Mar 152016
 

Оммавий норозиликлар.

2016-йилнинг 15-мартигача ўзбекларнинг 6 та оммавий норозилик чиқишлари бўлиб ўтди. Уларнинг 5 таси Ўзбекистонда, 1 таси Россияда бўлиб ўтди.

1- норозилик чиқиши Ғазалкент шаҳрида бўлиб ўтди.

Иқтибос: Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Ғазалкент шаҳрининг йигирма кун давомида газсиз ўтирган аҳолиси янги йил арафасида норозилик билдириб, бир ҳафта давомида деярли ҳар куни шаҳар ҳокимлиги ва туман газ таъминоти идорасига боришди. Байрам кунлари тўполон чиқишидан қўрққан мутасаддилар газ таъминотини яхшилашга қарор қилишган.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган ғазалкентликка кўра, йигирма кун давомида газсиз ўтирган аҳоли газ таъминоти яхшиланишини қатъий талаб қилгачгина, уларнинг талаби инобатга олинган:

Декабрь бошида қор ёққач, газ босими жуда пасайиб кетди. Шаҳарнинг айрим жойлари, масалан, Дилбар мавзеси томонларда газ умуман ўчиб қолди. Бошқа жойларда бир кун газ бўлса, бир кун бўлмади. Жонига теккач одамлар йиғилиб, ҳокимликка ва газ идорасига қатнай бошлади. Горгазга жалоба қилиб боришди. Ҳокимиятга жалоба қилиб боришди. Ёши катта қариялар ҳар куни қатнашди. Шундан кейин газни ёқиб беришди”, деди исмини очиқламасликни сўраган ғазалкентлик манба.

Бошқа бир ғазалкентликка кўра, ҳар куни тахминан 100 нафар шаҳарлик йиғилиб, ҳокимлик ва газ идорасига бориб, газ таъминоти яхшиланишини талаб қилган. Иқтибос тугади [1].

2- норозилик чиқиши Сўхда бўлиб ўтди.

Иқтибос: Ўзбекистоннинг Қирғизистон ичкарисида жойлашган Сўх эксклавида ҳайдовчилар 25 ва 26 январь кунлари иш ташлагани ҳақидаги маълумотни Озодликнинг Сўх туманидаги давлат идораларидан бирида ишловчи манбаси тасдиқлади. Унинг айтишича, ҳайдовчиларнинг иш ташлашига Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари, чегарачилари ва божхоначиларининг ҳаддан ошган таъмагирлиги сабаб бўлган. Ҳайдовчилар туман ҳокимлигидан бу муаммони ҳал қилиб беришни сўраган.

– Ҳайдовчилардан 500-600 киши тўпланиб, Сўх туман ҳокимлигига чиқишди. Улар: ”Бизни бу таъмагирликлардан ким қутқаради, бирон чора кўрмайсизларми”” деб талаб қилишди, – деди манба.

Унинг айтишича, 26 январь куни Сўх туман ҳокими қўшни Қирғизистоннинг Қадамжой тумани ҳокими билан учрашган ва 27 январь куни бу муаммо ҳал этилган. Иқтибос тугади [2].

3- норозилик чиқиши Улуғнор туманида 31-январь куни бўлиб ўтди.

Иқтибос: Андижон вилояти Улуғнор туманининг Учкўприк қишлоғида истиқомат қилган 17 яшар Тоҳирни “Андижонбалиқ” жамиятининг қоровуллари якшанбага ўтар кечаси уриб ўлдириб қўйган. Жамият мулозимлари бола балиқ ўғирлашга келган пайти ўзи сувга чўкиб ўлганини иддао қилмоқда. Якшанба куни Учкўприк қишлоғининг юзга яқин аҳолиси боланинг қотиллари жазоланишини талаб қилиб чиқишди.

Улуғнор туманининг Учкўприк қишлоғида истиқомат қилган 17 яшар Тоҳир исмли бола 30 январь куни кечаси шу қишлоқ ҳудудида жойлашган “Андижонбалиқ” ҳиссадорлик жамиятига қарашли сунъий ҳовузлардан бирида калтаклаб ўлдирилди.

Воқеа якшанбага ўтар кечаси содир бўлган Бу бола бизнинг қишлоқдан. Кечаси ҳовузга балиқ ўғирлагани борган. Қоровуллар тутиб олиб, уриб ўлдириб қўйишган. Битта балиқ учун ҳам одамни ўлдириш мумкинми? Лекин, энди бу боланинг оёғини томири сувда тортиб, сувга чўкиб ўлган деб айтишяпти”, деди манба.

Бола ўлганнинг эртаси куни ҳамма бундан жуда дарғазаб бўлди. Юзга яқин одам, аксарияти аёллар, болани ўлдириб қўйган қоровулларни жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилишди. Ҳокимиятдан вакиллар келди, ҳамма ёқни милиция босди. Ҳоким ўринбосари бу иш албатта ўрганилишини, ҳақиқат қарор топтирилишини айтганидан сўнг, кечга бориб одамлар тарқалди”, деди манба. Иқтибос тугади [3].

4-норозилик чиқиши Хўжайли шаҳрида бўлиб ўтди.

Иқтибос: Қорақалпоғистоннинг Хўжайли шаҳридаги 3-сонли махсус интернатнинг бир кунда ишдан ҳайдалган 21 нафар ўқитувчиси 15 февраль куни норозилик билдириб Қорақалпоғистон Халқ таълими вазирлигига боришди. Вазир Кадирбай Бектурдиев норозилар билан шахсан учрашиб, уларнинг барчасини қайта ишга тиклашга ваъда берган. Иқтибос тугади [4].

5-норозилик чиқиши Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида бўлиб ўтди.

Иқтибос: Тошкент шаҳри Чилонзор туманининг олтинчи мавзесида истиқомат қиладиган аҳоли кўп қаватли уйлар ўртасидаги чинорзор кесилаётганига қарши норозилик билдирмоқда. Тошкент шаҳар ҳокимиятининг рухсати билан бу ердаги ўнлаб олтмиш йиллик чинорлар кесила бошланди. Автомобиллар турар жойи ва иккита кўп қаватли уй қурилиши режаланган бу жой, шаҳарликлар фикрича, энг гўзал чинорзор, дам оладиган маскан ва болаларнинг ўйин майдончаси бўлган.

Тошкент шаҳри Чилонзор туманининг олтинчи мавзесида аҳолининг чинорлар кесилишига қарши норозилиги икки кундан буён давом этмоқда.

– Кеча мана шу уйларда яшовчи уйлардан элликдан ортиқ қаттиқ норозилик билдирди. Одамлар йўлни тўсди, КамАЗ ҳайдовчиси эса босиб келаверди. Қий-чув, тўполон бўлди. Ишчилар аҳолининг норозилигига қарамасдан қурилиш бўладиган жойнинг атрофини ўраб олди. Лекин тепадан кесилаётган чинорларни кўриб, юрагимиз эзилиб кетяпти. Ўтган асрнинг 60 йилларида ота-оналаримиз бу ерни боғ, чинорзор қилган эди. Бу чинорзор аҳоли учун кислород, дам олиш жойи, жазирама иссиқдан ҳимоя, болалар учун ўйин жойи эди. Шафқатсизлар ҳеч кимнинг фикрини инобатга олмаяпти, деди Лариса. Иқтибос тугади [5,6].

6-норозилик чиқиши Россиянинг Нижний Новгород шаҳрида бўлиб ўтди.

Иқтибос: Россиянинг Нижний Новгород шаҳрида футбол бўйича 2018 йилги жаҳон чемпионатига мўлжалланган стадион қурилишида қатнашаётган 250 ўзбекистонлик иш ташлади. Қурувчилардан Озодликка бўлган мурожаатга кўра, ишчиларнинг икки ойлик меҳнат ҳақи берилмагани сабаб улар норозилик сифатида ишга чиқмаяпти.

 Нижний Новгороддаги стадион қурилишида ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Озодликка мактуб йўллаб, ўз вазиятларини баён қилишди:

Bizga yordam bering. Rossiyaning Nijniy Novgorod shaxrida futbol bo’yicha 2018 yilgi jaxon chempionatiga mo’ljallangan stadion qurilishida 250 dan ortiq O’zbekistonlik ishlaymiz. Gap shundaki ikki oydan beri maoshimiz berilmayapti. Biz ishlayotgan firma “ООО Ма-на Строй” egalari turklar hisoblanadi. Stationni qurib bitgazish uchun masul kompaniya bu “Стройтрансгаз”. Hozir pul bermayotgani uchun ishni to’xtatganmiz. Bizni shirkat “стг” pul o’tkazmayapti deb baxona qilyapti. Hozir hammamizni vahima bosgan, aldanib qolishdan qörqayapmiz. Qölimizda shartnoma yo’q. Sizlarga yozishimizdan maqsad, shu ikkala shirkat bilan bog’lanib shurishtirishingizni iltimos qilamiz. Chunki bu dunyo ahamiyatidagi loyiha bo’lganligi sabab bu voqealarni jamoatchilikka oshkor bo’lishi, sizlarni aralashuvingiz qandaydir bosim bo’ladi va natija beradi deb o’ylayman” дейилади қурувчи –муҳожирлардан келган мактубда. (Мактуб таҳрир қилинмаган ҳолда эълон қилинаяпти. –таҳр). Иқтибос тугади [7].

Ислом Каримов диктатураси даврида норозиликнинг 3 тўлқини ва сиёсий талаблар.

2015-йилда ўзбекистонликлар 5 марта норозилик чиқиши қилишган бўлса [8], 2016-йилнинг икки ярим ойида 6 марта норозилик чиқиши қилишди. Бу норозилик чиқишларида қуйидаги муаммолар кўтарилди:

Навоий вилояти Хатирчи тумани Мирзо Улуғбек деҳқон фермерлар уюшмаси худудида яшовчи фуқаролар, Фарғона вилоятининг Учкўприк туманидаги бир неча қишлоқ аҳолиси, Фарғона шаҳрининг Қиргулидаги Марғилон кўчасида истиқомат қиладиган фуқаролар, Фарғона вилояти Марғилон шаҳрининг “Саховат” махалласи, Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Ғазалкент шаҳрининг норозилари сув, электр таъминотини яхшилашни талаб қилишди.

Жиззах вилояти Зарбдор туманидаги пахта тозалаш очиқ ҳиссадорлик жамиятининг элликка яқин ишчиси беш ойдан бери маош берилмаётганлигига норозилигини билдириб иш ташлаганди, Фарғона вилояти Сўх туманининг 500-600 ҳайдовчиларининг иш ташлашига Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари, чегарачилари ва божхоначиларининг ҳаддан ошган таьмагирлиги сабаб бўлди, Қорақалпоғистоннинг Хўжайли шаҳридаги 3-сонли махсус интернатнинг бир кунда ишдан ҳайдалган 21 ўқитувчиси ишга қайта тиклашни, Россиянинг Нийний Новгород шаҳрида футбол бўйича 2018 йилги жаҳон чемпионатига мўлжалланган стадион қурилишида қатнашаётган 250 ўзбекистонлик икки ойлик меҳнат ҳақини беришни талаб қилиб норозилик чиқиши қилишди, иш ташлашди.

Андижон вилояти Улуғнор туманининг Учкўприк қишлоғи норозилари ҳовуз қоровулларини жиноий жавобгарликка тортиш, яъни ижтимоий адолат ўрнатиш талаби билан чиқишди.

Тошкент шаҳри Чилонзор мавзесининг норозилари чинорлар кесилишига қарши, яъни экологик талаб, атроф муҳитни муҳофаза қилиш талаби билан чиқишди.

Юқоридаги норозилик иштирокчиларининг талабларидан кўриниб турибдики, бу талаблар асосан ижтимоий-иқтисодий талаблар, сиёсий талаблар йўқ. Нега шундай?

Бунинг сабабини тушуниш учун мен ўзбек мухолифатининг тарихига назар ташлашдан жавоб топса бўлади деб ўйлайман. Ўзбекларнинг норозилик чиқишларида 3 тўлқинни кузатамиз:

1-тўлқин. 1989-1992-йилдаги норозилик чиқишлари. Бу даврда Бирлик Халқ Ҳаракати, Эрк Демократик партияси оммавий норозилик чиқишларини ташкил қилишган. Бу норозилик чиқишларида Орол муаммоси, Ўзбек тилига давлат мақоми бериш, пахта яккаҳокимлигини йўқ қилиш, Ўзбекистон мустақиллиги, мухолиф партия ва ҳаракатларни рўйхатга олиш ва ҳоказо талаблар қўйилган.

2-тўлқин. 2003-2005-йиллар,бу даврда норозилик чиқишларини инсон ҳуқуқ ҳимоячилари(Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти томонидан кўп норозилик чиқишлари ташкил қилинган), Озод Деҳқонлар партияси, Эрк Демократик Партияси, Бирлик Халқ Ҳаракати, Бирдамлик Халқ Ҳаракати (2004-йилдан бошлаб) ва Ўзбекистон фуқаролари ташкил қилган норозилик чиқишларида қамоқдаги инсон ҳуқуқ ҳимоячиларини, сиёсий маҳбусларни озод қилиш, иқтисодий-сиёсий ислоҳотлар ўтказиш, амалдорларнинг зўравонликларини(МХХ, ИИБ, прокуратура, суд, хокимият ходимларининг зўравонлигини) тўхтатишни, тадбиркорларга, савдогарларга солинадиган патта ва солиқларнинг кўпайишига қарши, Ислом Каримов истеъфоси ва ҳоказо талаблар қўйилган. [9,10].

3-тўлқин. 2015-2016-йилнинг 1-чораги, ҳозирги кунгача. Бу норозилик чиқишларини уюштиришда, ташкил қилишда инсон ҳуқуқ ҳимоячилари, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати, Бирлик Халқ Ҳаракатларининг ҳеч қандай иштироки йўқ. Бирдамлик Халқ Ҳаракати, Озод Деҳқонлар Партияси бугунги кунда фаолиятсиз, Эрк Демократик Партиясининг фаолияти кўзга кўринмайди. Мухолифат етакчилари Абдураҳим Пўлатов, Муҳаммад Солиҳ, Баҳодир Чориев, Санжар Умаров, Нигора Ҳидоятовалар таъқиб ва тайзиқлар туфайли Ўзбекистондан ташқарида фаолият юритяптилар.[8].

Инсон ҳуқуқ ҳимоячилари Елена Урлаева, Малоҳат Эшонқулова, Шуҳрат Рустамов ва бошқалар норозилик пикетлари уюштиришябди, лекин уларнинг оммавий норозилик чиқишларига алоқаси йўқ. Мўътабар Тожибоева бошчилигида Муқобил Ўзбекистон мувофиқлаштирувчи кенгаши ҳам чет елда жуда фаол, бироқ уларнинг ҳам оммавий норозилик чиқишларига таъсири йўқ.

Бу даврдаги норозилик чиқишларида юқорида айтиб ўтилганидек, ижтимоий-иқтисодий талаблар: свет, газ тақчиллиги, ишга тиклаш, маош, иш ҳақларини вақтида бериш, таъмагирликка қарши, экологик талаблар қўйилмоқда. Лекин бу талаблар ичида сиёсий талаблар: инсон ҳуқуқ ҳимоячилари, сиёсий маҳбусларни озод қилиш, инсон ҳуқуқ ташкилотлари, мухолиф партия ва ҳаракатларни рўйхатга олиш, сўз эркинлиги, оммавий ахборот воситалари эркинлиги, интернет эркинлиги, мустақил суд, мустақил парламент ва сиёсий, иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш талаблари йўқ.

Норозиликнинг 3-тўлқини Ислом Каримовнинг ёвуз диктатурасига барҳам бера оладими?!

2015-йилда 5 та оммавий норозилик чиқишлари бўлиб ўтди, 2016-йилнинг 1-чораги тугамасдан Ўзбекистонда 5 та норозилик чиқишлари, Россияда эса ўзбеклар томонидан 1 та норозилик чиқишлари бўлиб ўтди. Бу ерда очиқдан-очиқ кўриниб турибди, 2016-йилда 3-норозилик тўлқини юқорига кўтариляпти, нега шундай бўляпти? Сабаби ҳаммага аён, Ўзбекистонга Россия ва Қозоғистондан меҳнат муҳожирлари томонидан жўнатилаётган пуллар кескин камайди(7-8 миллиард АҚШ долларидан 3-4 миллиард АҚШ долларига тушиб қолди). Ўзбекистонда экспорт маҳсулотлари пахта, газ, олтиннинг нархи камайди. Ўзбек автомобилларининг сотилиши Россияда кескин қисқарди[11,12].

Ўзбекистон иқтисодининг инқирози ўзбек сўмининг қадрсизланишида яққол кўринди. 2014-йили қора бозорда 1 АҚШ доллари 3000 сўм атрофида эди, 2015-йилнинг ноябрида 1 АҚШ доллари 6000 сўмгача қадрсизланди , 2016-йилнинг 26-февралида 6700 бўлди [13].

Менинг Тошкент шаҳрида ишлайдиган танишим 2014-йилда 600.000 сўм маош олар эди, қора бозор курси бўйича 200 АҚШ доллари, 2015-йилнинг ноябрига келиб маоши ўзбек сўми қадрсизланганидан 100 АҚШ долларига, 1 АҚШ доллари 6700 сўмга тенг бўлганда эса маоши 89,5 АҚШ долларига тушиб қолди. Тошкентлик танишимнинг маоши 200 АҚШ долларидан 89,5 долларга камайиб кетганидан боши қотиб қолган. Ўзбекистонда менинг танишимга ўхшаб боши қотганлар бир неча миллионларни ташкил этади.

Россиядаги 2 миллиондан ортиқ меҳнат мухожирларининг ҳам боши қотган, чунки, 2014-йилда 1 АҚШ доллари 32 рубль бўлган бўлса, 2016-йилнинг 12-мартида 70.31 рублга тенг. Қозоғистондаги 1 миллионга яқин меҳнат мухожирларининг ҳам бошлари қотган. 2014-йилда 1 АҚШ доллари 180 тенге бўлган бўлса, бугунги кунда 1 АҚШ доллари 342.5 тенге.

Бунга қўшимча Ўзбекистонда маош 3-4 ой, ҳаттоки 5 ойлаб кечикиб бериляпти. Иқтисод бўйича экспертларнинг прогнози бўйича 2016-йилда ўзбек сўми, россия рубли, қозоқ тенгесининг қадрсизланиши янада давом этади, боши қотганлар сони янаям ортади. 2003-2005-йилларда жуда кўп иқтисодий, ижтимоий шароитдан норози бўлганлар оммавий Россияга, Қозоғистонга, Жанубий Кореяга иш излаб кетган эди.

2015-2016-йилнинг 1-чорагида ижтимоий, иқтисодий шароитдан норози бўлганлар Россия, Қозоғистондан Ўзбекистонга оммавий қайтиб келмоқда. Норозилик чиқишлари кўпайиши яққол кўриниб турибди. Ўзбекистондаги 3-тўлқиннинг Ислом Каримов режимини ағдариб ташлаш даражасига ета оладими ёки йўқми буни яқин 1-2 йилда гувоҳи бўламиз.

Ислом Каримов режими 3- тўлқиннинг кўтарилиб кетишини олдини олиш учун жон жаҳди билан чоралар кўрмоқда:

1. 2015-йилнинг 31-июлидан бошлаб Skype ва Viberлар тўсиб қўйилди;

2. Фермерларнинг ерлари ўртача 43.9 гектардан 36.1 гектарга туширилди, яьни фермерлар сони кўпайтирилди, унда ишловчилар сони ҳам кўпайтирилди;[14].

3. Ўзбекистон ИИВ ва МХХга курьерлик жўнатмаларини текшириш ҳуқуқи берилди;[15].

4. Тошкентга вилоятлардан келиб ишловчи Ўзбекистон фуқаролари 6 ойга рухсатнома олишларии керак;[16].

5. МХХ хорижга кетганларнинг ота-оналари ва оила аъзоларини сазойи қиляпти ва ҳоказо.[17].

Ислом Каримов режимининг менга нисбатан ўтказган таъқиб тайзиқларининг қисқача баёни.

Камина, 1989-1992, 2003-2005 йиллардаги,1-чи, 2-чи тўлқин норозилик чиқишларида ташкилотчи, қатнашувчи сифатида фаол қатнашган эдим. 1989-1992 йиллардаги Бирлик Халқ Ҳаракатининг Ядро физикаси илмий тадқиқот институтидаги ёшлаш бўлими раиси мақомида норозилик чиқишларида фаоллигим учун 5 марта судланиб жаримага тортилган, огоҳлантирилган эдим.

Ўзбекистон ССР Фанлар академияси президиумидан мени ишдан бўшатиш ҳақида буйруқ келган эди, бироқ Ядро физикаси институтида Бирлик Халқ Ҳаракати бўлими кучли бўлганлиги, Бирликчилардан Муҳаммадамин Нарзиқулов, Иззатилла Нуриддинов, Тўлқин Тиллаев, Анвар Мадумаров ва бошқалар мени қаттиқ ҳимоя қилганликлари туфайли ишдан бўшатиша олмаган эдилар.

2003-2005 йиллардаги Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг котибият аъзоси мақомида норозилик чиқишларини ташкиллаштиришда, қатнашишда фаоллигим учун 3 марта судланган, 3 марта дўппосланган, Андижон воқеаларидан (2005 йил, 13-май) сўнг 10 кундан ортиқ уй қамоғида бўлган эдим.

2006 йилнинг 31 июлига қадар, яъни Ўзбекистонни тарк этишимгача Ўзбекистондаги норозилик чиқишларида энг кўп қатнашганман деб баралла айта оламан. Ҳозирги вақтда норозилик чиқишларида энг кўп қатнашувчилар Елена Урлаева, Малоҳат Эшонқулова, Абдулла Тожибой ўғли, Шуҳрат Рустамов ва бошқалардир.

3-чи тўлқин, 2015, 2016 йил биринчи чораги оммавий норозилик чиқишларини Ирландиянинг Дублин шаҳридан мониторинг қилябман.

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти президенти

Дублин, Ирландия

15-март, 2016-йил.

Фойдаланилган хабарлар ва мақолалар:

1. Газ йўқлигидан норози ғазалкентликларнинг талаби қондирилди. 04.01.2016.(http://www.ozodlik.org/content/article/27466799.html).

2. Сўхда ҳайдовчилар икки кун иш ташлади. 27.01.2016. (http://www.ozodlik.org/content/article/27514109.html).

3. Андижонликлар 17 яшар боланинг уриб ўлдирилганига қарши норозилик намойиши ўтказди. 05.02.2016. (http://www.ozodlik.org/content/article/27534295.html).

4. Ишдан ҳайдалган ўқитувчилар норозилигидан сўнг қайта ишга тикланаяпти.

16.02.2016. (http://www.ozodlik.org/content/article/27555744.html).

5. Тошкентда чинорлар кесилишидан норози аҳоли кўчага чиқди. 16.02.2016. (http://www.ozodlik.org/content/article/27555736.html).

6. Чилонзор чинорлари Тошкент ҳокими рухсати билан кесилгани маълум бўлди. 23.02.2016. (http://www.ozodlik.org/content/article/27569233.html).

7. Жаҳон чемпионати учун стадион қураётган 250 ўзбек иш ташлади. 10.03.2016. (http://www.ozodlik.org/content/article/27602643.html).

8. Абдужалил Бойматов: Ўзбек фуқаролик жамияти чуқур инқирозда. 03.01.2016. (http://uz.hrsu.org/archives/7676#more-7676).

9. А.Бойматов: Ненасильственное сопротивление репрессивной политике правительства Узбекистана.15.04.2014. (http://www.centrasia.ru/newsA.php?st=1082010240);

10. А.Бойматов: Узбекистан: обзор ненасильственного сопротивления за 2004 год, 11.01.2005, (http://www.centrasia.ru/newsA.php?st=1105445400);

11. РФда ўзбек автомобиллари савдоси 11ой давомида 47 фоизга тушиб кетди. 10.12.2015(http://www.ut.uz/uz/iqtisodiyot/rfda__ozbek__avtomobillari_savdosi_11oy_davomida_47_foizga_tushib__ketdi).

12. Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ватанларига пул жўнатмалари 2,5 баробарига, тожикистонликларники эса деярли уч баробарига камайди. 15.12.2015.(http://uzbek.fergananews.com/news.php?id=10511&mode=snews).

13. Ўзбекистон қора бозорида доллар 6700 сўмга чиқди. 26.02. 2016. (http://www.ozodlik.org/content/news/27575796.html).

14. Мақбуллаштириш: Ер эгаси ўзгармади¸ фермер сони кўпайтирилди. 18.02.2016. (http://www.ozodlik.org/content/article/27560216.html).

15. Ўзбекистон ИИВ ва МХХга курьерлик жўнатмаларини текшириш ҳуқуқи берилади. 23.02.2016. ( http://www.ozodlik.org/content/news/27568783.html).

16. Мардикорлар кунбай иш рухсатномасини олиши шарт. 11.03.2016. (http://www.bbc.com/uzbek/uzbekistan/2016/03/160311_uzbek_internal_labour).

17. МХХ хорижга кетганларнинг ота-оналари ва оила аъзоларини сазойи қилаяпти. 12.03.2016. (http://www.ozodlik.org/content/article/27606539.html).