Nov 282014
 

 

Кейинги пайтларда ташкилотимизга товламачи-фирибгарлар “тузоғи”га тушиб арз қилувчилар кўпайиб кетди. Биз давлат органи бўлмаганимиздан кейин нима қилишимиз ва қандай қилиб уларга ёрдам беришимиз мумкин? Адвокат топиб берамиз ёки қайси ҳуқуқ органларига мурожаат этишларини тушинтириб ариза ёзишларига кўмаклашамиз.

Баъзилари фирибгарларни судга беришди. Суд пулни ўндириб бериш ҳақида ҳукм чиқаради.Баъзиларининг иши битди, баъзиларини эса айрим мутасадди ташкилотларнинг лоқайдлиги сабабли иш бир неча ойга чўзилиб кетди.

Бир фирибгар устидан уч фуқаро мурожаат қилишди. У илгари ишбилармон бўлиб анча мунча танилган, пулдор кишилар билан иш қилиб анчагина обрўга эга бўлган киши экан. У, шу обрўсидан фойдаланиб, чиройли кийиниб, бирор-бир бой кишини танлаб ўзининг бизнес режаси билан таништиради. “Полон минг доллар бериб турсангиз ишимиз юришиб бунча ойда полон минг доллар фойда кўрамиз”деб уни ишонтиради. Бой киши ҳам уни илгари фойдали ишлар қилиб юрганини билгани учун унинг сўзларига лаққа тушиб сўраган пулини беради. Орадан ойлар ўтади, ишдан дарак йўқ. Бой киши иш нима бўлганлигини сўравергач, бошқа бир бойни лаққа тушириб, ундан пулни олиб, олдинги бойдан олган пулини “иш юрмай қолди” деган баҳонада қайтариб беради. Кейинчалик билсак фирибгар мана шу “усули”дан йиллар давомида фойдаланиб юрган. Бунинг орасида майда фирибгарликлар билан шуғулланиб юрган экан.Қизиғи шундаки, бу товламачининг “қармоғи”га турли лавозимларда ишлайдиган обрўли кишилар ҳам илинган экан.

Шу қаллобни бир кўрай дедим. Ё алҳазар, бу фирибгар раҳматли бир санъаткор дўстимнинг укаси экан. Мен уни ёшлигида кўрган эдим. Бир пайт мени яхши билар экан,” Носир ака,сизни чет мамлакатларда яшаб юрган дўстларингиз бор, айтинг биротаси бир беш-ўн минг доллар бериб турсин ишимиз юришиб кетгач қайтарамиз, сизни ҳам қуруқ қўймайман!” деб қолса бўладими.Шунақанги айлантирди-ки, гапига ҳўп деворишимга оз қолди. Ёмонидан экан қаллоб.

Бир гурух фуқаролар ўтган йили бизнинг кўмагимизда, ҳаммалари бир бўлиб шу фирибгарни судга беришди. 4 йил қамоқ жазосини олди. Бир йил ўтиб калонкага чиқди. Қаранг-ки яқинда чиққан амнистия муносабати билан турмадан озод этилиши ҳақида хабар беришди.

Акмал исмли киракаш йигит синфдоши Низом билан тил бириктириб фирибгарликни антиқа усулини ўйлаб топишибди. Иккалалари бозорга бориб валютафурушлардан 200 доллар пулни сўмга айлантиришмоқчи бўлишади. Улар валютафурушни машиналарига ўтқазиб бозордан уч-тўрт юз метр нарига олиб бориб, қулайроқ жойда тўхтаб, сохта ҳужжат кўрсатиб, ўзларини тегишли идора ҳодими деб таништиришади. Валютафуруш ҳам давлат қонунларига зид иш қилиб юрмаганми, қўрқиб кетиб бор пулини фирибгарларга бериб,”қутилганимга шукр” деб кетади. Бу иш бир неча ой давом этади. Бир куни уларнинг “қўл”га туширган ўлжалари дадилроқ чиқиб қолади. Иш машинани туман ички ишлар бўлими биносининг олдига олиб боришгача етади. Ишни жиддий деб ўйлаган валютафуруш бор пулларини машинага ташлаб жуфтакни ростлайди. Бунақанги ҳолатларга ҳар куни дуч келишингиз мумкин.

Лекин бир савол туғилади. Наҳотки одамлар Ҳудодан қўрқмай қолган бўлса. Наҳот-ки халқимиз шу қадар содда бўлса. Наҳотки ҳалигача бировга пул бераётганда уни расмий ҳужжатлаштиришни тушиниб етишмаса. Ҳуллас, ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ ОДАМЛАР, АТРОФИНГИЗДА ФИРИБГАРЛАР ИЗҒИБ ЮРИБДИ!

Носир Зокир
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Фарғона водийси бўйича мувофиқлаштирувчиси
28-ноябрь , 2014-йил.