Oct 022017
 

2017 йилнинг 27 сентябрь куни саҳарда “Қўрқмаслар” гуруҳи мажбурий меҳнатга оид мониторинг ўтказиш мақсадида Жиззах вилоятининг Дўстлик туманига отланишди.

Маҳаллий аҳоли туманнинг Наврўз маҳалласида жойлашган Саноат касб-ҳунар коллежида пахта теримига келган ҳашарчилар истиқомат қилиши ҳақида хабар берди.

Хабарларга асосан биз ҳуқуқбон Елена Урлаева билан Саноат касб-ҳунар коллежига йўл олдик.

Дарҳақиқат, коллежда пахта теримига жалб этилган ҳашарчиларга иссиқ овқат қилишга мўлжалланган катта қозон атрофида ишлар қизғин эди.

Ёғинли кунлар бошланганлиги сабабли мана бу катта қозон устини ёпишга ҳаракат бошланган. Коллежга жойлашган мавжуд 250 нафар ёлланма теримчиларнинг овқатланиши учун темирдан қўлбола стол-стул ясашган.

Овқат пишириш учун ўчоққа қалаш мақсадида етарлича ўтин ғамланган.

Ўчоққа қалашга шайлаб қўйилган юқоридаги ўтинлар уюми нимадан далолат беради? Шубҳасиз, нафақат коллеж биносида, балки Дўстлик туманининг Наврўз маҳалласида табиий газ йўқлигидан, табиий газ йўқлиги сабаб ошпазлар ёлланма теримчиларга иссиқ овқатни ўчоқда, ўтин кўмагида пиширишга мажбур бўлаётганлигидан, энг муҳими, коллежнинг эркак теримчилар жойлашган спорт зали, ёлланма теримчи аёллар жойлашган мажлислар зали кузнинг ёғин-сочинли кунларида табиий газсиз, ўта совуқ эканлигидан далолат беради.

Биз коллеж ходимларидан ҳашарчилар қаерга жойлаштирилганлигини сўрадик.

Ҳашарчиларни озиқ-овқат билан таъминлашга масъул деб таништирган Бахтиёр ака бизни ҳашарчилар ётган хонага бошлади.

Сиз кўриб турган коллежнинг ушбу спорт залига Тошкент шаҳрининг Яккасарой, Мирзо Улуғбек, Сирғали, Юнусобод, Яшнаобод каби бир қатор туман солиқ идораларининг пахта йиғим-теримига жалб этилган ходимлари ўз ўрниларига ўз чўнтакларидан пул тўлаб ёллаган ёлланма ишчилар, тўғрироғи, эркак мардикорлар жойлаштирилган экан.

Наврўз маҳалласидаги ушбу Саноат касб-ҳунар коллежининг мажлислар залини тошкентлик солиқчиларнинг шахсий маблағи ҳисобига пахта теришга ёлланган аёллар эгаллаган экан.

Ёлланган теримчиларга овқат пиширишга масъул ошпазларга кўра Саноат касб-ҳунар коллежида айна дамда жам 250 нафар Тошкент шаҳар солиқ идоралари ходимлари томонидан пулга ёлланган теримчилар истиқомат қилишмоқда.

Спорт зали совуқ, ёлланган ишчилар кўрпа тўшаги билан полда тунашмоқда.

Электр йўқ, ювинишга мутлақо шароит мавжуд эмас.

Пахта теримидан, чангдан чиққан теримчилар ювинишга имкон топа олишмайди.

Коллежнинг ҳайҳотдек ҳовлисига 250 нафар ёлланма теримчиларнинг ювинишлари учун лоақал бирорта ҳам умывальник ўрнатилмаган.

Натижада ёлланма теримчилар ювинишга шароит йўқлигидан нолишмоқда.

Ёлланма теримчилар ҳатто уст-бошларини ювишга тоғара топа олишмайди.Очиғи, Жиззах вилояти, Дўстлик тумани, Наврўз маҳалласида тоза ичимлик сувининг ўзи муаммо. Қишлоқ аҳолисининг етти ёшдан етмиш ёшга қадар худуд мана бу қизалоқ каби, ана у амаки каби аравада сув ташиб кун кўришга мажбур.

Жиззах вилояти, Дўстлик тумани Наврўз маҳалласидаги мавжуд тоза ичимлик суви муаммоси ўз навбатида Тошкент шаҳар солиқ идоралари ходимларининг шахсий маблағи ҳисобига ёллланган теримчиларга ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.

Биз бу ҳақда ёлланма теримчилар билан суҳбатланган чоғимизда маълум бўлди:

Шу сабаб ҳам 250 нафар ёлланма теримчиларнинг чанқоғини қондириш учун кичик елим идишларда сув келтиришади. Худди масалдаги каби турнага ликопчада, тулкига кўзада тамадди беришганлари каби. Сувни олиб ичишлари учун бирорта пиёла ҳам топилмаган кўринади-да Ўзбекистоннинг чинни бозорида.

Биз Саноат касб-ҳунар коллежидаги мутассаддилардан ёлланма теримчилар қайси фермернинг даласида пахта тераётганларини сўраганимизда, ҳашарчиларни озиқ-овқат билан таъминлашга масъул Тошкентнинг Юнусобод туманидан келган Бахтиёр ака исмли киши бизга йўлбошчилик қилди.

Биз айни тушлик чоғида пахта даласига етиб бордик.

Ёлланма теримчиларнинг сўзларига қараганда уларга бугун тушлик етмай қолган:

Солиқ идоралари ходимлари ёллаган 600 нафар теримчиларга тамадди тайёрлаш ишларига Тошкент вилоятининг Оҳонгорон туманидан келган Улуғбек исмли йигит масъул экан. Ёланнма теримчиларга тушлик етмай қолганлигини Улуғбек шундай шарҳлайди.

Ёлланма теримчиларнинг айтишларига қараганда, эрталабки нонуштага нон, шакар ва ёғни уларнинг қулоқларига ўлчаб беришаркан.

Гувоҳи бўлганингиздек, теримчилар билан суҳбатда Тошкент шаҳридаги бир қатор туман солиқ идоралари ходимлари ўз ўринларига пахта теришлари учун ўз маблағлари ҳисобига Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан теримчилар ёллашгани ўз тасдиғини топди. Улар орасида Навоий, Сурхондарё, Қашқадарё, Сирдарё, Тошкент вилоятидан ёлланган теримчиларни учратиш мумкин.

Шунингдек, сухбат жараёнида Тошкент шаҳридаги бир қатор солиқ идоралари ходимлари ўз чўнтаклари ҳисобидан турли сўммага ёллаган теримчилар, аёлу-эркаклар сув танқислиги камлик қилганидек, 40-50 килограмдан оғир пахталарни эгат оралаб прицепли трактор олдига анча олисдан ортмоқлаб келиб топширишга мажбур эканлигидан нолишмоқда.

Эшитганингиздек, ёлланма теримчининг бу каби норозилигига қарата масъулллардан бири техника етишмаслигини маълум қилди.

Гувоҳи бўлганингиздек, сухбат жараёнида Тошкент шаҳридаги бир қатор солиқ идоралари ходимлари ўрниларига пахта теришлари учун ўз чўнтаклари ҳисобидан Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё, Жиззах, Тошкент вилояти, Навоий каби бир қатор вилоятлардан турли муддатга турли миқдордаги сўммага мардикор ёллашганлари маълум бўлди.

Мажбурий меҳнатга оид мониторинг жараёнида транс йўл ташкилоти ходимлари ҳам пахта теримига сафарбар этилганлиги аниқланди.

Ва яна мониторинг жараёнида Тошкент вилояти солиқ идораси, транс йўл, чинни цехи каби бир қатор ташкилотлардан Жиззахнинг Дўстлик туманига жами 1 минг 100 нафар ёлланма теримчи мардикорлар сафарбар этилгани маълум бўлди.

Бу борада ошпаз Улуғбек ва ҳашарчиларни озиқ-овқат билан таъминлашгга масъул Бахтиёр акалар шундай дейди:

Бу ҳали ҳаммаси эмас.

Жиззах вилоятидаги катта-ю-кичик тадбиркорлар, барча бюджет ташкилотлари, хусусий ошхона ходимлари, барча-барчаси пахта йиғим-теримига жалб этилгани айтилади.

Пахта йиғим-терим мавсумида мажбурий меҳнатга жалб этишнинг навбатдаги усули хусусида Жиззах вилояти, Дўстлик туманидаги ошхона официанти Дилнозахон шундай ҳикоя килади:

Шунингдек мониторинг жараёнида 7 ойлик гўдагини қўйиб пахта теримига сафарбар этилган Дўстлик туманидаги Наврўз маҳалласида истиқомат қилаётган онани учратдик.

Бунга уни рўзғордаги етишмовчилик ундадими, ёки маҳаллий ҳокимият мажбурладими, ёхуд ватанпарварлик туйғуси устунлик қилдими, буни аниқлашнинг имкони бўлмади:

Қиссадан ҳисса шуки, Тошкент шаҳридаги Яккасарой, Юнусобод, Сирғали, Мирзо Улуғбек, Яшнабод снигари бир қатор туман солиқ идоралари ўз ҳамёнлари ҳисобидан ўрниларига пахта териш учун ёллаган ёлланма теримчиларнинг одамдек яшашлари, ювинишлари, маданий ҳордиқ чиқаришлари, рисоладагидек еб-ичишлари учун Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида мутлақо шарт-шароит яратилмаган.

Бир сўз билан айтганда, Дўстлик тумани пахта йиғим-теримига ҳам, ҳашарчиларни кутиб олишга ҳам шай эмас.

Аслида, ҳашарчилар учун тоза чимлик сув, ювиниш имкониятлари, табиий газ, электр энергияси, озиқ-овқат масаласи патха теримининг илк кунлариданоқ муҳайё бўлиши лозим эди.

Бироқ кўриб турганингиздек, ёлланма ишчилар минг бир азобда кун санашмоқда.

Ватан учун бир ойгина пахта теримида озобланишса нима қилибди?” деган писанда гапларни кўп эшитамиз.

Бунингдек ит ётиш-мирза туришда бир кун, бир соат ўтишини айтинг.

Масъул мансабдор шахслар, уларнинг фарзандлари, рафиқалари, ўзлари мана шунингдек расво шароитда лоақал бир кун яшаб, пахта теришган бўлармиди?

Йўқ.

Нега энди оддий халқ ҳаммасига чидаши, кўниши керак?

Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ўзгача услубда, мутлақо бошқа бир шаклда, яъни ўқитувчи, шифокор, қўйингчи, барча бюджет ташкилотлари ўз ўрниларига шахсий маблағлари ҳисобидан теримчи ёллаб, пахта теримига жалб этиш ҳолатлари ҳамон давом этмоқда.

Ўзбекистонда мажбурий меҳнат мавжудми, йўқми деган саволга юқоридаги кўрган, эшитганларингиз асосида жавоб топишингиз, ўйлаймизки, у қадар мушкул кечмайди.

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти президенти, мустақил журналист.

2 октябрь, 2017 йил.