Dec 012015
 

 

  Ўзбекистон Республикаси Президентига

      Ислом Каримов номига Қарши  шаҳри,

      Ёшлар кўчаси, 1 -уйда истиқомат қилувчи

      Қораева Гулшан номидан

ОЧИҚ ХАТ

Ҳурматли Ислом Абдуғаниевич!Ватанимизда Ўзбекистон Республикаси
Конституциянинг ягона кафолатчиси Сиз бўласиз ва бугун тағин Сизнинг
номингизга тағин очиқ тарзда мурожаат қилишга мажбур бўлаяпман. Гарчи бу ҳаётим учун хатарлик бўлсада.

Хатарлик”  деяётганим боиси эса, бу ҳақида аллақачон огоҳлантирилганим бўлди. МХХ ходимлари уйимга келиб агар бу воқеани ёзсам мени ўлдириб юборишлари билан огоҳлантириб кетишди.

Шикоятим нимадан иборатлигига тўхталиб ўтаман. Менинг Қарши шаҳри,
Боҳодир Шерқулов кўчаси 3, дроб 1 уйда яшовчи жияним Тураев Сорбон
Ёдгор ўғлига нисбатан милиция таҳдид қилди. Уни бугун (1 декабрь 2015
йил) солиқ бошқармасига олиб кетишди. У ерда жиянимга нисбатан
қилинган таҳдиднинг боиси эса, кўтара савдо қилувчилардан кўп миқдорда пиротехника сотиб олганлиги бўлди.

Яна бир ойдан сўнг янги йил киради ва бу вақтда пиротехниканинг бозори чаққон бўлиши бировга сир эмас. Янги йил кечаси салют отишлар, қарсиллатишлар одат тусига кириб бўлганига анча бўлди ва нима учун энди пиротехника сотиб олган жинянимни милиция қўрқитади, мана буниси жумбоқ бўлса керак. Жумбоқ деганим билан у мутлоқ жумбоққа ўтмайди.

Солиқ хизматчилари ва милиционерлар ундан пиротехникани сотиб олгани ва сотгани ҳақида тилхат ёзиб беришни талаб қилишган экан. У сотиб олгани рост ва сотиш мақсадида ҳам олмаган. Сотгани ҳам йўқ! Агар баённомани имзолашни истамаса ортига дубинка тиқиш билан таҳдид қилишибди. Акам ва мен боргунимизча таҳдид шу зайлда бўлган“Акс ҳолда дубинка тиқамиз“!-дейишган.Биз борганимиздан сўнг баённомага қуйидагича ёзиб берган “Фақат сотиб олдим”деб имзолаб берган.

Ислом Абдуғаниевич, Ўзбекистонда одамлар қўрқмай, бемалол яшайдиган кунлар қачон келади? Нима учун милиция ўзи истаган одамини жиноятчига айлантириб юборавериши керак.

Аслида нима бўлганлигини тушуниб олиш қийин ҳам эмас. Афтидан,
солиқчиларга иқтисодий тартиббузарларни топиб уларга чора кўриш учун қандайдир план белгилаб берилган ва мана шу планни бажариш учун улар бошқаларга туҳмат қилишгача боришмоқда. Ўша пиротехникаларни хориждан Ўзбекистонга олиб кириб кўтарасига сотаётган “корчалонларга” улар тегина олишмайди. У одамларнинг ортида катта-катта хўжайинлар тургандир, ёки жуда бўлмаса ўша “ҳалол” қонун посбонларининг оғзини ёғлаб қўйгандир. Ёки яна бошқа бир сабаб бордир ҳам.

Ўша планни бажариш учун бўлса керак,  менинг жиянимга таҳдид қилишган.
Нега ўша пиротехника ноқонуний бўлса уни олиб келганларни, уни
чегарадан ўтказиб юборганларни ушлашмайди, аммо тинчгина юрган, янги йил оқшомида хурсанчилик қиламан деган ёш йигитни бунча азоблашади?

Ислом Абдуғаниевич, мен бу очиқ хатим билан ўзимни ўзим ўлимга рўбарў қилаяпман. Чунки мени шундан огоҳлантириб кетишди. Лекин Ўзбекистон солиқ бошқармаси ходимлари ҳам элнинг фарзандларига зулм ўтказаётганлиги ҳақида маълумотни дунё билиши керак. Қачонга улар зулм қиладилар, масаланинг бу томони Сизга ҳавола. Биз (мен ва менга ўхшаган оддий фуқаролар) учун қонунлардан, Ўзбекистон
Конституциясидан ўзга ҳимоя йўқ!

Гулшан Қораева

Қарши шаҳри.