Sep 272013
 

 

Ҳоким алмашгани Қашқадарёда пахта даласида содир бўлган ҳодисаларга боғлиқлиги айтилмоқда.

Ўзбекистондан келаётган хабарларга кўра, Қашқадарё вилояти ҳокимиятида халқ депутатларининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтган.

Сессияда Президент Ислом Каримовнинг қатнашгани ва янги ҳокимни тайинлагани айтилмоқда.

Каримов келишидан олдин шаҳарнинг марказий кўчаларида ҳаракат тўхтатилган, ҳуқуқ фаоллари назорат остига олинган.

Президент Каримов халқ депутатлари вилоят кенгаши сессиясида нутқ сўзлаб, ҳоким Туробжон Жўраевни лавозимидан озод қилган.

Шу вақтгача Қишлоқ ва Сув хўжалиги вазири бўлиб ишлаган Зафар Шаропович Рўзиевни вилоятга янги ҳоким қилиб тайинлаган.

Бу ҳақдаги хабарларга кўра бироз олдин Қишлоқ ва Сув хўжалиги вазирлигига қўнғироқ қилганимизда, қабулхонадаги ходим вазирнинг бошқа ишга ўтгани ҳақида маълумот бермаслигини билдирди.

Зафар Рўзиевнинг Қашқадарё вилоят ҳокими қилиб тайинланганини ҳокимият ходимаси тасдиқлади.

Олдинги ҳоким Туробжон Жўраев 2011 йил 30 ноябрда бунгача 9 йил вилоят ҳокими бўлган Нуриддин Зайниевнинг ўрнига тайинланганди.

Ўшанда ҳам сессияда қатнашган Ислом Каримов вилоятнинг қишлоқ хўжалигида ортда қолаётганини танқид остига олганди.

Қашқадарёлик ҳуқуқ фаоли Нодир Ахатов собиқ ҳоким Туробжон Жўраев сўконғич ва куч ишлатишни яхши кўрадиган одам бўлганини ва ушбу сифатини лавозимига ўтирган илк кунлариданоқ кўрсатганлигини айтади.

“Жўраев бир қассобни уриб, қўлини синдириб қўйган. Кейин Ерқўрғон бозорига бориб “нимага қиммат сотаяпсан” деб сотувчини урган. Бозорқўмни олдига кирганда, янги ҳокимни танимаган бозорқўм нимага сўрамай кириб келасан, бу сенга молхонами”, дегани учун уни ҳам урган, ўзини кимлигини айтиб бозорқўмни ишлаб олиб ташлаган”, дейди Ахатов.

Унга кўра, Ислом Каримов ҳокимни тайинлаётганда одамларга куч ишлатмаслик кераклигини тайинлаган. Лекин собиқ ҳоким Туробжон Жўраев қаршиликлар хотирасида муштумзўр ҳоким сифатида қоладиган бўлди, дейди қаршилик фаол.

Иккала ҳокимни ҳам Президент Каримовнинг ўзи сессияда нутқ сўзлаб, мақтов ва ишончлар билан қўйиб кетган.

Лекин Ўзбекистонда пахта мавсуми бошланган қизғин паллада ҳоким ўзгариши ноодатий ҳолат саналади.

Кузатувчиларнинг фикрича, Қашқадарёда ҳоким ўзгариши вилоятдаги пахта далаларида сентябр ойида содир бўлган ўлим ҳолатларига боғлиқ бўлиши мумкин.

Хусусан, Косон туманида коллеждан пахтага олиб чиқилган бир қизни ток уриб ўлдирган.

Нишонда педагогика олийгоҳининг бир нечта талабаси орасидаги пичоқбозлик натижасида бир йигит вафот этган.

http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2013/09/130927_cy_uzbek_kashkadarya_.shtml