Feb 072015
 

3

4

32

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори

Р. ҚОДИРОВга

Ўзбекистон Республикаси Миллий

Хивфсизлик хизмати раиси

Р. ИНОЯТОВга

Мустақил журналист: Эшонқулова Малоҳат Худжамовна

Тошкент шаҳри, Уч тепа тумани, Чилонзор,

23-квартал, 16-уй, 39-хонадонда яшовчи

Тел: +99893 570 1747

Т А Л А Б Н О М А

(Такрорий)

Менга Гулнора Каримовадан интервью олишга рухсат беришингизни сўрайман” деган мазмундаги ушбу талабномамни сизларга 2014 йилнинг 3 ноябр куни буюртма хати қилиб жўнатгандим. Афсуски, сизлардан шу уч ой мобайнида на “Ҳа”, на “Йўқ” деган бирор бир жавоб ололмадим.

4-маротаба Ўзбекистон Президентлигига ўз номзодини ноқонуний тарзда илгари сураётган отаси – Президент Ислом Каримовнинг ушбу ҳаракатига қизи – собиқ дипломат Гулнора Каримованинг муносабати қандай: У отаси ҳаракатини ноқонуний, Конституцияга зид, жиноят деб ҳисоблайдими, ёхуд давр талаби сифатида қарайдими?

Ўйлайманки, юқоридаги каби саволларга кенг жамоатчилик Гулнора Каримовадан аниқ жавоб олишни истайди.

Ҳурматли Ўзбекистон Республикаси бош прокурор Рашиджон Қодиров ва Ўзбекистон Республикаси МХХ раиси Рустам Иноятов!

Маълумингизким, мамлакат президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг катта қизлари Гулнора Исломовна атрофида бир йилдирки турли гап-сўзлар болалаб қолди.

Қолаверса, Г. Каримовага нисбатан пул ювиш айбловлари билан бир нечта ҳорижий мамлакатларда жиноят ишлари очилган.

Устига устак, шу йилнинг 8 сенябр куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Н. Содиқов, Р. Мадумаров, Г. Авакьян ва бошқаларга нисбатан жиноят иши юзасидан тарқатган Пресс Релизида жумладан шундай дейилади: (http://genprok.gov.uz/index.php) “Бугунги кунда уюшган гуруҳ аъзоларининг асосий қисмига нисбатан жиноят ишлари кўриб чиқиш учун суд муҳокамасига юборилиб, улар бўйича суд қарорлари чиқарилиш таъминланган…”.

Янаям қизиқроғи, мазкур Пресс Релиздаги “…Уюшган гуруҳнинг ҚИДИРУВДА БЎЛГАН ҳозирда етарли матреал тўпланмаган айрим аъзоларига нисбатан жиноят ишининг бир қисми алоҳида иш юритувига ажратилган. Хусусан, Г. Каримова ва жиноий гуруҳ аъзолари А. Гафуров, Б. Сулейманов, Ш. Камильджанов, Р. Мустафаевлар ҳақида сўз юритилмоқда” дейилган каби мавҳум иборалар нафақат мамлакат ичидаги ҳуқуқ ҳимоячилари, балки бутун дунё аҳлида, халқаро ташкилотлару ҳорижий сиёсатдонлар наздида қизғин баҳс-мунозарага сабаб бўлмоқда.

Адашмасам, 2013 йилнинг сентябр охири, октябр ойи бошларида Гулнора Каримова бошида қора булутлар айлана бошлаган ва президент катта қизининг мамлакат ичидаги бизнес империяси қулатилган эди.

Маълумингизким, Гулнора Исломовна нафақат президент қизи, балки собиқ дипломат, собиқ элчи, тадбиркор, дизайнермодельер, қўшиқчи, энг муҳими, профессор ҳамдир.

Шу билан бир қаторда, Гулнора Исломовнанинг Ўзбекистон халқига тегишли бўлган миллиардлаб маблағларни ҳорижга олиб чиқиб кетилганлиги ҳам иддао қилинмоқда.

Бугун омма орасида “афсонавий аёл” образига айланган Гулнора Исламовнага оид нохуш хабарлар урчимоқда.

Эмишки, “Гулнора ўз отаси президент Ислом Каримовнинг асирасига айланиб, балоғатга етмаган қизи билан уй қамоғида хору-зор, оч-наҳор ўтирганмиш. Саломатлигига жиддий путур етганмиш. Ҳуқуқлари топталаётганмиш. Халқаро ташкилотлар кўмагига, ҳорижий суд-ҳуқуқ тизимининг ҳимоясига муҳтожмиш.”

Юқоридаги каби иддаолар ўзини Гулнора Каримова хонимнинг воизи дея таништирган Лондондаги “Дейвидсон, Раян, Дор” (‘Davidson, Ryan, Dore’) пиар ширкатининг асосчиларидан бири Локсли Раян жаноблари тарқатган маълумотлар асосида олинди.

Бироқ, Лондондаги “Дейвидсон, Раян, Дор” пиар ширкати тарқатган маълумотларга зид ўлароқ, ЎХҲ сайтида Усмон Ҳақназаров номли тахаллус остидаги сиёсатшунос Г. Исломовна тақдирига оид кенг жамоатчилик эътиборини тортувчи ақл бовар қилмайдиган фаразларини, балки, “фактлар”ни илгари сурмоқдаки, айни дамда, У. Ҳақназаров илгари сураётган фикрлардан ҳам кўз юмиб бўлмайди ва шу боис ҳам у ўзининг тахминларига нисбатан аксарият одамларда ишонч туйғусини уйғотишга эришмоқда. Мазкур сиёсатшуноснинг иддаоларига қулоқ осадиган бўлсак: “Аргентина” лойиҳаси давом этмоқда, Ёхуд Гулнора Каримованинг “қочиши” ҳақида” сарловҳали мақоласида “… 2014 йилнинг 5-7 сентябрь кунлари Аргентина Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Эдуардо Антонио Зуаиннинг Тошкент сафари бўлиб ўтди. Уч кунлик ташриф давомида аргентиналик дипломат Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдуллазиз Комилов ва президент Ислом Каримов билан учрашди…. Каримова ва Зуаин ўртасида ўтказилган суҳбат мазмуни бизга номаълум. Шуниси диққатга сазоворки, ушбу учрашувдан тўрт кун ўтгач, яъни 2014 йил 10 сентябрь куни, Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи зудлик билан мамлакатдан чиқиб кетди ва ҳаигача республикага қайтиб келмади. Шу жиҳат “Каримов ва Зуаин махфий “Аргентина” лойиҳасининг бажарилишини муҳокама қилган бўлишлари мумкин”, дейишга асос бўлади.

Гулнора Каримова ҳозир Аргентинада бўлиб, у ерда каримовлар оиласининг ушлбу мамлакатда доимий яшаши учун зарур бўлган хужжатларни тўлдириш ишларини бошлаб юборган”, деган гумонлар ҳам бор. Таҳминларимизга кўра, яқин орада Ўзбекистондаги ҳуқуқ-тартибот идоралари Гулнора Каримовани расмман қидирувга беришади. Ҳозирча эса ўзбек ҳукумати бу ҳақида мавҳум ибораллар билан хабар беришни маъқул кўрмоқда…” (ЎХҲ сайти, 19.10.2014) деган фикрни олға суради.

Ваҳоланки, президентнинг катта қизи Гулнора Исломовна хусусида нохуш хабарлар тарқала бошлаганига бир йилдан ошган бўлса-да, то шу кунга қадар на мамлакат ташқарисидаги, уларни-ку, қўя туринг, ҳатто мамлакат ичкарисидаги бирор бир журналист, бирорта ҳуқуқ ҳимоячиси, адвокат, мухолифат намоёндалари, сиёсатчилар, қисқаси, бирорта бир зоғ шу ўтган бир йил давомида Гулнора Каримовани бир бор кўган ва ё гаплашган эмас.

Шу маънода, куни кечагина машҳурлик шоҳсупасидан кўтарилаётган президент қизининг айни дамдаги аҳволи ҳамон кенг жамоатчиликка сир бўлиб, мавҳумлигича қолмоқда.

Шу ўринда Халқаро ташклиотлар ва кенг жавоатчиликда, омма онгида адоғи йўқ хақли саволлар туғилади:

1)Лондондаги “Дейвидсон, Раян, Дор” отлиғ пиар ширкати иддао қилгани каби, президент қизи Г. Каримова айни кунларда ўз отасининг асираси сифатида вояга етмаган фарзанди Иймон билан уй қамоғида, хору зорликда, очу-наҳорликда умргузорлик қилмоқдами, йўқми?

2) 4-маротаба Ўзбекистон Президентлигига ўз номзодини ноқонуний тарзда илгари сураётган отаси – Президент Ислом Каримовнинг ушбу ҳаракатига қизи – собиқ дипломат Гулнора Каримованинг муносабати қандай: У отаси ҳаракатини ноқонуний, Конституцияга зид, жиноят деб ҳисоблайдими, ёхуд давр талаби сифатида қарайдими?

Мен юқоридаги каби саволларга Гулнорахоним Каримовадан жавоб олиб, элга очиқлашни истайман.

Ушбу талабномани ёзишдан муддаом, президент сайлови арафасида Ислом Абдуғаниевич Каримов, унинг оиласи ва катта қизи Гулнора Исломовна билан боғлиқ барча “деди-деди”, “миш-миш” ва турли ғийбатларга тамомила барҳам бериш ва чек қўйиш мақсадида мен мустақил ЖУРНАЛИСТ СИФАТИДА ЎЗБЕКИСТОНДА, УЙ ҚАМОҒИДА САҚЛАНАЁТГАН ГУЛНОРА КАРИМОВА БИЛАН УЧРАШИШ ВА УНИНГ АЙНИ ДАМДАГИ АҲВОЛИ ХУСУСИДА ОММАГА ОЧИҚЛАШ ИСТАГИДАМАН.

Шу сабабли, менга президент қизи Гулнора Каримова билан учрашишга ва ундан интервью олишга рухсат беришларингизни, ўз касбий фаолиятимни амалга оширишимда монелик қилмасдан, аксинча, Журналистлик фаолияти тўғрисидаги мамлакат қонунлари талабларига мувофиқ мустақиллик ва эркинлигимни таъминлаб беришларингизни талаб қиламан.

Ҳурмат ва умид билан

Эшонқулова Малоҳат. 29.01.2015 й.