Jan 032016
 

Ўзбекистонда иқтисодий инқироз ва коррупция.

2015-йилда Ўзбекистон иқтисодиётининг инқирози кучайди. Ўзбекистоннинг экспорт маҳсулотлари пахта, газ, олтиннинг нархи камайди. Россияда сотиладиган ўзбек автомобилларининг савдоси кескин қисқарди.[1]. Россия, Қозоғистондан келадиган пул ўтказмалари ҳам кескин қисқарди.[2].

2014 йили ўзбек сўми қора бозорда 3000 сўм бўлган бўлса, 2015-йилнинг охирларида ҳаттоки 6000 сўмгача қадрсизланди, ҳозирги кунда 5500 сўм атрофида.[3]. Ўзбекистонда шу пайтгача эркин конвертациянинг йўқлиги, Россия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларда миллионлаб Ўзбекистонликларнинг меҳнат муҳожирлари бўлиб яшашлари, ўзбек сўмининг тинмай қадрсизланиб бориши (1994-йилда 1 АҚШ доллари 6 сўм бўлган бўлса, ҳозирги кунда 5500 сўм) иқтисод инқироздалигини кўрсатади.

Ўзбекистонда свет, газнинг тақчиллиги янада чуқурлашди, маошлар, пенсиялар ва болалар нафақаларининг ўз вақтида берилмаслиги миқёси кенгайди. Булар Ислом Каримовнинг сиёсий-иқтисодий ривожланиш моделининг яроқсизлигини кўрсатади.

Афсуски, муқобил ривожланиш моделини таклиф қиладиган иқтисодчилар ҳам йўқ ҳисоби. Мен масалан, шу пайтгача Ўзбекистонда бирорта иқтисодчининг муқобил модель таклиф қилганини билмайман. Ўзбекистонда бир неча институтларда иқтисодчилар етиштирилиб чиқарилади, лекин афсуски, улар муқобил иқтисодий ривожланиш моделини таклиф қилиш салоҳиятига эга эмас.

Ислом Каримов режимининг ҳам инқирози кучайди. Бу инқирознинг биринчи белгиси иқтисодий инқироз бўлса, иккинчиси Ислом Каримов оила-аъзоларининг ўртасидаги муносабатларини ёмонлашувидир.

2015-йилда Гулнора Каримовага нисбатан Европа Иттифоқининг ўнтача мамлакатида ва АҚШда тергов ишлари давом эттирилди. Лола Каримова-Тиллаеванинг АҚШда бир эмас тўртта қаср сотиб олганлиги маълум бўлди. Бу ҳақда New York Timesда мақола чоп этилди.[4].

Россияда Алексей Навальнийнинг Коррупцияга қарши кураш фонди(Фонд борьбы с коррупцией ) Россиядаги юқори даражадаги амалдорларнинг коррупция ботқоғиға ботганлигини фош қилган бўлса[5], Ўзбекистонда Гулнора Каримова, Лола Каримова-Тиллаеваларнинг миллиардлаб пул ўмарганлигини Европа Иттифоқи ва АҚШ фуқаролик жамияти фош қилди.

2014-йилда чет элда Ўзбекистонда Коррупцияга Қарши Кураш Фонди тузилганди, лекин бу фонд юқори доиралардаги корруцияни фош қилиш даражасига етгани йўқ.[6].

Ўзбек мухолифати инқирози.

Ўзбекистондаги чуқур иқтисодий-ижтимоий инқироз, Каримов режимининг инқирози Ўзбек мухолифатининг хокимиятга келиши учун катта имкониятлар яратади.

Афсуски, ўзбек мухолифати ҳам чуқур инқирозда. Абдураҳим Пўлатов Бирлик Халқ Ҳаракати ва шу номдаги партияни 26 йилдан бери бошқариб келяпти. Муҳаммад Солиҳ эса ЭРК демократик партиясини 25 йилдан бери бошқариб келяпти. Бирдамлик Халқ Ҳаракати 2014-йилда партияга айлангандан кейин ўз фаолиятини тўхтатди.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати 2015-йилнинг ёзида қурултой ўтказиши керак эди, лекин ўтказмади. Ўзбекистон Халқ Ҳаракати тузилган пайтда унинг низомига ҳар йилда раис алмашиши киритилган эди. Бир йил ўтгандан кейинги қурултойида ҳар уч йилда раис алмашиши киритилди. Муҳаммад Солиҳ ЎХҲининг шу пайтгача ягона раиси бўлиб қолмоқда.

Ислом Каримов, Абдураҳим Пўлатов, Муҳаммад Солиҳ ва Баҳодир Чориевларнинг Ўзбекистон конституциясига, партия, ҳаракат низомларига тинмай ўзгартириш киритишдан мақсадлари, уларнинг умрбод ўз раҳбарлик курсиларини сақлаб қолишидир. Бу етакчилар тинмай эркин, демократик жамият қурамиз деганлари билан уларнинг амалий ҳаракатлари бунинг акси эканлигини кўрсатиб турибди. Наҳотки, ўзбеклар демократ бўлмаган рахбар билан эркин, демократик жамият қура олади.[7,8].

Мен ўзбек мухолифатининг инқирозида Ислом Каримов режимининг тинмай мухолифатга ўтказилган, ўтказилаётган таъқиб ва тайзиқларини асосий омил сифатида кўрган ҳолда, мухолифат етакчилари Абдураҳим Пўлатов, Муҳаммад Солиҳ ва Баҳодир Чориевларнинг ўз ташкилотларининг рахбарлик курсисини бошқаларга беришни хоҳламаётганликларини иккинчи сабаб деб ўйлайман. Бу етакчилар 10-20 йиллардан бери Туркия ва АҚШда фаолият олиб бормоқдалар.

2015-йилнинг 19-20-декабрь кунлари Россияда “Яблоко” партиясининг съезди бўлиб ўтди. Партия съездида партия раиси ҳар 4 йилда сайланиши белгилаб қўйилди.Партия раиси икки мартадан ортиқ сайланиши мумкин эмас, яъни Яблоко партиясининг раиси 8 йилдан ортиқ раис бўла олмайди.[9]. Партия раиси этиб Эмилия Слабунова сайланди.[10].

Яблоко 1993-йилда жамоат ташкилоти сифатида тузилган эди ва 2001 йилда партияга айлантирилган эди. Партиянинг биринчи раиси Григорий Явлинский (1993-2008), иккинчи раиси Сергей Митрохин (2008-2015) эди.

Ҳозирги кунда ўзбек мухолифат партиялари Ўзбекистонда ҳаттоки, пикет ўтказиш салоҳиятига ҳам эга эмас, улар асосан чет элда фаолият кўрсатяпти.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва норозиликлар.

Ўзбекистонда ташқи босим таъсирида айрим ўзгаришлар юз беряпти. Масалан болалар меҳнатидан фойдаланиш 2014-2015-йилларда кескин қисқарди. Бунга бир неча инсон ҳуқуқлари ташкилотлари уюшмаси Cotton Campaign, Халқаро меҳнат ташкилоти (International Labour Organization) ва 150 дан ортиқ АҚШнинг чакана ва текстиль савдо компанияларининг ўзбек пахтасини бойкот қилиши фаолияти натижасида рўй берди. Ўзбекистонда мажбурий меҳнатдан фойдаланишни йўқ қилиш бўйича кампания давом этяпти.

Бироқ, Жахон банки Ўзбекистонга ярим миллиард АҚШ доллари кредитини берадиган бўлди.Жахон Банки Ўзбекистонда мажбурий меҳнат кенг қўлланилган бўлсада, уни кўрмасликка оляпти.[11].

Ўзбекистонга 3 йўналиш бўйича босим ўтказиляпти:

1. Мажбурий меҳнат;

2. Сиёсий маҳбусларни озод қилиш;

3. Қийноқлар.

Ўзбекистонда саноқли инсон ҳуқуқ ҳимоячилари фаол кураш олиб боришяпти. Булар Елена Урлаева, Малоҳат Эшонқулова, Шуҳрат Рустамов, Дмитрий Тихонов, Васила Иноятова, Абдураҳмон Ташанов, Суръат Икромов,Гулшан Қораева, Дилдора Боймуродова.

Ўзбекистон ташқарисида эса Мўътабар Тожибоева, Умида Ниёзова, Надежда Атаева, Ҳазратқул Худойберди, Гулбаҳор Тўраева ва камина Абдужалил Бойматов.

Ўзбекистонда фуқароларнинг ўз ҳуқуқлари учун кураши 2015-йилда анча сезиларли бўлди.

26 январ куни Навоий вилояти Хатирчи тумани Мирзо Улуғбек деҳқон фермерлар уюшмаси худудида яшовчи элликка яқин аёл электр энергияси тақчиллигидан норозилик билдириб, Хатирчи-Зарафшон йўлини тўсиб қўйди.[12].

Жиззах вилояти Зарбдор туманидаги пахта тозалаш очиқ ҳиссадорлик жамиятининг элликка яқин ишчиси 27 март куни беш ойдан бери маош берилмаётганига норозилик билдириб,иш ташлади.[13].

Фарғона вилоятининг Учкўприк туманидаги бир неча қишлоқ аҳолиси коллектив хат билан газ ва электр таъминотидаги узилишлардан шикоят қилиб,Тошкентдаги “Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси”га мурожаат қилди.

Альянс рахбари Елена Урлаева учкўприкларнинг талаби бўйича Тошкентдаги Хукумат уйи олдида пикет уюштирди ва уларнинг талаби бажарилмайдиган бўлса, 27 июнь куни Тошкент-Қўқон автойўли тўсилиши ҳақида огоҳлантирди.[14].

18 декабрь куни кечки пайт Фарғона шаҳрининг Қиргулидаги Марғилон кўчасида истиқомат қиладидан 200га яқин одам автомобиль йўлини тўсиб олган. Одамлар газ йўқлигига норозилик билдириб, расмийлардан газ етказиб беришни талаб қилган.

Одамларнинг кўчага чиқиб норозилик билдириши Қиргулида уч кундан бери давом этган.[15].

Фарғона вилояти Марғилон шаҳрининг “Саховат” маҳалласи аҳли 4 кундан (18-декабрдан) бери газ ва электр қуввати узиб қўйилганидан норозилик билдириб кўчага чиққан. “Саховат” маҳалласи аҳли талабларини тинглаган Фарғона вилояти хокими Шуҳрат Ғаниев бошчилигидаги прокуратура, газ идораси ва бошқа мутасаддилар Марғилонга борганига қарамасдан, 22 декабрь куни маълум бўлишича, марғилонлик норозилар талаби бажарилмаган.[16].

Шуниси қувончлики, 2015-йилда норозиларнинг акциялари куч билан бостирилмасдан уларнинг талаблари бажарилди.Ўзбекистон фуқаролари ижтимоий, иқтисодий талаблар билан норозилик билдира бошлашди. Бироқ улар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларга, партияларга, ҳаракатларга аъзо бўлиб ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ҳуқуқлари учун курашиш даражаларига етганларича йўқ.

Мурод Жўраев 21 йилдан кейин озод этилди, Ўктам Пардаев эса сохта айблар билан ҳибсга олинди. Сохта айблар билан Ўктам Пардаевни суд қилишмоқчи ?!

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бир неча марта сўровларига қарамасдан 11 та махсус маърузачилар Ўзбекистонга таклиф қилинмаяпти. Бу дегани Ўзбекистон БМТнинг аъзоси бўлиб туриб БМТ олдидаги мажбуриятларини бажаришдан бош тортяпти.

АҚШ ва Европа Иттифоқи асосий эътиборни Ишид, Толибонга қарши кураш (Ироқ, Сурия, Афғонистон), Украинага, Россияга ва Европа Иттифоқининг айрим мамлакатларидаги молиявий, иқтисодий инқирозга қаратмоқда.

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти президенти

Дублин, Ирландия

3-январь, 2016-йил.

Фойдаланилган мақолалар ва хабарлар:

1. РФда ўзбек автомобиллари савдоси 11ой давомида 47 фоизга тушиб кетди. 10.12.2015(http://www.ut.uz/uz/iqtisodiyot/rfda__ozbek__avtomobillari_savdosi_11oy_davomida_47_foizga_tushib__ketdi).

2. Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ватанларига пул жўнатмалари 2,5 баробарига, тожикистонликларники эса деярли уч баробарига камайди. 15.12.2015.(http://uzbek.fergananews.com/news.php?id=10511&mode=snews).

3. Ўзбек сўми сўнгги 10 ойда 45 фоизга, 21 йил ичида 900 баробарга қадрсизланди. 14.10.2015. (http://www.ozodlik.org/content/article/27305507.html).

4. NYT Лола Каримованинг Лос Анжелесдаги тўртта кўп миллион долларлик қасрга алоқадорлигини айтмоқда. 17.12. 2015. (http://www.ozodlik.org/content/article/27433360.html).

5. Фонд борьбы с коррупцией.Некоммерческая организация, созданная Алексеем Навальным. Фонд расследует и обнародует хищения из государственного бюджета. Цель ФБК – ликвидировать коррупцию. (https://fbk.info/).

6. Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш Фонди. (http://uzcorruption.org/),(https://www.facebook.com/Uzbekistan.Anti.Corruption).

7. Ўзбек мухолифати етакчилари Абдужалил Бойматовнинг танқидига қандай жавоб беришди!?. 21.08.2011.(http://uz.hrsu.org/archives/2403#more-2403).

8. Баҳодир Чориев демократми?! 04.05.2014. (http://uz.hrsu.org/archives/6770).

9. “Яблоко” ограничило срок пребывания на посту лидера партии 8-ю годами. 19.12.2015.(http://www.svoboda.org/content/article/27437530.html).

10. Партию «Яблоко» возглавила Эмилия Слабунова. 20.12.2015. (http://lenta.ru/news/2015/12/20/slabunova/).

11. Жаҳон банки Ўзбекистонда мажбурий меҳнат йўқ деган хулосага “ишонди”. 18.12.2015. (http://www.ozodlik.org/content/article/27435773.html).

12. Хатирчида 50 аёл чироқ йўқлигидан норози бўлиб автойўлни тўсиб қўйди. 04. 02.2015. (https://www.youtube.com/watch?v=XuAJ0ZgtYoI).

13.Президент сайлови арафасида Жиззахда пахта заводи ишчилари иш ташлади. 27.03.2015. (http://www.ozodlik.org/content/article/26924019.html).

14. Фаоллар ҳаракати билан Учкўприкда газ-свет таъминоти яхшиланди. 01.07.2015. (https://www.youtube.com/watch?v=KBd3nT1xNHI)

15. Фарғонада газ йўқлигидан норози одамлар кўчага чиқди. 18.12.2015.

(http://www.ozodlik.org/content/article/27436125.html).

16.Марғилонлик норозилар 4 кундан бери газ-светсиз кўчада ўтирибди. 22.12.2015. (http://www.ozodlik.org/content/article/27442959.html)