May 312016
 

Пресс-релиз №11, 31.05.2016 йил

АЪЗАМ ФАРМОНОВНИНГ БОШИГА МУСИБАТ ТУШДИ!


31 май куни Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилояти бўлими раиси, Жаслиқ лагерида 10 йилдан бери жазо муддатини ўтаётган Аъзам Фармоновнинг онаси Раъно ая 70 ёшида вафот этди. Хонадон яқинларига кўра, Раъно ая эртага, 1 июнда тупроққа берилади. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти шу муносабат билан хонадон яқинларига таъзия изҳор қилади.


Шунингдек, “Эзгулик” Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси маъмуриятига мурожаат қилиб, жазо муддатини ўтаётган Аъзам Фармоновга онасининг маъракаларини ўтказиш, жанозасида иштирок этиш имкониятини яратиб беришни сўраб, мурожаат қилди. Миллий қонунчилигимизнинг инсонпарварлик ва гуманизм тамойилларига асосланиб, Аъзамжоннинг онаси қабрига тупроқ тортишига рухсат беришни сўради. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Ижроия Кодексининг 252-моддаси талабларига кўра, жамиятимиз Аъзам Фармоновнинг қамоқдан ташқаридаги вақтда муносиб хулқ-атворда бўлишига кафолат берди.


Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилояти бўлими раиси бўлган Аъзам Фармонов 2006 йилнинг 29 апрелида ҳибсга олинган. Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти Янгиер тумани судининг 16.06.2006 йилдаги ҳукми билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси (Товламачилик) билан 9 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Жазо муддатини ўтаган Фармоновга 2015 йилнинг 1 майида Қўнғирот тумани суди яна 5 йилу 26 кун муддат қўшиб берди.

 

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти