May 132015
 

Соҳиба Ҳайитбоева Мустақил журналист, Москва

  • 12 Май 2015

Баҳам кўринг

Андижон воқеалари сабаб Россияга қочиб келган муҳожирлар жуда кўп. Уларнинг аксари 13 май куни бўлган қирғинни эслашни истамайди, ёки ўзларини унутган сингари тутади. Тўғрироғи, бу ҳақида сўз очишга қўрқишади. Ҳатто муҳокама ҳам қилинмайди. Ўн йил олдинги фожеа гўё бўлмагандек. Базўр оғиз очганлар ҳам ҳавотирларини яширишмайди.

Жон ширин…”

Кўзим билан кўрганларимни айтишга юрагим йўқ, – деди водийлик гувоҳ аёл. “Жон ширин, бир марта ўлимга рўпара келганимиз етади”. Яна бири бегуноҳ халққа автомат ўқталиб турган ҳарбийларга қараб “от мени!” дея алам билан кўксини очиб чиққанида, ҳарбий осмонга қараб кетма- кет ўқ узгани, одамлар қўрққанидан ҳар томонга қочганини айта олди.

Андижонлик бир йигит отаси ўшанда қамоқдан чиққанлар орасида бўлгани, шу воқеа сабаб яна рецидивист сифатида 5 йил муддатга қамалганини айтади. Яна бир киши эса ўликлар орасида зўрға эмаклаб бориб ўзини сойга ташлаб ажалдан қутилиб қолганини эслади. Қолганлари гапирмайди. Гапиролмайди.

Ўн йилдирки, ҳамон қўрқув уларни “гунг” қилиб қўйган.

Меҳнат муҳожирлари орасида андижонликлар жуда кўпчиликни ташкил этади. Аммо уларнинг деярли барчаси тинчгина ишлаб, тирикчилик қилишни маъқул топишади. Неча йил ва неча минг километр олисда ҳам қўрқув таҳдид солиб турибди…

Белги қилинглар, биздан эканингиз билинсин!”

Қонли кунларнинг гувоҳи бўлган андижонлик йигит диктофонга ёзмаслик шарти билан яқин ўтмишни хотирлади. “Бу гапларни учинчи марта гапираяпман, олдин отаму бир дўстимга айтиб бергандим, холос. Ва бошқа эсламайман ҳам” деди Камол. (Исми ўзгартирилган – Таҳририят)

Қирғин рўй берган куни Камол эрталаб дўстлари билан дарсга кетаётган эди. Талабалар йўл ёпилгани сабаб машинадан тушиб қолиб, 500 метрлар чамаси нарида бўлган дахшатли воқеанинг гувоҳи бўлишди.

Ҳалигача кўз олдимдан кетмайди, – дейди Камол. – Ҳаммаёқ қон, ўликлар, ярадорлар, тирик қолган одамлар ерга ётиб олган. Кинони ичига тушиб қолгандек бўлдик. Боши, бадани ўқдан сочилиб кетган таналарни кўриш жуда аянчли бўларкан… Ёш болалигимизга бориб, ариқларни ичидаги ўқларни терганмиз”. Камолнинг айтишича, у дўстлари билан 3 кун давомида майдонда юрган.

Ватанпарвар эканмиз-да ўша пайт ҳам”, – дейди у. Ўн икки нафар йигит ҳокимиятни қўриқладик. Ичкарига халқни қўймай турганимизда МҲХ келиб одамларни уриб-тепиб ташлаётганди, биз ичкарига киритмаётганимизни билиб “белги қилиб олинглар, биздан эканликларингиз билинсин!” дейишди. Кейин дўстларим билан пардалардан боғич қилиб йиртиб тирсакдан юқорироққа боғлаб олдик”.

“Ичкаридаги ўликларни бир жойга тўплаб ўрисча қилиб ковладик. Мурдаларни дераза пардаларига ўраб кўмдик. Кейин ҳамма ўликларни “Камаз” олиб кетди, шу билан уларни қаерга кўмилганини билмадик ҳам. Ҳатто “Камаз” ҳайдовчиси шу билан ҳам йўқ бўлди. Ёнғин чиққанида ўт ўчириш бўлимига югурдим. Лекин келишмади. “Юқоридан буйруқ бор, ёнса ёнаверсин” дейишди.

Ертўладаги ошхўрлик

“12 дўстдан 7 киши қолдик, қолганлари қўрқиб кетиб қолди. Биз бақувват, каратечи болалар эдик, милицияга ишга кирамиз деб бўлимга тез-тез келиб шуғулланиб юрганимиз учун ИИБ ни яхши билардик. Кечгача уларга қарашиб юриб, подвалга кириб қолдик. Қарасак, генерал, бошлиқлар, ҳаммаси подвалда ош еб ўтиришган экан. Кун бўйи оч юргандик, бир чеккада лаганда улардан қолган ошга ёпишдик. Бизни кўриб бошлиқлар патир нон ҳам беришди”.

Камол бу воқелар унинг руҳиятига қаттиқ таъсир қилганини гапириб берди: “Кейинги 2 кун шаҳарда очарчилик бўлди, ҳисоби. Дўконлар ёпиқ, нон йўқ. Ҳеч ким кўчага чиқмайди. Қон ҳиди димоғимга ўтириб қолган, ҳеч нима ея олмай қолдим, кўнглим тинмай айнирди. Хонамда автомат кўтарган Шварцнеггерни расми бор эди, кўзим тушиб ўзим билмаган ҳолда йиртиб парча-парча қилиб ташладим. Ўйинчоқ пистолетларни кўрсам ҳам синдириб отиб юборардим. БТРнинг одамларни кетма-кет отганича у ёқдан бу ёққа юргани, тизза бўйи қон, аянчли ўликлар… Эртаси кунигача ҳаммаёқ тозаланди. Ўт ўчирувчи машина кўчаларни сув сепиб ювиб, ҳеч нима бўлмагандек қилиб қўйган бўлса-да, бу кўринишлар бир умрга онгимда қўрқинчли тушдай қолди”.

Онамни қамашганда тамом бўлганман”

Орадан вақт ўтиб, Камол ўқишини тамомлади. Ўзи истаган, жамоатчи сифатида кўмаклашиб юрган ИИБ га гарчи ҳамма талабларга жавоб берса-да, ишга олишмади.

Отам Россия фуқароси бўлгани учун ололмасликларини айтишди”, – дейди у. Гарчи Андижон воқеалари ҳақида ҳеч кимга чурқ этмаган бўлса ҳам, уни ортидан кузатиб юришганларини сезганини айтади. Ишга оладиган бўлганликлари учун назоратдаман, деб ҳисоблаган экан ўз фикрида.

Роса иш қидирдим, топа олмадим. Охири, институтга ишга кирдим, бир ойлик иш ҳақим битта шим ва туфли сотиб олишимга етди. Мен уйда катта ўғилман, укаларим бор, онамга ёрдамчи бўлиш ўрнига йўлкирамни онам берардилар. Ор қилдим. Ва ишлаш учун Москвага келдим. Ҳаммаси шундан бошланди”.

“Мен кетишим билан онамни қамаб қўйишди. Эшитиб ўзимни йўқотиб қўйдим. Укаларим қаровсиз қолиб кетди, ўзим ҳали иш топганим йўқ, ўқимишли бўла туриб қора ишларни қилиб амаллаб кун кўриб юрган пайтим эди. Қайтиб бораман деб турганимда менга жиноий иш очилганини айтишди. Бу яна бир зарба бўлди менга. Қайси айбим учун?!”

“Суриштирсам, мени ўғирлик нарсаларни сотиш ва 10 га яқин айбларни қўйишибди. Қўшниларимиз, яна кимлардир гувоҳлик ҳам берибди. Гувоҳлик берган бир киракаш қўшнимизни топиб унга қўнғироқ қилдим ва нега ёлғон гапирганини сўрадим. “Сени ҳам обориб тиқиб қийнашса, шундай қилардинг, деди”. Менга ҳалигача алам қилади, нима айб иш қилдим?!”

Борсам, чириб кетсам керак”

Камол Андижон воқеалари ва Москвага келганидан кейинги ҳаётидаги воқеалар сабаб руҳий хасталикка чалиниб даволанишга мажбур бўлди. “Бир йил деганда ўзимга келдим ва энди ҳамма нарсани юрагимга яқин олмасликни ўргандим. Ҳамма нарсага тайёр туриш учун,” – деди изтироб билан ва қўшиб қўйди: “Аслида онамни қамашганида тамом бўлганман”.

Мудҳиш кунларга гувоҳ бўлгани учун Ватанидан айрилган Камол ўтмишни эслашни ҳам, гапиришни ҳам хоҳламайди. “Мен бу ерда бўлганим билан жигарларим Андижонда. Уларга яна зиён етишидан қўрқаман” дейди. У ўзини Москвада ҳам эркин ҳис қилмаслигини айтиб, телефонда гапларини тинглашидан ҳавотирланишини, ҳеч кимга ишонмаслигини билдирди.

Андижонни соғиндим, – деди у ўкинч билан, – лекин борсам, чириб кетсам керак…”

http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2015/05/150512_andijan_migrants_fear