Sep 302017
 

Кейинги пайтларда интернет сайтлари саҳифасида “Новая газета”нинг жамоатчи мухбири Али Феруз – Худойберди Нурматов хусусидаги воқеалар тафсилотларига кўп кўзимиз тушадиган бўлиб қолди.

Кимдир “Худойберди Россияда, Олтойда туғилиб ўсган деса, яна кимдир Ўзбекистонда таваллуд топган дейди. Кимнингдир назарида 30 ёшга кириб улгурмаган йигит диний оқим вакили, ким учундир террорист. Бошқа биров эса уни гомосексуалист дея иддао қилади.

У Россия фуқароси бўладими, ватандошимизми, ирқи, дини, миллати, туғилиб ўсган ери, ким бўлишидан қатъий назар биз инсон тақдирига бефарқ бўла олмаймиз.

Шу боис ҳам Худойберди Нурматов туғилган ва болалиги ўтган жойга аниқлик киритиш мақсадида у туғилиб-ўсганлиги айтилаётган Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманига сафар қилдик.

Гарчи Али Феруз – Нурматов Худойберди Турғуналиевичнинг туғилганлик гувоҳномасида “1987 йил 16 февраль куни Қўқон шаҳрида туғилган” деб ёзилган бўлса-да, Худойбердининг болалиги Фарғона вилояти, Ўзбекистон туманининг маркази бўлмиш Яйпан шаҳарчасининг мана шу кўчаларида ўтган экан.

Худойберди истиқомат қилган бу уйга бизни у яшаган маҳалланинг собиқ поспони Солиев Баҳромжон Солиевич бошлаб борди:

Худойберди Яйпандаги 82- уйнинг 9-хонасида онаси Зуҳрахон ая (асл исмини ҳеч ким билмаскан) ва оила аъзолари билан истиқомат қилган.

Биз даставвал Худойберди Нурматов таҳсил олган Ўзбекистон туманидаги 49- мактабга бордик.

Мактабнинг ёшгина директори Ҳакимов Рустамжон Аннасолиевич бизни илиқ кутиб олди.

Биз Рустамжон Ҳакимовдан мазкур мактабнинг собиқ ўқувчиси Худойберди Нурматов хусусида сўраганимизда, суҳбатдошимиз негадир Худойбердини дарҳол эслади:

Эшитганингиздек, Рустамжон Ҳакимов Худойберди Нурматовга тарих фанидан дарс берганлигини, у ниҳоятда қизиқувчан ва қобилиятли йигит бўлганлигини таъкидлаб ўтди.

Худойберди Нурматов 1994 йилда Фарғона вилояти, Ўзбекистон тумани маркази – Яйпан шаҳарчасидаги 49-умумтаълим мактабининг 1-синфига ўқишга борган ва 2005 йилда мазкур мактабнинг 11-синфини аъло баҳоларга наъмунали хулқ билан тамомлаган.

Бу ҳақда бизга 49-мактаб директори Рустамжон Ҳакимов ўзаро суҳбат чоғида сўзлаб берди. Биз мактаб директори Рустамжон Аннасолиевичдан Худойбердининг ҳақиқатдан ҳам мазкур мактабда ўқиганлиги тўғрисида маълумотнома беришини илтимос қилдик. Бироқ мактаб директори расмиятчилик қилди:

Бироқ шундай бўлса-да, мактаб директори Рустамжон Аннасолиевич бизга ўзбекона такаллуф кўрстади, Худойбердининг синф раҳбарини топишда кўмаклашди. Гап орасида “Синф раҳбари –иккинчи она. Ҳеч ким Худойберди Нурматовни синф раҳбаридан яхшироқ билмайди” дея қўшиб қўйди.

Биз мактаб директорининг ҳузуридан чиқиб, акасининг матом маросимида ўтирган Х. Нурматовнинг синф раҳбари Маҳфуза опа Эргашевани йўқлаб бордик.

Маҳфуза опа 1982 йилдан буён 49-мактабда дарс берадилар. Ҳатто Маҳфуза опанинг ўзлари ҳам мазкур мактабда таҳсил олганлар.

Маҳфуза опа 3 йил давомида, 7-,8-,9- синфлик пайтларида Худойберди Нурматовга синф раҳбари бўлиб фаолият юритган. Муаллима Эргашева рус тили ўқитувчиси.

Биз аввало синф раҳбари бўлган Эргашева билан микрафонсиз суҳбатлашдим.

Синф раҳбари бўлган Маҳфуза Эргашева ўз ўқувчиси Худойберди Нурматов хусусида шундай дейди:

Синф раҳбари Худойберди Нурматовнинг ниҳоятда тарбияли ва билимли ўқувчи бўлганини таъкидлади.

Биз журналист суриштируви давомида Яйпан шаҳридаги Абдураҳмон Жомий номли маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам бўлдик.

Маҳалла фуқаролар йиғини раиси бизга собиқ поспон Баҳром ака Солиев билан суҳбатлашишимизни тавсия қилдилар. Негаки, Солиев узоқ йиллар, жумладан Худойберди истиқомат қилган йилларида маҳаллада поспонлик қилган экан.

Узоқ йиллар Худойберди Нурматов яшаган маҳаллада поспонлик қилган Баҳромжон Солиевнинг икки сўзига эътибор қаратишингизни сўрардим: Худойбердининг онаси Зуҳра опанинг отаси СССР даврида бизга “вайонком” қилиб Олтойдан юборилган” дедилар.

Суҳбатдошимиз сўзларидаги иккинчи эътиборли жиҳат жундаки, “Худойберди билан орган ҳам қизиқишган” дея гувоҳлик бердилар.

Орган одамларининг ёш болага – Худойберди Нурматовга бўлган ўша “қизиқиш”лари балки унинг Ўзбекистонни тарк этишига, сиёсий бошпана сўрашига сабаб бўлгандир, балки, ким билсин?

Хуллас, журналист суриштирувимиз натижасида “Новая газета”да Али Феруз тахаллуси билан жамоатчи мухбир сифатида фаолият олиб бораётган Худойберди Нурматов Ўзбекистон Республикаси Фарғона вилоятининг Қўқон туманида 1987 йилда туғилганлиги, Худойберди оиласи билан вилоятнинг Ўзбекистон тумани Яйпан шаҳарчасида истиқомат қилгани, шаҳарчадаги 49-умумтаълим мактабининг 11 синфини 2005 йилда наъмунали хулқ ва аъло баҳоларга тамомлагани маълум бўлди.

Худойберди Нурматов хусусидаги суриштирувимиз давомида синфдошлари, устозлари, маҳалладошлари, маҳалла посбони Али Феруз тахаллусини олган тумандоши хусусида бирор оғиз ҳам салбий фикр билдирмади.

Худойберди Нурматов хусусида кимдан сўрамайлик, уни танийдиган барча фуқаролар Али Ферузни оғзидан бол томиб мақтадилар.

49-мактаб директори Рустам Ҳакимов, Яйпан шаҳридаги Абдураҳмон Жомий маҳалла фуқаролар йиғини раиси Эргашев, Жомий маҳалласининг Худойберди истиқомат қилган даврлардаги собиқ маҳалла поспони Баҳром Солиевларнинг гувоҳлик беришларича Худойбердининг онаси Зуҳра опанинг (асл исмини Яйпанликлар билишмаскан) оталари СССР даврида Ўзбекистонга Россиянинг Олтой республикасидан ҳарбий бўлим бошлиғи –“военкомат”га, яъни “Военный комиссариат”га “военком” этиб юборилган.

Балки шунинг учундир Зуҳра опа ҳам, турмуш ўртоқлари ҳам Россияга, Олтойга кўчиб кетишган. Айни дамда Худойбердининг отаси ҳам, онаси ҳам, ака-укалари ҳам Олтой республикасида истиқомат қилиши ҳақиқат.

Шу маънода “Новая газета” бош муҳаррири Дмитрий Муратов Он вообще родился у нас в стране, на Алтае, там живет его мама. А у нас в правительстве сейчас принимают закон о восстановлении в правах соотечественников, которые родились на территории страны, с которой их связывают родственные узы деганида қисман ҳақ эди.

Худойбердини Россиянинг Олтой республикаси билан қондошлик, қариндошлик ришталари боғлаб туриши рост. Бироқ Али Феруз Россияда таваллуд топган эмас.

Аммо Худойберди Россияда эмас, Ўзбекистонда туғилган дегани, у айбдор ва ёки жиноятчи дегани ҳам эмас.

Россиянинг Олтой республикасида салкам 30 йилдирки унинг отаси яшайди. Кейинчалик ака-укалари, онаси ҳам ота юртига Олтой респубилкасига қайтиб кетган.

Юқорида Яйпандаги 49-мактаб директори Рустам Ҳакимовнинг сўзларига эътибор берган бўлсангиз, Рустам ака, “Уларнинг синфига дарс берган пайтларимда, адашмасам, Худойберди бўйнига қанақадир “кристик” тақиб юрарди” деган гапни айтиб ўтди.

Қолаверса, собиқ маҳалла поспони ҳам, маҳалла оқсоқоли ҳам “…Худди ана шу сабаб ҳам орган Худойбердига қизиқиб қолганди” дея таъкидлаб ўтди.

Маҳалланинг собиқ поспонининг гувоҳлигига кўра, ёш Худойберди билан ўша пайтларида орган ходимлари ҳам қизиқиб қолишган, суриштириб келишган.

Худойберди Ўзбекистонга қайтишдан кўра ўлимни афзал билмоқда. Ўзбекистонга қайтарилиши хусусидаги гап сўзлардан умидсизланиб ўз жонига қасд қилмоқда.

Нега?

Демак, Нурматовни даҳшатга соладиган нимадир бўлган Ўзбекистонда.

Нима эди у?!

Ўқитувчилари ва маҳалладошларига кўра Худойберди Нурматов ниҳоятда қобилиятли, истеъдодли, тарбияли, зеҳниятли бола бўлган.

Аслида инсонни айбдор қилишдан, бадном этишдан осони йўқ.

Бирор бир шахс хусусида ижобий гап айтишдан кўра салбий фикр айтиш осонроқ аслида…

Мен эса бунингдек осон йўлни танламаган бўлардим….

Журналист суриштируви давомида Худойберди Нурматов Ўзбекистонда эканлигида билимли, тарбияли йигит бўлган экан деган хулосага келдим.

Ҳалиям кеч эмас, назаримда бир йигит ҳаётини барбод этилишидан асраб қолишимиз зарур, назаримда. Орамизда бахтли одамлар сони биттага кўпайса қандай яхши!

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти президенти, мустақил журналист.

30 сентябрь, 2017 йил.