Nov 142014
 

 

 

 

Баҳам кўринг

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг тўсатдан эътибордан қолиши ҳамда Ўзбекистонда тутган нуфузини йўқотиши кўплаб саволлар туғдиради. Бу саволларнинг баъзиларига жавоб топиш учун Би-би-си мухбири Наталья Антелава Лондонда Гулнора Каримованинг ўғли Ислом Каримов билан учрашган. Бир пайтлар Ўзбекистоннинг “энг манфур аёли” деб аталган Гулнора Каримова ҳозирги кунда қаерда, қай аҳволда, унинг қулашига қайси омилу кучлар сабаб бўлган, Ўзбекистонда қудрат учун кураш қай йўсинда юз бермоқда, бу ва бошқа саволларни мухбиримиз ёш Ислом Каримовга берган.

Би-би-си: Ҳозирда онангизнинг аҳволи қандай?

Ислом Каримов: Менинг у билан ҳеч қандай алоқам йўқ. Алоқа қилишнинг имкони йўқ. Мен унинг аҳволи яхшими, тирикми ёки йўқ эканлиги ҳақида маълумот ҳам ололмайман. Ундан, синглимдан жуда хавотирдаман. Уларни уй ҳибсида ушлаб туришибди. Лекин уларни бошқа жойга кўчиришдими, аҳволлари яхшиланидими, йўқми, ҳеч қандай хабарим йўқ. Агар аҳвол яхшиланганда, у мен билан алоқага чиқарди, чунки у ҳам мендан хавотирда бўлса керак.

Би-би-си: Ислом, онангиз нафақат Ўзбекистонда, балки бутун минтақада энг қудратли шахслардан бири эди, қандай қилиб бу аҳволга тушди?

Ислом Каримов: Унинг пастга қараб қулашининг асосий сабаби фикримча, у муайян гуруҳдаги одамлар учун хавф эди. У ҳаммага қулоқ тутарди, эркин ва мустақил эди. Ҳозирда бу нафақат унинг қулашидир, бу таъбир жоиз бўлса, бутун бошли авлоднинг қулашидир. Чунки у мамлакатда эркин фикрловчиларнинг тизимини яратиб улгурганди. У асос солган ташкилотлар ҳукумат ва матбуотга таъсир ўтказиш қобилиятига эга эдилар. Буларни Ғарб қадриятларидан илҳомлаган одамлар гуруҳи дейишимимз мумкиндир. Ҳозирда бу бутун тизим ишдан чиқарилди, минглаб кишилар ишсиз қолди ва ё мамлакатни тарк этишди, қамоққа ташланди.

Би-би-си: Сиз ўзингиз Ўзбекистонга бора оласизми?

Ислом Каримов: Йўқ, мен Ўзбекистонга бора олмайман. Ўзимни катта хавф остида сезаман, аммо бу ҳақда кўп ўйламасликка ҳаракат қилаяпман. Интернет орқали ҳар хил пўписалар қилинмоқда, бу ердаги Ўзбекистон элчихонаси мен билан алоқага чиқмоқчи бўлаяпти, турли сабаблар остида мени Ўзбекистонга қайтармоқчи бўлишмоқда…

Би-би-си: Ўзбекистонга қайтсангиз, тақдирингиз нима бўлади деб ўйлайсиз?

Ислом Каримов: Бу ҳақда ўйламасликка ҳаракат қиламан. Оқибати яхши бўлади, деб ўйламайман. Энг ижобий сценарий менинг ҳам уй қамоғига ташланишим бўлса керак. Энг ёмонини эса тасаввур ҳам қила олмайман…

Би-би-си: Буларнинг ортида бобонгиз турибди деб ўйлайсизми?

Ислом Каримов: Йўқ, мен бобомни ҳозирги ҳодисаларда энг оз айбли бир шахс деб биламан. У мамлакатни бошқаради ва унга етиб келадиган маълумотларнинг манбалари турлича. Бу маълумотларни кўпда хавфсизлик хизмати назорат қилади. Фикримча, одамлар ҳийла ишлатиб, унинг атрофида маълумот вакуумини яратиб, уни одатда қилмайдиган ишларини қилишга мажбурламоқдалар.

Би-би-си: Бу унинг қудрати ва таъсири камайиб бораётганлигини англатадими?

Ислом Каримов: У қудратни қўлдан бой бериб бормоқдами-йўқми айта олмайман. Воқеликда, амалда нималар рўй бераётганлиги ҳақида тасаввурни йўқотмоқда, деб ўйлайман. У ҳам жорий вазиятнинг қурбонидир. Чунки менинг онам заифлашгани, бобомнинг ҳам заифлашишини англатади.

Би-би-си: Бобонгизни охирги маротаба қачон кўргандингиз?

Ислом Каримов: 2-нчи январ куни кўргандим. Ундан аввал Янги йил кечаси куни ҳам кўришга урингандик. Лекин бувимнинг одамлари бизнинг йўлимизни тўсиб чиқишди. Онам нима учун бизнинг йўлимизни тўсаётганлар ҳақида сўраган вақти, бувимдан шундай буйруқ бўлган, деб айтишди. Биз ҳайрон бўлдик, эсимни танигандан бери биламанки, ҳар йили Янги йил кечасини бирга ўтказардик. Мен туғилишимдан аввал ҳам шундай бўлган. Онам ҳар доим оила аъзолари билан бўлган. Шунинг учун биз жуда ҳайратга тушдик. Табиийки, бувим биз бобомга бирон нарсани айтиб қўйишимиздан чўчиган.

2 январ куни бобом билан охирги маротаба учрашганимизда биз ўртадаги муаммоларни деярли ечгандик. Онам ҳеч қачон унга қарши ҳеч қандай иш қилмаслигини тушунтирди. Бобом тушунгандек бўлди. Анча жиддий, лекин тинч суҳбатлашдик. Кетар вақтимиз бувим мен, онам ва синглимни бир четга тортиб, “Бизнинг томон сизларни йўқ қилади”, – деди. Бувилар бундай демайдилар одатда, тўғрими? Демак, мантиқан, у бизларга қарши. Мен феврал ойидан бери, рейдлар рўй берган вақтдан бери, ҳам бобомга, ҳам бувимга телефон қилишга роса ҳаракат қилдим. Бувим ҳеч қачон жавоб бермайди, берса ҳам алоқа узилади. Мартми ё апрел ойларида ниҳоят боғланишга муваффақ бўлдим. У фақат бир гапни айтди: “Сизларни йўқ қиламиз дедим-ку”, – дея қайтарди ва телефон гўшагини қўйди.

Би-би-си: Бобонгизни жаҳон диктатор сифатида танийди, сиз уни ёшлик вақтингизда қандай эслайсиз?

Ислом Каримов: Оддий инсон, уйга келиб, ҳаммамизни қучиб, кунимиз қандай ўтгани ҳақида суҳбатларини эслайман. Лекин иш ҳақида гаплашмасдик. Бу ёзилмаган қоида эди. Афсуски, шундай ҳолатлар рўй берганки, менга бобомни яхши томондан кўрсатмаган. Лекин буниси у танлаган йўл. Мен уни фақат бобом сифатида кўраман. Бошқача ўйлашдан ҳайиқаман. Чунки мана онам инсон ҳуқуқлари ҳақида гапиришга ҳаракат қилганида тақдири не кечди…

Яна бир эсдалик. Бобомнинг машинасида қизил кнопка бор. Ўша кнопка босилса, ҳамма эшиклар қулфланиб, сирена янграй бошлайди. Шу билан бирга ҳамма ҳавфсизлик хизмати ва ҳарбий қароргоҳларга машина ҳужум остида қолганлиги ҳақида огоҳ юборади. Ёшлигимда ҳар куни бобом соат саккиз ярим-тўққизларда ишга кетарди. Бир куни нонушта вақтида зерикиб кетдим, ташқарига чиқсам бобомнинг машинаси турибди, ҳайдовчи ва қўриқчиси ташқарида. Машиналарни яхши кўрардим, ўтирсам майлими десам, майли дейишди. Ёш бола қизил кнопкани кўрса нима қилади, албатта босиб кўради. Мен ҳам шундай қилдим. Эшиклар тақа-тақ ёпилди, сирена янграй бошлади, хавфсизлик ва ҳарбийлар қароргоҳларига огоҳ кетди… Ҳайдовчи билан қўриқчи эшикни очишга ҳаракат қилишарди, лекин улар қулфланган. Булар атрофда югуриб, қандай қилиб ўчириш кераклигини ўргата бошлашди, махсус код киритиш керак экан. Ёшим 6-7 ларда эди… Ичкарида ўтириб, ҳайратдан қотган эдим. Машина ойналари мана шундай қалинликда… Ҳамма қўрқиб кетганди. Бир амаллаб кодни киритишни тушунтиришди, сигналларни ўчирдик… Бўлди, тамом, бошим ғалвада қолди, деб ўйладим. Бобом эса уйдан чиқиб келди-да, “Менимча, нонуштангни тамом қилмадинг”, – деди. Мен уйга кирдим, у ишга кетди. Э, худога шукр, осон қутулдим, деб ичкарига кирсам, онам билан бувимнинг юзидаги ифодасини кўриб, осон қутулмаганимни тушундим…

Би-би-си: Сизнинг келажагингиз ҳақида нима деганди, қандай маслаҳат берганди?

Ислом Каримов: Бобом бизга ҳамиша сиёсатдан узоқ бўлинглар, деб маслаҳат берарди. Сиёсат жуда чиркин, ифлос, мураккаб, ҳолдан толдирувчи ва руҳан чарчатувчи нарса дерди. У мени мустақил, қаерда бўлсам ҳам ўзимни таъминлай олувчи шахс бўлишимни хоҳларди.

Би-би-си: Андижон ҳодисалари ҳақида онангиз билан гаплашганингизни айтгандингиз, ўшанда ёш бола бўлгансиз, лекин нималар рўй берганини англаганмидингиз?

Ислом Каримов: Мен ўшанда 14 ёшда эдим. Ҳамма саросимага тушганди, хавфсизлик ҳизмати ҳам. Мен нималар бўлаётганини тушунмаётгандим. Ўшандан кейин ўтган йиллар мобайнида бу ҳақда сўраганимда, ёнимиздаги ҳамма….хуллас бизга ҳамма маълумотни ҳам айтаверишмасди…Бизга айтишларича бўйича, бир гуруҳ исёнчи, террористлар ҳокимиятни босиб олишга, тинч аҳолини ўлдиришга ҳаракат қилишган… Кейин ҳукумат уларни бир ёқлик қилиб, ҳамма нарса жой-жойига тушди, деб айтишди. Нима учун террористлар бўлса, уларни ҳам тинч аҳоли вакиллари деб айтишаяпти, деб сўрасак, бу учинчи кучлар иғвоси, ҳийласи, деб тушунтиришарди… Шунинг учун ўшанда вазиятни тўлиқ англамагандим. Айтиб ўтганимдек, биз уйда сиёсат ҳақида гаплашмасдик…

Би-би-си: Ҳозирчи, англаб етасизми Андижонда нималар бўлганини?

Ислом Каримов: Мен шахсан у ерда бўлмаганман. Фақатгина одамлардан эшитганимни биламан. Ўша ерда бўлган одамлардан ҳам эшитганман. У ерда нималар бўлиб ўтгани ҳақида изоҳлар бор. Мутахассислар ўз хулосаларини берганлар. Мен уларнинг хулосаларига таянишим мумкин, лекин ўзим хулоса қила олмайман. У ерда бўлмаганман…Жуда ёмон кун бўлган. Даҳшатли кун бўлган. Нима бўлишидан қатъий назар, инсонлар ҳалок бўлгани албатта жуда ёмон. Лекин батафсил ўрганишга имконим бўлмаган. Лекин бу ҳодиса рўй бергани жуда ачинарли ҳолат…

(Давоми бор)

Ёш Ислом Каримов ўз суҳбатида қилган даъволари юзасидан Президент Каримовнинг иккинчи қизи Лола Каримова Би-би-сига қуйидаги ёзма баёнотини юборди:

“Очиғини айтаман, ушбу вазиятда менинг номимга қаратилаётган ёлғон айбловларни доимий равишда рад қилиш учун катта энергия, асаб сарфлашимга тўғри келиб, охир-оқибат эса жуда оз, эҳтимолки, тескари натижага эришган бўлардим. Мана шунинг учун ҳам мен матбуотда мунтазам равишда изоҳ беришни маъқул кўрмайман. Бу шунчаки фантастика жанридаги ёлғонгина эмас, балки муайян вазият ва мавжуд инсонларга усталик билан боғланган, шафқатсиз ва пухта ўйланган бўҳтон ва ушбу бўҳтон канчалик хатарли эканини мен яхши англайман. Шу боис ҳам, вазият шуни тақозо этганда, мен ўзимни қонун доирасида муҳофаза қилиш имкониятини ўз адвокатларимга тақдим этаман. Ҳар қандай туҳмат бизнинг қалбимизни ғазаблантиради. Дунёга келган куниданоқ сенинг ўзинг энагалик қилган, меҳр ва муҳаббат билан биринчи қадамларини ташлашга ўргатган одамингнинг туҳмати эса янада кўпроқ оғир ботади. Мен жажжи жиянимни илк бор ўз қўлимга олган дақиқаларни эслайман. Бу улкан илиқлик ва муҳаббатни мен ҳамон ўз юрагимда сақлайман ва Яратганга дуоларимда унга ақл-идрок бериб, уни тўғри йўлга бошлашини сўрайман”.

 

http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2014/11/141113_karimov_junior_iv_full