Dec 152014
 

 

Бундан бир мунча олдин ўртанча ўғлим ишлаган “Пайнет” олдида турсам бир киши келиб ўғлимга дўқ ура кетди. Сабабини суриштирсам ўғлим ҳалиги кишини озгина куттириб қўйган экан.

-Биродар узр, бу йигит менинг ўғлим бўлади,хафа бўлманг!-дейишимни биламан, менинг юзимга қараб туриб: -Ҳе, сиз гапирманг! Мен сизни жуда яхши танийман, сиз антиконституцион одамсиз! Давлатга қарши курашгансиз, сиёсий исён қилиб, очлик эълон қилгансиз,ҳей сизди-дедида мобиль телефонига пул тушириб кетди.

Бу гаплар менга қаттиқ таъсир қилди. Чунки 25 йилдан бери дам олмай, болачақамни ўйламай шу халқнинг келажагини деб уч мартадан қамалиб чиқсаму, шу халқнинг бир вакили менга шунақа гапларни айтса. Шу пайтгача бирор киши мен билан бундай қўпол муомалада бўлмаган эди. Хатто турмада ҳам мени ҳеч ким антиконституцион фаолият олиб борганликда айбламаган. Аксинча ҳозир баъзи мансабдор шаҳслар, бир пайтлар бизларга қарши курашганлар ҳам кўча-кўйда, футбол ўйинлари пайти ўйингоҳда кўриб қолишса ҳам ҳурматимни ўрнига қўйишади, ҳатто баъзилари беминнат бир пиёла чойга таклиф қилишади. Нима уларнинг биздан қарзи борми?

Ҳалиги киши қараб турсам мобиль телефонига пул тушириб бўлгач, ёйма сотувчидан сигарета олаяпти. Ортидан бориб: – Ука шу юртни ҳақиқий мустақил бўлишини орзу қилиб шунинг учун курашган бўлсам, ушбу конституцияни ҳозирги ҳолатида қабул қилинишига ҳисса қўшган бўлсам, кандай қилиб мен антиконституцион одам бўламан? Очлик эълон қилган бўлсам, фарзандларимиз ҳарбий ҳизматни ўзимизда ўтасин деб очлик эълон қилганман-ку!Сиз нима сабабдан юқоридаги гапларни гапирдингиз? десам, шунда у, –Эй, сиз санъатни охирига етказмадингиз.Ҳозиргача зўр санъаткор бўлишингиз, ҳатто халқ артисти бўлишингиз мумкин эди. Сиз бўлса ўз касбингизни сиёсатга алмаштириб нотўғри қилдингиз!-деди. Мен: –Эҳтимол гапингизда жон бордур, кейинроқ бафуржа гаплашамиз- десам,-Эй мен сиз билан гаплашмайманам, кўришишни истамайманам!-деб қўл силтаб кетиб юборди.

Яқинда бир Нуриллахон деган самимий укам билан бир даврада ўтириб қолдик. Шунда у –Носир ака илгарироқ бир киши Сизни антиконституцион одамсиз деганмиди?-деб қолди. Мен: – Ҳа айтган эди-десам Нуриллахон,- Биз яқинда ўша киши билан билан бир тўйда бир жойда ўтириб қолдик. Шунда у,-Сизни ҳалиги Носир Зокир билан кўриб тураман. Мен бир пайтлар ўша одамни хафа қилиб қўйган эдим. Кейин билсам аслида мен ноҳақ эканман, энди узр сўрашга ҳижолат қилаяпман- деб қолди- деди. –У ўзи яхши йигит-деб қўшиб қўйди.Шундагина мен ҳалиги йигитни оддий одам эканлигини билдим, бўлмаса ҳар ҳил ҳаёлларга бориб юрган эдим.

Эй ука, Оллоҳ қандай гуноҳларимизни кечирмайди дейсиз, биз оддий бандамиз-ку, мен антиконституцион одам бўлсам ҳам ўша йигитни кечирдим-дедим.Ҳамма кулиб юборди.Мен бу гапларим билан мақтанчоқлик қилишдан йироқман, ҳали мақатишга арзигулик иш қилмадик шекилли.Мақтаниш яратган Эгамга ҳос. Фақат кечиримли бўлайлик демоқчиман.

Носир Зокир
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси
15-декабрь , 2014-йил.