Apr 082014
 

 

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти матбуот марказига Орзигул Худоёрова тахаллусли шахсдан хат-мақола келди. Шу хат-мақолани эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз. Мақолада Ўзбекистон сиёсий саҳнасида кутилаётган ўзгаришлар ҳақида фикр юритилади. Бу ўзгаришларнинг қанчалик рўй бериш ёки рўй бермаслиги яқин кунларда маълум бўлади.

ЎЗБЕКИСТОН: ИККИ КУНДАН КЕЙИН БОШ ВАЗИРНИНГ ИСТЕЪФОСИ КУТИЛМОҚДА.

2014 йилнинг 10 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг навбатдан ташқари мажлиси чақирилган.

Гарчи бу борада маҳаллий матбуот онда-сонда тўтиқушдек такрорлаётган бўлса-да навбатдан ташқари шошилинч тарзда чақиртирилган сессиянинг кун тартибида айнан қай бир долзарб масалалар кўрилиши ҳамон мавҳумлигича қолмоқда.

Ваҳоланки, Ўзбекитсон ҳукумати ўзининг ана шундай сир ва синоатларга, кутилмаган воқеа-ҳодисаларга тўла бошқарув тизими билан ҳаммани, хусусан мамлакат халқини ҳам ҳамиша лол қолдириб келиши ҳеч кимга сир эмас.

Биз Олий Мажлиснинг навбатдан ташқари сессияси кун тартибига қўйилажак масалалар юзасидан ҳар қандай тахминларни илгари суриш фикридан йироқмиз, албатта.

Бироқ, қўлга киритилган ва расман тасдиқланмаган хабарларимизга кўра, шуни маълум қилишимиз мумкинки, 10 апрель куни Ўзбекистон Республикаси бош вазири Шавкат Миромонович Мирзиёевни истеъфога чиқариш масаласи шошилинч тарзда чақиртирилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг навбатдан ташқари сессияси кун тартибига қўйилган энг асосий масала бўлиши кутилмоқда.

– Аслида юқори доираларда бир йилдирки Шавкат Мирзаёвнинг кирдикорларига қарши далиллар тўплашга киришилган эди, – шахсини ошкор этишимизни истамаган маҳаллий инсон ҳуқуқ фаолларидан бири шахсий кузатувларидан келиб чиққан ҳолда шундай баён этади, – Даставвал, айни мақсадда айнан бош вазирнинг саъи ҳаракатлари билан айрим вилоятларга қўйилган ҳокимларни турли важлар билан “овлаш” операцияси авж олдирилганди.

Шу кеча-кундузда Шавкат Миромоновичнинг ҳомийлиги остида амал пиллапояларига осонгина кўтарилиб олган вилоят ҳокимларидан Миллий Хавфсизлик хизматининг ертўлаларида Бош вазирга қарши кўрсатмалар олинмоқда.

Бир сўз билан айтганда, президент Каримовнинг эркатойи эканлиги, “ота”нинг ўғлига қиёс қилиниб келинган бош вазир Ш. Мирзаёевни истеъфога кузатиб қўйиш борасида режа қилинган барча юмушлар аллақачонлар деярли “пишиб” бўлган. Бир неча кун олдин Мирзиёев барча мандатларидан тамомила мосуво этилган. Ҳатто уй қамоғига олинган ҳам бўлиши мумкин, – дейди манба.

Фақат, бош вазирни амал пиллапояси осмонидан ерга қулатиш учун Олий Мажлис сессиясининг “фатво”сини олиш қолган эди холос.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, Олий Мажлиснинг навбатдан ташқари сессияси ана шу мақсадда шошилинч тарзда чақиртирилган.

Айрим ҳорижий ОАВталари ЎзМТРКга такроран тафтишчилар ташланганлиги сабабини “ТВ Марказ” каби ҳукумат ғазабига учраган бир қатор мустақил телевидение ходимлари томонидан билдирилган эътирозларда деган иддаони илгари суришганди.

Энди эса ЎзМТРКнинг эркатойи бўлиб қолган Алишер Хаджаев жанобларининг ҳам тагига айнан не сабабдан сув кетиб қолганлигини тахмин қилиш у қадар қийин эмас.

Қай бир томондан бош вазир Мирзиёевга, шунингдек, бош вазирнинг собиқ ўринбосари Абдулла Негматович Ариповга қуда сифатида қариндошчилиги бор эканлиги айтилаётган ЎзМТРК раиси Алишер Хаджаев неккадам чиқди.

Унинг қадами гуркираб турган “Ўзбек телефильм”ни барбод бўлишига олиб келди. Шунингдек, иқтидордаги раиси нафақат ЎзМТРК қошидаги телерадиоканалларни, балки вилоятлардаги қатор телерадиоканалларни ҳам кўркаламушдек кемириб келган. Шунингдек, Алишер Жўрақулович “Медиа Марказ” барпо қилиш баҳонасида давлатнинг миллиардлаб маблағларини умаришга муваффақ бўлган.

Хусусан, ЎзМТРК рекламаси ортидан қўлга киритган ноқонуний даромадлари ҳисобидан собиқ қудаси бўлмиш бош вазирнинг собиқ ўринбосари Абдулла Негматович Ариповга 150 миллион АҚШ доллари атрофида баҳоланган БОИНГ русумли хусусий самалёт сотиб олишида ҳам сидқидилдан кўмаклашиб юборгани айтилмоқда.

Бундан кўриниб турибдики, боши ўзаро қора булутлар кезаётган бош вазир Шавкат Миромоновичнинг қувватлови ортидан мансабга кўтарилган барча амалдорларнинг, хусусан, ЎзМТРК раиси Алишер Хаджаев КУРСИСИнинг ҳам “қазо кунлари” жуда яқин.

Демакки, чиндан ҳам кекса Каримов тахт учун хуфёна тарзда ўзаро курашларга киришиб кетган юқори доирадаги расмийлардан катта қизи учун қасос олишга киришгани аниқ.

Қизи мисолида “хун” олиш баҳонасида Каримов катта қурбонликлар қилиши кутилмоқда. Шу усулда тахтга кўз тикканларнинг кўзини ўйиш, илдизини қирқишга бел боғламоқда.

Биринчи қурбон Шавкат Мирзиёев.

Тегирмон навбати билан деганларидек, кейинги қурбонликлар Рустам Иноятов, унинг отдоши Рустам Азимов, Бош прокурор Рашид Қодировнинг чекига тушиши мумкин…

Орзигул ХУДОЁРОВА

 Posted by at 17:07