May 062017
 

2009-йилнинг 6-майида Франциянинг Анжерс (Angers) шаҳрида Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг (ЎИҲЖ) 5-қурултойи (чет элдаги биринчи қурултойи) бўлиб ўтган эди.[1] Қурултойда мен президент бўлиб сайланганимдан кейин қурултой иштирокчиларига ўзбек мухолифатида, Ўзбекистон хокимиятида маълум муддатда раҳбарлар алмашиши йўлга қўйилмаганлигини айтдим. Қурултойдаги тажрибали француз ҳуқуқбонларидан шу масалада ўз фикрларини айтишини сўрадим.

Франциядаги ҳуқуқ ташкилотининг раҳбари (ёши 70 ларга бориб қолган) ҳар 2 йилда қурултойда президент қайта сайланиши, энг кўпи билан тўрт марта, саккиз йил бўлиши керак деб таклиф киритди. Бу таклиф қурултой қатнашчилари томонидан тўла қўллаб қувватланди. Мен ҳам мурожаатим ижобий ҳал бўлганидан жуда хурсанд бўлдим.

Лекин у пайтда бу демократик ютуқ ташкилотнинг иккига бўлинишига ва менинг Миллий Хавфсизлик Хизмати агенти дейилишимга, туҳматда айбланишимга олиб келишини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим.[2].

Мен раҳбарларнинг маълум муддатда алмашиб туришини ижобийлигини икки сабаб билан асослайман:

Биринчидан: ташкилотга янги раҳбар сайланиши билан янги раҳбар ташкилотни янгича бошқара бошлайди, янги ғояларни ҳаётга тадбиқ қила бошлайди. Янги ғояларни ҳаётга тадбиқ қилиш давомида ижобий натижаларга эришилади ёки эришилмайди. Ғоя амалга ошса жамият томонидан қониқиш пайдо бўлади, агар амалга ошмаса жамият томонидан қизиқиш сусаяди. Ғоя ижобий амалга ошса ёки ошмаса ҳам кейинчалик жамиятда янги ғояга, янги раҳбарга эҳтиёж пайдо бўлади.

Иккинчидан: раҳбарлик фаолияти давомида ташкилот аъзолари билан, бошқа ташкилот раҳбарлари билан анча-мунча аччиқ-тирсиқ гаплар, келишмовчиликлар, жанжаллар бўлиб ўтади. Бунинг натижасида бу раҳбардан чарчаш пайдо бўлади. Янги раҳбар келиши билан чарчаш йўқолади, янги умидлар пайдо бўлади, жамиятда жонланиш кузатилади.

Қурултойдан кейин ЎИҲЖининг президенти сифатида Озодлик мухбири Меҳрибон Бекиевага интервью бердим[3]. Интервьюда ўзбек мухолифатида демократия йўқлиги, Абдураҳим Пўлатов Бирлик Халқ Ҳаракатини 20 йилдан бери, Муҳаммад Солиҳ эса Эрк Демократик Партиясини 19 йилдан бери бошқариб келаётганлигини, лекин бу раҳбарлар ўрнини ёшларга бериш тўғрисида ўйламаётганлари ҳақида ва ҳаттоки, коммунистик Хитойда ҳам сиёсий бюро аъзолари ҳар 10 йилда алмашишини айтган эдим.

Кейин ярим йиллар давомида Янги Дунё веб-сайтининг муҳаррири Юсуф Расул билан Ўзбекистон хокимиятида, ўзбек мухолифатида раҳбарлар алмашиши, демократия ҳақида кўп суҳбатлар уюштирган эдик [4,5,6,7]. Ўша пайтда бу суҳбатлар жамоатчиликда катта қизиқииш уйғотди, лекин мухолифат етакчилари Абдураҳим Пўлатов ва Муҳаммад Солиҳ томонидан танқидга очиқ муносабат билдирилмади ва ҳозиргача ҳам очиқ муносабат билдирилгани йўқ.

Очиқ муносабат билдирилмаса ҳам, туҳмат ва фитналар тарзида душманона муносабат билдирилди. Бу душманона муносабатлар тўғрисида жуда қисқа ёзаман, батафсил маълумот олишни хоҳлаганлар фойдаланилган адабиётларга мурожаат қилишлари мумкин[2]. Эрк Демократик Партиясининг веб-сайтида Самандар Самарқандийнинг мени ўзбек мухолифатини обрўсизлантириш учун МХХининг агенти сифатида ўзбек мухолифатига киритилган деган 2 мақола чоп этилди[8,9]. Бирлик Халқ Ҳаракати раиси Абдураҳим Пўлатов томонидан “Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти қурултойи” ўтказилиб, ЎИҲЖнинг Қашқадарё бўйича янги “раис”и сайланди[10].

Энг катта фитна, можаро Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг (ЎХҲ) 2011-йилдаги таъсис қурултойида рўй берди. Қурултойда Ҳазратқул Худойберди мендан ваколат олмасдан, мени хабардор қилмасдан ЎИҲЖи ЎХҲига муассис сифатида қўшилишини айтди. Мен бу ҳақда Озодлик, BBC, Америка овози радиоларини эшитиб билганимдан кейин ЎИҲЖи президенти сифатида ЎИҲЖга нисбатан Ҳазратқул Худойберди, Толиб Ёқубов, ЎХҲи томонидан ташкилотимизга нисбатан фитна уюштирилганлиги тўғрисида ЎИҲЖ аъзолари томонидан баёнот берилди. Бу фитна бўйича баёнотдан кейин Толиб Ёқубов ва Абдулла Абдураззоқ томонидан мени МХХиниг агенти деган айблов билан туҳмат мақолалар чоп қилинди. Бу фитна ва можаролар оқибатида ЎИҲЖи иккига бўлиниб кетди.

Шу ерда мен бир фикрни айтиб ўтишни муҳим деб ҳисоблайман. Ўзбекистон учун битта Халқ Ҳаракати етарли, бу халқ ҳаракатида раҳбар 5 ёки 10 йилда алмашиши керак. Лекин Ўзбекистонда 3 та халқ ҳаракати тузилди. Бирлик Халқ Ҳаракати Абдураҳим Пўлатов ва Муҳаммад Солиҳнинг ўзаро амал талашиши билан иккига бўлиниб кетди. Бу иккига бўлиниш 1989-йилнинг 28-майида Абдураҳим Пўлатовнинг раис бўлиб сайлангандан кейин 2-3 ой ўтмасдан Муҳаммад Солиҳ томонидан янги раис сайлаш керак деган фитнаси билан амалга ошган эди.

2004-йилда иккинчи халқ ҳаракати Бирдамлик Халқ Ҳаракати тузилди. Баҳодир Чориев 2014 йилда Бирдамлик Халқ Ҳаракатинининг қурултойини АҚШнинг Сент Луис шаҳрида (Saint Louis) ўтказиб, яна БХҲнинг раиси этиб сайланди.[11]. Негадир Муҳаммад Солиҳ 2011-йилда ЎХҲини тузди. Бу ҳаракат низомига кўра раис ҳар йилда алмашиши керак эди, лекин ҳанузгача бу ҳаракатнинг раиси, яъни 6 йилдан бери Муҳаммад Солиҳдир.

Бирлик Халқ Ҳаракати узурпатор Абдураҳим Пўлатов томонидан 28 йилдан бери, Эрк Демократик Партияси Мухаммад Солиҳ томонидан 27 йилдан бери, ЎХҲи узурпатор, жиҳодчи Муҳаммад Солиҳ томонидан 6 йилдан бери бошқарилмоқда[12,13, 14, 15].

ЎИҲЖининг қурултойи 3 марта: 2009, 2011,2013-йилларда бўлиб ўтди. 2015-йилда молиявий сабаблар туфайли қурултой бўлиб ўтмади. ЎИҲЖи 1992-йилнинг 2-февралида ташкил қилинганидан бери Ислом Каримов режими томонидан 2 аъзоси ўлдирилди (Шовриқ Рўзимуродов, Саидмурод Қўчқоров), 31 аъзоси сохта айблар билан қамалди, 3 аъзоси зўравонларча руҳий шифохонага ётқизилди, 19 аъзоси таъқиб ва тайзиқлар туфайли

Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлди. Ҳозирги кунда ЎИҲЖининг 7 аъзоси қамоқда: Аъзам Фармонов, Ғайбулло Жалилов, Чўян Маматқулов, Меҳринисо Ҳамдамова, Зулхумор Ҳамдамова, Зафар Раҳимов, Йўлдош Расулов.[16]

Ҳозирги кунда ташкилотимизда асосий муаммо менга қараганда анча ёш, тажрибали раҳбар топиш. Ўзбекистондаги рўйхатга олинмаган инсон ҳуқуқи ташкилотлари, мухолифат ҳаракат ва партиялар катта талафотлар туфайли, тажрибали ҳуқуқбонлар, мухолифатчилар вафот этиши ёки ёши ўтиши билан фаолиятини тўхтатиши туфайли кучсизланиб, сафлари камайиб қолди. Ёшларнинг инсон ҳуқуқи ташкилотлари ва мухолифат сафларига жуда оз сонда келиб қўшилганлиги аҳволни бироз яхшилади, бироқ янада оғирлашишни тўхтата олмади.

Билдиришноманинг сўнггида мен ЎИҲЖининг аъзолари: Гулшан Қораева, Нодир Ахатов, Носир Зокир, Зоҳиджон Закиров, Башорат Эшова, Гулбаҳор Тўраева, Саломатой Бойматова,Юсуф Расул, Ҳайитбой Қўзиев, Саида Қурбонова, Маъмир Азимовларга жамият фаолиятига қўшган мардонавор, сермашаққат, самарали ҳиссалари учун ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг бугундан бошлаб собиқ президенти.

6-май, 2017-йил

Дублин шаҳри, Ирландия.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. ЎИҲЖ Францияда ўз Қурултойини ўтказди. 08.05.2009. (http://himoyachi.at.ua/news/2009-05-08-62).

2. Ўзбек мухолифати етакчилари Абдужалил Бойматовнинг танқидига қандай жавоб беришди!?. 21.08.2011.(http://uz.hrsu.org/archives/2403#more-2403).

3. Ҳуқуқ ҳимоячилари янги раҳбар сайлади.10.05.2009.(http://www.ozodlik.org/content/article/1625211.html).

4. Ўзбекистон жамияти учун мухолифат сув ва ҳаводек зарур. 02.07.2009. (http://himoyachi.at.ua/news/2009-07-02-209).

5. Мухолифат фаоллари нималарга эътибор беришмади? 07.08.2009. (http://himoyachi.at.ua/news/2009-08-07-334).

6. “Истеъфо”га муносабат. 31.08.2009. (http://himoyachi.at.ua/news/2009-08-31-382).

7. Ўзбек жамиятининг олтин даври

Ёхуд ҳукумат нега “Бирдамлик” Қурултойига йўл қўймади? 30.11.2009.(http://himoyachi.at.ua/news/2009-11-30-642).

8. Янги прeзидeнтнинг “ғoялaри“.25.10.2009.(http://uz.hrsu.org/archives/2362#more-2362).

9. РЕЖИМ МАЛАЙЛАРИ (2).03.03.2010.

(http://uzbekistanerk.com/uzb/?p=423)

10. Қашқадарёдаги сохта Конференция ҳақида. 12.01.2009.(http://yangidunyo.com/?p=9388#comments).

11. Баҳодир Чориев демократми?! 04.05.2014. (http://uz.hrsu.org/archives/6770).

12. Мухолифат етакчилари Мухаммад Солиҳ ва Абдураҳим Пўлатов ёшларга йўл беришсин. 29.04.2012. (http://uz.hrsu.org/archives/3498).

13. Абдужалил Бойматов: Ўзбек мухолифатининг етакчиларига. Очиқ хат. 22.10.2012. (http://uz.hrsu.org/archives/4454#more-4454).

14. Абдужалил Бойматов: Ўзбек мухолифатининг етакчиларига. 2-ОЧИК ХАТ. 29.10.2012. (http://uz.hrsu.org/archives/4506).

15. Абдужалил Бойматов: Ўзбек мухолифатининг етакчиларига. 3-ОЧИҚ ХАТ. 04.11.2012. (http://uz.hrsu.org/archives/4535).

16. Абдужалил Бойматов: ЎИҲЖ, Орол денгизи, мажбурий меҳнат, болалар меҳнати, қийноқлар, Андижон қирғини, коррупция. (http://uz.hrsu.org/archives/7645#more-7645), (https://www.youtube.com/watch?v=Ao_tu10__o8).