Feb 122014
 

 

 

Jan 31 2014

 

Жаҳонгир Муҳаммад׃ ОЛТИНЧИ ҚАВАТ

 

 

 

 

Президент  тансоқчисининг кундалиги (Воқеий қисса)

 

 

10. Садоқат

 

 

Кечқурун Гуля телефон қилди. Эртага муҳим иши чиқиб қолганини ва учрашувни кейинги ҳафтага суришни сўради. Нимадандир жуда хурсанд. Товуши жарангдор. Хаёл қилса телефоннинг ичига кириб ёнимга етиб келса ва қулоғимга бир нималар пичирласа. Мен ҳам айни ҳолдаман. Лекин етиб борганим билан унга бўлган воқеалар ҳақида пичирлай олмайман. Қувончим ва ташвишларимни кўксимга кўмишга мажбурман. Унинг эртага бўладиган учрашувни қолдиргани ташвишимни енгиллатди. Чунки ҳали бирор баҳона топиб улгурмаган эдим.

 

Кечаси билан кодларни ёдладим.

 

Кона каанлам-якун!” дегани “бўлган, аммо бўлмагандай”,  ”Коналоҳҳу лам-якун мааҳу шаҳ!” дегани эса “Оллоҳ бору аммо йўқдай”  маънога эга экан.  Ҳамманинг код отлари бор.

 

Президент – Беҳамто(ягона).

 

Хотини – “Моҳу сол” (ҳам ой, ҳам йил).

 

Катта қизи – “Моҳи шабгард”(тунда кезувчи ой).

 

Иккинчи қизи – “Моҳи нўшлаб” – (ширинсўз гўзал.

 

Катта невараси- “Дўнон” (тўрт яшар от).

 

Кичик невараси- “Кўгарчин”(каптар).

 

Бир биридан қийин кодларни ёдлайман деб ухлаб қолибман. Адам уйғотди. “Машина келди, кетамиз,” деди. Лекин ҳар куни икки соат машқим бор. Бу тайчининг қонуни. “Бир кунга бузсанг бир умрга пушаймон бўласан” дерди уста.

 

-Самолётда жой бор, “Батя” келгунча машқни битириб оласан!

 

-“Батя” ми ёки “Беҳамто”ми?

 

-Ҳей, ҳей… кодларни тилингга олма! Фақат фавқулодда ҳолатларда ишлатилади . Миянгга қулфлаб қўй!

 

Ойим ҳам биз билан йўлга отланди. Ажабланганимни кўрган адам׃

 

-“Батя” бизнинг ҳам боришимизни истаяпти. Болелшик ҳам кераклигини айтди,-деди.

 

Самолёт қаср экан.  Ичига киришингиз билан ўзингизни жаннатда ҳис қиласиз. Гиламлар шунчалик гўзалки, таърифлаб бўлмайди. Худди Президентнинг олтинчи қаватдаги ишхонасининг нусхасини ясаб қўйишгандек. Ҳар бир эшик олдида иккитадан йигит турибди. Улар менга масхараомўз қараб, кўринмас  тарзда устимдан кулгандек кўриндилар. Чунки гавдам уларникидан анча кичик. Аммо кўрсатилаётган ҳурмат анча катта. Орқадаги эшикни очишди. Спорт зали. Бир четда теннис столи ҳам турибди. Тавба, самолётда ҳам теннис ўйнаса бўларканда?

 

Самолётнинг бир деворига  Президент ва оиласининг сурати чизилган. Иккинчи томонда боғ-роғлар… Оёқ остидаги гиламда эса бир неча кишининг суврати. Таний олмадим. Шу ерда машқ қилдим. Машқим тугаши билан адам Президент келганини ва мени сўраётганини айтди. Ўрта залдан ўтиб олдинги хонага кирдик. Президент бир ўзи ўтирган экан. Ёнига чақирди. Кўп ўтмай командир келиб унга “чест берди” ва учишга изн сўради.

 

-Шошмасдан боравер, қозоқ азгина кутсин!-деди Президент. Кейин менга қараб гапира бошлади.

 

-Бир куни Останкино минорасининг тепасидаги ресторанда ўтиргандик. Владимир Владимирович “Давай, тансоқчиларнинг садоқатини  синаб кўрамиз,” деди. Авввал қозоқникини чақирдик. “Президентингга содиқ бўлсанг ўзингни шу минорадан ташлайсан,” дедик. Қизталақ, кўзини чирт юммай истеъфосини берворди. Кейин урус ҳам шундай қилди. Қирғиз билан тожик ҳам улардан ўрнак олди. Навбат бизникига келганда ҳеч нарса демай ўзини ташаворди. Ҳамма ҳангу манг бўлди. Пастда уни ушлаб оладиган жой қиб қўйишган экан. Ушлаб обкелишди. “Нега ҳеч ким ташламади-ю сен эса ғинг демай ўзингни отвординг?” деб сўрашди. Бизники “Самолётда ота-онам бор,” деб жавоб қилди. Ақлли бола эди. Аммо қовун туширди. Гапнинг тўғрисини айтиб қўя қолди. Шунақа… Бизда садоқат ота-она билан боғлиқ. Мана санга ҳар қанча яхшилик қилсам ҳам барибир ота-онангга кўрсатган садоқатингни менга кўрсатмайсан! Бу норма! Шунинг учун ҳам аданг ва ойингни ҳам олдим. Уларга садоқатингни кўрсатсанг, ўша манга ҳам етади. Лекин Худо кўрсатмасин сани уриб ташласа, бу дегани  ана уларни ҳам уриб ташлагани…

 

Президент шундай деб бармоғи билан орқани кўрсатди. Чиқсам ойимнинг кўзида ёш׃

 

-Болам шу кунларга етганингни ҳам кўрдим…,- дедилар. Лекин овозлари ҳазин ва сохта эди. Адам эса хавотирда. Бироздан кейин Президент яна ёнига чақириб қолди׃

 

-“Отарчи”нинг боласини яхшилаб ўрган. У ҳам сани ўрганишга ҳаракат қилади. Уни чалғит. Нима қилишингни билолмасин. Уни ўз ҳунари билан тугат. Душманга қараши ўз тактикасини қўлласанг буни кутмаган бўлади. Мағлуб қиласан. Бу аслида катта сиёсат. Сен тушуниб бўлмайдиган мавжудот бўлишинг керак. Ҳеч ким каллангдагини ўқий олмасин. Ҳеч ким  қайси оёғинг ва қайси қўлингни қаёққа, қачон ташлашингни тахмин қилолмасин. Ҳар қадаминг, ҳар ҳаракатинг чалғитувчи бўлсин…

 

У Остона аэропортига қўнгунимизгача маслаҳатлар бериб борди. Кайфияти яхши эди. Аммо пастга қаради-да, жаҳли чиқди׃

 

-Қозоқ! Яна ўзи чиқмабди,-деди.- “Отарчини” кутишга чиқибдими?

 

Унинг саволига жавоб берадиган одам йўқ эди. У орқага қаради. Эшик ёнида турган кексароқ одам эгилиб унинг олдига келди. Президент унга бақирди׃

 

-Эшитмадингми, нима дедим?

 

-Владимир Владимирович  билан банд бўлса керак. “Отарчи”га чиқмайди. Ҳали кўрасиз етти букилиб сиздан узр сўрайди,-деди у пинагини ҳам бузмай.

 

-Бўпти, кечроқ тушамиз. Бироз қаққайиб туришсин!-деди Президент. Кейин менга юзланиб׃

 

-Кўрдингми ўғлим,  бир марта ютқазсанг кутиб олишга итни чиқаради, икки марта ютқазсанг битни. Бу сафар Худо хоҳласа, ҳаммасини урамиз, санга ишондим. Ишончимни ўлдирсанг мени ўлдирганинг бўлади,-деди.

 

У шундай деб қўлини юзимга сураётганди самолёт бирдан олдинга қараб қалқиб кетди.

 

(Давоми бор).

 

 

http://turonzamin.org/2014/01/31/10-2/

 

 

 

 

Feb 3 2014

 

Жаҳонгир Муҳаммад׃ ОЛТИНЧИ ҚАВАТ

 

 

 

Президент  тансоқчисининг кундалиги (Воқеий қисса)

 

 

11.Халта

 

 

Қўрқув инсоннинг қонида бор дейишади. Кимдир ҳалокатдан қўрқса, кимдир фалокатдан.

 

Президент самолётнинг тўсатдан қалқиб кетишидан қўрқди. Буни бир қарашда сезишингиз мумкин эди. Ранги оқариб, қўллари титраб қолди.  У бирор нарсани тутаман деб жой тополмаётган кўр одамга ўхшарди. Бу қанча давом этди, билмайман. Балки бир сония, балки кўпроқ. Лекин тезда эски ҳолига қайтди ва ҳеч нарса бўлмагандек жойига  ястаниб олди. Нафасини ростладида:

 

-Нима гап?-деб бақирди. Овози шунчалар кучли эдики, қулоқларим қанғиллаб кетди. Унинг бояги қўрқув ҳолати менга кўчди. Ўзим билмаган ҳолда титраётгандим. Нима бўлганини қаёқдан биламан? Нега менга бақиради? Хайриятки, ичкаридан командир югуриб чиқди ва:

 

-Ўртоқ Президент, кечирасиз, самолётга қўйиладиган зинанинг мотори тўхтамаган кўринади, шиддат билан келиб урилди…,-деди.

 

-Аблаҳ, шунга ҳам ақлинг етмадими, буни атайлаб қилишган…  Кўрмаяпсанми, қозоқнинг ўзи йўқ, ўрнига ана у уйғур чиққан.

 

-Тошкентга боришганда биз ҳам…

 

-Санларда фақат гап бор… Қўлларингдан (…) ҳам келмайди!

 

Орқадан бир чиройли қиз сув олиб келди. У Президентнинг сўкинишга парво қилмади. Президент ҳам ҳеч нараса бўлмагандек сувдан қулига олдида юзини ҳўллади. Кейин ўрнидан турди. Ҳалиги қиз унинг костюмини кийгазиб, бўйинбоғини тўғирлади. Президент  қизнинг орқасига битта шапатиладида жилмая бошлади. Менга қараб ҳам жилмайди. Тушунмадим. Шу куйи дадил одимлар билан чиқиш эшиги томонга қараб юрди. У ўзини ўзи бошқаришга уста экан. Тайчида ҳам  ҳатто ихтиёринг қўлингдан олиб қўйилганда ўзингни ўзинг бошқаришинг керак.

 

Бизни тўғри мажлис бўладиган жойга олиб боришди. Ҳамма бир кун олдин келиб бўлган экан.

 

-Сиз ҳам Борис Николаевичга ўхшаб самолётда ухлаб қоладиган бўлдингизми? Туртмасак уйғонмайсиз!,-деди бир киши. Ҳаммa кулиб юборди. Аския бошланди.

 

-Пастга қарасам ҳамма бир хил, қайси бири Нурсултан Абишич экан деб ҳайрон бўлиб кутиб қолдим,-деди “батя”.

 

-Шуни билганимиз учун ҳам орқадан туртиб ўзимизни танитиб қўйдик…

 

Президентлар худди болалардек қийқириб кула бошлашди. “Батя” қизариб кетди. Нимадир демоқчи бўлди. Лекин “Нурсултон Абишич” тўхташни билмасди:

 

-Бизникиларнинг ҳаммаси ўзимиздан, шунинг учун бир хил, сизники каби термагул эмас!

 

Тағин кулги бўлди.

 

-Илтимос қилсалар ўзларига ўхшаганлардан бир-иккита ташлар эдик,-деди қорақош киши.

 

-Ҳамма гапирса ҳам сен жим тур, Имомчик, ўзингни у томонга мен ташалагану энди сен бу ёққа ташлайдиган бўлдингми?-деди “батя”.

 

-Ташла ташлашни мажлисдан кейин кўрамиз!-деди у.-Тағин ташлаб қочманг!

 

-Мажлисга кирмасак шу ерда ҳам ташлаб юборасизлар!-деб Путин олдинга қараб юрди. Қолганлар унга эргашдилар.

 

Путин ҳақида кўп қизиққандим. Негадир уни биринчи кўришим бўлсада ҳаяжон босмади.  Унинг кураш услуби ўзига хос. Ҳеч бир рақиби уни енгиш учун майдонга тушмайди. У енгилишни истаган одамни енгишга уринади. Биз ҳам Тайванда устага енгилишни истардик. Чунки ундан қўрқардик. У аста-секин биздан ана шу қўрқувни силиб олганди.

 

Президентлар кула-кула ичкарига киришди. Биз эшик ёнида қолдик. Фотомухбирлар кириб чиқишгандан кейин бир киши келиб биттадан тансоқчи бориб орқада ўтирсин деди.

 

Отарчи”нинг тансоқчисини шу ерда кўрдим. У тинмай менга қарарди ва масхара қилгандек тиржаярди. Унинг гавдаси меникига қарийб иккита келади. Қўллари ҳам оёққа ўхшайди  Бўйни ҳўкизники каби семириб, елкаси билан бошининг орасида жой қолмаган. У кўпроқ оғир тош кўтарувчини эслатади. Балки бокс ҳам тушар, каратени ҳам билар, аммо тайчидан хабари йўқлиги аниқ.

 

Тайчининг бошқа Узоқ Шарқ ўйинларидан фарқи кўп. Курашга киришдан олдин бошингдан кўринмас ип билан кўкка боғланасан. Оёқларинг ерга осилган. Бутун вужудинг халта. Осиб қўйилган халта. Ана шуни ҳис қолган ҳолатда ўзингни бошқаришинг керак. Бир зумда халтадан одамга, одамдан Тайчи курашчисига айланишинг лозим.

 

Дунёда миллионлаб одамлар турли курашларни ўрганадилар. Лекин миллионтадан биттасигина Тайчини ўргана олади” дерди уста Вун.

 

Тайчи инсоннинг кўзга кўринмас қувватини ишлатадиган иқтидор. Энг кўп энергия чақалоқда бўларкан. Инсондаги бу қувватнинг гавдага, мускулларга алоқаси йўқ. Уни ишга солиш учун каллада бошқарув иродаси бунёд этилиши керак. Шунинг учун ҳам чақалоқ бу қувватни ишга сололмайди.

 

Тайчининг иккинчи қоидаси шуки, душманнинг қувватини ҳам ўзига қарши ишлатиш даркор. Унинг ҳаракатларини ўрганиб, қуввати келадиган йўналишга кириб олиб,  кучни ўзига қайтариш туфайли зарбани икки карра кўпайтириш мумкин.

 

Отарчининг” тансоқчиси халта. Унда бу халтани курашчига айлантириш қобилияти йўқ. Қобилияти бўлганда бунчалик беписанд қараб, тиржайиб, масхара қилмаган бўларди.

 

Ҳар қандай енгилмас одамни енгадиган бошқа енгилмас одам бўлади.  Ҳар қандай кучдан устунроқ куч бор. Тайчининг бу фалсафасини билган киши рақибини масхара қилмайди. Ҳатто унинг қанақа “ёнғоқ”лигини чақиб кўрган бўлсамда ҳисларимни яширишим керак. Шунинг учун унга қарамай қўйдим.

 

Путиннинг орқасида ўтирган тансоқчи диққатимни тортди. Кексароқ, аммо ҳамма нарсани биладиган. Жуда босиқ, бировга парво қилмайдиган, ўзига ишонадиган одам. У курашчидан ҳам кўпроқ устага, тренерга ўхшарди. Қараб турганимни сезди ва “диққатинг президентингда бўлсин” дегандек қошини қимирлатиб қўйди.

 

(Давоми бор).

 

 

http://turonzamin.org/2014/02/03/oltinchi/

 

 

 

Feb 7 2014

 

Жаҳонгир Муҳаммад׃ ОЛТИНЧИ ҚАВАТ

 

 

 

Президент  тансоқчисининг кундалиги (Қисса)

 

 

 12. Боксчи ва чумоли

 

 

Мажлис олдидан ҳамма нарсани ҳозирлаб қўйишган экан. Путин׃

 

-Қўл қўямизми?-деди.

 

Кетдик!”, деб қўл қўя бошлашди. Ёрдамчилар бир зумда имзоланган ҳужжатларни кўтариб чиқиб кетишди.

 

-Тиливизунга ким нимани гапиради?-деб сўради Путин.

 

-Бошида келишганимиздек, кимнинг “хўрози” ютса ўша гапиради,-деди “Абишич”. – Аммо ­“Тиливизун”  дегани “тили узун” деганидир. Буни ҳам унутмайлик!

 

-Мен Самарқанд ва Бухорини ҳалигача ололмаганим ҳақида гапираман,-деди қорақош “Отарчи”.

 

-Самарқанд ва Бухорони бераман, деган ким?-жаҳл қилди “Батя” .

 

-Ўтган сафар ютиб олгандимку лекин сўзингизда турмадингиз.

 

-Унақа бўлса сан ҳам Ленинободни ютқаздинг-ку? Нега бермадинг?

 

-Биринчидан, сизга ютқазмадим. Иккинчидан, Ленинобод эмас, Сўғд. Учинчидан, қирғизларга ўзбекларнинг нима кераги бор? Уларга “аналгин” учун Ўш ҳам етиб ортади.

 

-Базарит қилмайлик, – дея сўзга аралашди Путин.-Бунақада ишларимиз бардак бўлади. Бу гаплар эллик грамм “ўра”га тушгандан кейин оғиздан чиқадиган гаплар. Олдин ҳам келишганмиз, шартларимизни мана шу ерда олдиндан “безбалда” айтамиз, бизга “барзометр” ёки “ганчар”нинг кераги йўқ, ҳаммамиз  серёзний одамлар. Ютқаздингми, бажар!. Бўлмаса, “шара”миз шара-барага айланиб қолади.

 

Путиннинг жаргонини тушуниш  қийин экан. “Батя”  унга нимадир демоқчи бўлди. Путин унга қараб давом қилди׃

 

-Мана, “Абғаниеч” Туркманистонга чагарадош ерни ютқазганди, “мазолит” қилмасдан, ғинг демасдан берди. ”Абишич” бизга ютқазганларини индамай топширди. Майли, ўтганга саловат. “Самарқанд-Бухоро” деб несерёзний гаплар қилмайлик. “Бозор”га реалистик нарсаларни тикайлик. Бугун маники ютса, Ўзбекистон бир ой Москвани бепул мева билан таъминлайди. Қозоғистон ютқазса, Байконурнинг яна бир қисмини ижарага беради. Туркманистондан икки фуқаролик истайман. Тожикистон эса 201-базани яна олти ойга боқади. Мана, ҳаммаси реалистик. Қани сизлардан эшитайлик.

 

Путин “бартендер”га ёзаяпсанми, дегандек қараб қўйди.

 

Президентлар жиддийлашиб ўз шартларини айта бошлашди. Қирғизистон раҳбари Сўх анклавига шериклик истади. “Абишич” эса ўзбек мардикорларини олиб кетишни сўради.

 

Кейин сўзни “Батя”  олди.

 

-Агар ютсам Раҳмон Ўзбекистон Исломий ҳаракатини чиқариб юборади, Қозоғистон яна бир йилга ғалла беради, Қирғизистон Ўшни тозалайди, Туркманистон Туркия ва Эрон билан қилаётган газ ўйинига бизни ҳам қўшади…

 

-Ўзбекистон Маҳмудни қайтарса, биз ҳам “ана у”ларни чиқарамиз,-деди “Отарчи”.

 

-Маҳмуд Худойбердиев бизда бўлсаки қайтарсак,-деди “Батя”

 

-Унинг Амир Темур ғоридаги базаси ҳам сизда эмасми?

 

-Ҳей, ҳали шпионлик ҳам қилаяман дегин!-”Батя”  қўлини пешлаб ўрнидан турганди, Путин “Спокойно!” деб  қўли билан ўтиринг ишорасини қилди.

 

Давлат раҳбарлари ёш болага ўхшаркан. Сал нарсага жаҳли чиқиб, сал нарсага пусиб қоларкан. Лекин коп-котта масалаларни мана шундай осон ҳал қилишларига беш кеттим. Ютдингми ол, ютқаздингми бер!

 

-Бўпти, қишга бепул газ берасиз!-деди “Отарчи”.

 

Шу пайт қаердандир телефоннинг “минғиллаган” овози келди.

 

Путиннинг жаҳли чиқди. “Безобразие” деб  бақирди. Бошқаларнинг ҳам асаблари бузилди.  Ёдимга адамнинг гапи тушди. Уяли телефон – уятли телефон. Чунки уяли телефонда ҳамма гапни гапириб бўлмайди. Ёзиб оладиганлар бор.

 

Ҳамма қидир – қидирга ўтди. Путин костюмини стулга осган экан. Телефон ўзидан чиқди.

 

-Ким солиб қўйди буни?- у шундай деб орқага қаради. Орқада ҳеч ким йўқ эди. Кейин телефонни елкаси оша ўша ёққа отиб юборди ва эсига нимадир тушгандек кулиб қўйди.

 

Ҳамма ҳеч нарсаси йўқлигини бир-бирига кўрсатгандек чўнтагини қайта-қайта ковлаб бошқа хонага ўтди. Спорт залидек ўхшаган хона. Кенгиш. Деразаси йўқ.  Тунги клубга ўхшайди. Бир четда бар ясалган-стол устига ичкиликлар, егуликлар қўйилган. Битта “бармен” йигит қўлидаги “Айпод”га айтилганларни ёзиб турибди. У “бармен”га ўхшамайди, “бартендер”га ўхшайди. Аслида бармен ҳам, бартендер ҳам  ичкилик қуювчи. Лекин озгина фарқи бор. Ҳамма ҳам “бармен” бўла олади. Бу “бар” ва “ман” сўзларидан тузилган. “Хода одам” деса бўлади. “Бартендер” ҳам икки сўздан тузилган ва “Мулозиматчи хода”. У ўз касбини илмга айлантирган одам. Шу соҳани миридан-сиригача билиши керак.

 

Лекин бу йигитда ортиқчаси ҳам бор. У стенографчиликдан ташқари тайчидан ҳам хабардор. Кирганимдан бери кўзининг тагидан менга қараб қўяди. У ҳам мени “таниди”, шекилли?!

 

Ҳар бир президентнинг ёнида биттадан “соқчи”. Бошқа одам йўқ. Президентлар тансоқчиларни эркалата бошлашди. “Батя”  қўлимни ушлаб, маҳкам қисди. У асабий. Кафти терлаган эканми ёки ҳозир терлай бошладими, қўлим нам бўлди. Шу дамда “Батя” нинг кеча федарация  раисига “Хўрозингни олиб кел” дегани ва кейин “Оқпадарнинг ити” деган гаплари ёдимга тушди.

 

Демак, биз президентлар учун “хўроз” ёки “ит”миз. Исташса эркалатишади, исташса тепиб юборишади.

 

-Боксчи билан чумоли нимадан қўрқади?- деди Путин ва ўзи жавоб қилди׃ -Боксчи бошига мушт келиб қолишдан, чумоли эса бошига оёқ келиб қолишидан қўрқади. Ҳозир ҳаммамиз шу аҳволда. Қани ким бошлайди?

 

Жаҳонгир Муҳаммад

 

(Давоми бор).

 

 

http://turonzamin.org/2014/02/07/qissa12/