Sep 132017
 

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА: Муҳтарам Президент Шавкат Миромонович, айтинг, Бош вазир Абдулла Негматович Арипов менга босим ўтказишни тўхтатсин!

Мен 21 йил давомида ЎзМТРК тизимида журналист сифатида фаолият юритдим.

2009 йил охирларига келиб Алишер Хаджаевнинг раислик даврида пичоқ бориб бўғизга келди.

Натижада мен адолат изладим.

ЎзМТРКдаги порахўрликка, маҳаллийчиликка, цензурага, таниш-билишчиликка, иқтисодий ўғирликларга қарши курашни бошладим.

Ўша пайтдаги Бош вазир Шавкат Миромоновичга шикоят йўлладим. Бош прокуратурага мурожаат қилдим. ЎзМТРКдаги барча қинғирликларни очиб ташладим.

Бу пайтларда жуда содда бўлган эканман.

У пайтларда ЎзМТРК деган даргоҳдаги кооррупциянинг илдизи жуда узоққа, тепага бориб тақалишини билмаганман, англамаганман.

У пайтларда ЎзМТРК айрим арбоблар учун соғин сигир, шахсий томорқа эканлигидан ҳам бехабар бўлганман.

Адолат истаганим, юқори идораларга шикоят йўллаганим сайин менга нисбатан босим кучайгандан-кучаярди.

Кейин билдимки, ЎзМТРК раиси Алишер Хаджаевнинг илдизи Вазирлар Маҳкамасига бориб тақаларкан. Ўша пайтдаги бош вазирнинг биринчи ўринбосари – айнан телекоммуникацияни назорат қилишга масъул амалдор Абдулла Негматович Арипов – айни дамда иқтидордаги Бош вазиримиз Алишер Журақуловичнинг қудаси бўларкан.

Мен босимлар исканжасида 2010 йилнинг 6 декадрь куни ҳамкасбим Саодат Омонова билан пойтахтнинг Мустақиллик майдонида “ЎзМТРК раиси А. Хаджаев ишдан олинсин. ЎзМТРКдаги ғайриқонуний ишларни ҳаспўшлашга бош-қош бўлаётган қудаси бош вазирнинг биринчи ўринбосари Абдулла Негматович Арипов истефога чиқарилсин!” деган мазмунда норозилик намойиши ўтказдим:

2010 йил 6 декабр. Мустақиллик майдони.

Натижада ўша пайтдаги бош вазирнинг биринчи ўринбосари Абдулла Арипов мени ҳамкасбим Омонова билан биргаликда ЎзМТРК отлиғ шахсий томарқасидан қонунга хилоф тарзда ҳайдаб юборишга бош-қош бўлди.

Кўриб турганингиздек, “Ёшлар” телерадиоканали директори шошма-шошарлик билан икки таҳририятнинг иккита ходимига ишдан бўшатиш тўғрисида ғайриқонуний тарзда битта буйруқ чиқариб, қўпол хатоликга йўл қўйган.

Янаям эътиборли жиҳати, бизни нафақат ЎзМТРКдан, балки Тошкент шаҳридан ҳам бадарға қилишга киришди.

Ўша пайтдаги ЎзМТРК раис ўринбосари Баҳром Ўтанов Омоновани ҳузурига чақириб, “Тошкент шаҳридаги доимий пропискангиз сохта бўлиб чиқди, зудлик билан доимий рўйхатдан чиқиб кетинг” дея босим ўтказиши ортидан, Омонова доимий рўйхатдан чиқиб, Самарқандга кетишга мажбур бўлди.

Бунингдек таъқиблар бўронидан мен ҳам омон қолган эмасман.

Буни қарангки, 2009 йилнинг 23 декбарь куни мен ЎзМТРКда илдиз отган коррупция, иқтисодий ўғирликлар хусусида ўша дарвдаги бош вазир Шавкат Мирзиёевга шикоят йўллаганим, Бош прокуратурага мурожаат этганим ортидан орадан уч ой ўтар-ўтмас, Абдулла Негматович бошлиқ ЎзМТРКдаги корчолонлар мен доимий пропискада турган уй эгасига босим ўтказиб, фуқаролик ишлари бўйича Тошкнет вилояти Зангиота туманлараро суди орқали 2010 йилнинг 25 март куни менинг доимий пропискамни бекор қилишга муваффақ бўлишган экан.

Мен бунингдек орқадан урилган пичоқ – орқаворотдан қилинаётган пинҳона босим хусусида орадан сал кам бир йил ўтгач, 2011 йилнинг февраль ойига бориб тасодифан хабардор бўлиб қолмоқдаман.

Буни қарангки, бу вақт ичида мен ўзим билмаган ҳолда бир йил мобайнида ҳеч қаерда доимий пропискасиз яшаб юраверганман.

Мен Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги хонадонга ҳуув ўша йиллари, 1998 йилда доимий рўйхатдан ўтган эдим.

Хўш, нега энди орадан 22 йил ўтгач уй эгаси мени доимий рўйхатдан суд қарори орқали чиқаришга ошиқиб қолдийкин?

Буни уй соҳиби Исроил Исаев Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг аппелация инстанциясига нотариал идора орқали тасдиқлаб юборилган кўрсатмасида мана шундай изоҳлайди.

Уй эгаси Исроиловни бориб қўрқитган ким эди?

Мен таҳдидчиларнинг шахсини аниқлаш мақсадида юқори қонун идораларига шикоят ёзиб, жавоб ололмадим. Босим ўтказувчиларнинг шахси мавҳумлигича қолаверди….

Босимлар остида чиқарилган суднинг ноқонуний қарорини бекор қилиш мақсадида юқори суд инстанцияларига 6 ой югурдим, ярим йиллик умрим куйди-пишдилар билан ўтди.

Ниҳоят, 2011 йлининг июль ойида мен ўша хонадонга юқори суд инстанциялари орқали доимий пропискамни тиклашга муваффақ бўлгандим.

Буни қарангки, яқин тарих яна такрорланмоқда.

Бугунги кунга келиб менинг доимий пропискамни бекор қилдириб, Тошкентдан бадарға қилиш истагидаги Бош вазир бошчилигидаги корчолонлар айни дамда яна уй эгаси Исроиловнинг хонадонига турли йўллар билан босим ўтказишмоқда.

Мамлакатимизнинг бош Қомуси Конституциямизда “Хусусий мулк даҳилсиздир. Унга даҳл қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ” дейлиган.

Шундай бўлишига қарамасдан суд ижрочилари суднинг ноқонуний қарорлари ортидан менга нисбатан солинган жарималарни мажбурий тарзда ундириш мақсадида МХХ, милиция ҳамроҳлигида битта зил юк машинасини олиб 2017 йилнинг августида Исроил Исаевнинг хонадонига бостириб борадилар.

Эшонқулова Малоҳат истиқомат қиладиган уйга мол-мулкини мусодара қилиш учун бордик. Қўлга илингулик нарсаси йўқ экан. Эшонқулова сизнинг уйингизда доимий рўйхатда тураркан. Биз уйингиздаги мол-мулкларни Эшонқулованинг қраздорлиги эвазига мусодара қилиб, юклаб олиб кетишга машина келтирдик” дея 80 ёшли ҳожи ота билан уларнинг тушакда ётган бетоб рафиқасининг қон босимини оширадилар ва босим ўтказадилар.

Узоқ асаббузарлик ва тортишувлардан сўнг қўни-қўшнилар ва маҳалла раисининг аралашуви ва гувоҳлиги билан Исроиловнинг хусусий мулки бўлган уйидан унга тегишли бўлган мол-мулкларни менинг қраздорлигим эвазига мусодара қилиш ҳаракатлари тўхтатилади.

Бироқ битта шарт билан.

Қоракўса” маҳалла раиси Муъаттар опанинг менга ҳикоя қилишича, ММХ ҳамроҳлигидаги суд ижрочилари уй эгаси И. Исаевга “Мол-мулкларим мусодара бўлмасин десангиз, Эшонқуловани доимий пропискадан чиқариб юбориш учун судга арз қиласиз. Доимий пропискадан чиқариб юборасиз” дея шарт қўядилар.

Исроил Исаевнинг уйига 2011 йил 27 июнь, 2012 йилнинг май, 2013 йилнинг 6 июль кунлари судларнинг ноқонуний қарорлари ортидан менга солинган жарималарни ундириш ва судларнинг ғайриқонуний қарорларини ижро этиш, менга тааллуқли қарздорликни мен доимий пропискада турган уй эгаларидан ундириш мақсадида Исроил аканинг уйига юк машинасида бостириб борган МХХ, милиция ва суд ижрочилари ким эди?

Нима сабабдан улар ўзганинг мулкига даҳл қилишдан тап тортмадилар, Конституция талабларини бузишга қўрқмадилар?

Суд ижрочиси ниқоби остидаги куч ишлатар тизимларининг ортида ким турибди?

Нега улар дадил ислоҳатлар олиб бораётган Мамлакатимизнинг янги Президенти Мирзиёевнинг одилона сиёсатидан қўрқмадилар?

Ким эди ўша Шавкат Миромоновичдан ҳам катта куч?

Суд ижрочиларига ноқонуний топшириқ берган ким эди?

Бош вазирми?

Мирзиёевнинг ўзими?

Мирзиёевнинг битта менингдек аёл билан олишишдан ўзга бир олам юмуши, халқ дардини ўйлашдек бош оғриғи бор. Мамлакатнинг ташқи сиёсати, ички сиёсати, иқтисодни ўнглаш…. ҳаммаси президентнинг гарданида. Шунча юмушдан ортиб бир аёл билан олишишга Мирзиёевга вақт қайда?

Қолаверса, мен янги Президентга рақиб эмасман.

Бироқ мен 2010 йилнинг 6 декабрь куни бугун иқдидорга келган бош вазир Абдулла Негматович Ариповнинг мушугини “пишт”лаб қўйганман – норозилик намойиши орқали Ариповнинг истеъфосини сўраганман.

Бизнинг норозилик чиқишларимиз ва Ариповнинг истеъфосини сўрашимиз ортидан 2012 йилга келиб бош вазирнинг биринчи ўринбосари бўлган Абдулла Негматовичнинг ҳам ишлари ортга кетгани рост. Бор-будидан айрилгани ҳам ёлғон эмас.

Бироқ бугунга келиб Шавкат Миромоновичнинг ишончи сабаб Бош вазир иқтидорига келган Абдулла Арипов орадан етти йил ўтиб 2010 йилдаги каби яна менинг доимий пропискамга ёпишмоқда, мени пойтахтдан бадарға қилиш ташвишига тушмоқда.

Нега?

Шунингдек, 2017 йилнинг 28 июль куни МХХ, милиция, участка нрозири, поспонлар, маҳалла раислари, домком, падъездкомлар ҳамроҳлигида келган Учтепа туман суд ижрочилари мен вақтинча истиқомат қилаётган Чилонзор туманидаги куёвимга тегишли бўлган хонадонда қизимга тегишли мол-мулкларни менинг қарздорлигим эвазига мусодара қилишга жазм қилдилар.

Қизим хусусий мулкига МХХ ҳамроҳлигида келган суд ижрочиларини киритмаганлиги сабабли милиция қизимнинг хусусий мулки бўлган темир эшигини бузиш мақсадида фавқулотда вазиятлар вазирлиги ходимларини “заявка” бериб, чақиришгача, темир эшикни бузишгача бориб етдилар.

Қизим “Эрим ишлагани Россияга кетган, бир ёшга тўлмаган болам билан эшиксиз уйда қандай ўтираман. Уйда эшикни тузатадиган эркак киши бўлмаса, бузманглар” деганича бўзлаб қолаверди ва эшикни очиб беришга мажбур бўлди. Битта темир эшик қанча туради ахир?

Натижада Учтепа туман суд ижрочилари Чилонзор туман Чилонзор 20 “А” кварталдаги куёвимнинг хусусий мулкига бостириб кириб, мутлақо ўзга шахсларга тегишли бўлган мол-мулкларни менинг жарималарим – қарздорлигим эвазига мусодара қилиш мақсадида олиб кетдилар.

Бу ҳолат 2016 йлининг 30 март куни ҳам содир бўлган эди. Ўша куни ҳам Учтепа тумна суд ижрочилари куёвимнинг мол-мулкларини менинг қарздорлигим эвазига олиб чиқиб кетишган эди.

Нима сабабдан Учтепа туман суд ижрочилари Чилонзор туман ҳудудида суд қарорининг ижро ҳаракатларини олиб боришди? Бу қонуниймиди?

Нима сабабдан суд ижрочилари менинг қарздорлигимни ёпиш мақсадида куёвимнинг, қизимнинг, болаларимнинг хусусий мулкига бостириб киришди, темир эшикни бузиш учун махсус отряд чақиришгача бориб етишди?

Сабаб?

Уларнинг ортида ким турганди?

Нима сабабдан менга ва болаларимга нисбатан молиявий босим қўлланилди?

Ахир яқингинада Шавкат Миромоновичнинг ўзлари “Бугундан бошлаб фарзанд ота-онанинг ҳаракталари учун жавоб бермайди” демаганмиди?

Нега Президентнинг сўзларига қарши ўлароқ ҳаракат қилинди?

Негаки бунингдек босқинчиликнинг, бунингдек молиявий хуружнинг ортида ўч олишдек истакдаги Бош вазир Абдулла Негматович Арипов – мамлакатдаги иккинчи даражали одам турибди!

Ишсизлик ортидан куёвим Россияга ишлагани кетгач, мен набирамга қараб, қизим билан истиқомат қилардим.

Февраль ойида уйга келган “Бўрижар” маҳалла участка инспектори Миролим Султонов қизим Алимбекова Зарнигорга “Онангиз Тошкент вилоятида, Эшонгузарда доимий пропискада эканлар. Улардан сизнинг уйингизда яшашлари учун вақтинчалик прописка сўрамаймиз. Шартмас. Она қизининг уйида яшаши мумкин. Биз ҳам ваҳший ҳайвонмасмиз, бўримасмиз, биз ҳам одаммиз” деган участка инспектори Миролим Султонов шу йилнинг 28 июль куни қизимнинг хонадонига эшикни бузиб, бостириб кириш истагидаги МХХ ва суд ижрочилари билан келгач, э йўқ, бе йўқ, қизимнинг қўлига “Онангиз Эшонқуловани уйингизда вақтинча пропискасиз яшашига рухсат берганингиз учун қонун бўйича жаримага тортилдингиз. Сизга энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баробарида жарима солинди. Бир ярим миллион сўм жарима тўлайсиз” дея жарима қоғозини қизимнинг қўлига тутқазди.

Мен учатка инспектори М. Султоновнинг хонасига қизим билан чиқдим ва дедим: “Бу нима қилганингиз, Султонов, ахир яқингинада “Биз ваҳший ҳайвонлармасмиз, бўримасмиз, биз ҳам инсонмиз. Она қизиникида вақтинчалик пропискасиз яшаса ҳам бўлаверади, сизга вақтинчалик прописка шарт эмас” деган сиз эмасмидингиз? Нега бугунги кунда жарима солиб ўтирибсиз?” деганимда, ана қизим гувоҳ, “Опалар, мени тўғри тушининглар, суд ижрочилари билан келган МХХ ходимлари ва ижрочилар мени қистовга олди. Жарима соласан деб туриб олишди. Мени шундай йўл тутишга мажбурлашди. Мен шунга мажбурман” дейишдан нарига ўта олмади.

Она ўз боласининг уйида истиқомат қилгани учун боласини жаримага тортиш ҳолати биргина бизнинг инсонпарвар Ўзбекистонмизда бўлса керак!

Нега шундай бўлди?

Нима учун ўз онасини уйида истиқомат қилишига изин бергани учун фарзанд жаримага тортилди?

Қизимнинг гўдаги ҳали ёшига тўлмаганди. Бола таътилида. Ҳеч қаерда ишламайди. Даромад келадиган жойи йўқ.

Ёш онага, даромади йўқ аёлга бир ярим миллион миқдорида жарима солишни қонунчилигимиз қўллайдими?

Бунингдек молиявий босимлар, таъқибу тайзиқлар ортида ким турибди?

Менинг назаримда, бунингдек таъқиблар ортида жуда катта одам- Бош вазир А. Арипов турибди.

Акс ҳолда Учтепа туман суд ижрочилари МХХ билан етаклашиб келиб қизимнинг хусусий мулкига хуруж қилишга журъат этмаган, Мирзиёев олиб бораётган сиёсатга қарши бормаган бўларди.

Менга нисбатан юқори доирадаги одамлар томонидан қўлланилаётган босимлар кўламининг катталиги яна шунда кўринадики, участка инспектори қизимга ноқонуний тарзда (чунки участка инспекторининг ўзи “Вақтинча пропискасиз она қизининг уйида яшаса бўлаверади, биз ваҳший ҳайвонлармасмиз, бўрилармасмиз, бизам одаммиз, тушунамиз” деб бизни чалғитган) жарима солгач, мен қайта жарима қўлламасликлари учун дарҳол Чилонзор туман ИИБ ХЧК ва ФРБмига вақтинча рўйхатдан ўтиш мақсадида ариза топширдим.

Орадан 11 кун ўтгач, Чилонзор туман ИИБ ХЧК ва ФРБ томонидан менга 2017 йилнинг 08.08.2017 йил кунида то 2018 йлининг 08 февралига қадар турар жойим бўйича ҳисобга олинганлигим тўғрисида ID 0003211530 рақамли қайд варақаси берган эди.

Ажабланарли томони шундаки, 2017 йлининг 28 август куни Чилонзор туман ХЧК ва ФРБ бошлиғи мени телефон орқали чақиртираркан, “Вақтинчалик гувоҳномангизда хатолик кетибди, гувоҳномангизни олиб, келиб бизга топшириб кетсангиз” деди.

29 август куни ҳуқубқон Елена Урлаева ҳамроҳлигида Чилонзор ИИБ ХЧК ва ФРБ бошлиғига учрашганимда, бошлиқ “Вақтинчалик гувоҳномангизни тўғрилаб берамиз” деган важ билан олиб қолди.

Тайёр бўлса, ўзимиз хабар берамиз” деганди.

Хабар бераверишмагач, икки маротаба сўраб бордим. Вақтинчалик гувоҳномам йўқ.

Мана, шунга ҳам бугун 16 кун бўлибди.

Қизиқ, мени Тошкент шаҳридаги вақтинчалик пропискамдан мосуво қилиш кимга керак бўлиб қолди экан?

Доимий пропискамга ҳужум қилишади, вақтинчалик пропискамдан маҳрум қилишади, қизимга, яқинларимга молиявий ҳуруж қилишади. Суднинг ноқонуний қарорлари ортидан солинган жарималардан қарздорлиги бор деган баҳонада ҳорижга чиқиш ҳуқуқимни чеклаб қўйишади, ҳорижга чиқиш визасини беришмайди.

Қизим Алимбекова Зарнигор Авазовнага мана, 6 йилдирки ҳорижга чиқиш визаси берилмайди.

2017 йилда ҳорижга чиқиш рухсатномасини олиш мақсадида ХЧК ва ФРБмига ариза топширган қизим 6 ой деганда шу йлининг 25 июль куни рухсатномасиз, зўрға паспортини қайтариб олишга муваффақ бўлди.

Алимбековага нима учун ҳорижга чиқиш рухсатномаси берилмади?” деган саволимизга ИИВ ХЧК ва ФРБ бошлиғи Шорихсиев имзоси билан “Ҳорижга чиқиш ҳуқуқи ваколатли идоралар томонидан чекланган” деган мазмундаги ўнлаб жавоб хатларини олмоқдамиз холос.

Нега шундай?

Нега қизим менинг ҳаракатларим учун тавон тўлаши керак?

Нима учун менинг жарималарим эвазига қизимнинг мол-мулклари мусодара этилиши керак?

Нима учун мени деб қизим 6 йилдирки ОВИР ололмайди?

Нима сабабдан?

Ўзбекистон Президенти 2018 йилдан ОВИР тизимига чек қўйишни ваъда қилиб турган бир пайтда нега қизимнинг ҳаракатланиш ҳуқуқлари чекланади?

Нима сабабдан мен доимий пропискада турган Қоракўса маҳалла раиси Муъаттар опа “Сиз халқ душмани экансизу? Қочиб, қаерларда юрибсиз? Кечириб қўясиз, мен сиздек халқ душманига ҳеч қанақа маълумотнома ҳам бера олмайман, ҳорижга чиқиш тўғрисидаги аризангизга имзо ҳам қўймайман, муҳр ҳам босмайман. Маҳалламизга доғ тушурмасдан зудлик билан доимий пропискадан ичқиб кетинг” дея талаб қилади. Нима сабабдан маҳалла раиси “Сизга маълумотнома беришни юқоридан таъқиқлашган” дейди?

Ким ўша юқоридагилар?

Мирзиёевми?

Президентнинг мендан ўзга бошоғриқлари, ташвишлари ҳам кўп, бисёр.

Менга босим ўтказишга азим қилган Ўзбекистонда битта қудратли шахс бор – бош вазир Абдулла Негматович Арипов бор.

2010 йилнинг 6 декбарь куни Ариповнинг истеъфосини сўраб норозилик намойиши ўтказганлигимизнинг қасдини олиши учун Бош вазирлик ваколати энг қулай имконият деб билган Абдулла Негматович менга нисбатан босимлар кўламини кучайтиргандан кучайтирмоқда.

Иқтидорли ҳамкасбимиз бўларди Хайрулла Ҳамидов – билимли, одобли, заковатли. Қамашди, кечиришди, ЎзМТРКга қайта ишга тиклашди.

Давр” информацион дастурида яна бир ҳамкасбимиз бўларди Ҳамза Жумаев. Нурчилар оқимига аъзоликда айблаб қамашди, кечиришди ва ЎзМТРКга қайта ишга тиклашди.

Бу биз учун қувончли.

Эндиги навбат бизники деб суюндик. Мирзиёев даврида бизнинг ҳам елкамизга офтоб, кўксимизга шамол тегади деб умидвор бўлдик. Бироқ….

Бизни ишга тикланишимизга Бош вазирнинг қасди, Ариповнинг қахри йўл бермади.

Ваҳоланки биз Халқаро коррупцияга алоқадорликда гумонланмаган эдик…

Биз турли оқимларга аъзоликда қамалмадик. Ўтириб чиқмадик. Жиноят қилмадик. Бор-йўғи 3 соат ўз иш ўрнида бўлмади деган айблов билан ЎзМТРКдан ковушимизни тўғрилаб қўйишди.

Бироқ биз, мен ва ҳамкасбим Саодат Омонова – 3 соатгина ўз иш ўрнида бўлмаганлиги сабабли ишдан ҳайдалган икки аёл журналист ўз ишига қайтарилмади!

Бизнинг гуноҳимиз шунчалар оғирмиди?

Ҳа!

Бизнинг жиноятимиз шунчалар улкан эди.

Бизнинг айбимиз шунчалар залворли-ки!

Бизнинг гуноҳимиз шундаки, биз 2010 йилнинг 6 декабр куни ўша пайтдаги бош вазирнинг биринчи ўрнибосари, бугунги кунда Бош вазир сифатида иқтидорга келган Абдулла Негматович Ариповнинг истеъфосини сўраб норозилик намойиши ўтказган эдик.

Бунингдек оғир гуноҳни Арипов унитармиди?

Асло!

Юқоридаги таъқиб ва таҳдидлар, руҳий ва молиявий босимлар туфайли мен, мустақил журналист ва ҳуқуқбон Малоҳат Эшонқулова 2017 йилнинг 12 сентябрь куни Ўзбекитсон Республикаси Бош прокуратураси олдида “Муҳтарам Мирзиёев! Бош вазирга айтинг, менга босим ўтказишни тўхтатсин!” деган баёнот билан норозилик намойиши ўтказишга мажбур бўлдим.

2017 йил 12 сентябрь Бош прокуратура биноси олдида норозилик намойиши

Бош Прокуратурада. Катта прокурор қабулида

Ҳурмтали Президент!

Бош Вазир Абдулла Негматович Арипов менга тайзиқ ўтказишдан тийилсин!

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

Мустақли журналист, ҳуқуқбон.