Mar 282015
 

(Борис Немцов – Сиёсат қурбони)

Украина ҳам зўр, мустақил давлат

Бўлиб яшайдиган бир пайти келади.

Пушкин

Кўкка етди сабр дарахти,

Йиғла, қирим, йиғла, тангрикўк.

Не бўлмоқда инсонлар айтинг,

Қирим бору қиримликлар йўқ.

Рауф Парфи

Немцовнинг қотили – тепада”.

Кремл – дунёни Чалғитаяпти”.

Бориснинг ўлимида

Мусулмонларнинг алоқаси йўқ.

Бу – Кремль тўқиган чўпчак”

Қийноқ билан ҳар нарсани

бўйнига олдириш мумкин…”

Ўрис қўшини Украинага бостириб кирди”

Яширинча… Бўронли кунлар… Туманли кунлар…”

Қурол ҳам шундай пайтларда киритилаяпти”.

Спутник кўрмайди – да…”

Бу геноциднинг мудҳиш кўриниши”.

Деградацияга учрайди”.

Девальвацияга йўлиқади”.

Дискриминация билан шуғулланган босқинчига бу ҳам оз”.

Қрим – Қрим ҳалқининг юрти”.

Фашист қон қусади”.

Дунё қараб турмайди”…

Бу эл орасидаги гаплар.

Воқеа юз берган ондаёқ, мен Борис Немцовнинг ким ўлдирганини сезган эдим. Буни чеченларга ағдарганда кейин аниқ ишондим. Жаллод – қўл етмас ерда ўтирибди. Борис унинг… ўта махвий топшириғи билан отиб кетилди. У – сиёсат қурбони бўлди.

Кремлнинг шундай ёнида, ўз уйи яқинида, ҳар қадамда полислар изғиб юрган ерда Борис Немцовнинг ўлимини гуноҳсиз чеченларга тўнкаш ғирт туҳмат. Бунга ақли бор киши ишонмайди. Аммо аҳмоқ ўз жиноятини яшириш учун ўлиб – тирилиб харакат қилади. Ҳудди тузоққа тушган тулкидек. Қанча урунмасин, қинғир ишнинг қийиғи чиқади. Бугун бўлмаса эртага…

Ингушларнинг машинаси билан эмиш… Радарлар хира тортганмиш… Рамзан Қодировнинг луқмаси… телевизорда кўз – кўз қилиниши.. мукофатланиши… қотилни албатта топармиш… Бориснинг онаси – Дина Эйдманга тазия билдириш…

Бу – алаҳсираш…

Бу – талваса…

Бу – чўпчак.

Бу – Кремлнинг эски, сийиқаси чиққан ўйини. Немисларни ёмон кўрсатиш учун ўрис фашистлари ўз халқини қиришган. Йиллар кечароқ бу ҳақда рус ойдинлари ҳақни ёздилар.

Унинг… рус халқини ҳалокатга элтувчи ёвуз сиёсатига ким қарши чиқса, у ўлдирилган. Изсиз. Борисдан бурунгилари қанча?.. Буни дунё билади. Кремлдаги узоқни кўра биладиган кишилар унга қарши. Ҳозирча дамлари ичида. Ҳозирча…

Унинг Борисдан сал олдинги “ўлжа”си Литвиненко эди.

Немцов ҳам сўнгиси эмас…

Юртни, юртларни бузаётган, қонга ботираётган ўша…

Кремл қули, ялтоғи Янукович ахлатга улоқтирилгач, унинг… алами, қаҳр ғазаби ҳаддан ошди. Тинч, қарамсиз Украинага қутуриб хуруж қилди. Тала-тўпдан фойдаланиб, қиримга тиш – тирноғигача қуролланган қўшин киритди.

Яширинча,

Писиб…

Қиримни босиб олди. Босқинчига қарши турган туб ерли элни – сон саноқсиз қирим ва украинларни қамоққа тиқди.

Амнистия дегани – чўпчак.

У… ёлғонни янада улғайтирди:

Қирим ўз тарихий ватанига қайтди”.

Ўз тарихий ватани” эмиш.

Қиримни ўрисга зиғирча алоқаси йўқ.

Ер,

Эл,

Тил,

Дин жиҳатидан ҳам.

Қирим – Қирим халқиники!

Қирим – Қирим халқининг тарихий ватани! Кремлнинг даҳлсиз қрим юртида амнистия ўтказишга мутлақо ҳаққи йўқ!

Қирим – туркнинг бир уруғи.

Қирим – тарихан Туркия билан бир бутун бўлган.

Татар, бошқирд, чуваш, балқлар, қорачой, нўғай, қумуқ, шўр, хокас.

олтой, тува, сахалар мисол.

Бу ўлкаларимизни чор фашистлари босиб олишган.

Босқинчилар шу қондошларимизнинг ер ости, усти бойлиги ҳисобига қутиришмоқда.

Амнистия эмиш!..

Агар унинг… “Амнистия” аталмиш бу усули татар, бошқирд, чуваш, балқлар, қорачой, қумуқ, сибир туркларига қўлланилса, шубҳасиз, ҳеч шубҳасиз улар Россиядан ажралиб чиқади. Чечен, ингуш, абхаз, оситин ҳам. Қисқаси, Россия сиртмоғида ўрисдан бошқа қанча эл, элат бўлса, ҳаммаси.

Қайси миллат бошқа миллат бўғовида яшашини истайди?

Ҳеч бир миллат.

Унинг бошқа халқлар устидан ҳукмрон бўлиш сиёсати, зулмкор, қонли сиёсати Россияга офати келтириши мумкин.

Буюк офат!..

Такрор айтаман, Россиянинг ҳеч бир жиҳатдан Қиримга тааллуқли, боғлиқ ери йўқ. Қирим элининг қони ўрис қонига минг йил қайнатса ҳам қўшилмайди. Рус улуси Қиримда яшаяптими, туб томирли халқнинг ҳурматини қилиб яшайверсин. Яшагиси келмаса, ана этник ватани – Россия!..

Қирим Украин билан бир оила эди. Тенг хуқуқда, тинч, тотув яшашарди. Бу элксевар халқлар орасида буюк яқинлик бор. Руҳий яқинлик!

Ичи қора Кремл, йўқ, у – ашаддий шовинист, фитнакор, агрессор бу тенг дўстлик ва иноқликни кўролмади. Ўзининг ёвуз кучига таяниб, Қирим юрагига қонли қўлини тиқди. Бу билан Украина даҳлсизлиги, яхлитлигини бузмоқчи бўлди.

Вақт келади, қассоскор вақт, бузмоқчи бўлганнинг ўзи бузилади.

Кучга ишониш – россияни емиришга олиб келади. Улуғ Украина асрлар бўйи ўрис бўғовидан чиқолмай келди.

Энди қутилганда бу хол…

Қиримни ишғол этгандан кегин Кремлнинг, хусусан, унинг… нафс ўпқони аждархо оғзидек очилиб кетди. Мустақил Украина Шарқига қўшин, яроқ киритди. Киритмоқда. Эски гегемонлигини қўмсаб. Аммо у қабиҳ ниятини беркитаяпти. Зўр бериб. Гўё рус тилли кимсаларни химоя қилган бўлиб. Басурин, Захарченкога ўхшаш жаллодларни ишга солиб. Орқасидан, пуфлаб. Бу нонкўрлар ўзига нон, туз, жой берган украина халқини отишаётир. Руслар, рус тилли каслар Украина тупроғида яшаяптиларми, марҳамат қилиб Украин тилини ўрганишсин. Йўқса, бу тузга тупуриш бўлиди. Агар Украин тили, урф – одати ёқмаса, ўз юртларига кўчиб кетишсин. Уларни зўрлаб ушлаб турмайди. Ҳеч ким. Ҳеч қачон. Буюк, эрксевар, меҳнаткаш, оқ кўнгил украин халқи бу келгиндиларга зор эмас.

Россияда яшаётган бошқа эл, элатлар русча сўзлашаяптилар – ку. Нега бундан Кремль ўзига оқил хулоса чиқармаяпти. Кремлнинг туб мақсади Украинани қайта қафасга солиш. Секин – секин ўзга халқларни ҳам. Қисқаси, СССРни ўзгача ном билан тиклаш. Турли боҳона, важлар билан… Ҳеч замон унинг маккор, манфур, олчоқ тузоғига илинмаслик керак. Аждарга инониб бўладими?

Кўрмаяпсизми, Украина ерлари – Донбас, Луганск, Мариаупуллар қонга ботирилаяпти. Инсон қонига! Бу – унинг… шовинизм руҳи билан қотилган калтабин, йиртқич, очофат сиёсати туфайли юз бераётир. Буни онгли дунё кўриб, билиб турибди. Лекин у… ғараз ниятини яшириш учун оммовий – ахборот воситаларини, жосусларини, жаллодларини жон – жахди билан ишга солмоқда. Унинг… мунофиқ башарасини очаётган Овропа ва Америкага ўлиб – тирилиб туҳмат тошларини ёғдираяпти. Бу:

Шармандалик!

Нодонлик!

Кўрлик!

Бу билан у… ўзига чуқур қазияпти.

Халқини тубсиз жарга етаклаяпти. Яъни:

Иқтисодий бўхронга!

Таназзуллга!

Бўлакланишга!..

Темур ҳоқон сўзи:

Бир одам ҳам салтанатнинг умрига завол бўлиши мумкин”.

Буюк Темур ҳақида китоб ёзган франсуз адиби Брион Марсел сўзи:

Улкан тарихий воқеаларни келтириб чиқарган сабабларни оддий ва арзимас экани кишини ҳайратга солади. Биргина лимон мажораси туфайли 1378 йили форс империяси маҳв этилди. Буюк Темур томонидан. Бунга форснинг калтафаҳм, мақтанчоқ шохи Мансур Музаффари сабабчи бўлди. У манманлиги билан нафақат ўзининг, балки, бутун уруғ – аймоқларининг ҳам, империясининг ҳам бошига етди”.

Темур хоқон сўзи!

Тож, тахт ва ҳокимият асли ўз мамлакати бахт – саодати, халқининг тинчлиги ва осойишталиги йўлида жонини қурбон қила оладиган, бу ҳаёт лаззатларидан воз кеча оладиган инсонларга ярашади. Бироқ нега нолойиқ кимсалар номуносибликларани билганлари ҳолда – унга ёпишадилар. Мамлакатни таназзулга олиб бориб, яна зўр бериб шу мавқе ва мартабани ушлаб қолмоқчи бўладилар?.. Улар ҳукмдорликни ҳамма нарсага эгалик қилиш деб биладилар”.

Шундан келиб чиққан ва ўз идрокимга таянган холда айтсам, уни… хавф кутаяпти.

Даҳшатли хавф!..

У… буюк ва ростгўй цивилизатцияга, яъни Америка ва Оврўпага осилиш билан бирга даҳлсиз Украинани тинмай қоралаяпти. Ёлғон, туҳмат, таҳдид билан. Унинг… радио, телевизорлари, умуман, оммавий – ахборот воситалари кечаю кундуз иғво тарқатиш билан банд. Миллат иззат – нафсига тегиш билан банд:

Бендера!”

Бендери!”

Бендера ким?”

Бендералар кимлар?

Украинанинг озодлиги учун рус босқинчиларига қарши курашган миллий қахрамонлар. Шу боис шовинистлар уларга тоқат қилилмайдилар. Аламларидан тамоқларини йиртиб, буюк Украин халқининг ғурур ва нафсониятига тегадилар. Украина ўз мустақиллигининг илк давридаёқ Киевнинг қоқ ўртасига Бендеранинг улкан хайкалини ўрнатса бўларди. Дорошенко¹, Гордеенко², Мазепа³ларнинг ҳам.

Бу – дунёга устун бўлиш истаги билан ёнаётган шовинист – босқинчиларга муносиб совға бўларди.

Ҳали ҳам кеч эмас.

Улар ҳақида китоблар ёзиш, кино – филмьлар олиш керак.

Мазепа ҳақида бир оғиз сўз:

Мазепа Украина Ҳукмдори – Гетмани бўлган. Пушкин Мазепа тўғрисида “Полтава” деган поэма ёзган. У Украина озодлиги учун ўрис императори Пётр бошлиқ қўшинларга қарши савашади. Поэмадан сатрлар:

Озодликнинг қонли байроғин албат

Пётрнинг бошига сураман энди.

Ёки қуйидаги мисралар ботир Мазепанинг босқинчига нафрати чексизлигидан ва исёнкор руҳи буюклигидан далолат беради:

Энди у Пётрга қудратли душман.

Энди у дадил турар қўшин олдида,

Ифтихор чарақлар қарашларида,

Қиличин ўйнатиб Деснага томон,

Энди от қўйарди бардам ва чаққон.

Ҳар бир миллат қарамсиз, эркин, ҳур яшашга ҳакли. Бунга “Улуғ оға” чидолмайди. Бошқалар унга қуллик қилиб туриши керак. Унинг мақсади шундай. Бу йўлда у дарё – дарё қон тўкишдан тоймайди. Унинг Ўрта Осиё, Болтиқ бўйи, Кавказ ерларини қон денгизига айлантиргани тарихий ҳақиқат. Ҳозир даҳлсиз Украинани шу ҳолга солаётир. Бунинг устига чидаб бўлмас таҳқирлар билан.

Ўзга миллатларни ерга уриш, ўзини улуғлаш шовинистларга теккан касал. Гўр тузатадиган касал. У ўзбекни ҳам “ Босмач!” деб таҳқирлайди.

Босмачи ким?

Бомачилар – чи?

——————————————————————————————————————————————————–

1,2,3 – Доршенко, Гордеенко, Мазепалар – Украина халқининг миллий қаҳрамонлари, рус босқинчиларига карши курашган ботирлар.

Ўз юртини ўрис босқинчиларидан қутқазиш учун курашган ботирлар. Замон келади. Уларнинг номлари абадийлаштирилади. Чин маънода Ватан қаҳрамонлари шулар.

Маддоҳлар,

Ялоқлар,

Сотқинлар эмас!

Асл босмачилар эса:

Ўрис босқинчилари.

Мен Украинада хизмат қилганман. Уч йил. Танкчилар қисмида. Меҳнаткаш, очиқ кўнгил. Украин элини севиб қолганман. Гумбазсимон нонлари, қора булбалари, ўткир бодалари, яшил ўрмонлари,шўх, мунгли ўланлари, гўзал қизларини ҳамон эслайман. Армон билан. Шу билан бирга, афсус, бир нохуш воқеа ҳам эсимдан чиқмайди. Орадан қанча қишлар оқиб ўтса ҳам.

Ўшандан қилдан қийиқ ахтарадиган, ўзининг инжиқ феъли билан ҳаммани зада қиладиган сержант Волков:

Чала ювдинг, салага!” деган зуғум билан оддий аскар Бондаренкога уч марта казарма полини ювдирган эди. Тўртинчи гал Бондаренко буйруқдан бош тортди. Бундан Волков ғазабга минди:

Юв! дея бўридек хириллади, юв, сука!”

Ҳиқилдоғимга келдинг, свинья!”

Хохол, сабака!” Волков ременини ишга солди.

Бондоренко бир ҳамлада сержантдан ременни тортиб олди. Ва пол латтани унинг башарасига отди:

Гад!”

Аламига чидолмаган Волков жазавага тушди. Боши қонга беланаётган Бондоренконинг ёқасига ёпишди:

Убъю , бендера!!!”

Калтакка чидаган украин йигит, бу гапга чидолмади. Сержантнинг чотига тепди. У авратини чангаллаб, букчайиб қолди. Бондоренко керза этиги билан унинг оғзига тепди. У нам полга вой войлаб қулади. Бондоренко сержантнинг кекирдагига чанг солди. Агар биз (аскарла) ажратмаганимизда, Бондоренко Волковни ўлдириб қўярди.

Шу – шу Волков таёқ еган итдек думини қисиб юрадиган бўлди.

Бондоренко эса уч йилга қамоққа ҳукм қилинди.

Комондирга қўл кўтаргани учун. Аслида:

Улуғ оға”га…

Мен бундай камситиш, муштлашиш, жанжалларга кўп гувоҳ бўлганман. Ўзим ҳам унинг “шарбати” дан “татиб” кўрганман. Агар “ Улуғ оға” айбдор бўлса ҳам, қонун уни ғолиб этарди. Ҳамиша.

Боғдон элининг дағал, аммо ҳақ билан қотилган бир мақоли бор. Мен уни бошқа қолипга солиб айтаман:

Зўрнинг сассиғи… тегирмон тошини юргизади”.

Бунинг Украина мисолида жаҳон кўриб турибди. Рус радикал кучлари бу агрессив сиёсатга қарши. Борис Немцов унинг ёрқин намаёндаси эди. У ўлимидан икки кун олдин Россия Украинага қўшину қуроллар ташлагани ҳақида ўзида ҳужжат борлигини айтган эди. Уни ўлдиришди. Ёлланма қотиллар. Унинг … топшириғи билан. Немцовнинг уйини жадал тинтув қилдирди. Қўрққанидан. Не ҳужжат бўлса, ҳаммасини олдирди. Бироқ буларнинг айрим нусхалари сақланган. Бориснинг дўстларида…

Замонлар кечароқ бу ҳужжатлар сўзлайди. Ўзини оппоқ қилиб кўрсатиб юрган каснинг қоп қора ниқоби йиртилади. Кўз олдингизда Демон гавдаланади.

Одам қиёфасидаги Демон!

Борис Немцов ўлдирилмаганда, унинг… бутун кирдикори, жумладан, Украина уруши бошида у… турганлиги очиларди.

Илдиз илдизи билан.

Икки кундан сўнг…

Кўп минглик намойишда…

Улгурмади.

Афсус !

Узун йиллар халқларни қафасда сақлаб келган ўрис империясини қўмсаётган агрессорнинг олчоқ ниқоби йиртилмай қолди.

Ҳозирча…

Вақтинча…

Лекин буни онгли дунё билади. Борис Немцовнинг ўлдириш сценариясини ким ёзганлигини ҳам… Чеченлар бегуноҳ эканлигини ҳам…

Қўрқоқ олдин мушт кўтаради” дейишади. Унинг… оммавий – ахборот воситалари Украинадаги урушга ва Немцовнинг ўлдирилишига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини исботлаш учун туну кун тамоқларини йиртишмоқда. Ҳамма айбни Украинага тўнкашмоқда. Ғарб билан Океан ортига канадек ёпишишияпти. Афтидан,кейин, туҳматлари ўтмаслигини англашди. Фитналари очилиб қолишдан ҳам чўчишди.

Америка – Америкада.

Оврўпа – Оврўпада.

Оқил дунё.

Фириб беришолмайди.

Қайтага ўзларининг этаклари очилиб қолади…

Борис Немцовнинг ўлдирилишида, исломни нишонга олишди. Исломга лой чапласа бўлаверади. Исломда:

Бирлик йўқ.

Қудрат йўқ.

Шунга қора ният билан ясалган заҳарли тиғларини бегуноҳ чеченларга санчишди.

Мислсиз қийноқ билан ёзуқсиз киши бўйнига “Қотил” деган айбни қўйиш алимсоқдан қолган усул. Мен қамоқда бу нарсаларни кўравериб қон бўлганман. Асл қотиллар, яъни орқаси зўр қотиллар четда қолади. Уларнинг ўрнига бегуноҳлар отилади. Аваз,Бахти, Маҳмудлар шулар жумласидан.

Чирчиқ зонаси (64/6, 15 – туркум)да Димитрий Пинюгин “емаган сомса” – сига қамоқда ўтирибди. Узоқ йиллардан буён.”Одам ўлдирган”, деган туҳмат билан. Унинг ёшлиги қамоқда ўтган, ўтаяпти. У элликка чиқаяпти. Уйланмаган . Орқасида ҳеч кими йўқ. Шўрлик эртадан – кечгача мужикларнинг йиртиғини тикиб, ямаб кун кўради. Тўғри одам. Қинғирликни билмайди. Бир проходда яшардик. Бирга чой ичардик. Уйдан келган узатмамни у билан баҳам кўрардим. Баъзи – баъзида очилиб суҳбат қурардик.

Қамоқда Димадай каслар озмас.

Борис Немцовнинг ўлимида айбланаётган Дадаевларга ҳам инсон боласи чидолмайдиган қийноқлар қўллашади. Оқибат: “Немцовни ўлдирдик”, деб ёзиб беришади. Ёки ўлиб қутилишади. Балки, тоғ – тоғ ваъдалар билан уларни алдашар? Бироқ кейин ўлдириб юборишади. “Иси “ чиқмаслиги учун.

Мен талай марта бундай ҳолларнинг шоҳиди бўлганман.

Қисматдошларимдан ҳам эшитганман. Ўз бошимдан ҳам кечирганман. Дажжоллар мени номаълум қамоқхонада дубинкалар билан уриб, тирноқларим ораларига тиғлар тиқиб қийнашган. Бир неча марта ўлим қопи кийдиришган. Шундан сўнг мен улар туҳмат билан талаб қилган сўзни ёзиб беришга мажбур бўлганман:

Тошкентни мен портлатдим”.

Қийноқдан ўлимни афзал кўрганман.

Бир мен эмас, айрим қисматдошларимнинг белларини узишганда, жигар, талоқларини ишдан чиқаришганида, авратларини ёқишганда, орқаларига дубинкалар тиқишганда, улар Тангридан ўзларига ўлим сўраганлар.

15 – туркумда(64/6) умуртқаси мажақланган, қишин – ёзин ўликдек қимирламай ётадиган Комил отли йигит Яратганга ёлворарди:

Аллоҳим, жонимни ол!”

Калтак ва заҳарли уколлардан бўйни қийшайиб қолган (64/6, тиббиёт бўлими) Шаббоз ҳам, таёқ, тепкилардан жағлари синган Ёқуб (15 – туркум) ҳам, жигари тамом бўлганидан қорни мешдек шишиб, қон қусуб ётган (14 -туркум) Фурқат ҳам Тангрига илтижо қилишарди:

Ўлим бер, Яратган Эгам!”

Қиссадан қисса шуки, Дадаевлар ҳам ўлимдан – да даҳшатли қийноқларга чидолмайдилар. ” Ислом душмани – Борис Немцовни отдик”, деб ёзиб беришади. Ва ўзларини ўлимга топширишади.

Ҳақгўй, қўрқмас, ботир Борис Немцовнинг асл қотили эса даври – даврон суришда давом этади.

Бироқ , менимча , бу сафар узоққа бормайди. Қотилбоши экани аён бўлади. Украинага хуружи ҳам…

Вақт керак,

Озгина вақт…

Украина босқинчини ер этади.

Вақт керак,

Озгина вақт…

Дунё Украина билан бирга.

Мамадали Маҳмуд (Эврил Турон)

15.03.2015