Jul 182014
 

 

Менинг ўқувчилик ва студентлик даврларим 1967-81 йилларга тўғри келган. Фарғона вилоятининг қишлоқларидан бирида туғилганман, мактабнинг 5-6 синфидаёқ  мен ва бошқа ўқувчилар қишлоқ хўжалиги ишларига мажбурий чиқарилган эдик.  Баҳорда ягана, чопиқ, агар ёмғир кўп ёғиб ерлар қаткалоқ бўлиб қолса ғўза тагларини юмшатиш ишларига ва май ойининг охирларида  пилла теришга ҳам олиб борар эдилар.  Кузда ўз-ўзидан ҳамма ёппасига пахта теримига жалб этиларди. Тўғри ўша даврларда далада қилган меҳнатимизга маълум миқдорда ҳақ тўлашарди, лекин озиқ-овқат ҳар бир ўқувчининг ўзини ҳисобидан бўлар эди, уйдан нон, печенье шунга ўхшаган майда-чуйдаларни ўзимиз билан олиб борар эдик ва овқат пишириш учун масаллиқларни ҳар бир ўқувчи ҳар куни навбати билан олиб борар эди ва бир ошпаз ҳамма учун тушлик овқат тайёрлар эди. 

 

Ўрта мактабни тугатиб, Марғилон шаҳридаги тарбиячилар тайёрлаш билим юртида болалар боғчасида тарбиячи мутахассислиги бўйича икки ярим йил (1978-81-йилларда) таҳсил олганман.  Студентлик даврида ҳам Марғилон атрофидаги Тошлоқ районидаги колхозларга пахта теришга олиб борган эдилар,ҳақиқий ишимиз бўлган ўқиш бир чеккада қолиб , икки – уч ойлаб пахта даласида мажбуран ишлатилганмиз.

Аслида мактаб ўқувчилари ва студентларнинг асосий иши сифатли билим олиш , ҳақиқий сифатли билим олган ўқувчи келажакда  ўз касбини чуқур ўрганган мутахассис бўлиб етишади ва жамият шу йўл билан ривожланади.

 

Мана Ўзбекистон ўз мустақиллигига эришганидан бери 23 йил вақт ўтибди, лекин шу йиллар ичида мажбурий меҳнат камаймади. Лекин шуни мен алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, мактаб ўқувчиларини оммавий пахта терими ишларига жалб қилиш кескин камайди.

Коллежларнинг студент-ўқитувчилари, врачлар, барча корхона ва ташкилот ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш тобора кўпайиб бораётганини интернет-сайтлардаги хабарлар, Озодлик, ББС ва Америка овози радиоларига келаётган хабарлардан билишимиз мумкин.

 

Ўзбекистон ҳукумати томонидан ва Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида эса умуман болалар ва ўсмирлар мажбурий меҳнат қўлланилмайди деб таъкидлаб келинади. Қуйида мисол тариқасида Жаҳон” ахборот агентлигининг 06.09.2012 йилги тарқатган хабарига эътибор қилинг. Бу ерда бутунлай бошқача фикрлар келтирилади:

“Ўзбекистон республикаси мустақилликка эришганининг дастлабки кунлариданоқ, болалар ва ўсмирларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга катта эътибор қаратилган,  29 миллиондан ортиқ Ўзбекистон аҳолисининг 10 млн.дан ортиғини болалар ва ўсмирлар ташкил этади.  1992 йилнинг 9 декабридан Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг болалар ҳуқуқи тўғрисидаги конвенциясига қўшилган, болалар ва ўсмирлар ҳуқуқларини ҳимоясига катта эътибор берилади.

 

Ўзбекистонда пахта етиштириш асосан хусусий сектор яъни оилавий фермерлар томонидан етиштирилади, пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш фермернинг оила аъзолари иштирокида йиғиб олинади,табиий болалар ҳам қўшимча куч сифатида ота-оналарига дала ишларида ёрдам берадилар. Бу фақат ота-оналарига оилавий ёрдам сифатида қаралади, бу ерда ҳеч қандай болаларнинг халқаро меҳнат ҳуқуқлари бузилиши ҳолати йўқ”,-дейилади.(http://www.jahonnews.uz/rus/rubriki/obshestvo/o_merax_po_nedopusheniyu_ispolzovaniya_detskogo_truda_v_uzbekistane009.mgr)

 

 

Ўзбекистон 1992 йилдан буён Халқаро Меҳнат Ташкилоти(МОТ)га аъзо ва ҳозиргача 13та муҳим конвенцияларни ратификация қилган, шулардан №138-“Болаларни ишга қабул қилишнинг ўртача ёши”, №182-“Болалар меҳнатининг ҳар қандай оғир кўринишдаги турларини тақиқлаш”.

 

Ирландияга келганимизга шу йил октябрда тўрт йил бўлади, шу йиллар давомида ўғлим Дублин шаҳридаги ўрта мактабнинг юқори синфларида уч йил таҳсил олди ва бир йил давомида таҳсилни коллежда  давом эттирди, шу йиллар давомида бир марта ҳам ё синф хонасини тозаладик ёки мактаб ҳовлисини тозалашга боришим керак деганини эшитмадим.  Лекин бир гапни айтдики, эшитиб жуда ҳайрон қолган эдим: 2013 йили ёзда ўғлим мактабда битириш имтиҳонлари топшираётганда, ўша мактабнинг қуйи синфида ўқийдиган иккита ўқувчи имтиҳон топширувчиларнинг сумкалари, телефонлари қолдириб кетилган хонада навбатчилик қилган экан ва шу ўқувчиларга тушгача навбатчилик қилган бўлса тахминан 6 евродан, агар тушдан кейин бўлса 8 евродан ҳақ тўлашгани тўғрисида айтиб қолди.  Ўғлим бу гапларни ўша пайтда навбатчиликда турган болалар билан гаплашганда билганини айтди. 

 

Мен ўзим ҳам  мажбурий меҳнат деган нарсага дуч келмадим, бу ерда бошқача ҳал қилинганининг гувоҳи бўлиб турибман. Яъни ҳар ким ўз мутахассислиги бўйича, фақат ўзининг соҳаси бўйича фаолият олиб боради, ишдан бўш пайтларида кўнгилли ташкилотларга аъзо бўлиб, бошқа ҳар хил ишларда қатнашиши мумкин.  Буни ҳар бир киши ўз имконияти ва қизиқишларига қараб танлаб олади.Кўнгилли ишларнинг ҳар хил турлари бор, масалан бир гуруҳ ёш болалар билан ишлайди, бошқаси катта ёшдаги ёлғиз яшайдиган инсонларга ёрдам кўрсатади, кимдир ногиронлар билан ишлайди ва яна кимдир боғ ишларини танлаши мумкин,булар ҳаммаси ишдан бўш пайтида ҳафтасига икки ёки уч соат шуғулланиш мумкин бўлган ишлар.

 

2011 йил Дублин шаҳридаги бир иш ярмаркасига борган эдим, у пайтда ҳали эндигина инглиз тили ўрганиш курсларига қатнашни бошлаган пайтим, шунинг учун ҳақиқий, ойлик тўланадиган ишларда ишлашга руҳан тайёр эмас эдим ва шунинг учун  кўнгиллилар ташкилотига аъзо бўлган эдим.  Шу йиллар давомида кўнгиллилар ташкилотининг ҳар хил тадбирларида қатнашдим, бир йилдан буён кўнгиллилар гуруҳи билан бирга мен яшаб турган уйимга яқин жойдаги канал атрофини тозалаш ишларига қатнашиб юрибман.

 

Тозалаш ишлари ҳар ойнинг иккинчи шанбасида соат 11.00 дан 13.00 гача бўлади. Бу тўғрисида ҳар бир киши электрон почтаси орқали, facebook ижтимоий тармоғи орқали хабар топади , унда ёзишадики, “шанба куни  соат 11.00да шу манзилда тозалаш ишларини қиламиз, ҳоҳловчилар бўлса марҳамат, об-ҳавога мослаб кийиниб келинглар,керакли иш жиҳозлари берилади”,- деб эълон тарқатадилар, ҳар ким вақтига, имкониятига қараб бораверади.  Ҳар доим эътибор берсам, 30-40 одам кўнгилли бўлиб ишлашга келган бўлади, кўпчилиги ҳар хил ташкилотларда ишлайдиганлар,бу улар учун ишдан ташқари пайтдаги иш ҳисобланади.   Кўнгиллилар ишига борганимизда ишлаш учун керакли жиҳозларни ишни ташкил қилувчилар берадилар, яъни ҳар бир кишига қўлқоп, салафан қопча ва чиқинди, коғозларни олиш учун узунлиги бир метрлар бўлган таёқча (litter picker) беришади.

 

Каналнинг икки қирғоғига  бўлиниб ишлаш керак бўлса, ташкилотчилар айтадики, ким қайси томонни ҳоҳласа ўша томонга ўтиши мумкин, масалан ўн киши бир томонга йигирма киши бир томонга деб айтади, битталаб сиз бу томонга сиз у томонга ўтинг деб буйруқ бериб тақсимламайди. Лекин биз тозалашга борадиган жой чиқиндига тўла жой эмас, лекин шунга карамасдан икки соат давомида   кўнгиллилардан кимдир ярим қопча, кимдир ундан кўпрок чиқинди тўплаган бўлади, қоғоз, шиша бутилкалар,  кола, бошқа ҳар хил ичимликлардан бўшаган тунука идишлар ва ҳоказолар. Ишни тугатганимиздан сўнг, махсус машина келиб биз тўплаган чиқиндиларни олиб кетади, шундан сўнг ишлаган территориямизнинг яқинидаги кафега киришга, таклиф килишади, бунда ҳам ҳоҳловчилар кафега кириб чой, кофе ичиб суҳбатлашиб, ҳордик чиқаради, кейин ҳамма уй-уйига тарқалади. 

 

Ҳамма жойларда бўлгани каби Дублин шаҳрида ҳам чиқиндиларни махсус қутиларга эмас тўғри келган жойга ташлаб кетадиганларни ҳам учратиш мумкин.  Ўзбекистонга таққосласак: Ўзбекистонда 10-20% одам чиқиндини махсус қутига ташласа, Ирландияда 80-90 %  одам чиқиндини махсус қутиларга ташлайди. (Бу расмий маълумот эмас, менинг кузатишларим)

 

 Мен 2011 йил 10 январидан ҳафтанинг ҳар душанба кунлари аёллар гуруҳига қатнашни бошлаганман.  Бу гуруҳ асосан чет давлатлардан келган қочқинлар оиласидан бўлган аёллар ва муҳожир  аёллардан ташкил топган. Ҳар душанба инглиз тили, Ирландия тарихи ва ҳаётини ўрганишга йўналтирилган ҳар хил машғулотлар ташкил қилинган, музейларга борганмиз, ёзда эса  Ирландиянинг бошқа шаҳарларига, денгиз бўйига саёҳатларга чиқдик.

 

Икки ҳафталар олдин аёллар гуруҳи аввалги бинодаги хона машғулотлар ўтказишга  торлик қилиб қолгани учун бир бинодан бошқа бинога кўчди. Янги бинодаги хонага кирганимизда анча тартибсиз ва тозалаш зарур эди, шунда гуруҳ раҳбаримиз айтса “келинглар биргаликда тозалаймиз ва тартибга келтирамиз”,- деса барча аёллар рози бўлишимиз мумкин эди,  лекин ундай бўлиб чиқмади, гуруҳ раҳбаримиз қайси хонадан фойдаланишимиз мумкинлигини кўрсатиб чиқди ва кейинги душанбада келаверинглар деб бизга кетишимизга рухсат берди, кейинги душанба борганимизда эса хоналар озода ва тартибга келтирилганини кўрдик.

 

Аёллар гуруҳимизнинг янги бинога кўчиши билан боғлик дуч келганим яна бир ҳолатни айтиб ўтмоқчиман, гуруҳимиз фойдаланадиган айрим китоблар, магнитофон ва шунга ўхшаш майда-чуйдаларни янги бинодаги хонага олиб бориш керак бўлди, шунда гуруҳ раҳбари таклиф қилди, кимда транспортда текин юриш ҳуқуқиини берувчи ҳужжати бўлса, шулар ёрдамга келса яхши бўларди, деди. (Ирландияда 65 ёшдан ошганлар яъни пенсионерлар, ногиронлар транспорт воситаларидан текин фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатга эга). 

Гуруҳимиздан шундай ҳужжати бор аёллардан уч-турттаси бу таклифга розилигини билдирди ва ёрдамга келадиган бўлди. Бир украиналик аёл ва мен транспортда текин юриш ҳуқуқини берувчи ҳужжатимиз бўлмаса ҳам, бизнинг ҳам ҳиссамиз қўшилсин деб ўзимиз ёрдамга бориш таклифини киритдик ва бордик.  Лекин гуруҳ раҳбаримиз йўл ҳақини ўз ҳисобимиздан тўлашга йўл қўймади ва бизга фонднинг пулидан билет олиб берди, манзилга етгандан сўнг билетни қайтаришимиз кераклигини  ва у билетни ҳисобот топширадиган ҳужжатларга қўшиб қўйишини айтди .

 

Мана сизга  фуқаролик жамияти,эркинлик ва демократия кучли бўлган давлатдаги ҳолатлар. Ирландия эркин, демократик давлат бўлганлиги учун мажбурий меҳнатнинг ҳеч қанақа кўринишини учратмайсиз, ҳар ким ўз вазифасини бажаришга одатланган.  

 

Википедиядан олинган айрим маълумотлар:

 

Жаҳон банки маълумотларида 1960-2003 йиллар давомида дунё бўйича болалар меҳнати 25 фоиздан 10 фоизга камайгани айтилади. 

 ЮНИСЕФ ва Халқаро Меҳнат Ташкилотига кўра умумий болалар меҳнатидан фойдаланиш юқорилигича қолмоқда,

2013 йилда 168 миллион 5ёшдан 17 ёшгача бўлган болаларнинг мажбурий меҳнати қайд этилган.


2012 йилги маълумот бўйича  болалар мажбурий меҳнати Африка давлатларида 32 %, Осиёда 22 %, Латин Америкасида 17%, АҚШ, Канада, Европа ва бошқа ривожланган давлатларда 1 %ни ташкил этар экан.

 

Ўзбекистонда 2006 йилда 2.7 миллион бола меҳнати қўлланилган.

Википедия маълумотларига қараганда дунё бўйича 5 ёшдан 14 ёшгача бўлган болаларни ота-оналар томонидан мажбурий меҳнатга жалб қилиниши 3 фоиздан камроқни ташкил этар экан. (http://en.wikipedia.org/wiki/Child_labour)

 

Ўзбекистонда фуқаролик жамияти кучсиз бўлгани учун, Ўзбекистон аҳолиси  мажбурий меҳнат ва болалар мажбурий меҳнатини бартараф қилишга қодир эмас, лекин Ўзбекистонда халқаро ташкилотларнинг босими билан болалар мажбурий меҳнати буйича айрим ижобий ўзгаришлар ҳам бор: биринчиси 2013 йилги пахта мавсумида Халқаро Меҳнат Ташкилоти кузатувчиларини  Ўзбекистонга мажбурий меҳнат бўйича кузатишлар олиб боришига рухсат берилди, иккинчиси болаларнинг давлат томонидан оммавий мажбурий меҳнатга жалб қилиши камайишига эришилди. 


18-июль, 2014-йил

Саломатой Бойматова

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти аъзоси

Дублин, Ирландия.