Jun 212017
 

Ўғлининг қотилларини топишда кўмак сўраб Ўзбекистон президентининг порталига бир неча бор мурожаат қилган Каромат Қодировани ниҳоят виртуал қабулхона ходимлари 22 июнь куни соат 10.00 га қабулга чақиришди.

19 июнь куни Сурхондарёдан Тошкент томонга йўлга отланган Қодирова Сурхондарё вилоят ИИБ ходимлари Дарбанд постидан тутиб, ортига қайтаришди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг қабулига отланган фарзандининг қотилларини қидираётган она 19 июнь куни кеч тахминан соат 21.00 ларда тўппа-тўғри Жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон туман суди биносига келтирилди.

Табиийки, иш пайти тугаган, судья, эҳтимол, уйида тинчгина ҳордиқ оларди.

Шу боис то судьяни уйқусидан бедор қилиб келгунларига қадар соат миллари қарайб тунги 24 .00 ни кўрсатиб қолганди.

Шунга қарамасдан гарчи очиқ суд деб айтилган бўлса-да, Каромат Қодированинг қариндошларини маҳкама мажлисига киритишни лозим деб топмаган судья Садуллаев маҳкама ишини ярим тунда бошлаб юборди.

Ниҳоят судья Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 198-моддаси 1-қисми, 183- моддаси ва 195-моддалари билан айбланаётган Қодирова Каромат ҳамда, ЎзРес. МЖтКнинги 183-моддаси билан айбланаётган Айсаҳат Раҳматуллаеваларга оидь маъмурий ҳуқуқбузарлик ишини кўришни бошлаб юборди.

Ана энди ўқувчиларимизга янада тушунарлироқ бўлиши учун 33-ёшли ўғли ИИБ қўлида жон таслиқ қилган Каромат Қодировага қўйилган моддаларнинг қисқача тавсифи билан танишсак: Ўз.Рес. МЖтКнинг 183 –моддаси- бу – Майда безорилик.

Майда безорилик, яъни жамоат жойларда уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва асойишталигини бузувчи шу каби бошқа ҳатти-ҳаракталарда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик – энг кам иш ҳақининг уч баробаридан беш баробаригача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Кодекснинг 195-моддасида “ Милиция ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш.

Милиция ходимининг ўз вазифаларини бажаришга тааллуқли қонуний талабларини бажармасликка ҳар қандай кўринишда омма олдида даъват қилиш, худди шунингдек милиция ходимларига оммавий равишда бўйсунмасликни келтириб чиқариш мақсадида атайин сохта уйдирмаларни тарқатиш – энг кам иш ҳақининг уч баробаридан беш баробаригача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади” дейилган.

198-модда. Ҳокимият вакилининг қонуний талабини бажармаслик ёки хизмат вазифаларини бажаришга тўсқинлик қилиш. Фуқароларга энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан бир бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.

Бир сўз билан айтганда, қози ярим тунда уйқусини харом қилиб жамоат жойда тортишиб қолган, айтиш мумкни бўлса, “даҳанаки жанг” қилган иккита аёл кишининг ҳуқуқбузарлигини муҳокама қилган.

Қизиқ, Каромат Қодирова жиноятчимизи? Фарзанд доғида қолган она жиноятининг ижтимоий хавфлилик даражаси шу қадар юқоримидики, уни қозини ширин уйқусидан бедор қилиб, келтириб, ярим тунда ўғри мушуклардек маҳкама ўтказсалар? Терррористмиди бу икки аёл? “Ваҳобий”миди ё? Майда безорилик қилган ҳуқуқбузарни ярим тунда маҳкамага тортиш шунчалар шартмиди? Керакмиди? Керак бўлса кимга? Нимага?

Бир аёлнинг майда безорилиги ярим тунда ширин уйқудан кечиб суд қилишга арзийдими ўзи?

Каромат Қодированинг гуноҳи шунчалар оғир экан шекилли, тонг отишини, адвокат –ҳимоячи келишини ҳам кутиб ўтиришни лозим топишмади. Қодировага ҳатто судга чақирув қоғози ҳам юборилмаган.

Бироқ шундай бўлса-да ярим тунда судья Садуллаев Қодировага оид маъмурий ҳуқуқбузарлик ишини кўриб чиқиб, қарор қабул қилди.

Суд муҳокамасида судья 195-моддани 194- модданинг 1-қисмига қайта малакалашни лозим топдики,

ЎзРесМЖтКнинг 194- моддаси бу – “Милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик” ҳисобланади.

Милиция ходимининг ҳуқуқбузарликни тўхтатиш, ҳужжатларни текшириш учун тақдим этиш, милицияга бориш ёки кўрсатилган муддатда милицияда бўлишдан иборат қонуний талабларни бажармай милицияга келмаслик, … милиция ходимларининг қонуний талабларига бошқача тарзда бўйсунмаслик, худди шунингдек, жамоат тартибини сақлаш сақлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркниликларини таъминлаш вазифаларини амлага ошираётган бошқа шахсларнинг қонуний талабларини бажармаслик (илк маротаба бўлса) энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилгандан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, – энг кам иш ҳақининг икки баробаридан уч баробаригача миқдорида жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади” дейилади мазкур моддада.

Судда раислик қилувчи Б.Садуллаев Каромат Қодировага ЎзРесМЖтКнинг 198-моддаси, 1-қисмига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг 1(бир) баравари, яъни 149.775 (Бир юз қирқ тўққиз минг етти юз етмиш беш) сўм миқдорида жарима жазоси, МЖтКнинг 194-моддаси 1-қисмига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг 2 (икки) баравари, яъни 299.550(икки юз тўқсон тўққиз минг беш юз эллик) сўм мидорида жарима жазоси, МЖтКнинг 183-моддасига асосан 4 (тўрт) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлашни лозим деб топди.

Президент қабулига етиб кела олмаган она айни дамда Термиз шаҳар ИИБ ВСХ да сақланмоқда.

Каромат Қодированинг яқниларига кўра, ўз ўғлининг ИИБ биносида ўлдирилганлигига шубҳа қилаётган тадбиркор аёлнинг президент Шавкат Мирзиёев қабулига киришини олдини олиш мақсадида унинг 22 июнь куни соат 10.00 да тайинланган учрашувга боришига халал бериш мақсадида унга нисбатан жамоат жойида атай провокация уюштирилган.

Кўзатувларимизга кўра, майда безорилик билан боғлик ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбланаётган Каромат Қодировани суд чақирув қоғозисиз, ҳимоячи иштирокисиз, ярим тунда ўғринча маҳкамага тортишларининг ўзиёқ атрофдаги одамларда суднинг софлигига шубҳа уйғотади.

21-июнь, 2017-йил.

Малоҳат Эшонқулова

Мустақил журналист, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти аъзоси.

photo_2017-06-21_23-39-07

photo_2017-06-21_23-38-54