Feb 232014
 

 

Feb 12 2014

 

Жаҳонгир Муҳаммад׃ ОЛТИНЧИ ҚАВАТ

 

 

Президент  тансоқчисининг кундалиги (Қисса)

13. “Косатка”

Тоққа аста-секин чиқилади.  Лекин бир кунда зирванинг тепасига чиқиш ҳам ҳеч нарса эмас экан. Кеча эрталаб қаерда эдиму, бугун қаердаман? Қизиғи шундаки, бунга “яшин тезлигида” кўникдим. Миллион-миллион одамларга ҳукм этиб турган мана бу кишиларни худди олдин кўргандек, уларга ўргангандекман. Улар билан ҳар куни учрашиб, ҳар куни муштлашиб юргандекмиз. Буларнинг зирвага чиқишлари қандай бўлган экан? Баъзиларига осон бўлмагани аниқ. Чунки фавқулодда бир қобилиятга эга бўлишлари керак. Лекин ҳаммаси Путиннинг олдида “памперси”ни ҳўл қилганга ўхшаб қолгани кучларининг заифлигидан.

Фақат ана у қозоқ амаки болалигида жуда шўх бўлганга ўхшайди. Инсон қариса болалигига қайтади дейишадику. Ҳали унга ҳали-бунга ҳазил қилиб, юракдан кулиб ўтирибди. Президентларнинг қўлидаги қадаҳ бўшамасдан “бартендер”га имо қилиб турибди. Ҳушёр одам.

Сочи тўкилиб бўлган қирғиз тоға эса ҳеч кимга қарамай овқат еб, устидан қадаҳни бўшатиб қўймоқда. У “бева” ўргимчакка ўхшайди.  “Бева ўргимчак”ни “қора-бева” ҳам дейишаркан. Эри ўлгандан кейин тўрининг ўртасида мотам тутаркан. Четдан келган эркак ўргимчак унинг ипини силкитиб,  “кўнглингни олмоқчиман” дегандек “сигнал” юбораркан. У “келавер” деб торини “тиринглатиб” қўяркан. Эркак ўргимчак унинг ҳузурига етиб келиши билан оч ётган “қора бева” уни бир зумда еб қўяркан. Буни айтиб берган уста Вун “Қайтиб чиқиш йўлини билмасанг тўрга кирма” дерди.

Отарчи”нинг боласи ўртада “бева” ўргимчак каби кўкрак кериб турибди. Мени бир тийинга олмагани яққол сезилади. Ўйин қоидасига кўра саломлашаман деб ёнига борсам, бир мушт қўйганди учиб кетдим. Ҳамма кулиб юборди. Айтганимдек, боксчи экан. Агар яна бир-икки мушт урса, эсанкиратиб қўйиши аниқ. “Тўр”дан қайтиб чиқишни биламан. Бунга ем бўладиган аҳмоқ йўқ.

Унинг атрофида айланавериб, ҳужумларини ҳавога учиравердим. Охири асабийлаша бошлади. Ҳамла қилаверди, чап беравердим. Энди унинг устидан кула бошлашди. У қўлини ҳали у томонга, ҳали бу томонга отаётган тентакка менгзарди. Хуллас, бу “девона”ни анча тентиратдим. Терлаб, нафас олиши бироз қийинлашди. Унга сал яқинлашдим. Бутун кучини тўплаб битта зарба билан мени тугатмоқчи бўлди. Айланиб, зарбаси йўналишига “кириб олдим” ва қувватни ўзига қайтардим. Айни пайтда бир эгилиб оёғини ҳам чалиб юбордим. Шундай йиқилдики,  учқич қалқиб кетгани каби  ўзим ҳам тентираб кетдим. Катта одамнинг гурсиллаб йиқилиши катта воқеа. Бунақа йиқилишдан кейин ўриндан туриш осон эмас.

Шу пайт кўзим “Батя”га тушиб қолди. У ўрнидан туриб олган, тинмай “битир” ишорасини қилаётганди. Кўкка бир сакраб, тиззам билан душманнинг кекирдагига урилдим. Қўлим эса аллақачон унинг  манглай орасини “чертиб” улгурганди.

Секин “Батя”га яқинлашдим. У шитоб билан бағрига босди. Кейин бошқаларга қарадим. Ҳамманинг ранг-рўйи ўзгарган, фақат Путин бепарводек. Ташқаридан икки киши келиб, “Отарчи”нинг боласини судраб олиб чиқишди.

-Раҳмон, тугадингми, ҳа, тилинг комингга ёпишиб қолдими?

Батя” ҳар қанча масхара қилса ҳам “Отарчи” ғинг демади. “Батя” юзини буриштириб, ”Оқпадар” деб қўйди. Адам ҳам шундай дейди. “Батя, уни колхоз раислигидан Президентликка кўтарди, у эса нонкўрлиқ қилмоқда” деганди. Шу дамда ”Оқпадар”- “Отарчи” шокка тушиб қолганди. Бундай тугашини кутмаган-да.

Батя” менга:

-Бор, бир нарса ичиб ол,-деди.

Бартендер”нинг ёнига келсам:

-Сен ҳам уста Вунда ўқиганмисан?-деб сўради.

-Уста Вун зўр уста, шундай эмасми?- деб саволига савол билан жавоб қилдим.

У тушунди. Лекин негадир уни майдонга туширишмади. Балки ҳозирча “гилам тагида” сақлашаётгандир? Келажакда туширишлари мумкин.

Президентларга қарасам, Путин мени кўрсатиб “Батя”га нимадир деди. Кейин қозоқ амаки ҳам “Батя”нинг қулоғига пичирлади.

-Ҳаммасини битир, аммо урусга ютқаз!-деди “Батя” ёнига чақириб.

Қандай қилиб ютқазаман? Бу ўлим дегани-ку? “Ёки “Батя” ўлимимга қарор бердими? Калламга қуйилиб келаётган саволларни юзимдан сезди, шекилли:

-Қўрқма у сени ўлдирмайди, йўлини топиб ютқаз!-деди.

Путин ҳам шу томонга қараб турган экан, ёнимизга келиб, кулимсирадида, ўйинсиз таслим бўлганини айтиб “Батя”ни табриклади. Бошқалар ҳам шуни кутиб ўтиришган эканми, ўйинга нуқта қўйишди.

Батя” севинганиданми кўп ичди. У давранинг қаҳрамони эди.  Қайтарканмиз елкамга қўлини қўйиб:

-Биласанми Путин нима деди? Бу болани ўзингиздан узоқ тутинг,-деди. Шу гапни Нурсултон ҳам айтди. Нима эмиш, сан Косатка эмишсан. Косаткани биласанми? Делфиндан катта, китдан кичикроқ, уни “Орка” ҳам дейишаркан. Океандан ушлаб, ҳовузга олиб келсанг, қўлга тез ўрганаркан. Ҳамма айтганингни қиларкан, лекин бир кун келиб эгасини ҳам аямай  ўлдираркан. Санга булар катта нарх қўйишди. Сотмайман, дедим. Шундай кейин сани наҳанг Косаткага ўхшатишди. Агар сан Косатка бўлсанг, нега сотиб олмоқчи бўлдилар-а? … етолмагандан кейин пуф сассиқ бўлади-да, – деб хохолаб кулди-ю Тошкентга келганимизча маза қилиб хурракни отди.

Учқичдан тушарканмиз׃

-Сан энди менинг Дўрмондаги уйимда яшайсан. Ҳар кун эрталаб машинамда ишга келасан ва кечқурун яна Президент каби уйингга қайтасан. Худди Президент каби! Олдинда ва орқада кузатувчилар, шон-шараф билан бориб келасан,-деди. Кейин ёнимиздаги кекса одамга юзланди׃

-Зелемхон,  кечаги планлар ўзгарди. Ота-онаси ҳам у билан бирга яшасин. Охранани кучайтиринглар. Уни отиб кетишлари ҳеч гап эмас. Ҳар қадамини кузатинглар ва маҳкам ҳимоя қилинглар. Ўзи ҳақида ҳеч қандай миш-миш чиқмасин. Ота-бобоси Қозондан ва татар эканлигини билишса, бизники деб қолишади.

Батя”  яна менга қаради-да׃

-Сани бир умр ҳовузда сақламайман, денгизда яшайсан,-деди,-Аммо менинг соҳилимга яқин жойларда…Санга истаганинг қадар эркинлик бераман, фақат айтган пайтимда, айтган гапимга шай турсанг бўлди. Ҳар кун эмас, муҳим воқеалардагина эшик ёнида бўласан. Сафарларга эса бирга борамиз. Лекин ўзингни қўйиб юборма! Ҳар куни машқ қилганинг ҳақида эса адангдан ҳисоб сўраб тураман!

(Давоми бор)

http://turonzamin.org/2014/02/12/qissa13/

17 2014

Жаҳонгир Муҳаммад׃ ОЛТИНЧИ ҚАВАТ

Президент  тансоқчисининг кундалиги

14. Бўстонлиқ

Эрталаб Президентнинг машинаси биз ётган бинонинг гараж қисмига кирди ва унга фақат мен миндим, адам эса ташқаридаги машиналардан бирига. Олдинда ва орқада бир қанча махсус машина билан йўлга чиқдик. Ҳаммасига рангли чироқлар ўрнатилган. Чироқларнинг ўчиб ёниши кишининг қалбига куч олиб киради.

Лекин Буюк Ипак йўли бўм-бўш. Қизиқ, негадир йўл четида одам кўринмайди. Сел олдидан инига кириб кетган чумолилардек ҳамма уйига бекиниб олганми? Нега Президентнинг кортежи улар учун қизиқ эмас? Балки ҳамма ўз иши билан банддир? Йўқ, бу соатда йўлакларда ишга борувчилар бўлиши керакку? Мактабга борадиган ўқувчилар ҳам кўринмайди? Балки…одамлар юрадиган йўлаклар бекитиб қўйилдими?

Батя” мени одамларга кўрсатмоқчи эмасмикан? Унда машинанинг орқа қисмида ўтирган бўлардим. Чунки орқа ойналар қора. Ичкари кўринмайди. Лекин адам олдинда ўтиришимни сўради.

Демак,  кўринишим-кўринмаслигим муҳим эмас.

Ундай бўлса одамлар қаёққа ғойиб бўлишди? Балки бу ҳам ўйиндир? Президент Дўрмонда яшайди ва ҳар куни ишга қатнайди деган ўйин!  Ахир “Батя”нинг ўзи айтдику “Эрталаб келасан ва кечқурун яна шу машинада қайтасан” деб.

Ҳа, бу  йўлдан Президент ўтмоқда, деб ҳаммани чалғитишмоқда. Машинага гаражда минишим ҳам шундан. Олдиндаги ва орқадаги миршаблару махсус хизмат ходимлари ҳам билишмаса керак? “Батя”га қойил. Шунча нарсани қандай ўйлаб, қандай режалар экан?

Оқсаройга келишимиз билан “кузатувчилар” орқада қолиб фақат мен минган машина ичкарига кирди. Олам сув сепгандек сукунатда. Машина бинога кириш эшиги олдида тўхтатди ва ҳайдовчи каминага қараб тиржайиб қўйди. Тушиб, ичкарига қараб юрдим. Адам бошқа эшикдан кириб келди ва:

-Бугун дам олиш кунинг, истасанг шаҳарни айланиб келамиз. Сани қўриқлаш манга топширилган. Аслида сан “Батя”га соя бўлишинг керак эди. Лекин ман санга соя бўлиб қолдим. Яна уч-тўрт киши атрофимизда бўлади. Хўп, қаерга борамиз?-деди.

Бу ёғи қизиқ бўлди-ку? Адамсиз ҳеч қаерга боролмайманми? Ростдан ҳам уч-тўрт киши атрофимда юрадими? Мен ҳам Президент бўлиб қолдимми? Ҳеч ким билмайдиган, ҳеч ким танимайдиган Президент!

Адам ким биландир гаплашдида менга қараб׃

-Бўпти хаёл сураверма, кетдик, Бўстонлиққа бориб келамиз,-деди.

-Бўстонлиқ? У ерда нима қиламиз?

-Борганда кўрасан… жаннат!

Президент  “тортиқ” қилган  “Бэ-эм-ве”ни олдик. Кузатувчилар билан бирга йўлга чиқдик. Адам Бўстонлиққа бораётганимизни кимларгадир айтиб қўйди.

Йўлларни очиб туришса, Олмаота олти қадам дегандек бир соатда Ғазалкентдан ўтиб Чорвоққа етдик. “Кириш мумкин эмас” белгиларини ортда қолдириб атрофи боғ билан ўралаган полигонга чиқдик. Гўзал жой. Чор атроф адрлару тоғларга уланиб кетган.

-Бу “Беш орол” полигони. “Батя” ва оиласи отишни шу ерда машқ қилишади,-деди адам қўлимга “Макаров”ни тутқазаркан.-Бу именной. Ўзингники.

-Бу жойларни обдон билишинг керак. “Батя” кетдик деса, қаерга, деб турмайсан.

Полигонда отиш учун ҳеч қандай белги-нишон йўқ.

-Қайси томонга отамиз,-деб сўрадим.

-Кийик қайси томондан чиқса, ўша томонга!

-Кийик!

-Ҳа, бу ерда машқ қиламиз. Хизматчилар кийикни қўйиб юборадилар. Отишга улгуришинг керак. Ҳақиқий ов учун Ўгам-Чотқолга борамиз. У ерда Афғонистондан олиб келинган қорақулоқ Жайранлар ҳам бор. Генерал Дўстим ҳар келганда бир нечтасини келтиради.  Ҳали сан қувур шохли кийикларни кўрмадинг. Уларни ажратиб олишинг керак. Оҳу нима? Буғу нима? Архар нима? Билишинг керак. Билмасанг бошинг учиб кетиши мумкин. “Болгария президенти  Пирванов Зоминда “Қизил китоб”га кирган архарни отди” деб бутун дунёда роса шов-шув қилишганди. У охири кечирим сўраб қутилди. “Батя” ҳаммани михнинг устига ўтқазди. Бир неча кишининг боши кетди.   Ҳали  бир кун Зомин ва  Яккабоғга ўтамиз. Қоплонларни кўрамиз.

-Қоплонлар!

-Ҳа.. Ҳатто оқ қоплонлар ҳам бор. Фақат уларни овлаш мумкин эмас. Улар “Батя”нинг севган “болалари”. Иккитасини “Отарчи”га ютқазганмиз. Энди ўзинг қайтариб оласан уларни. “Батя” оқ қоплонларни яхши кўради. Уларнинг кўзига тикилиб ўтиришни истайди. Қизталақ қоплонлар ҳам одам танийди. “Батя”га қараб-қараб кетиб қолишади.

Адам гапиришдан тўхтади. Бир-бирини қувгандек кийикчалар пайдо бўлди. Илгари адам билан ўқ отадиган жойларга борганмиз. Мерган бўлмасам ҳам анча очко терганман. Аммо кийикчалар махсус машқдан ўтганми шундай тез, чаққонки бир кўриниб кўздан ғойиб бўлади. Терлаб-пишиб  иккитасини йиқитдим. Синовдан ўтдим, шекилли, адам:

-Энди Чорвоққа чиқамиз,- деди.

Рация орқали боришимизни маълум қилди. Бундай пайта Чорвоқ қайиқлардан “тозаланар” ва атрофида қуш қўндирилмас экан. Қайиқда сузиб сувнинг ўртасига бордик. Худди эртаклардаги каби  бир кема турибди.

-Буни Мираброр акам Финландиядан парча-парча келтириб шу ерда ясатди. Президентнинг  сувдаги дачаси,-деди адам.

Ростдан ҳам сувнинг ўртасида жаннатни қуриб қўйишибди. Сузадиган жаннат. Ичида ёш-ёш гўзал қизлар, худди келинчаклардек ясаниб, қушдек қанот қоқиб хизмат қилишмоқда. Махсус массаж хоналари. Ҳовуз. Бовлинг, теннис ўйнайдиган жойлар….

Адам қизлардан бирининг белидан қучдида менга қараб׃

-Ойингга айтиб юрма, сан ҳам истаганингни танла, бугун дам олиш куни. “Батя”нинг ўзи санга байрам берган,-деди.-Яйраб келинглар деган! Бу ҳаммага ҳам насиб этмайди!

Адамни аввалига ёмон кўриб кетдим. Ойимга хиёнат қилмоқдаку, деб ўйладим. Бироздан кейин қизлардан бири ўзимнинг ҳам диққатимни ўғирлади. Қош сузганди баданим жимирлай бошлади. Демак ўзим ҳам Гуляга хиёнат қилишим мумкин. Тўхта! Гуляга ҳали уйланганим йўқ-ку! Ҳатто “севаман” деб айтганим эмас. Ҳали унинг нози пишсин. Ҳозир эса “қовунни тилимлаш” керак.

Гўзал ҳам гўзал экан. Шундай роҳатлатдики бу ердан кетгим келмай қолди. Лекин илож қанча? У билан хонадан бир-биримизга суйкалиб чиқсак, қаршимда Гуля турибди. Тушимми ўнгимми? Мени кўриб ранги ўзгарди. Лаби титради. Нима қиларимни ва нима дейишмни билмай қолдим. Шу пайт нариги хонадан адам чиқиб келди׃

-Санга айтиш эсимдан чиқибди, Гуляни қизлар карате баталонига ишга олдик,-деди.

-Кутганимиз “Президент” сиз экансизда,-деди Гуля ва адамга қараб׃

-Ўртоқ генерал мен Тошкентга бормоқчиман, сиз билан кетсам бўладими?-деди.

Нима? Генерал? Адам генералми? Агар генерал бўлганда унинг формасини нега ҳеч кўрмаганман? Форма киймайдиган генераллар ҳам борми? Унинг хонасига кирардим, видеоларини томоша қилардим, лекин ҳеч қачон формасини кўрмаганман. Балки Гуля  адашаётгандир?

-Коллона хўжайини ёнингда, унга мурожаат қил!-деди адам Гуляга хафақон тарзда.

(Давоми бор).

http://turonzamin.org/2014/02/17/qissa14/

Feb 23 2014

Жаҳонгир Муҳаммад׃ ОЛТИНЧИ ҚАВАТ

Президент  тансоқчисининг кундалиги (Қисса)

15. Олтин тангалар

Гуля менга қаради, мен унга. Иккаламиз ҳам жим. Унинг кўзларида нафратсимон тўлқин айланмоқда. Кимдан нафрат қилади? Менданми? Ким бўлибдики,  нафрат қилади? Осмондан тушган оймиди? Бу ердаги гўзаллар олдида у лойга ботган гўсалага ўхшаб қолган. Қиз деганни нози билан бирга меҳри ҳам бўлиши керак. Сузаман деган қўчқордек ўқрайиб турибди. Нима эмиш, биз билан Тошкентга борармиш.  Бунинг учун сал пастроққа тушиш керак.

Унга бир нарса демоқчи бўлиб тургандим адам  эшикдан кириб келган бир кишидан׃

-Махсус юк келдими?-деб сўради.

У “Ҳа” ишорасини қилиши билан менга қараб׃

-Бўпти, ошиқ-машуқликни кейинга қолдирамиз, кетдик, давлат ишини бажаришимиз керак,-деди. Кейин Гуляга׃

-Бор, аданг билан гаплаш, нимани муҳокама қилиш ва нимани муҳокама қилмасликни, қаерга бориш ва қаерга бормасликни ўргатиб қўйсин,-деди.

-Отаси ҳам қизига ўхшаган ўжар!-деди адам ташқарига чиқарканмиз.-Чаппасига айтдим, қизи ҳам отасига ўхшаган ўжар. Олма олманинг тагига тушади.

Демак, Гулянинг отаси ҳам биз билан ишлайди. Ҳали уни кўрмадим. Кўрсам танирдим. Гуляни машқларга олиб келиб-олиб кетадиган одам унинг адаси бўлиши мумкин. Балки… ким билади, ҳозир кимнинг кимлиги ҳам билинмай қолди.

Адам билан полигон ёнидаги бинога бордик. Бинонинг машиналар учун қурилган қисмида битта ҳарбий юк машинаси турибди. Адам ҳамма ёқни текшириб чиқди, кейин бинонинг дарвозасини ёпиб, ичкаридан қулфлади.

Машинанинг орқа қисмидаги брезентни тепага ташлади. Машинада темир сандиқлар.

-Буларни очамиз. Сен видеога олиб турасан. Қаққайиб қолма, сандиқларда олтин бор. Бу давлат сири. Иккаламиздан бошқа одам билмаслиги керак.

Адам шундай деб кичинагина видеоёзарни қўлимга тутқазди. Кейин бир сакраб машинага минди. Сандиқлардан бирини очди.

-Нега қараб турибсан, бу ёқа чиқ! Ўттиз икки соат ёзади. Бу ердан жўнаб кетгунимизгача ҳамма  нарсани ёзгин. Апил-тапил қилма, ўзинг уни “Батя”га қўйиб берасан!

Машинага чиқиб суратга ола бошладим. Битта сандиқдаги тангаларнинг устига “1994 йил. Амир Темур ҳайкали” деб ёзилган. Фокусни яқинлаштирдим. Амир Темурнинг от минган ҳайкали тасвирланган.  Бошқа тангаларга қараб иккинчи томонини ҳам суратга олишга тиришдим. Иккинчи томонида “Батя”нинг от устидаги суврати ва исми-шарифи ёзилган.

Иккинчи қатордаги сандиқлардан  бирини очдик. Бир томонида “Мирзо Улуғбек”  деб ёзилган . Орқасида эса “Батя”нинг хаёл суриб турган портрети. Сандиқда ”Бу олтин танга Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Муҳаммад Тарағай Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги муносабати билан олтиндан тайёрланган” деб ёзилган.

Шу зайлда ҳамма қатордаги сандиқларни очиб, текшириб кўрдик.  Видеоёзарни олтин тангалар устида “сайр қилдирдим”.

1996 “Ўзбекистон мустақиллигига 5-йил”

1996 “Амир Темур – 660 йил”

1997 “Амир Темур”

1998 “Олий мажлис биноси”

1998 “Амир Темур музейи “

1998 “Алишер Навоий ҳайкали”

1998 “Амир Темур ҳайкали”

1999 “Абу Али ибн Сино”

1999 “Аҳмад ал-Фарғоний”

1999 “Абу Райҳон Беруний”

1999 “Мусо ал-Хоразмий”

1999 “Мирзо Улуғбек”

1999 “Бобур”

1999 “Амир Темур”

2001 “Алишер Навоий”…

Шундай тангалар қолган йилларда ҳам босилган экан. Ўзбекистон мустақиллигининг ҳар байрамига танга аталган. Ҳаммасининг бир томонида “Батя”нинг турли вақтлардаги суврати ва исми шарифи битилган.

Негадир бу олтинлар кўзимга оддий тангалардек кўринди. Нима учун одамлар олтин деб  ёнишади? Бунинг нимаси жозибали? Нимаси гўзал? Сап-сариқ танга. Агар кучинг бўлса бунақа тангалар дарёдек оқиб келади. Агар “Батя” каби иқтидор эгаси бўлсанг бу олтинларнинг кулчалик қиймати қолмайди.

Ҳаётда олтин ва куч-иқтидор учун интилган икки тоифа бор. Ҳар иккаласи ҳам мақсадига етишиши мумкин. Аммо иккинчиси биринчисининг қўлидаги олтинларни тортиб олиш қудратига соҳиб бўлади. “Батя” ана шундай катта куч соҳиби. Лекин нега олтинларни бу ёққа яширмоқда?

Хаёлимни адамнинг гапи бўлди׃.

-Энди сандиқларни  ўрмоннинг ичида ковланган хандакка ташлаймиз!

Нима? Хандакка ташлаймиз!?

Адам рация орқали ким биландир гаплашди׃

-Ҳамма йўллар назорат остидами?

-Шундай ўроқ генерал! Эрталабдан буён қуш учиртирганимиз йўқ!

-Дарвоқе, осмондан ҳам бохабар бўлинглар, дрон-прон ораламасин!

-Хўп бўлади, ўртоқ генерал!

-Маҳбуслар келганми?

-Келган…

-Қаердан?

-Зангиотадан!

-Жаслиқ дегандим-ку?

-Жаслиқдан келтирилган. Аммо олдинроқ келиб қолишгани учун Зангиотада сақлагандик. Ҳозир иш бошида.

Машинани ўрмон томонга ҳайдадик. Бир жойда олтита маҳбус чуқур ковлаётган экан. Уларнинг бошида қурол ўқталиб турганлар адамга салом бериб, орқага чекинишди.

-Сизларга жавоб,-деди адам.-Бу ёғига мен ишлатаман буларни, кейин бошқа конвойлар олиб кетишади.

Сўнг кимдандир бетон келиб-келмагани суриштирди ва:

-Кузатув пункти бугун битиши керак. “Батя”нинг топшириғи бу! Асфалтни бир соатдан кейинга айт. “Миноралар”ни ҳам,-деди.

Оқшомга қадар шу ерда қолдик. Сандиқларни кузатув пунктининг ости мустҳакам бўлиши учун дея қаторлаштириб тердик. Устидан бетон тўкдик. Бетоннинг чор атрофига асфалт ётқизилди. Кейин қамоқхона атрофида қўриқчи туриши учун қурилган айвончалик “минора” каби жой ясашди. Бу ерга соқчи қўйилиб, атроф назорат қилинармиш. Баҳонага қаранг!

Кетишимиз олдидан адам маҳаллий комендантга бугундан бошлаб соқчи қўйилишини ва кимлар бу ишни бажаришини шахсан ўзига ҳисоб бериб боришини тайинлади.

-Етти кун, йигирма тўрт соат-доим бу ерда соқчи туради!-деди адам.-Буниси намуна учун қурилди. Қолган уч томондан ҳам қуриш керак. Буни ўзинг бажарасан,  келиб текшираман! Атрофга тунги ва кундузги видеокузатув ўрнатинглар. Харажатидан қочма. Бу давлатнинг биринчи даражали масаласи! Маҳбусларни эса “борса келмас”га жўнатинглар. Ўлигини ҳам топишолмасин!

-Раҳм қилинг ўртоқ началник, болаларимиз бор, оиламиз бор,-деди маҳбуслардан бири адамга.

-Санлар ҳукуматимизга қарши қурол кўтарганда раҳм-шавқатни ўйладингларми? Террористда раҳм-шавқат бўладими? Агар сан ҳокимиятни қўлга олсанг мени нима қилган бўлардинг? Мана шу ернинг ўзида отиб ташлардинг ёки Қаддафийга ўхшатиб орқамга темир тиқардинг, тўғрими?

-…

-Ҳаёт ўрмон демакдир. Сен бизни емоқчи эдинг, аммо бу олий вазифа бизга  насиб этди! Худонинг қудратини кўрдингми? Мана бу болага айтайми сизларни шу ерга тириклайин кўмсин?

-Ундоқ қилманг ўртоқ началник…

-Кўрдингми, ундоқ қилмоқчи эмасман. Бир соат бўлсада кечроқ ўлишнинг ўз гашти бор! Ҳамма бир сония бўлсада кўпроқ яшасам деб ўлиб-тирилиб ётибди. Санларга яна бир сутка ҳаёт бердим!

Адамнинг кучли командирлардек гапиришига қойил қолдим. У бекордан генерал эмас экан. Гаплари “чётка”! Қарс-қурс, гулдур-гуп! Террористни ҳам бир дақиқада мот қилиб қўйди.

Оқшом тушиб бўлган ва биз Тошкентга қайтdик. Хаёлим олтин тангаларда. Сир-асрорини тополмай гаранг эдим. Сўрасам, адам “давлат сири” деб кесиб ташлади.

Батя” кутиб турган экан.

-Қани видеони қўй,-деди  саломга алик ҳам олмай.

Ўзининг от устидаги суратини кўриб бироз севинди׃

-Буни мустақилликдан озгина олдин Бўкага борганимда олишган,-деди.

Кейин видеони тез-тез ўтказиб, бир неча дақиқада тугатди. Мен хаёлга ботгандим. Бу одам қариб қолган бўлсаю нега шунча олтинни яшириб қўйди? Нимага бунчалик мустаҳкам қилиб яширди? Ишдан кетиб қолсам бир кунимга ярайди деб ўйладимикан? Балки невараларимга деб яширдими? Ёки адам билан қандайдир бошқа планлари борми?

Ўйланиб қолганимни кўрган “Батя”׃

-Кема ёқдими санга?-деди.

-Ҳм…

-Зўрми?

-Зўр!

-Кемани эмас олтин тангаларни кўпроқ ўйлаяпсан. Аданг айтмабдида.  Бу тангаларни келажакнинг археологлари учун кўмдик. Мендан кейин бу давлат борми-йўқми билмайман, аммо олтин тангалар қолади. Беш-ўн минг йиллардан кейин археологлар топишади ва бизнинг кимлигимизга баҳо беришади! Шундай хосиятли  ва хайрли ишда сен ҳам қатнашдинг!

У хаёлларимни жамлаб олишга вақт бермай׃

-Кема келажакда сеники бўлади. Ҳамма нарсаси билан, қизлари билан ҳам! Қани мана бу видеони бутунлай ўчириб ташла,-деди.

Ўчириб ташлагунимча қараб турди ва текшириб кўриб׃

-Ол, бу аппарат сеники, ҳали кўп керак бўлади, энди “Дўрмон”га бор, кортеж кутиб турибди,-деди.

Шунда тушундимки, биз Бўстонлиққа кайфу сафо учун эмас, “давлат иши”ни бажариш учун борган эканмиз.

Жаҳонгир Муҳаммад

(Давоми бор).

http://turonzamin.org/2014/02/23/qissa15/#more-23309