Mar 052015
 

ЎЗБЕКИСТОНЛИК МУХОЛИФАТ ВА ҲУҚУҚ ФАОЛЛАРИНИНГ ҲАЁТИ ХАТАРДА

Президентлик сайлови арафасида жамиятни демократлаштириш, Каримовдан мамлакат қонунларига итоат қилишни талаб этаётган демократлар – мухолифат ва инсон ҳуқуқлари фаолларининг ҳаёти хавф остида қолмоқда.

Уларга нисбатан таъқиб, тазйиқ, босимлар кундан-кунга кучайиб бормоқда.

Фактларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2015 йилнинг 3 март куни маҳаллий вақт билан соат 17.00 ларда Тошкнет Шаҳрининг Шайҳонтоҳур туманига қарашли Чорсу бозори яқинидаги Хур омад чойхонаси олдида Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси, “Альянс” инсон ҳуқуқлари ташкилоти фаоли, Ўзбекистон Халқ Демократик Ҳаракати аъзоси Алиқул Саримсоқов сирли равишда изсиз йўқолди.

Ўтган йилнинг июнь ойида Саримсоқовни ҳеч бир асоссиз равишда, суд ажримисиз мажбурий тарзда ички ишлар ходимлари томонидан Жиззах вилоят руҳий касалликлар шифохонасига 16 кун давомида қамал қилишган эди. Руҳий касалликлар шифохонасидан сўнг ҳам Алиқул Саримсоқов Жиззахдаги ўз уйида 10 кун давомида уй қамоғида ушлаб турилган эди. Алиқулга нисбатан қўлланилган ана шундай мислсиз тазйиқлар таъсирида у менинг хонадонимда яшаётган эди, – деб ҳикоя қилади “Эрк” партияси аъзоси, “Альянс” Инсон ҳуқуқлари ташкилоти фаоли Шуҳрат Рустамов, – Кеча, 3-март куни соат 15.30 да Чорсу бекатида биз Алиқул Саримсоқов билан ажрашган эдик. У уйга бориб, дам олиш истаги борлигини айтганди. Мен эса ташкилий ишларим билан кетгандим. Соат 17.30 ларда уйга келганимда, Саримсоқов уйда йўқ эди. Қўл телефонига қўнғироқ қилганимда, телефон чақирди, бироқ, жавоб бўлмади. Гўшак кўтарилмади. Орадан ярим соатлар ўтгач, Саримсоқовнинг +99894 3415377 рақамли телефони бутунлай ўчириб қўйилди. Мен Саримсоқовни “Келиб қолар” деган умидда соат 19.40 гача кутдим. Ундан дарак бўлавермагач, кейинги пайтларда бизга нисбатан бўлаётган аёвсиз таъқиблардан хабардор бўлганлигим сабабли, хавотирга тушиб, соат 19 дан 42 дақиқа ўтганда И.И.Б.нинг “102” – “Ишонч телефони”га А. Саримсоқовнинг бедарак йўқолганлиги ҳақида хабар бердим.

Шундан кейин тунги соат 21.30 ларда 4 нафар И.И.Б. ходимлари Менинг берган хабаримга асосан хонадонимга ташриф буюришди. ИИБ ходимлари белгиланган тартибда суриштурув ишлари олиб боришди. Тунги соат 22.00 ларда Чорсудаги милиция таянч пунктига бориб, аризаларни расмийлаштирдик.

Эрталаб тахминан 10.00 ларда ўзини таништирмаган ИИБ ходимларидан бири менинг мобил телефонимга қўнғироқ қилиб, “Алиқул Саримсоқов ҳалиям қайтиб келмадими?” дея ҳуқуқ фаолининг тақдири билан қизиқди.

Мен Саримсоқовдан ҳалиям дарак йўқлигини билдирдим.

Айни дамда қидирув ишлари кетмоқда.

Алиқул Саримсоқовнинг одатда мобил телефони ўчирилмасди. Негадир кечадан бери унинг қўл телефони ўчириб қўйилган. Шу боис мен Алиқул Саримсоқовнинг тақдиридан ниҳоятда ташвишдаман.

Алиқулнинг йўқолиб қолиши шубҳасиз бизнинг сиёсий ва ҳуқуқий фаоллигимиз билан боғлиқ деган фикрдаман.

Яқинда бир гуруҳ “Альянс” аъзолари томонидан Каримовнинг тўртинчи бор ноқонуний тарзда илгари сурилган номзодини бекор қилишларини сўраб Конституцион судга расман шикоят топширилган эди.

Бу талабимиз босимларнинг ҳаддидан ошиб кетишига туртки бўлди.

Яна Саримсоқовнинг йўқолиб қолишига бир сабаб, Каримовнинг яқинда Жиззах вилоятида бўладиган сайлов олди учрашувлари билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Негаки, куни кечагина Каримов Самарқанддан кейин Жиззахлик сайловчилар билан учрашиши ҳақида радиода эълон берилган эди.

Назаримда, Каримовнинг Жиззахдаги учрашув чоғида Алиқул Саримсоқов сайловолди йиғинида амалдаги Президентнинг ноқонуний тарзда номзодини илгари сураётганлигини айтиб, шарманда қилиб қўйишидан қўрққан Жиззах вилоят И.И.Б.Б ходимлари уни ўғирлаб кетган бўлишса мумкин деган тахминдаман.

Айни дамда Алиқунинг тақдири номаълумлигича қолмоқда. Унинг қаерда ва қай аҳволда эканлигини ҳеч ким билмайди, – дея ҳавотир билдиради мухолифатчи Ш. Рустамов.

“Альянс” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти Алиқул Саримсоқовнинг бедарак кетиши юзсидан дунё ҳамжамиятига, мамлакатда фаолият олиб бораётган элчихоналар, дипломатик корпус вакилларига, дунё демократик ҳамжамиятига, Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига ўз хавотирларини изҳор қиладилар ва уларни ўзбек мухолифатчиси ва ҳуқуқбони, фермери ҳаётига бефарқ бўлмасликка чақиради.

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

Мустақил журналист.

Тел: +99893 570 17 47