Aug 122017
 

Vatangado, vatanxoini, dangasalar ko’rmasin! Hazil. Абдужалил Бойматов. Видеоблог. (Ватангадо, ватанхоини, дангасалар кўрмасин! Ҳазил).
Mustaqil jurnalist, inson huquqlari himoyachisi, O’zbekiston Inson Huquqlari Jamiyati a’zosi Malohat Eshonqulovaning Zokir Xurramovning deputat bo’lib saylanishi, saylov natijalarining soxtalashtirilishi va uning ta’qib tayziqlarga uchrashi haqida tadqiqoti.

Мустақил журналист, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти аъзоси Малоҳат Эшонқулованинг Зокир Хуррамовнинг депутат бўлиб сайланиши, сайлов натижаларининг сохталаштирилиши ва унинг таъқиб тайзиқларга учраши ҳақида тадқиқоти.

 

ЖАРҚЎРҒОНДА БЎЛАЖАК ДЕПУТАТНИ ЖАРГА ҚУЛАТИШГАН … МИ?

Халқ депутатлари Жарқўрғон туман Кенгашининг қарорига асосан 20- Гулҳовуз сайлов округида 2017 йилнинг 14 май куни такрорий сайлов ўтказилди.

Мазкур сайловда Халқ депутатлари туман Кенгашига Ўзбекистон Либералдемократик партиясидан Жарқўрғон туман электр тармоқлари корхонаси ходими 1992 йилда туғилган Зокир Маматқулович Хуррамов билан “Адолат” социал-демократик партиясидан Жарқўрғон туман халқ таълими бўлими мудираси Қизларшой Раҳматованинг номзоди илгари сурилган эди.

Таббийки, сайлов қонунига кўра юқорида номлари зикр этилган икки номзоддан бири ғалаба қозониши лозим эди.

Бироқ, ажабланарли томони шундаки, 2017 йилнинг 14 май куни бўлиб ўтган 20- Гулҳовуз округ сайлов комиссиясининг 275- сайлов участкаси бўйича сайлов натижаларига кўра нима учундир ноодатий тарзда бира йўла икки ғолиб ва икки нафар мағлуб вужудга келган.

Фикримизни 20- округ сайлов комиссиясининг 275- сайлов участкаси бўйича сайлов натижалари тўғрисидаги 2017 йилнинг 14 май куни, яъни айни бир сана билан тузилган ва сайлов участка комиссия раиси, ўринбосари ва аъзолари томонидан имзоланган, муҳр урилган бир-бирига тамомила зид бўлган, бири-бирини мутлақо инкор этувчи 2 хил мазмундаги ушбу БАЁННОМАлар исботлаб турибди:

Сиз тасврида кўраётган участка сайлов комиссия раиси ва аъзолари томонидан имзоланган ушбу БАЁННОМА, гувоҳи бўлганингиздек, ЎзЛиДеП партиясидан кўрсатилган номзод Зокир Хуррамов 558 та овоз олиб, “Адолат” Социал- Демократик партияси вакиласи Жарқўрғон туман Халқ таълими бўлими мудираси Қизларшой Раҳматовани доғда қолдирганлигидан далолат беради.

Бироқ, минг афсуски, Шавкат Миромонович Мирзиёевни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодини илгари сурган ва мутлоқ ғалаба қозонган Ўзбекистон Либералдемократик партияси қўллаб-қувватлаган 25 ёшли Зокир Хуррамовнинг ғалаба наъшидасини суришдек қувончи узоққ чўзилмади.

Кўп ўтмай 20- округ сайлов комиссиясининг 275- сайлов участкаси бўйича сайлов натижалари тўғрисидаги айни сана остида айни шахслар томонидан тасдиқланган иккинчи бир “БАЁННОМА” пайдо бўлдики, эҳтимол, кўрмасангиз, сўзимизга инонмайсиз.

Кўриб турганингиздек, навбатдаги сайлов баённомасида Қизларшой Раҳматова 558 та овоз билан ғолибликни қўлга киритганлиги имзолар ва муҳр билан тасдиқланган.

Сайловдек нозик соҳадаги бунингдек чалкашликлар сабабини Зокир Хуррамовнинг отаси Маматқобил ака Расулов мана шундай шарҳлайдилар.

Ботир Хуррамовнинг отаси Маматқобил Расуловнинг видео интервьюси қўйилади. Маматқул ака сайловда ноқонуний ишлар бўлгани ҳақида гапиради.

Маматқобил ака айтганларидек, Зокир Хуррамов 2017 йилнинг 19 май куни сайловда йўл қўйилган қонунсизлик хусусида Жарқўрғон туман прокурори Хўжамуродовга ариза билан мурожаат қилган.

Суҳбатдошимиз таъкидлаганларидек, сайлов натижаларини эълон қилишда йўл қўйилган ғайриқонуний ишлар юзасидан суруштирув ишларини олиб бориш ва масалага ойдинлик киритиш қонунни назорат қилувчи органнинг –туман прокурори жаноб Хўжамуродовнинг энг асосий вазифаси эди.

Бироқ не ажабки, қонунсизлик, эҳтимолки, жиноят ҳақида хабар берувчи Зокир Хуррамовнинг аризасини туман прокурори Халқ депутатлари Жарқўрғон туман Кенгашига сайлов ўтказувчи туман сайлов комиссияси раиси Жумаевга қарата футбол қилишни хуш кўрди.

Ўз ўрнида Жарқўрғон туман сайлов комиссияси раиси С. Ҳ. Жумаев прокурор ўрнига Зокир Хуррамовнинг аризасига 2017 йилнинг 2 июнь куни №10- сонли бир қолипдаги жавоб хати йўллади.

Эҳтимол, биз прокуратуранинг айни вазифасини билмасмиз. Аммо, сайлов натижалари юзасидан йўл қўйилган қонунсизликлар хусусида Хуррамовдан ариза келиб тушгач, Жарқўрғон туман прокурори 20-сайлов округи 275-сайлов участкаси бўйича сайлов комиссияси раиси, унинг ўринбосари ва сайлов комиссияси аъзоларини чақириб, “Нега бир сайлов тўғрисида икки хил мазмунда баённома тузгансиз? Нима сабабдан бир-бирини инкор этувчи икки баённомага ҳам имзо чеккансиз?” дея сўроқ-саволга тутиши, суриштирув ишларини олиб бориши, бунингдек чалкашликларга, қонунсизликларга аниқлик киритиши, ғайриқонуний ишларга барҳам бериши керак эмасмиди?

Керак эди. Шарт эди.

Модомики, Жарқўрғон туман прокурори ўз ваколати доирасида иш олиб бормас экан, фуқародан келиб тушган ариза юзасидан дастлабки суриштирув ишларини ўтказишни лозим топмас экан, у ҳолда бизнинг ўзимиз журналист суриштируви ортидан масалага ойдинлик киритишга мажбурмиз.

Адолатни ойдинлаштириш йўлидаги худди ана шу мажбурият бизни 20-сайлов округи 275-сайлов участкаси бўйича сайлов комиссияси раиси Бўрон Ашуровнинг ҳузурига бошлади.

Бўрон ака Гулҳовуз қишлоқ врачлик пунктида шифокор бўлиб ишларкан. Шу сабаб уларни топиш, суҳбатлашиш у қадар мушкул бўлмади.

Сайлов комиссиясининг раиси Бўрон Ашуровнинг видеоинтервьюси қўйилади.

Биз участка сайлов комиссияси раиси Бўрон акадан берган саволларимизга олган жавобларимизни ҳукмингизга ҳавола қилдик, холос. Хулоса чиқариш эса, ўзингиздан.

Биз эса сайловдаги қонунсизликлар билан узвий боғлиқ бўлган, аниқроғи, сайловдаги сохталаштиршнинг оқибати келтириб чиқарган салбий асоратларга кенгроқ тўхталишни истардик.

Ўзбекистонда, одатда, бирор ким Президент Порталига ёзса борми, уни нафақат ўша туманнинг, ҳатто вилоятнинг катта-ю кичиги, мушуги-ю кучугига довур жуда яхши таниб оладилар. “Ана, ёзувчи келаяпти!” дея қўлларини бигиз қилиб кўрсатадилар. Сайловдаги ноқонуний ҳолатлар юзасидан ёз-чиз қилиб юрган Зокир ҳам, ва умуман унинг Маматқуловлар деб аталмиш оиласи вакиллари ҳам вилоятнинг ҳеч бир арбобига маъқул келмади. Барча амал эгалари бу оила аъзолари билан ҳисоб-китоб қилгилари келиб қолди чамаси.

Натижада майнинг 18 кунида, кеч соат тахминан 21.00 ларда Зокир ва Бобур Хуррамовларнинг “Дамас” русумли машинасини таниб қолган Жарқўрғон туман йўл-патрул хизмати бўлми бошлиғи Фахриддин Файзиев учта машинада 10 нафарга яқин “ГАИ” ходимлари билан Хуррамовларнинг машинасини қувиб бориб, етиб, рул бошқараётган Бобур Хуррамовни Маматқул аканинг сўзларига кўра, бехуш бўлгунга қадар калтаклаган. Оқибатда, жабирдийда Бобур Хуррамовнинг ўзига нисбатан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 40-модаси билан жиноят иши қўзғатилган ва Жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон туман суди томонидан Бобурга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баробарида жарима жазоси қўлланилган.

Бу ҳақда Маматқул ака Расулов телефон орқали бизга шундай ҳикоя қиладилар.

Маматқул аканинг аудиоинтервьюси сурати асосида видео қилинган интервьюси – телефон орқали ёзиб олинган интервьюси – Маматқул ака ўғлини ГАИ ходимлар қандай урганини гапириб берган.

Бизнинг босимлар кўлами бу қадар кенг эканлигига ишонгимиз келмайди.

Бироқ оила бекаси, Зокир Хуррамовнинг онаси, Гулҳовуз маҳалла раисининг диний-маърифий ишлар бўйича маслаҳатчиси вазифасида ишоловчи Бибизайнаб Расулованинг деярли пичирлаб, минг бир ҳадик билан қўрқиб-минг бир ҳавотир билан айтган гаплари ўйлантириб қўяди кишини.

Биз ҳикоямиз қахрамони Зокир Хуррамовдан интервью олишни истаган эдик. Бироқ ёш йигит икки қўлларини кўксига оҳиста босганича, “Тамом, менга ҳеч нарса керакмас, мен ҳаммасига нуқта қўйганман” деди маъюс кулимсираб.

Кейин билсак, Зокирнинг адолатни тиклашга бўлган уриниши ортидан Жарқўрғон туман электр тармоқлари идораси “штат қисқарди” – “сокрашения” баҳонаси билан Зокир Хуррамовни ишдан ҳайдаган. Оқибатда адолат излаган йигит ишсиз қолган.

Ўз уйида, ўз туғилиб ўсган қишлоғида, киндик қони тўкилган тупроғида маҳаллий амалдорлар зулмидан юрак ҳовучлаб, минг бир ваҳимада, қўрқув исканжасида, юракларида адолатни тиклай олмаганликларига оид осмон ўпар армонларни ортмоқлаб яшаётган Жарқўрғондаги Гулҳовуз қишлоғидаги Хуррамовлар оиласи аъзоларига жуда-жуда раҳмим келди…

Уларнинг бор-йўқ гуноҳи ўз президентларига ишонгани эди, Хуррамовларнинг бор йўқ гуноҳи адолат истаб президентлари ортидан эргашганлари эди…. Афсус… Ёшгина бир йигитни, олий маълумотли кадрни синдиришди….

Айни кунда ҳақиқат дея ҳайқирган Ўзбекистон кишиларини айни шунингдек шум тақдир кутаётганлиги кишини изтиробга солади…

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

Мустақил журналист, ҳуқуқбон, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти аъзоси.

12-август, 2017-йил.