Jun 192017
 

Ўғлини ИИБ биносида уриб ўлдирилган деган шубҳада юрган Каромат Қодированинг Шавкат Мирзиёевнинг қабулидан умиди катта эди.

Ана шу умидда у Ўзбекистон Президентининг қабулини сўраб тинимсиз мурожаат қилди.

Бу мурожаатларнинг натижасида Қодировага омад кулиб боққандек бўлганди.

Ниҳоят Каромат Қодировани 22 июнь куни соат 10.00 га қабулга чақиришганди.

Аммо энди Каромат Қодирова истаган тақдирида ҳам Президент қабулига етиб кела олмайди.

Президент қабулига кириш истагида шу бугун, 19 июнь куни Сурхондарёдан Тошкент томон йўлга отланган Каромат Қодирова ярим йўлда Сурхондарё вилоят ИИБ ходими томонидан мажбурий тарзда ортига қайтарилди.

ИИБ кузатувидаги Қодирова тўппа-тўғри Жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон туман суди биносига киритилди. Ярим тунда суд биносидан ИИБнинг махсус машинасида тўғри Термиз шаҳри томон олиб кетилди.

Ҳозирча Каромат Қодирова ЎзРесЖКнинг қайси моддасига кўра айбланди, қайси жинояти учун судланди, суд онага қандай жазо тайинлади. Каромат Қодировани ярим тунда суд биносидан махсус машинада олиб чиққан ИИБ ходимлари аёлни қаерга олиб кетишди.?

Ҳозирча, ИИБ биносидан жасади чиққан 33 ёшли Муродилло Омоновнинг ўлими сабабларига аниқлик киритиш истагида Президент Шавкат Мирзиёевдан кўмак сўраб, қабул истаётган онанинг – Каромат Қодированинг тақдири номаълум қолмоқда.

19-июнь, 2017-йил.

Малоҳат Эшонқулова

Мустақил журналист, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти аъзоси.