Nov 112013
 

 

Мен 51 ёшимгача Ўзбекистондан бошқа давлатларга чиқмаган эдим.  Тақдир тақозоси билан 2010 йилда Ирландиянинг Дублин шаҳрига келиб қолдим. Бу ерга келганимда демократик давлатларда таълим системаси қанақа, соғлиқни сақлаш тизими қандай, аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш қандай, савдо соҳасидаги хизматлар қанақа  экан деган кўплаб саволлар жавоби мен учун жумбоқ эди.  Келганимга 3 йилдан ошяпти, шу йиллар давомида тўлиқ бўлмасада шу саволларнинг баъзиларига маълум жавобларни топгандайман.

Ирландияда  аҳолига  хусусий ва давлат ихтиёридаги касалхона ва клиникалар сифатли хизмат кўрсатади.

  Ирландия ҳукумати томонидан ҳар 2 йилда 1 марта 50-65 ёшдаги аёлларда кўкрак саратонини  аниқлаш учун бепул рентген кўригидан ўтказилади. Бундай кўрикдан ўтиш  Ирландия ҳукумати томонидан молиялаштирилади.

Менга 2013 йил 7-ноябрь пайшанба соат 3.30да кўкрак саратони бор-йўқлигини аниқлаш мақсадида рентгендан ўтишим учун хат келди, хатда ёзилишича агар белгиланган кун, соатда мен боролмайдиган бўлсам, уларга қўнғироқ қилиб айтишим учун телефон рақами ёзиб қўйилган.  

Ирландияда масалан кимдир жарроҳлик амалиётига муҳтож бўлса, навбатга ёзилади ва 3 ойдан 6 ойгача , баъзида бир йил ҳам кутиши мумкин экан.   2013 йилнинг октябрь ойи ўрталарида коллежда бирга ўқийдиган курсдошимнинг 12 ёшли ўғлида жарроҳлик амалиёти ўтказилганини айтиб қолди, биринчи навбатда “қанча пул тўладинг”,- деган саволни бердим, у эса “ҳеч қанақа пул тўламадим, чунки ўғлимда тиббий карточкаси бор”,- деди. Тафсилотларини сўраганимда у айтдики, бир йил навбати келишини кутган, лекин врачлар бир йил давомида агар қаттиқ оғриқ безовта қилса бизга мурожаат қилинг деб айтган экан, 

 лекин бир йил давомида ҳеч қанақа оғриқ безовта қилмаганлиги сабабли белгиланган кунида бордик деди. “Жарроҳлик амалиётига кириш учун касалхонада навбат кутишимизга тўғри келди, ўғлимга компьютер ўйинларини беришди, ҳар 15 минутда ҳамширалар хабар олиб турди, аҳволи, ҳолатини текшириб туришди”,- деди. 

Ирландияда қайси ташкилотга ишингиз тушиб мурожаат қилсангиз, муаммонгизни ҳал қилишга астойдил ҳаракат қиладилар. Чунки барча демократик давлатларда бўлгани каби Ирландияда ҳам хоҳ у раҳбар бўлсин, хоҳ оддий ишчи ўз давлатининг конституцияси ва қонунларига бўйсунишга мажбур, чунки инсон ҳуқуқлари  биринчи ўринда туради ва фақат халқ учун хизмат қилади. 

Ўзбекистонда эса бунинг бутунлай тескариси, қайси давлат ташкилотига борсангиз  муаммонгиз осонликча ҳал бўлмайди, қанча овора-ю сарсон бўлади одам. Чунки Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари умуман ҳурмат қилинмайди, аксинча юқори лавозимли раҳбарга маъқул бўлиш учун ҳаракат қиладилар.

  

Ирландияда кимнинг тиббий карточкаси(medical card) бўлса шу одам бепул медицина хизматидан фойдаланиш, дори-дармонларни маълум чегирмалар асосида олиш ҳуқуқига эга(битта турдаги махсулот учун €1.50). Ирландияда гепатит ва шунга ўхшаш сурункали касалликлар билан оғриган беморлар бепул дори-дармон билан таъминланадилар. Медицина карточкаси  кам таъминланган оилаларга соғликни сақлаш бошкармаси томонидан берилади. Медицина карточкаси худди пластик карточканинг размеридаги карточка, бу карточка фойдаланувчилари медицина хизматларининг барча турларидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга, яъни оилавий докторнинг қабулига кириш, тиш доктори, кўз касалликлари бўйича врач кўригидан ўтиш, касалхонада даволаниш.

2012 йилнинг декабрь ойида бирдан аҳволим ёмонлашиб, оилавий докторимнинг қабулига борган эдим, доктор қон босимимни ўлчаб кўрди, бу пайтда жуда қийналиб ва қисқа-қисқа нафас олаётган эдим. Врач менинг аҳволимни кўрди ва дарҳол тез ёрдам машинаси чақирди. Тез ёрдам машинаси 10-15 минутларда қаттиқ шовқин солиб етиб келди. Тез ёрдам машинасида мени касалхона (Mater hospital)га олиб кeтишди. Касалхонага етиб борганимизда тез ёрдам машинасида мени олиб келган 2 та медицина ходими, қабул бўлимидагиларга мени ва мен тўғримда маълумот ёзилган анкетани топшириб кетишди. Бир ҳамшира  қон босимимни яна қайтадан ўлчади, кейин бошқа ҳамшира қон анализи олиб кетди. Шундан сўнг навбат кутиб ўтирган эдим, рентген кўригидан ўтишим учун бошқа бир ходим менинг исм-фамилиямни чақириб, рентген кўригидан ўтишим учун олиб кетди. Кейин яна бошқа ҳамшира қон босимини пасайтирувчи ҳапдори бериб кетди, касалхонада навбат кутиб ўтирганлар кўп эди, бошқа бир касалхона ходими кечки соат 6 лар атрофида  ҳар кимнинг нима ейиши ёки ичишини сўраб, кимгадир чой, кимгадир кофе,сандвич бериб кетди.

Касалхонада врачлар менинг аҳволимга ўта жиддий қарашди,  касалхонага борган кунимнинг эртасига юрак касалликлари бўлимига олиб ўтишди. Бир кишилик хонада кроват, телевизор бор эди, мен икки сутка касалхонада бўлган бўлсам шу вақт ичида кунига уч маҳал овқатлантиришди, яна мени шуниси жуда ҳайрон қолдирдики, касалхонага келганимда анкета тўлдирилди ва бу анкетада қайси диндасиз деган саволи ҳам бор эди, алббатта мен ислом дини деб жавоб бердим. Кейин тушуниб етдимки, Ирландия эркин, демократик давлат бўлгани сабабли, ҳамма жойда бўлгани каби касалхонада ҳам ҳар бир  дин вакилларини қаттиқ ҳурмат қилишар экан. Тушлик пайти бир куни мол гўшти, кейинги куни балиқли таом беришди. Кечки сменадаги ҳамшира аёл жудаям хушмуомалалик билан  бир тугмачани кўрсатиб,бирор ёрдам керак бўлса шу тугмачани босишимни айтиб хонани тарк этди. Врачлар менинг электрокардиограмма натижаларимни кўрди, мени стресс тестдан ўтказиб обдон текширишди ва менда юрак касаллиги аломатлари йўқ эканлигини аниқлашди,  фақат менинг қоним таркибидаги холестерин миқдори нормадан юқори эканлигини аниқлашди,  қон босимим юқори кўтарилган пайтда тез-тез ва қисқа нафас олган эканман, керакли маслаҳатларни бериб, 2-3 кундан кейин оилавий врачимга кўринишимни айтиб,шу куни уйга рухсат беришди.

 Мен бу барча хизматларига пул тўласам керагов, қанча тўлар эканман деган фикр хаёлимдан ўтди,  менда тиббий карточкам борлиги учун  кўрсатилган барча хизматлар учун ҳеч ким ҳеч қанақа пул талаб қилмади, 

Бу дегани Ирландияда медицина хизмати бепул экан деган хулоса қилиш нотўғри бўлади.

 Аҳолининг қайси қатлами пулли медицина хизматидан фойдаланиши тўғрисида ҳозирча менда аниқ маълумот йўқ. 

Дублин шаҳридаги мен борадиган клиниканинг мижозлар кутиш хонасида шундай ёзувни ўқиб қолдим. 

 Хусусий мижозлар учун врач қабулига кириш €55, 

уч ҳафта ичида яна худди шу касаллик билан мурожаат қилинса €40,

врач мижознинг уйига бориб кўриши €80, 

ҳамширанинг ташрифи учун €35 тўланади деб ёзиб қўйилган экан.

Бир танишимнинг айтиши бўйича томографдан ўтиши учун €50 тўлаган экан.

 

Лекин бу Ўзбекистондагидан фарқли врачнинг чўнтагига эмас, балки кассага тўланади ва тўлаганлиги тўғрисида квитанция берилади, ўз-ўзидан шу суммалардан давлатга солиқ тўланади. 

 Колллеждаги бир дугонам билан суҳбатлашганимда, у бундан 2 йиллар олдин давлат ташкилотида ишлаган экан, лекин ёлғиз она бўлгани учун ва яна медицина карточкасидан фойдаланганлиги туфайли, бепул медицина хизмати олган экан.

  Ирландияда врач қабулига бориш учун  олдиндан қўнғироқ қилиб бориш вактини белгилаб олинади, белгиланган соатда борилади, клиникага боргандан кейин қабулхона(reсeption)га кириб мана шу соатда врач қабулига келишни белгилаганман дейилади, қабулхонадаги ходим мижоз тўғрисидаги маълумотларни компьютердан қараб белгилайди ва мижозлар кутиш хонасига кириб ўтиришини айтади. Мижозлар кутиш хонасида кресло, стуллар қўйилган ва яна ҳар хил журналларни ўқиб ўтириш мумкин, болалар учун баъзи ўйинчоқлар ҳам бор. Мижозлар жудаям паст овозда гаплашиб ўтирадилар, ҳеч ким бир-бирига ҳалақит бермайди, шароитга қараб 10-15минут кутилади,  врач мижозлар кутиш хонасига келиб, кимнинг навбати келган бўлса, исм-фамилиясини айтиб ўзи билан кабинетига бошлаб олиб кетади.  Мижозга хушмуомалалик билан керакли ёрдамни кўрсатади, қанақа муолажа керак бўлса рецепт ёзиб беради ва бу рецепт билан аптекага бориб дори-дармонларни олинади. 

Ўзбекистонда эса врач қабулига кириш учун навбатингиз келганда, врачнинг кабинетини ўзингиз излаб топиб борасиз.

 

Ўзбекистонда мустақиллик йилларигача, яъни 1991 йиллларгача медицина хизмати бепул,бошланғич таълим, ўрта таълим ва олий таълим олиш бепул эди.  Собиқ совет иттифоқи даврида қишлоқ аҳолисининг соғлиғини текшириш, улар тўғрисида кайғуриш бор эди. Болалик пайтларимдан эслайман, бизнинг қишлоғимизга рентген мосламалари ўрнатилган машинада келиб, барчани рентген кўригидан ўтказганлари эсимда, ҳаттоки далаларга бориб, бригадаларда ишловчиларни ҳам кўрикдан ўтказганларини эслайман. Бу дегани фақат совет иттифоқи даврини мақташ деб тушунилмасин, табиий киши ўтган даврларни эслайди, ҳозирги давр билан таққослагиси келади. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг эса  нафақат соғлиқни сақлаш тизимида, олий таълим тизимида, мактаб, боғча ва бошқа соҳаларда порахўрлик, коррупция авж олди. Ўзбекистонда барча соҳаларда мақсад ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, фақат одамлардан пул ундириш.

Бу ҳар хил кўринишларда амалга оширилди, яъни пора эмас врачга хизмат ҳақи,қўл ҳақи деган иборалар билан чалғитилди.   Шприц, ҳаттоки ярани боғлаш учун ишлатиладиган докалар(бинт)ни  бемор ўзининг ёнидан пул тулаб олади. Бунинг учун ҳар бир поликлиникалар, касалхоналар дарвозаси олдида дорихоналар пайдо бўлди, врачга борасиз, врач керакли дори-дармонларни ёзиб беради ва сиз худди шу поликиника ёки касалхонанинг дорихонасидан аслида беморлар учун давлат томонидан бепул олишингиз мумкин бўлган нарсаларни нақд пулга сотиб оласиз. 

Ҳаттоки болангизни касалликдан сўнг соғайиб,мактабга, болалар боғчасига  қайтиши учун ёзиб бериладиган справкага ҳам пул тўлашга мажбурсиз. 

2008 йил бўлса керак,кичик ўғлим мактабдан келиб  оёғини босолмай қийналиб юрди.  Врачга олиб борган эдим, рентгенга тушириш учун 2000 сўм тўлаган эдим. Икки ҳафталар гипсда саклашди, соғайганидан кейин мактабга соғлом эканлигини тасдиқловчи   справка учун 500 сўм тўлаган эдим.

  

Ўзбекистонда соғлиғингиз ёмонлашиб врачга борсангиз қачонки пул бермагунингизча сиз билан ҳеч кимнинг иши йўқ.

   Врач кабулига кириш учун, кассаларда билет олиш пайтида ёки автобус бекатларида навбатга турилса ҳамманинг иши биринчидан осон битади, иккинчидан ҳеч қанақа тартибсизликлар келиб чиқмайди.  Бунинг учун ҳар битта одам аввало ўзини ҳурмат қилса , кейинги навбатда бошқа инсонларни ҳурмат қилган бўлади.  Навбатга турмаслик, навбатни бузиш  пора беришни кучайтирадиган ҳолатлардан бири деб ҳисоблайман, яъни ҳамма навбатда турган булса, кимдир навбатда туришни хоҳламайди, ўша кимдир бирор юқори лавозим эгаси бўлиши мумкин ёки унинг кимидир юқори лавозимда ишлайдиган киши бўлиши мумкин, ана шундай кишилар ишини тезроқ битиргиси келади, ана шундай пайтда ёрдам берадиганлар осонгина топилади, “озроқ чиқимдан қочмасангиз ишингизни тез битиришингиз мумкин”,- деб  ишора берадилар. Шундай пайтда  ҳеч нарсани ўйлаб ўтирмасдан, жуда яхши тез ишимни битираман деб хурсанд бўлади, лекин  қаттиқ адашганини , бу иши билан порахўрликнинг ривожланишига ҳисса қўшаётганини сезмайди .  Аввалига кичик сумма сўрашади, кейин эса тобора ошириб боришади, мажбур беришга, чунки бошида ўзи билмаган ҳолда рози бўлган.

Бу дегани навбатда туриш ҳамма муаммоларнинг ечими эканда деган хулосага келиш нотўғри, навбатга туришдан ташқари инсонлар ўз ҳуқуқ ва эркинликлари  учун ҳам курашишлари керак бўлади. Ўзбекистон республикаси конституцияси ва қонунларини ўрганиб, фақат қоғозда эмас амалда қўлланилишини талаб қилинса мақсадга мувофиқ бўлади.

Ўзбекистон ва Ирландия бўйича баъзи статистик маълумотлар:

Аёлларнинг ҳомиладорлик ва туғруқ пайтидаги ўлими 2010 йилдаги маълумот бўйича: 

Ўзбекистонда -100 000 та чақалоқдан 28та, 

Ирландияда эса -100 000 та чақалоқдан 6та.

   (https://www.cia.gov/library/publications/the-world-factbook/fields/2223.html)

 

Ҳар 1000 та соғлом туғилган чақалоқдан 5 ёшга етмасдан  ўлим холати.  2012 йилдаги маълумот бўйича ҳар 1000 та чақалоқдан: Ўзбекистонда-40 тa, 

Ирландияда эса 1000та чақалоқдан -4 тa.

(http://data.worldbank.org) 

Ўзбекистонда аҳолининг соғлиги тўғрисида қайғурадиган жуда кўплаб қарорлар, фармонлар ишлаб чиқилган, лекин ҳаммаси қоғозда қолиб кетяпти.

Ўзбекистон республикаси  конституциясининг 40-моддасида

“Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга” деб ёзиб қўйилган.

 Ўзбекистонда ҳам демократик давлатлардаги каби инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилиниши, ҳар битта шахс ўзининг ва бошқаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган, давлат лавозимида ишлайдиганлар халқ билан ҳисоблашиб иш кўрадиган кунлар келишига умид қилиб қоламан.



Саломатой Бойматова

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти аъзоси.

11-ноябрь, 2013- йил.