Nov 012015
 

http://i1.wp.com/uzxalqharakati.com/wp-content/uploads/2015/11/113-280x250.jpg

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ
                    ИСЛОМ АБДУҒАНИЕВИЧ КАРИМОВга

Нусхаси:    ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ВАЗИРИ
                     ШАВКАТ МИРОМОНОВИЧ МИРЗИЁЕВга

Нусхаси:    ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ХАВФСИЗЛИК
                     ХИЗМАТИ РАИСИ РУСТАМ ИНОЯТОВга

Нусхаси:    ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРИга

Фуқаро:      Эшонқулова Малоҳат Худжамовнадан
Тошкент шаҳри, Учтепа тумани, Чилонзор, 23-мавзе, 39-хонадонда яшовчи.
                     тел: +99893 5701747

Ш  И  К  О  Я  Т       А  Р  И  З  А

Ассалому алайкум.

Мен ҳозир мустақил журналист ва ё ҳуқуқ фаоли, журналист сифатида эмас, сизларга она, аёл сифатида мурожаат қилмоқдаман.

Оилалиман, икки нафар қизим бор.

1994 йилда туғилган катта қизим Ҳакимова Зарнигор Авазовнанинг тўйини қуда томонлар билан келишиб 10 ноябрга белгилагандик. Ва қуда билан бирга дарҳол ёнгинамиздаги, яъни, Учтепа тумани, Чилонзор, 23-мавзе, Ширин кўчасида жойлашган “Дилором” ресторанига 250 кишига буюртма қилиб, “заклад” ҳам бериб қўйгандик.

Тўй тайёргарлиги билан андармон эдим. Асли Самарқандлик бўлганлигим сабабли тўй таклифномаларини ҳам эртароқ тарқатиб улгургандик.

Шу бугун қуда томондан нохуш хабар эшитдим.

Гап шундаки, фуқаро кийимидаги махсус хизмат ходимлари “Дилором” тўйхонаси бошлиғининг ёнига бориб: “Шу аёлнинг (гап мен ҳақимда, Малоҳат хусусида бормоқда) тўйини ресторанингда ўтказмайсан. Мабодо, ўтказгудек бўлсанг, тўй куни барча меҳмонларни кўчага қувамиз-да, тўйхонангга қулф соламиз, тафтиш ташлаймиз. Тўйхонангни ёпамиз. Бошқа қайтиб очолмайдиган қиламиз” дейишибди.

Бунингдек таҳдидли гаплардан саросимага тушиб қолган “Дилором” тўйхонаси соҳиби қудаларимизни бир чеккага тортиб, “Шундай, шундай. Шу аёлнинг тўйини тўйхонангда ўтказмайсан!” деб менга шарт қўйишди. Мабодо ўтказгудек бўлсам, тўй куни меҳмонларни кўчага ҳайдаб тўйхонамга қулф солишаркан, тафтиш ташлаб, қайта очишга, ишлашга қўйишмаскан. “Заклад”ларингни қайтариб олинглар. Менга пул эмас, тинчлик керак. Бошқа тўйхонага бориб ҳам ўтирманглар. Буни сизларга маслаҳат бермайман. Барибир сизларнинг тўйларингни ўтказишга ҳеч бир тўйхонадагиларнинг юраги дов бермайди” деб болаларимизнинг тўйини ўтказишдан бош тортибди.

Бўлажак қудалар соддадил, меҳнаткаш одамлар. Илгари бунингдек таҳдидларга бор йўғи бир бор, у ҳам мен билан қуда бўлишлари боис, (Бу борада шикоятим хотимасида батафсил тўхталаман) рўпару келишган. Шу сабаб қудалар кўзда ёш билан ташвишлар остида қолишибди. Ва бу хабарни менга етказишди.

Халқимизда “Қудачилик – минг йилчилик” деган гаплар бор. Тожиклар “Қудо доре – Худо доре” дейишади.

Қуда-андачилик жудаям нозик масала.

Ислом Абдуғаниевич!

Шавкат Миромонович!

Мен Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонун талаблари доирасидан четга чиққан эмасман. Қизим Ҳакимова Зарнигор эса ҳали ёш. У ҳам жиноятчи эмас.

Мени ҳайратга солган нарса шуки: ким экан ўша “Дилором” тўйхонаси бошлиғига келиб таҳдид қилган фуқаро кийимидаги кимсалар?! Кимлар улар?! Уларнинг “Ўша аёлнинг тўйини ўтказадиган бўлсанг, меҳмонларини тўй кечаси кўчага қувиб солиб, тўйхонангга қулф осаман! Тўйхонангни очаолмайдиган қилиб ёпаман!” дея босим ўтказганлар, Ўзбекистон Республикаси қонунларини оёқ ости қилганлар кимлар?!

Мен Эшонқулова Малоҳатман. Озодликда юрган фуқароман. Жиноятчи бўлганимда ўз ватанимда тўй бошлаб, бозорма-бозор чопиб юрмаган бўлардим. Жиноят содир этганлар қамоқда. Мен ҳам бирор бир жиноят содир қилганимда, қонун талабларини бузганимда қамоқнинг бирорта зах ҳужрасида ўтирган бўлардим.

Мен мустақил журналистман.

Менинг бор-йўқ гуноҳм ҳақни айтганим. Еб тўймас, порахўр амалдорларнинг додини берганим, кирдикорларини фош қилганим, ноқонуний қадамларини элга ошкор этганим.

Мамлакатимиз қонунларида “Бола ота-онаси учун жавоб бермайди” дейилган.

Шундай экан, ким экан улар менинг ҳақ гапни айтиб, коррупциялашган корчолонларнинг додини берганим учун қизимнинг бахтини барбод қилишга уринган, қизимнинг бахтига соя солмоқчи бўлганлар кимлар?

Нега?

Қизим Ҳакимова Зарнигор Авазовнанинг Ўзбекистон ҳукумати олдида қандай гуноҳи бор эдики, махсус хизмат ходимлари унинг тўйини тўхтатишга уринишди?! Боламнинг жинояти нимадан иборат эдики, “Тўйини ўтказсанг, шўрингни қуритамиз” дея тўйхона ходимларига таҳдид этилди?!

Ҳатто қотилликка қўл уриб, кечириб бўлмас жиноят содир этганларнинг, қамоқда ўтирганларнинг ҳам фарзандлари шу жамиятда яшамоқда! Тўйлар қилмоқда! Уйланмоқда! Турмушга чиқмоқда!

Нега энди менинг қизимнинг тўйи “ўша аёлнинг” – яъни, менинг, Малоҳатнинг қизи бўлганлиги сабабли ҳам “Дилором” тўйхонасида ўтказилмаслиги керак?! Нега энди менинг қизим турмушга чиқмаслиги, оила қурмаслиги, тўйлар қилмаслиги, орзуси ушалмаслиги керак?! Қизимнинг айби, жинояти нимадан иборат! Илтимос, менга шуни тушунтириб беришларингизни сўрайман!

Боламнинг бор-йўқ гуноҳи менинг – Эшонқулованинг фарзанди эканлигидами?

У ҳолда айтингчи, менинг гуноҳим нимадан иборат ўзи?

Хўп, дейлик, мен ҳукумат ва орган ходимлари наздида жиноятчи саналдим ҳам дейлик, аммо нега энди менинг ҳатти-ҳаракатларим учун менинг фарзандим тавон тўлаши керак?!

Муддао нима?

Қизимнинг тўйини тўхтатиш, бахтини барбод қилиш орқали менинг қаддимни букиш, мендан қасд олишми?

У ҳолда “Фарзанд ота-онанинг ҳаракатлари учун жавоб бермайди” деган қонун талабларининг ижроси қаерда қолади?

Махсус хизмат ходимларининг қизимнинг тўйини тўхтатиш мақсадида тўйхона эгаларига таҳдид қилишга нима ҳақлари бор?! Улар қай бир қонун талабидан келиб чиққан ҳолда қизимнинг тўйини тўхтатишга, бахтини барбод қилишга уринишди?

Ислом Абдуғаниевич!

Менинг фарзандимнинг тўйи билан боғлиқ мазкур можорога бошқа жиҳатдан ҳам назар ташлашингизни, чуқурроқ мулоҳаза қилиб кўришингизни сўраган бўлардим.

Шу аёлнинг тўйини ўтказсанг, тўй куни меҳмонларини кўчага қувиб, тўйхонангга қулф соламиз, қайтиб очолмайдиган қиламиз!” дея дағдаға қилган махсус хизмат ходимлари аслида кимга душман? Кимни обрусизлантиришга отланишган?! Меними, ёки мамлакат президентиними?

Мамлакатда фаолият юритаётган мустақил бир журналистга, инсон ҳуқуқлари билан шуғулланаётган аёл кишига, ҳақ гапни айтишга, қонунга амал қилмайдиган амалдорларнинг башарасини очиб ташлашга уринаётган фуқарога босим ўтказиш ва ундан ўч олишдек ёвуз ниятда унинг фарзандининг бахтига чанг солишга уриниш – ўтакетган разиллик, инсофсизлик, даҳшат эмасми?

Ислом Абдуғаниевичнинг бошқаруви остидаги ҳукумат мустақил журналистика билан шуғулланаётган бир аёлнинг қаддини букиш мақсадида унинг фарзанди бахтини барбод қилишдек қабих усулдан фойдаланишга урунганлигидан хабар топган кенг жамоатчилик, дунё ҳамжамияти, Халқаро ташкилотлар, мамлакатимиздаги элчихоналар, дипломатик корпус вакиллари қандай хулосага келиши мумкин? Бунингдек нохуш воқеа улар онгида салбий таассурот уйғотмайдими? Махсус хизмат ходимларининг онанинг ҳаракатлари учун болани бадном қилишга уринишдек ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатлари Ислом Абдуғаниевич бошқарувидаги ҳукуматни дунё ҳамжамияти олдида шарманда-ю шармсор этмайдими?

Шу ўринда Сизга, мамлакат Президенти шаънига айтиладиган таъна дашномлар билан менинг, бир она қизининг тўйини тўхтатилиши билан боғлиқ мусибатни бир тарозига солиб кўрингчи? Қай бир томони тош босиб кетаркин?

Бир аёлнинг, биргина онанинг изза бўлиб қолгани мусибатлироқми, ёхуд бутун бир ҳукумат бошқарувининг дунё ҳамжамияти олдида шаримсор бўлгани аянчлироқми?

Ислом Абдуғаниевич!

Шу маънода, қизимнинг тўйини тўхтатишга, тўйхона эгаларини қўрқитишга бўлган уриниш биргина менинг оиламга эмас, кўпроқ сизни ва сизнинг бошқарувингиздаги ҳукуматни обрусизлантиришга қаратилган уриниш деб баҳолайман!

Мана шу жиҳатдан масалани ўта синчковлик билан чуқурроқ мушоҳада қилиб кўриш керак деб ҳисоблайман.

Отасининг пули билан постга ўтириб қолган айрим орган ходимлари эса фуқароларни қўрқитиш, ўтакасини ёриш, босим ўтказиб соққасини олиш, коррупцияни ривожлантиришнигина билишади, уч қаватли қасрлар қуришни уддасидан чиқишади холос. Бироқ, ҳар бир ҳаракат ва ҳар бир сўзнинг минг бир жиҳати бор. Ўқиб уқмаган орган ходимлари эса масаланинг у томонларини ўйлаб ҳам ўтиришмайди, ақллари ҳам етмайди, фаҳмлашга заковатлари ҳам ожизлик қилади!

Мен ойдан тушган эмасман. Сочим Ўзбекистон заминида оқармоқда!

Шу боис ҳам вазиятни тўғри таҳлил қилишга ақлим етади.

Демоқчи бўлганим, “Дилором” тўйхонаси соҳибларига таҳдид қилганлар, босим ўтказганлар сизнинг, ёки Мирзиёевнинг, Р. Иноятовнинг топшириғини бажаришибдими? Наҳотки? Ҳукумат расмийларининг Эшонқуловадан қасд олишдан бошқа ташвишлари, юмушлари йўқми нима бало? Бунга ҳечам ишонгим келмайди.

Негаки, бўлиб ўтган зўравонликни мен ўзгачароқ таҳлил қилиб кўрсам дегандим: Таҳдидчилар, зўравон орган ходимлари ўз нафсларининг талабларини бажаришган!

Маълумки, менинг интернет сайтларида минг битта чиқишларим бор!

Булар порахўр орган ходимларингизга таъмагирлик қилишлари учун жудаям қўл келиб қолган.

Менинг мақолаларимни интернетдан чиқаришгану, тўйхона хўжайинига кўрсатиб, “Ватан хоини”нинг тўйини қилаяпсан, дея қўрқитишган! Нега?!

Аслида ўша зўравон орган ходимларининг мен билан ҳам, қизим билан ҳам, қуда томон билан ҳам, тўйхона билан ҳам заррача ишлари йўқ. Уларнинг бор қизиқишлари қоринларида, нафс ғамида!

Қизимнинг тўйини ўтказишга қаршилик қилган махсус хизмат ходимлари бу ҳолатни таъма қилишга, пора ундиришга қулай бир фурсат деб хомтама бўлишган кўринади.

Шу ўйда улар “Ватан хоинининг қизини тўйини қилмоқдасан?!” дея “Дилором” тўйхонаси соҳибини қўрқитиш орқали ундан пора ундиришга уринишган менинг назаримда.

Биласиз, тўйхонада тўй текинга ўтмайди. Тўйхона ижараси учун, ўлдим деганда 6-7 миллион сарфланади.

Махсус хизмат ходимлари эса ўша тушумдан ўз улушларини олиш, юлғичлик қилиш, таъмагирлик илинжида тўйхона эгасини босим остига олишган.

Кўрдингизми, жамиятимиз не чоғлик коррупциялашиб кетган!

Акс ҳолда уларнинг Эшонқулованинг тўйи билан неча пуллик ишлари бор?!

Махсус хизматларнинг қорин ғамлари ўрта ичида қудалар ўртасида унғайсизлик, ҳижолатбозлик келтириб чиқарди!

Ёки мен хато ўйлаб хомтама бўлаяпманми? Аслида қизимнинг тўйини тўхтатиш, тўйхона эгаларини қўрқитиш орқали менга зуғум ўтказиш режаси ростанам тепадан берилганми? Менга босим ўтказиш кўрсатмаси юқоридан бўлганми?

Қуда томон бундан икки йиллар илгари қизимга оқ ўраб, узук тақиб, бошини боғлаб кетишганди. Аслида тўй икки йил олдин 2 октябр куни бўлиши керак эди. Бироқ ўшанда ҳам фуқаро кийимидаги 3-4 та махсус хизмат ходимлари участка нозири ва маҳалла оқсоқоли билан қудаларнинг уйига мен ҳақимдаги интернетда чиққан жамики салбий мақолаларни қоғозга чиқариб келтириб беришган ва “Танишинглар, мана, сизлар қандай аёл билан қуда бўлмоқдасизлар! Ўғилларингни бахтли бўлишини истамайсизларми? Болангизга раҳмингиз келмайдими? У аёл билан сизларни нима боғлаб турибди? Бу хотин (Малоҳат Эшонқулова) халқ душмани. Шундай оила билан қуда бўласизларми? Эҳтиёт бўлинглар, яна бирор кун кечки пайт сизлар ҳам йўқолиб қолиб, ўзларингни подвалда кўрманглар яна. Сизлар яхши оиласизлар, шунинг учун ҳам бу гапларни сизларга раҳмимиз келгани учун айтаяпмиз” дейишганди. Қуда томоннинг юракларини ёришганди. Умрида бунингдек таҳдидларни кўрмаган қудаларимиз ўшанда биринчи марта қаттиқ чўчиб қолишганди ва “Унақа бўладиган бўлса, бунингдек ватан хоини бўлган аёлнинг қизини келин қилмаймиз” деб тўйни тўхтатиб қўйишганди, юз ўгириб кетишганди. Ўртада қизимнинг шаъни, ғурури, бахти тикилгани сабабли ҳам мен бу борада деярли чурқ этмагандим. Кўниб қўя қолгандим. Кейинчалик куёв боланинг “Ўша қиздан ўзгасига уйланмайман” деган хархашасидан сўнг унинг ота-онаси – қуда томон қизимга ИИБ бошлиғи номига “Онам билан ҳар қандай ришталарни узаман. Борди-келди қилмайман, телефонда ҳам гаплашмайман” деб тилхат ёзиб берсанггина келин қиламиз” деган шартни қўйишганди. Қизим бунга рўйхиш бермаганди. Унамаганди. Боламни бахтини ўйлаб, уни ўзим кўндиргандим. Хатто мен билан борди-келди қилмаслигига ҳам кўнгандим.

Хўш, шундан кейин ҳам бу махсус хизмат ходимлари мендан нима исташади ўзи? Мақсадлари нима?

Ёки қизимнинг тўйини тўхтатиш орқали амалдорлар ўз кучини кўрсатмоқчими? “Мансабдорларни танқид қилганларнинг ҳолини мана шундай хароб қиламиз!” деган қабилида халқнинг кўзини қўрқитиб қўймоқчи бўладими? Муддао нима ўзи? Нима учун менинг танқидларим учун болам жавоб бериши керак?! Ўша қонунни кўрсатинг менга!

Махсус хизмат ходимларининг “Шу аёлнинг қизини тўйини ўтказадиган бўлсанг, тўйдаги меҳмонларни қўчага қувиб солиб, тўйхонангга қулф осамиз!” қабилидаги таҳдидлари орқали бир эмас, икки, уч томоннинг ҳақ-ҳуқуқлари паймол этилмоқда, ҳақ-ҳуқуқлари бузилмоқда!

Биринчидан, бунингдек босим ортидан менинг, қизимнинг, оила аъзоларимнинг шаъни топталмоқда, иккинчидан қудаларимизнинг, бўлажак куёвнинг ҳамияти оёқ ости этилмоқда, учинчидан, тўйхона соҳибларининг ҳуқуқлари масхара қилинмоқда! Бўлажак ёш бир оила барпо бўлмасдан нурамоқда!

Бу дегани, махсус хизмат ходимларининг калта ўйлик билан, мутлақо ўйламасдан қилган биргина ноқонуний ҳатти-ҳаракати ортидан бир эмас, уч оила кўнглида ҳукумат бошқарувига нисбатан норозилик келиб чиқмоқда!

Ё фикрим нотўғрими?

Аслида ким жиноятчи?

Бир умр кеча-ю кундуз тер тўкиб, катакдек уйда ўтирган менми? Ёки халқни қақшатиш эвазига порахўрлик ортидан қўшқаватли иморатлар қурган корчолонларми? Коррупцияни болалатиб ётган орган ходимларими? Жамият олдида кимнинг гуноҳи оғирроқ? Халққа адолатсизлик қилиб, аҳолини қон қақшатаётганларнинг гуноҳи зиёдроқми, ёки меникими?

Аслида кимнинг тўйини тўхтатиб қўйиш керак ўзи?!

Яқинда Ўрикзор маҳаллаларидан бирида бир МХХ ходимининг уйини кўриб, қотиб қолдим. Бу қаср олдида сизнинг саройингиз ип эшолмасдан қолади!

Хўш, прокурор, МХХ ходими ва ё ИИБ бошлиғи ўша уч қаватли иморатларни ойлик иш ҳақига, ҳалол топган пулига, пешона тери эвазига бунёд этганига сиз ишонасизми?

Балки сиз ишонарсиз? Аммо бунга менинг шубҳам бор!

Хўш, аслида жамиятда ким жиноятчи экан?! Жамиятимизга кимнинг зарари кўпроқ тегаётган экан? Айнан ўша масъулиятсиз айрим орган ходимлари-ку жамиятни ичидан нуратаётганлар!

ЎзМТРК раиси Алишер Хаджаев, Хайрулла Нуриддиновлар порахўрлик қилишмаганларида, коррупцияни болалатишмаганларида, адолатсизлик қилишмаганларида, тўғри бошқарувни йўлга қўйишганларида эди, сизнинг бошқарувингиздаги бу ҳукуматда менингдек норозилар сони биттага ортмаган бўлур эди!

Нега адолатсизликлари орқали жамиятда бизнингдек норозиларни болалатаётган муттаҳам чиновникларнинг таъзирини бериб қўймайсиз? Тушунарсиз!

Мен жиноятчи эмасман! Аслида мен давлатни адолатли бошқаруви умидида ўз касбим орқали кўмак кўрсатаётган, жойлардаги ҳақсизликларни ошкор қилиб келаётган шахсман!

Ислом Абдуғаниевич!

Махсус хизмат ходимларига нима керак ўзи?

Қизимнинг тўйини тўхтатишса бир қоп семиришадими?

Нима исташаётганларини ҳатто уларнинг ўзлари ҳам билишмайди!

Ҳурматли Президент!

Муҳтарам жоноблар!

Қизим Ҳакимова Зарнигор Авазовнанинг ҳукумат олдида қандай гуноҳи бор! Нега унинг тўйи ҳамма қатори тўйхоналарда ўтиши мумкин эмас? Бу қай бир қонун билан таъқиқланган? Ва нега?

Дилором” тўйхонасининг бошлиқларини “Шу аёлнинг (М. Эшонқулованинг) тўйини ўтказсанг, тўй куни меҳмонларни қўчага ҳайдаб, тўйхонангга қулф соламиз!” дея таҳдид қилганлар, мамлакатимиз қонунларини оёқ ости қилиб, Ўзбекистоннинг озод фуқаролари ҳақ-ҳуқуқларини топтаган арбоблар кимлар?!

Модомики, тўйга қаршиликлар ҳозирданоқ бошланиб кетган экан, бугун тўйхона эгаларига таҳдид ўтказаётган ўша зўравон махсус хизмат ходимлар эртага тўйдаги тўпалонда қасддан қандайдир варақалар (уларга шунингдек туҳмат уюштириш урф бўлган-ку) ташламайди, қасддан жанжал (Қашқадарё прокуратураси олдида махсус ёлланган жангари аёлларга режа асосида бизни атай калтаклатишгани каби) чиқаришмайди, наркотика “топиб олишмайди”, тўйда қасддан тўпалон уюштиришмайди деб ким кафолат беради? Қасддан қитмирлик қилмасликларига кафолат борми? Йўқ.

Мабодо фарзандларим тўйида бирор бир кор ҳол содир бўладиган бўлса, билингки, шубҳасиз, бунга махсус хизмат ходимлари бош қўшган бўлади!

Ислом Абдуғаниевич!

Мен энди нима қилай? Қизимнинг тўйини тўхтатайми? Орган ходимларининг кучи бегуноҳ бир қизнинг тўйини тўхтатишга етдими? Бундан юқорида ўтирган амалдорлар уялишмаса, шундай қиламан. Тўйни тўхтатишга мажбур бўламан.

Президент!

Сиз, мамлакатнинг раҳбари сифатида менга махсус хизмат ходимлари тўйимда қасддан кўнгилсизликлар уюштирмасликларига кафолат беришингизни илтимос қиламан!

Таҳдид ва босимларга чек қўйилишини таъминлашингизни сўрайман!

Илтимосим, тўйхона соҳибларига босим ўтказган ва бегуноҳ қизимнинг тўйини тўхташига уринган, қудаларнинг кўнглига ваҳима солган, ғайриқонуний йўл тутиб, ҳақ-ҳуқуқларимизни паймол этаётган орган ходимларини топишда кўмаклашингизни ва уларга қонун доирасида чора кўрилишида амалий кўмак беришингизни илтимос қиламан!

Эшонқулова Малоҳат
30 октябрь, 2015 йил

http://uzxalqharakati.com/archives/34357