмас. Кўрганингиздек, тасвирларга муҳрланган деворларга, шифтларга илиб қўйилган ўйинчоқлар мазкур бинонинг болалар боғчаси эканлигидан, айни дамда фаолиятда эканлигидан далолат эмасмикин?

Хуллас, Нишон тумани ҳокими Асрор Жўраев билан бўлиб ўтган савол-жавобдан сўнг селектор йиғилишига ими-жимида якун ясалди.

Урлаева билан мени туман ИИБ ходимлари ҳокимият биноси фойесида тўхтатиб, ҳужжатларимизни текширишди. Табиийки, биз ИИБ ходимларига фуқаролик паспортимизни, ва нусхасини узатдик. Нишон туман ҳокимияти вакиллари ва ИИБ ходимлари биздан инсон ҳуқуқларига, журналистикага оид ҳужжат кўрсатишимизни талаб қилишди. Бизда бунингдек ҳужжат йўқлигини айтганимизда ҳокимият вакиллари ва ИИБ ходимлари “Сизлар ноқонуний фаолият билан машғул бўлмоқдасизлар. Ҳозир сизларни ИИБ биносига олиб бориб, шахсингизни аниқлаймиз” деб машинага олиб боришди. Машинага ўтиришимиз билан рулдаги ИИБ ходимига қўнғироқ бўлди. Машинадан чиқиб кетиб телефонда узоқ суҳбатлашган ИИБ ходими қайтиб келгач, “Тушунгизлар, опалар, манзилга етиб келдингизлар” деди. “ИИБ биносига бормаймизми?” деган саволимизга жавобан ҳокимият ходимларидан бири “Совуқ қотиб қолибсизлар, юринглар, бир пиёла чой ичиб оласизлар” дея бизни “Файз” кафесига бошлаб борди.

Тамадди устида ҳокимият вакиллари билан сўроқ-савол жараёни давом этди.

Тамадди жараёнидаги сўроқ-савол тугагач, биз меҳмонхонага жойлашишимизни айтдик.

Ҳокимиятдан ўзини фермерман деб таништирган Собир ака исмли киши ҳокимиятнинг икки вакили ҳамроҳлигида бизни Қарши шаҳрининг 6-микрорайонидаги 2-қаватда жойлашган 3 хонали хусусий уйига бошлаб борди.

Собир ака оила аъзолари билан бу уйда эмас, Нишон туманида истиқомат қиларкан чамаси, уй бўш эди. Афтидан, бу уй вилоят ва туманга келадиган меҳмонларга мўлжалланган.

Биз Нишон туман ҳокимияти вакилларига бошпана учун раҳмат айтиб, кузатиб қўйдик. Ва Собир аканинг 3 хонали уйида тунаб қолдик ва шунга аниқлик киритдикки, Қарши шаҳридаги кўп қаватли биноларда иссиқ сув берилмаскан, мутлақо йўқ экан. Қашқадарё вилоятининг аксар туманларини тоза ичимлик суви қамраб олганлиги сабабли фақатгина совуқ сув бериларкан. “Дом”ларга совуқ сув ҳам бир кунда икки соатдан икки маҳал, яъни эрталоаб соат 6.00 дан то 8.00 га қадар, кеч соат 18.00 дан 21.00 га қадар совуқ сув берилишига гувоҳ бўлдик.

Дарвоқе, маҳаллий аҳоли бизни Нишон туманининг Ибн Сино хўжалигига пахта теримига жалб этилган Шаҳрисабз туман тиббиёт ходимлари жойлаштирилганлигидан огоҳ этган эди. Бироқ бизда ярим тунда транспорт муаммоси бўлганлиги сабабли Ибн Синода пахта тераётган шаҳрисабзлик шифокорларнинг ётоқ жойларини зиёрат қилиш имконияти бўлмади.

Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида Ўзбекистон ҳукуматининг қарорига зид равишда шиҳрисабздаги мактаб ўқитувчилари пахта йиғим-теримига сафарбар этилганининг гувоҳ бўлдик.

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти раиси, мустақил журналист.

10 октябрь, 2017 йил.