Jun 022016
 

“Альянс” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти етакчиси Елена
Урлаева сал кам уч ойлик тутқинликдан сўнг 1 июнь куни соат 19.00 ларда
кутилмаганда шошилинч равишда озодликка чиқарилди.

Бугун, 2 июнь куни Елена Михайловна билан учрашиш учун Тошкентдаги
Феруза массивига йўл олдим.

Урлаевага нигоҳим тушиши билан уларнинг аянчли аҳволини кўриб кўзимга
ёш айланди.

Урлаева хиёл букилган ҳолда оёғини зўрға судраб босар, оғир
ҳаракатланарди. Юз-кўзлари шишиб кетган. Бўйни қотиб қолган, чамаси Ўнг
ёхуд чапга ўгрилганида бутун гавдаси билан қайрилиб қарарди. Шу
аҳволда Урлаева менга робот ҳаракатини эслатарди.

Мени кўриши билан Урлаеванинг юзига табассум ёйилди. Қувониб кўришишдик.

Тошкент шаҳридаги 1- сонли руҳий касалликлар шифохонасида таниқли
ҳуқуқ фаолига ноинсоний муносабатда бўлишган, ҳақоратлашган, ҳатто
калтаклашган.

Бу ҳақда инсон ҳақлари бўйича қатор Халқаро мукофотлар совриндори
Елена Урлаева шундай ҳикоя қилади:

– Руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилишимнинг дастлабки кунларидан
менга ниҳоятда қўпол, ноинсоний муносабатда бўлишди. Хўрлашди,
таҳқирлашди. “Сен хоинсан!”, “Сен айғоқчисан!” дея ҳақоратлашди,
камситишди.

Руҳий касалликлар шифохонаси маъмурияти, шифокорлар руҳий
касаллар қўли билан мени калтаклашарди. Ҳатто санитаркалар ҳам менга
қўл кўтаришди. Шифокорларнинг ўзлари ўзга руҳий касалларнинг менга
ҳужум қилишини, калтаклашини уюштиришарди. Ўзга беморларнинг менга қўл
кўтаришларига изин беришарди, кўриб кўрмасликка олишарди.

Аъзойи баданим кўкариб, маматалоқ бўлиб, юзларим, бўйин соҳам тирналиб кетган кезларида мен шифохона маъмуриятига “Мени суд тиббий экспертизасидан ўтказишларингизни талаб қиламан. Мени калтаклаб жароҳатлашган” дея бир неча бор талаб қилишимга қарамасдан, ҳеч бир натижа бўлмади.

Энг даҳшатлиси, улар менга узлуксиз равишда кучли психатроп дорилар
ичиришди, уколлар қилишди, – дейди суҳбат чоғида “Альянс” етакчиси, –
Мен 1-сонли руҳий касалликлар шифохонасидаги бунингдек бедодликлар
хусусида юқори ташкилотларга шикоят қилишга мажбурман.


Мамлакатимиздаги АҚШ, Германия элчихоналари аралашуви билан менга
нисбатан қўлланилаётган хўрлашлар бироз бўлса-да барҳам топди.
Элчихона вакилларининг шифохонага ташрифи, айтиш мумкинки, менинг
жонимга аро кирди.

Елена Урлаевага кўра ҳуқуқ фаолини  шифохона маъмурияти  Шанхай
бешлиги саммитининг кутилаётган йиғинидан кейингина озод қилиш
режасида бўлишган. Бироқ, бу режани мамлакатимизда фаолият юритаётган
демократик мамлакат элчихона ходимлари ва дипломатик корпус
вакилларининг ташрифи йўққа чиқарган.


– Мен АҚШ ва Германия элчихонаси вакилларидан беҳат миннаддорман, –
дейди Урлаева.

«Альянс» етакчиси билан суҳбатда бўлган киши Елена Урлаева руҳий
касалликлар шифохонасининг кучли психотроп моддаларининг таъсир
кучидан ҳали ҳамон қутила олмайётганлигини, карахт ҳолатда эканлигини
сезиши қийин эмас.

Урлаева ниҳоятда хотиржам, бироқ тўхтаб, тўхтаб, секинлик билан (с
задержкой) билан гапирарди.

Гарчи «Альянс» етакчиси  «Ғўза чопиғи бошланиб кетгандир? Мажбурий
меҳнат ҳамон давом этмоқдами? Мониторингни бошлашимиз керак”- дея инсон
ҳуқуқларининг ҳимоясига оид ўз фаолиятини давом эттиришга рағбат
кўрсатган бўлишига қарамасдан, Урлаеванинг парваришга, ҳордиқ
чиқаришга муҳтож эканлиги унинг ташқи қиёфасидан шундоққина кўриниб
турарди.

Урлаевани режимнинг “руҳий касалликлар шифохонаси” отлиғ қамоғи ҳам
руҳан, ҳам жисмонан синдириб, чил-чил қилиб ташлаганки, энди сочилиб
кетган руҳни йиғиштириб, тўплаб олиш учун вақт – хафталар, балки ойлар
керак бўлади.

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
Мустақил журналист

IMG_7392

 

IMG_7395