Sep 252017
 

Альянс инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти етакчиси Елена Урлаева ва Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти президенти Малоҳат Эшонқуловалардан иборат, биз – “Қўрқмаслар” гуруҳи, 20-22 сентябрь кунлари пахта йиғим-терими мавсумида мажбурий меҳнатга оид мониторинг ўтказиш мақсадида Фарғона вилоятида бўлдик.

Қўрқмаслар”дан иборат ҳуқуқ ҳимоячилари мониторинг жараёнида Фарғона вилоятининг ўқитувчилари ва болалар боғчаси ходимлари, институт талабалари шу йилнинг 10 сентябридан пахта теримига жалб этилганлиги ҳақидаги маълумотни қўлга киритдик.

Ўзбекистон туманидаги барча болалар боғчаси тарбиячилари оммавий тарзда мажбурий равишда теримчига айлантирилганлигининг гувоҳи бўлдик.

Шунингдек, Ўзбекистон туманининг мажбурий тарзда пахта теримига жалб этилган ўқитувчилари Соҳибкор хўжалигига, шунингдек, тумандаги 8-мактаб биносига жойлаштирилган экан.

Елена Урлаева иккимиз 21 сентябрь куни кечки соат 20.00 – 21.00 оралиғида ўқитувчи ҳашарчиларнинг яшаш шароитлари билан танишиш мақсадида 8 мактаб биносига йўл олдик.

Мактабнинг тўрт томони тўсиқлар билан ўралганлиги, қоровулхонанинг эшиги берклиги сабабли биз тўсиқнинг пастроқ жойидан ўтиб, мактаб ҳовлисига киришга уриндик.

Негаки, тун қоронғуси бўлишига қарамасдан мактаб биносининг чироқлари ёниқ, мактаб ҳовлисидаги дарахтларда аёл кишиларнинг ювилган уст-боши чироқ ёруғида кўриниб турарди.

Биринчи бўлиб тўсиқдан Урлаева ўтишга чоғланди.

Елена Михайловна тўсиқ тепасига чиқиши билан қоронғуликда фонарининг чироғини бизга тўғрилаганча велосипед етаклаган эркак киши кела бошлади ва : “Ким бу? Нима қилаяпсизлар бу ерда?” деб сўради.

Мен ўзини мактаб қоровулиман деб таништирган киши билан суҳбатлашиб қолдим.

Фурсатдан фойдаланган Елена Михайловна мактабнинг спорт зали томон кириб кетдилар.

Ўзини мактаб қоровули деб таништирган киши билан ўртамизда мана шундай суҳбат бўлиб ўтди:

8-мактабнинг спорт залига Ўзбекистон туманидаги пахта теримига жалб этилган мавжуд мактаб ўқитувчилари жойлаштирилган бўлиб, ўқитувчилар орасидан физика, математика, физкультура, география каби фан муаллимларини учратиш мумкин эди.

Ўзини отряд раҳбари деб таништирган ўқитувчи Урлаеванинг суратга олаётганини кўриб, спорт залининг – ўқитувчилар ётоғининг ўртасида ўзини таниб қолишларини истамай, юзларини терс угирди:

8- мактаб биносидан чиққач Ўзбекистон туман ҳокимияти биносига йўл олдик.

Тунги соат 22.00 да ҳокимият биноси олдига тумандаги барча бюджет ташкилоти раҳбарлари бўлажак селектор мажлисида иштирок этиш мақсадида йиғилган эди.

Урлаева менинг телефонимнинг диктафонини ёқиб, селектор йиғилишига кириб кетди.

Мен ҳокимият биноси ёнидаги арча тагида Урлаеванинг қайтишини кутиб қолдим.

Бир ярим соат бўлди ҳамки Елена Михайловна селектор йиғилишидан қайтиб чиқмадилар.

Ҳамроҳимнинг ҳаяллаб қолганларидан хавотирга тушиб, қўнғироқ қилдим. Бу пайтда, адашмасам, соат 23.30 лар эди.

Елена Урлаева “Мени ҳибсга олишди, мен Ўзбекистон туман ИИБ биносидаман” дея хабар бердилар.

Ўша заҳотиёқ туман ИИБсига йўл олдим.

Ўзимни таништиргач, “Ҳамроҳим Елена Урлаевани олиб келган экансизлар. Қўлимиздаги фактларни ўчириб ташламанг деган илтимос билан келгандим” дедим. Мени ҳам ИИБ биносига олиб кириб кетишди.

Елена Урлаевани иккинчи қаватнинг бир хонасида, мени ўша қаватнинг қарама-қарши хонасида тергов қилишди: “Кимсиз? Қаердансиз? Нима мақсадда юрибсиз? Пахта билан нима ишингиз бор? Нима сабабдан мактабга тўсиқ ошиб, ноқонуний кирдингиз? Кимга хизмат қиласиз”… ва ҳоказо саволлар бўлди.

ИИБ ходимлар Урлаевадаги жамики орг техникаларни, ҳатто блокнотларгача, телефон аппаратларигача олиб қўйишди.

Тунги соат 2.30 ларга яқин эди чамаси мени сўроқ қилаётган ходимга қўнғироқ бўлди.

Терговчи” ходимнинг “Хўп бўлади шеф, хўп бўлади шеф” деганча қулоғида гўшак, ўрнидан туриб, қўлини кўксига қўйиб олиб, қуллуқ қилишига қараганда, “шеф” вилоят ИИБсиданга ўхшади.

Ҳарқалай, “Шеф”дан “меҳмонларга озор берилмасдан кузатиб қўйилсин” деган мазмунда кўрсатма бўлди чамаси, орган одамларидан бири бизни шахсий машинасида тунги соат 3.00 ларда то Қўқон шаҳрининг такси бекатига қадар келтириб қўйди.

Орган ходимларининг “Ҳеч нарсангизга тегинмадик” деганлари ёлғон экан.

Телефонларимиздаги ҳатто контакт рақамларига қадар ўчирилган, мажбурий меҳнатга оид муҳим фактларимиз йўқ қилинган, телефонларимиз “полёт”га қўйиб қўйилган эди.

Биз тутқунликда турган кунимизда Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўқитувчи, шифокор ва талабаларни пахта теримидан уйларига қайтариш тўғрисида кўрсатма бўлгани айтилмоқда.

Бироқ, мажбурий меҳнатга оид муаммо шу биргина бўйруқ билан ҳал бўлиб қолган эмас.

Негаки, Ўзбекистон ҳукумати сидқидилдан истаган тақдиридан ҳам пахта теримида мажбурий меҳнатдан воз кеча олмайди.

Негаки, қишлоқ хўжалигидаги мавжуд шароит бунга мутлақо йўл қўймайди.

Қўрқмаслар” гуруҳи мажбурий меҳнатга оид мониторинг ишларини давом эттиради.

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти президенти.

25 сентябрь, 2017 йил.