Apr 262016
 

Тошкент шаҳар Учтепа туман суд ижрочилари ўпқон экан.

Гапимга суд ижрочиси Сирож Абдувалиев томонидан 2016 йилнинг 20 апрел куни тузилган ушбу далолатнома далил:

(2016 йилнинг 20 апрел кунги далолатнома нусхаси илова қилинади)

Кўриб турганингиздек, Учтепа туман суд ижрочиси Сирож Абдувалиев 2016 йилнинг 20 апрель куни мобил телефонимни хатлаш ва олиб қўйиш ҳақида тузган далолатномасида “… қарздор Эшонқулова Малоҳат Худжамовнадан давлат фойдасига жами 13.986. 950 сўм ундириш ҳақидаги ижро хатига асосан…” дея таъкидламоқда.

Нега энди менинг қарздорлигим шу кеча-ю кундузда ҳамон 13.986.950 сўм бўларкан?

Бундай бўлиши мумкин эмас.

Келинг, масалага ойдинлик киритиш учун фактларга мурожаат қилайлик:

2011 йилнинг 27 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой туман суди мени ЎзРесМЖтКнинг 201-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топиб, энг кам иш ҳақининг олтмиш баравари миқдорида 2.984.100 (икки миллион тўққиз юз саксон тўрт минг бир юз) сўм миқдорида мутлақо ноқонуний жарима жазоси тайинлаган, шунингдек, 2012 йилнинг 12 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман суди менга ЎзРесМЖтКнинг 201-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топиб, энг кам иш ҳақининг саксон баравари миқдорида 5.033.600 (беш миллион ўттиз уч минг олти юз) сўм миқдорида тамомила асоссиз тарзда жарима жазоси қўллаган, ҳамда 2013 йилнинг 6 июль куни Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар суди эса менга ЎзРесМЖтКнинг 201-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топиб, энг кам иш ҳақининг етмиш беш баравари 5.969.2500 (беш миллион тўққиз юз олтмиш тўққиз минг икки юз эллик) сўм миқдорида ғайриқонуний равишда жарима жазоси тайинланган эди. Демак, менга жами бўлиб судлар томонидан 13.986 950 сўм миқдорида ноқонуний жарима қўлланилган.

Тўғри, мен то шу кунга қадар судлар томомонидан ноқонуний тарзда қўлланилган жарималарни ўз ихтиёрим билан сариқ чақасини ҳам тўлаган эмасман.

Бироқ, мавжуд қарздорлигимни мажбурий тарзда ундириш мақсадида Учтепа туман суд ижрочилари бўлими катта суд ижрочиси Ю.А. Бахромов, ижрочилар С. М. Юнусов, Р. Т. Худойназаров, Солиҳовлар томонидан 2012 йилнинг 6 ноябрь куни Тошкент шиҳар, Учтепа туманидаги мен истиқомат қилаётган хонадондан мол-мулклар мусодара қилиб кетилган эди.

2012 йилнинг 6 мартида мол-мулкни мусодара қилиш тўғрисида тузилган далолатнома юқорида номлари келтирилган суд ижрочиларининг, шунингдек, қўшниларимиз – холислар Медведев, Мартьяноваларнинг имзоси билан тасдиқланган ва бир нусхаси менга тақдим этилган эди.

(2012 йилнинг 6 ноябрь куни тузилган мол-мулкни хатлаш ва олиб чиқиб кетиш тўғрисидаги суд ижрочилар томонидан тузилган далолатнома нусхасининг иккала саҳифаси илова қилинади)

Далолатномадан маълумки, 2012 йил 6 ноябрь кунги мен яшаётган хонадондан суд жарималарини мажбурий тарзда ундириш мақсадида 20 турга яқин мол-мулклар мусодара қилиш учан Учтепа туман суд ижрочилари томонидан олиб чиқиб кетилган. Мен мусодара қилиб кетилган мол-мулклар жами қанча нархга баҳоланганлиги тўғрисида маълумотнома беришларини сўраб Учтепа туман суд ижрочилар бўлими бошлиғига ҳузурига кўп қатнадим. Афсуски, улар менга нархлаш далолатномасини тақдим этишмади. Суд ижрочиси Рустам Худойназаров “Нархланди дегани, бу ҳали ўша нархда сотилиб кетди дегани эмас. Мол-мулкларингиз сотувга қўйилган, қачон сотилса, кейин сизга қанча нархга сотилганлиги хусусида маълумотнома берилади” деган мазмунда жавоб қайтарганди. Охирги маротаба “Мол-мулкларим қанчага сотилганлиги хусусида маълумотнома беришларингизни сўрайман” деб борганимда, суд ижрочиси Рустам ака “Мана, сизнинг мол-мулкларингизни икки миллион саккиз юз минг сўмга сотилганлиги ҳақдаги маълумотнома тайёр. Фақат суд ижрочилар бўлими бошлиғи имзо ва муҳр билан тасдиқлаши керак, кейинроқ келинг” дея оғзаки жавоб берганди. Аммо мол-мулкларим қанчага сотилганлиги тўғрисидаги маълумотномани қанчалар кўп қатнамай, Учтепа туман суд ижрочилар бўлими ходимларидан ололмагандим.

2013 йилнинг 5 декбарь куни Учтепа туман ИИБ терроризимга қарши кураш бўлими ходимлари мени Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан Олой бозори олд майдонига намойишга чиққан маҳалимда “Жамоат тартибини бузганлик” айблови билан тутиб, мажбурий тарзда Учтепа туман ИИБ биносига олиб кетишганди. 5 декабрь куни тунги соат 22.00 ларда ИИБнинг терроризимга қарши кураш бўлими хонасига Учтепа туман суд ижрочиси Р. Т. Худойназаров ва яна бир суд ижрочиси икки холис ҳамроҳлигида кириб келиб, менинг қўлимдаги битта профессионал видеокамерини (АҚШдан келтирилган, бозордаги нархи 1000 АҚШ доллари) ва битта қўл телефони (Нокиа русумли, эскилиги сабаб базордаги нархи нари борса 40 минг сўм турарди)ни холислар ва Учтепа туман ИИБ терроризимга қарши кураш бўлимининг уч нафар ходимлари гувоҳлигида мусодара қилишган ва “Далолатномани эртага Учтепа туман ижрочилар бўлимидан оласиз” деб чиқиб кетишган эди.

Битта видеокамера ва битта мобил телефон аппаратимни нархлаш далолатномаси ҳам қўлимга берилмаган.

Учтепа туман суд ижрочиларининг ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликлари боисидан то ҳанузга қадар мен истиқомат қилаётган хонадондан ва ИИБ биносида мендан мусодара қилинган мол-мулкларнинг қанчага сотилганлиги ҳақидаги маълумотлар негадир ҳамон мендан сир сақланмоқда.

Бироқ, шу нарса ҳақиқатки, Учтепа туман суд ижрочилари томонидан мол-мулклар олиб чиқиб кетилган ва илк мусодара қилинган жиҳозлар 2 миллион 800 минг сўмга сотилган. Кейинги мусодара қилинган профессионал камерам ва телефон аппаратим қанчага баҳоланганлигидан бехабарман.

Модомики, менга судлар томонидан ноқонуний солинган жарималарни мажбурий тарзда ундириш мақсадида Учтепа туман суд ижрочилари томонидан 2012 йилнинг 6 ноябрида мусодара қилган мол-мулклар икки миллион саккиз юз минг сўмга, 2013 йилнинг 5 декабрида мусодара қилинган видеокамера ва телефон аппарати (Худо билади сотишганми, ёки туман суд ижрочилар бўлими бошлиғи эркатой ўғилчасига тортиқ қилганми) менга номаълум бўлган қанчадир нархга сотилган экан, қандай қилиб 2016 йилнинг 20 апрелига келиб судлар томонидан менга ноқонуний тарзда солинган жарималар миқдори ҳамон 13.986.950 сўмни ташкил этиши мумкин?

Демак, бундан келиб чиқадики, Учтепа туман суд ижрочилари жарималарни мажбурий тарзда ундириш мақсадида мусодара қилинган мол-мулкларни сотишдан тушган маблағларни талон-тарож қилишган, жиғилдонларига уришган.

Энди мушоҳада қилиб кўрсам, айни дамда жарималардан қанча қарзим қолганлиги ва қайси ҳисоб рақамига тўлашим лозимлиги хусусида оғзаки ва ёзма мурожаат қилган бўлишимга қарамасдан Учтепа туман суд ижрочилари 20 кун давомида нима учун бир парча маълумотнома беришни намунча пайсалга солишмоқда десам, қинғир ишларининг қийиғи чиқиб қолишидан ҳадикда экан-да.

Учтепа туман суд ижрочилар бўлими раҳбари бошлиқ масъул шахслар қарздорнинг жарималарини мажбурий тарзда ундириш мақсадида мусодара қилинган мол-мулкларни сотишдан тушган маблағларни туя қилишдан чўчишмаганмикин?

Йўқ, чўчишмаган.

Эшонқулова Малоҳат Худжамовнани “Кўкармайдиган жойига теп!” дея шахсан Ўзбекистон Республикаси Миллий Хавфсизлик хизмати ходимларининг ўзи Учтепа туман суд ижрочиларига “приказ” берганидан кейин, менингдек “Халқ душмани”дан мажбурий тарзда ундирилган мол-мулкларни жиғилдонларига уриб юборишдан суд ижрочилари ҳадиксираб ўтирармиди? Албатта йўқ. Ҳукумат тепасидаги казо-казоларнинг ўзи “против”бўлиб турган бир маҳалда Эшонқулованинг ва ё унинг қизи, куёвининг паймол бўлган ҳақ-ҳуқуқларинини қай бир давлат амалдори ҳимоя қиларди?

2016 йилнинг 20 апрел кунги далолатнома нусхаси илова қилинади