Oct 102017
 

Эркин конвертациянгиз шуми ҳали?

Эй, йўқ, бунақаси кетмайди.

Мен буни эркин конвертация эмас, қора бозор тегирмонига сув қуйиш деб атаган бўлардим.

Йўқ, мен тушунмайман: А, нимага бу эркин конвертация деганларида олмоқ бору, бермоқ йўқ?

Фуқароларга долларни нақд бериш нега таъқиқлаб қўйилган демоқчиман.

Истайсизми, йўқми, Ўзбекистон ичкарисида долларда олди-сотти бор.

Истайсизми, йўқми, гоҳида шошилинч нақд доллар керак бўлиб қолади кишига.

Яқинда бир яқин кишимдан отамнинг замонида олган 200 доллар қарзимни қайтаришим керак бўлиб қолди.

Маҳаллий матбуот “1 октябрдан банкларда доллар нақд берила бошлайди” дея тамоқ йиртиб дод-вой қилганлиги сабабли 1 октябрь бўлишини кутиб тургандим.

Банкларда рухсат берилгач, доллар олиб, қарзимни узаман деб ўйлагандим.

Шу сабаб 2 октябрь куни “Ҳамкорбанк”, “Туронбанк”, “Халқ банки”, “Буюк ипак йўли”, Ипотека”, Қишлоқ қурилиш банки”, “Давр банк” каби бир қатор банкларни зиёрат қилишимга тўғри келди.

Ҳукумат 1 октябрдан долларни нақд беришга ваъда қилганди. Ўша ваъда нима бўлди? Менга 200 доллар керак эди, олсам бўладими?” деб сўрадим барча банк даричаларидан мўлтираб.

Афсуски, саволимга: -“Бу борада ҳали гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Истасангиз Халқаро пластик карта очириб, долларни пластик картангизга ташлаб беришимиз мумкин”- деган бир хил мазмундаги жавобни эшитдим.

Бироқ, қаранг, банкларда фуқаролардан доллар қабул қилинмоқда. Ҳар 100 долларга ҳеч бир ҳужжатсиз 800 минг сўм санаб берилмоқда.

Қизиғи, банкларнинг кассаси қаршисида долларини сўмга алмаштириш истагида келган 50 дан ортиқ одамлар навбатига гувоҳ бўлишингиз мумкин.

Ярим кун қидириб, ҳеч бир банкдан 200 доллар нақд топа олмадим.

Халқаро пластик карта очирмаганман.

Уни очириш учун ҳам вақт, ҳам маблағ керак.

Ҳа, майли, банкирлар айтганидек Халқаро пластик карта очириб, унга 200 долларни ташладик ҳам дейлик. Аммо менга нақд керагу? Халқаро пластик картадаги долларни қаерда нақд қилдириб оламан? Қозоғистонга бораманми?

Бироқ менга айни дамда 200 доллар нақд керак, тамом.

Шундай вазиятда нима қилиш керак?

Оёғимни қўлимга олиб ўзим биладиган доллар бозорига югургиладим.

Банкларимизда долларни бермаслигига ишончи комил бўлган қора бозор бекларининг буринлари осмонда.

Қанча керак?”, “Пулингиз йирик бўлсагина, 8300 дан бор, алмаштириб берамиз” дея оёқ тираб туриб олишибди азаматлар.

Йириги деганларингиз неча пуллик сўмлар ўзи?”

5 минг сўмлик, 10 минг сўмлик. 50 минг сўмлик бўлса янада яхши” дейишда доллар қора бозор сотувчилари.

Ҳисоблаб қарасам, 200 доллар деганлари қора бозордаги сотувда сўмга бир миллион саккиз юз олтмиш минг сўм бўлмоқда экан.

Аммо менда йирик пул: 5, 10, 50 мингталик нима қилади?

Қўлимдаги бор сўммам худди писта сотиб йиғилган пулга ўхшайди: барчаси 200, 500, 1000 сўмлик. Ўзиям салкам бир сумка!

Аммо бу майда чақаларга қора бозор саррофлари қайрилиб қарашмади.

Оқибатда мен яна банкларга қайта мурожаат қилишга мажбур бўлдим: “Айтингчи, долларни қайси кундан бошлаб банклардан нақд олишимизга изин берилади?” сурадим банк ходимидан.

Бунисини биз билмадик. Буни бориб Марказий банкдан сўрайсиз?” деган қисқа, лўнда жавоб бўлди.

Шунда доллар алмаштиришга келиб навбатда турган 50 нафар фуқаролардан бири, ўрта ёшлардаги аёл менга яқинлашди-да, “Бу ерда узоқ навбат кутиб тура олмайман, онам оғир бетоб, дори-дармон харид қилиб зудлик билан касалхонага боришим керак. Онамни операция қилиш зарур. Барибир сизга банкдан нақд доллар беришмаскан. Шунинг учун ҳам мендан сотиб олиб қўя қолинг. Мен долларимни сўмга алмаштираман деб ўтирибман” деди шивирлаб.

Мен ноқонуний ишга қўл уришдан қўрқаман.

Юрагим ёрилиб кетди.

Менгаям доллар жуда зарур. Лекин бундай қилолмайман. Кўраяпсизу кузатув камераларини. Мен бу ерда сизга пул санаб бериб ўтираолмайман. Банкдагилар тўпалон қилиб юборишади” дедим секингина.

Бироқ менга нақд доллар зарур эди. Шу сабаб бегона аёл кишининг таклифига рози бўлишдан ўзга чорам ҳам йўқ эди.

  • Бирорта ошхонага чиқақолайлик унда, – таклиф қилди аёл.

  • Бу гап менга ҳам маъқул тушди. Иккимиз олдинма-кейин бўлиб яқинроқдаги бир аёллар сартарошхонасига кириб бордик.

Эндигина 200 талик сўмларимни санай бошлаган ҳам эдимки, салон хўжайини келиб, “Нима бу ер бозорми санларга? Бу ерда долларбозлик қилиб салонимни ёптириб қўймоқчимисанлар? Қани, тезроқ кетларинг бу ердан” деб бақириб қолди.

Минг бир узр сўраб, кейинги ошхоналардан бирига бош суқдик.

Мен 200 талик, 500 талик, 100 талик почка қилиб белига резина қилиб қўйган пулларимни битталаб санамасдан почка-почка туришида санаб, нотаниш аёлга тутқаздим.

У ҳам санаб олмади, менга 100 долларини узатди. Менда ҳам долларнинг ҳақиқийлигини текшириб кўриш имконияти бўлмади.

Шундай қилиб олди-берди тугади.

Доллар қора бозорининг ҳақиқий сотувчилари қандай олди-берди қилишади, билмадиму, аммо мен шу 100 долларни олгунимга қадар хавотирланганимдан юрагим тўхтаб қола ёзди: долларини бераётган аёл “Орган одами эмасмикин мабодо?” деган шубҳада мендан гумонсираса, “Махсус хизматлар ёллаган аёл бўлмасин тағин” деган ўй менинг ичимни кемирарди.

Гуё оғир бир жиноятга қўл ураётган одамдек юрагим тез уриб, қинидан чиқиб кетаёзди.

Йўқ, хайрият, иккимиз ҳам бир-биримиздан беҳуда шубҳа қилган эканмиз, иккимизнинг ҳам мушкулимиз осон бўлди ҳартугул.

Бироқ менга яна 100 доллар зарур эди. Энди нима қилиш керак?

Ҳалигина одамлар долларини алмаштириш мақсаида турнақатор бўлиб турган банкга ҳам қайтиб кира олмасдим….

Шу ҳаёлда турганимда қоп-қора ҳориж машинасидан тушган басавлат эркак киши банк томон юриб кела бошлади.

Ака, доллар алмаштиришга эмасми, мабодо? Менга 100 доллар керак эди. Илтимос, бўлса, давлат нархида менга берсангиз” сўрадим нотаниш эркакдан.

У гапимга парво қилмасдан банк ичкарисига кириб кетди.

5 дақиқа ўтар ўтмас қайтиб чиқди-да ёнимга яқинлашди:

-Сизга алмаштироқчи эмасдиму, бироқ банк ичкарисида навбат катта экан. Шу сабаб, насиба экан, мана, ола қолинг, – деди у.

– Йўқ, кўчада сиздан доллар олиб, пул беришга қўрқаман, мумкин бўлса, машинангизга ўтирсак, – дедим.

Машинада ўрта ёшлардаги тўладан келган аёл ўтирган экан.

Мен бор пулимни нотаниш эркак кишига узатдим. У одам ўз навбатида “Қанча бу ерда?” деб сўради-да, пачка пулларни орқа ўриндиқда ўтирган аёл кишига узатди “Санаб кўрингчи?” деди.

-800 минг сўм, – дедимда эркак киши узатган долларни сумкамга солдим, – Санаб олагунингизга қадар ўтириб тураман, – дея қўшиб қўйдим.

Аммо улар майда пулларни санаб кўришни лозим топишмади чамаси, хайралшганча машинасини елдириб кетишди.

200 долларни кўчадаги нотаниш кишилардан сотиб олгунимга қадар ноқонуний йўл тутаётганлигим сабабли қўрққанимдан нақд 20 йилга умрим қисқариб кетди чамаси.

Уйга келиб юрагимни чангаллаб ётиб қолдим.

Менинг бу каби хавфли, хатарли таваккалим ортидан кўрган маънавий зараримни ким тўлайди энди?

Нима учун мен бор йўғи 200 долларни нақдлаштириб олиш учун ноқонуний йўл тутишга мажбур бўлишим керак?

200 долларни нақдлаштириб олишим учун мени ноқонуний йўл тутишга ким ва нима мажбур қилди?

Ҳукуматнинг ички сиёсати эмасми?

Давлатимизнинг эркин конвертацияни тўлақонли амалга ошира олмаганлиги эмасми?

Давлат банкларида бугунги кунда эмин – эркин доллар сотилмаётганлиги сабаб эмасми?

Нима сабабдан ҳукумат молиявий сиёсатида ғирромликга йўл қўяди?

Раҳмат, жуда яхши! Бағоят соз! Ҳукумат қора бозорни касод қилди ва айни дамда қора бозор роли ҳукумат қўлига ўтди. Банкларимиз эса “Долларни сўмга алмаштиришинг керакми, марҳамат! 100 доллар – 800 минг сўм. Марҳамат, ҳеч бир ҳужжатсиз маълум миқдорда алмаштиравер!” дейишмоқда.

Бироқ, сенга доллар нақдида керакми?” деган саволга жавобан мамлакат банклари “Тушунгизни сувга айтинг, халқаро карта харид қилинг. Картангизга ўтказиб берамиз” дейишмоқда.

Нега шундай?

Бугунги қора бозор билан конвертация ўртасида, яъниким ҳукумат банклари ўртасида қандайин фарқ бор?

Жуда катта тафоввут бор:

Биринчидан қора бозор ҳам 100 долларга 800 минг тўларди, эвазига ҳеч қандай ҳужжат талаб қилмас эди.

Банкларимиз ҳам 100 долларни 800 минг сўмни ҳеч бир ҳужжатсиз алмаштириб бермоқда.

Бироқ, қора бозор ғирромлик қилмасди. У долларни олардиям, сотардиям. Истаганингизча харид қилишингиз мумкин эди.

Бироқ банкларимиз ғирромлик қилаётир, долларни нақдига сотмаётир.

Ҳукумат банкларида доллар нақд сотилмаётганлиги қора бозор умрибоқийлигини таъминловчи омил бўлиб хизмат қилади.

Мана мен, нақд доллар зарур эди, қора бозорга мурожаат қилишга мажбур бўлдим ва ҳатто қора бозордан ҳам харид қилишнинг имконини топа олмадим.

Менингдек зарурат туфайли нақд доллар қидирганлар қанча?

Модомики, ҳукумат доллар қора бозорини тамомила таназзулга учратишни истар экан, у ҳолда, номигагина эркин конвертация жорий этмаслиги керак. Аксинча, том маънода тўлиқ конвертацияга ўтилиши керакки, оддий аҳоли истаса қўлидаги АҚШ пулини банк орқали миллий валютамизга алмаштириб олсин, истаган вақтида АҚШ долларини банклардан нақдига харид қилиш имкониятига эга бўлсин.

Токи мамлакат аҳолиси қийналмасин, ўйланмасин.

Ҳукуматнинг ўзи конвертацияга чалама-чатди ўтиши ортидан доллар қора бозорининг тегирмонига сув қуйиб турмасин, нақд доллар истаган аҳоли менинг каби саргардон бўлмасин дейман-да.

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти президенти, мустақил журналист.

10 октябрь, 2017 йил.