Sep 202017
 

2017 йил августь ойи охирларида маҳаллий матбуотда “Ҳукумат 2017 йилда ўқитувчи ва шифокорларни пахта теримига жалб этишни тақиқлади” деган мазмундаги хабарлар болалаб кетди.

Жумладан, Vodiymedia.uz сайти 23 августь куни “Вазирлар Маҳкамаси 2017 йил пахта-йиғим теримига ўқитувчи ва шифокорларни жалб этишни таъқиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди” сарлавҳаси остида хабар тарқатади.(http://vodiymedia.uz/content/vazirlarmakamasi2017jilpachta-jiimtierimigaituvtchivashifokorlarnizalbetishnitailashtrisidaarorabulildi)

Шунингдек, Sputniknews-uz.com (http://sputniknews-uz.com/society/20170822/6100391.html), Kun.uz (http://kun.uz/49610580), Asr.uz (http://asr.uz/all/uzbekiston/shifokor-va-u-ituvchilarni pahta-terimiga-zhalb-ilish-ta-i-landi/), Gazeta.uz (https://www.gazeta.uz/uz/2017/08/23/paxta2017/), Kommersant.uz/uz (http://kommersant.uz/uz/yangiliklar/bolalar-atnashishini-atij-ta-i-lajdi), Zamin.uz (https://zamin.uz/uzbekistan/22771-davlat-departamenti-ozbekistonga-oqituvchilar-va-tibbiyot-hodimlarini-pahta-terimiga-jalb-etmaslikni-tavsiya-qildi.html) каби маҳаллий сайтлар ёппасига “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг баённомаси қарорига мувофиқ, 2017 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олишда вояга етмаган ёшларни, шунингдек, ташкилотларни, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида меҳнат фаолиятини юритаётган ходимларни жалб қилиш қатъиян ман этилади” деган мазмунда бирин-кетин хабар тарқатдилар.

Vatandosh.uz (http://vatandosh.uz/news/2017/08/34817/) сайти ҳам шу йилнинг 23 августь кунида “Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги расмий сайтида ёзилишича, 15 август куни вазирнинг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов АҚШнинг халқаро муносабатлари бўйича Сенат қўмитаси делегацияси билан учрашув вақтида Вазирлар Маҳкамаси 8 август куни шу ҳақда қарор қабул қилгани ҳақида маълум қилган” дея хабар беради.

Fergananews.com таҳририяти ҳам маҳаллий матбуотдан илҳом олди. Мазкур мавзу 24 августь куни Fergananews.com (http://uzbek.fergananews.com/news.php?id=11212&mode=snews) сайтининг ўзбек тили саҳифасининг бош мавзусига айланди.

Ўзбекистон ҳукумати 2017 йилги пахта ҳосилини йиғиб олишга вояга етмаган ёшлар ҳамда “меҳнат фаолиятида банд бўлган ”соғлиқни сақлаш ва таълим соҳалари ташкилотлари ва ходимларини жалб этишни қатъиян тақиқлади. Бу ҳақда Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов 15 август куни АҚШ Сенатнинг халқаро муносабатлар бўйича Қўмитаси делегацияси билан Республика одам савдоси қурбонларига ёрдам бериш реабелитация марказида бўлиб ўтган учрашувда маълум қилди .

Мухитдинов изоҳ беришича, бу ҳолат Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 8 август куни қабул қилинган қарори билан протоколлаштириб қўйилган” деб ёзади Fergananews.com сайти.

Қатор йиллардан буён мажбурий меҳнат масаласида мониторинг олиб бораётган шахс сифатида Вазирлар Маҳкамасининг, шунингдек, Меҳнат Вазирлигининг расмий веб сайтидан бюжет ташкилотларини пахтага сафарбар этмаслик тўғрисидаги қарорни қидирдим.

Минг афсуски, бунингдек мазмундаги қарорни на Вазирлар Маҳкамасининг ва на-да Меҳнат вазирлигининг расмий веб сайтидан топишнинг имкони бўлмади.

Сентябрь ойининг биринчи ўн кунлигига келиб 2017 йилга пахта йиғим-теримига ҳам старт берилди.

Маҳаллий сайт мухлислари Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2017 йил 8 август куни “Бюжет ташкилотларини пахта йиғим-теримига чиқариш таъқиқланади” деган мазмунда қарор қабул қилинганлигига чиппа-чин ишонишди, аниқроғи, шифокор, ўқитувчи ва талабалар айнан шунга умид қилишди.

Бироқ 2017 йилги пахта йиғим-теримининг илк кунлариданоқ шифокор, ўқитувчи, талаба, қўйингчи, барча бюжет ташкилоти ходимлари одатдагидек пахтакорга айлантирилди.

Қонунларга, ҳукуматнинг фармон ва қарорларига сўзсиз итоат қилувчи фуқароларнинг ёқа тутгани ҳам рост: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг баённомаси қарорига мувофиқ, 2017 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олишда вояга етмаган ёшларни, шунингдек, ташкилотларни, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида меҳнат фаолиятини юритаётган ходимларни жалб қилиш қатъиян ман этилади” деган қарор қабул қилинган бўлишига қарамасдан, вилоят ва туман ҳокимлари наҳотки Вазирлар Маҳкамасининг қарорини писанд қилишмаса, қонунларга итоат этишмаса?”

Умуман олганда Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдиновнинг 15 август куни АҚШ Сенатнинг халқаро муносабатлар бўйича Қўмитаси делегацияси билан бўлиб ўтган учрашувда “Ўзбекистон ҳукумати 2017 йилги мавсумда балоғат ёшига етмаган ёшларни, шунингдек, Соғлиқни сақлаш соҳаси ва таълим соҳаси ходимларини пахта теримига жалб этишни тақиқлади, бу ҳолат Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 8 август куни қабул қилинган қарори билан протоколлаштириб қўйилган” дея берган хабари чин бўлса, у ҳолда Вазирлар Маҳкамасининг Муҳиддинов назарда тутган қарори қани?

Нима сабабдан бунингдек муҳим қарор Вазирлар Маҳкамасининг расмий веб сайтига қўйилмаган?

Модомики, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан шифокор ва ўқитувчилар, талабаларни пахта теримига сафарбар қилишга таъқиқ қўйилар экан, у ҳолда нега маҳаллий ҳокимлар ўқитувчиларни, шифокорларни, барча бюжет ташкилоти ходимларини пахтакорга айлантирмоқда?

Нима сабабдан қонунни назорат қилувчи идора раҳбарлар Вазирлар Маҳкамаси қарори ижросини таъминлаш масаласини назорат қилмайди?

Нега яна мажбурий меҳнатга зўр берилмоқда?

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти президенти.

20 сентябрь, 2017 йил.