Oct 032017
 

Жаслиқдаги қамоқхонадан озод қилинган Аъзам Фармоновни Инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти раиси Васила Иноятова кутиб олди.

Жаслиқдаги қамоқхонадан озод қилинган Аъзам Фармоновни Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноятова кутиб олди.

3 октябрь куни, 10 йилдан ортиқ ҳибсда сақланган, қўшиб берилган жазо муддати яна 4 йилдан кейин тугаши кутилаётган инсон ҳуқуқлари фаоли Аъзам Фармонов озодликка чиқди.

Фармоновнинг турмуш ўртоғи Озода Ёқубова 3 октябрь, куннинг иккинчи ярмида журналистларга Аъзам Фармоновнинг ҳуқуқ ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов ҳамроҳлигида уйига қайтаётганини айтди.

Инсон ҳуқуқлари Ўзбекистон-Германия форуми ўтган йили суратга олган фикльмда Озода Ёқубова Жаслиқдаги (Қорақалпоғистон) қамоқхонада сақланаётган маҳбус турмуш ўртоғи билан учрашиб келиш машаққатлари, Аъзам Фармоновнинг қамоқхонадаги ҳаёти, унинг қийноқларқа солингани тўғрисида айтиб берган эди.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг озодликка чиқарилишини АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси олқишлади.

Америка Қўшма Штатлари инсон ҳуқуқлари фаоли Аъзам Фармоновнинг озод этилишини олқишлайди. Бу янгилик Муҳаммад Бекжонов, Мурод Жўраев, Эркин Мусаев, Жамшид Каримов ва бошқа узоқ муддат қамоқда ушланган виждон тутқунлари озодликка чиқарилгани ортидан маълум бўлди”, дейилади Аъзам Фармоновнинг озод қилиниши муносабати билан АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси баёнотида.

Ҳужжатда АҚШ элчихонаси бундай ижобий қадамларни маъқуллаши, бу қадамлар келгусида бошқа маҳбусларнинг озод этилиши ва фуқаролик жамиятига очиқроқ ёндашув учун ишора эканига умид билдирилган.

Кўплаб халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Аъзам Фармоновнинг 2006 йили шубҳали айбловлар билан узоқ муддат озодликдан маҳрум этилганига алоҳида аҳамият бериб келди.

2013 йили БМТ Қийноқларга қарши комиссияси ҳам Фармоновни озод этишга чақирган эди.

Қўшма Штатлар Президент Мирзиёевнинг, Бирлашган Миллатлар Ташкилотида таъкидлагани каби, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мустаҳкамлашга содиқ эканини эътироф этади. Биз бундан кейин ҳам кенг кўламли сиёсий, ижтимоий ва инсон ҳуқуқлари борасидаги ислоҳотларда изчил барқарорлик ва тараққиёт бўлишига умид қиламиз”, дейилган АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси баёнотида.

2006 йил 29 апрелдан буён қамоқда сақланаётган инсон ҳуқуқлари фаоли Аъзам Фармонов Жаслиқдаги қамоқхонадан 3 октябрь куни озод қилинди.

Ҳуқуқбон Аъзам Фармонов 11 йил муқаддам товламачиликда айбланиб, 9,5 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

2016 йилнинг майида унинг жазо муддатига қамоқхона ички тартибини бузганлик айби билан 5 йилу 26 кун муддат қўшиб берилганди.

https://www.ozodlik.org/a/ozbekiston-farmonov-hrts/28771520.html