Jul 302013
 

 

Жаҳонгир Маматов׃ “ИАК”

26.САМАНДАР

Ислом Каримов жуда ҳам қўрққан одамлардан бири Самандар Қўқоновдир.

Самандар Қўқонов асли форишлик. Отаси Совет даврида тадбиркор бўлган. Битта қўйини иккита қилган ва охирида юзтага етказган ҳамда “Бизнинг давримизда бойлар бўлмаслиги керак” деган режимнинг қувғинига учраган оддий чўпон бўлган.

-Тошкентдан бориб “Қўйларингиз қани?” дейишса чорвасини Қозоғистонга ҳайдаб қўйган бўлар, агар Қозоқлардан текширувчи келса, қўтонни Фориш томонда қурар, хуллас ўз молига ўзи хўжайинлик қила олмас экан,-деб ҳикоя қилганди у отаси ҳақида.

Аммо отасининг қўйлари акасига қолган. Унга ўтгани эса тадбиркорлик, ишбилармонлик. У Форишда бир ҳисобчига ёрдамчи бўлганида:

-Чўтни бунчалик секин ишлатмайдилар!-деб кетиб қолганни айтганди.

У ўшанда чўтдаги тошларни битталаб санаб ўтирган одам ҳисобчи эмас, балки чўтнинг тошларини санашни бармоқларига юклаган ва қарамасдан “чўт урадиган” одам ҳисобчи бўлиши кераклигини орзу қилган.

Тадбиркорлик ва ишбилармонлик қонда бўлади, деганлари рост. У кўп ўтмай шаҳарга кетади ва Горбачевнинг қайта қуриш йилларида замоним келди деб ўйлайди. Тошкент вилоятининг Чиноз туманида жойлашган нефтни қайта ишлаш корхонасига бошлиқ бўлгандан кейин эса дарҳол кўзга ташланади.

У биринчи бўлиб Коммунистик партиянинг корхонадиги бошланғич ташкилотини тарқатиб юборди. Бу бутун Иттифоқ бўйича шов-шувга айланди. Москвадан Ички ишлар вазирлигининг ва КГБнинг ҳарбийлашган кучлари Чинозга юборилди ва унинг идорасини ўраб олдилар. Ревизорлар ишга киришиб кетдилар. Ташқаридан келганлар киритилмас, ичкаридагилар чиқарилмас шароит эканини ўша кезда бу ерга кириб олган “Свобода” радиоснинг мухбири бериб турган хабарлардан эшитганмиз.

Олти ой қамал ҳолида текширув ўтказилган ва жиддий бир нарса топа олишмаганди. Кейин сайловлар бошлангач, туманда йўлларни қуриб бергани, ободонлаштириш, газлаштириш ишларига бош-қош бўлгани боис уни халқ депутатлигига номзод қилиб кўрсатишган.

Ўзбекистон Компартияси бошида турган Ислом Каримов дарҳол уни ёмонотлиқ қилиш керак, деб кўрсатма бергач, Тошкент вилоят газеталарида у ҳақда фелеътон чоп этилади. Қўйилган айб у коммунистик партия бошланғич ташкилотини тарқатиб юборгани!

Каримов режими ҳар қанча қаршилик қилмасин у депутатликка сайланади.

Биринчи сессия танаффусида новчадан келган, товуши ўткир бир киши яқинлашиб:

-Жаҳонгирсиз-а, мен Самандарман,-деди.

Гапнинг очиғи унинг идорасини олти ой текшириб бир нарса топа олишмаганига унча ишонмагандим. Чунки бундай идоралар қабоҳат ботқоғига ботган ва у ерда ишлаган ҳамма одам ўғирлик қилар эди. Бензин бор жойда ўғирлик йўқ десангиз сизни анқов деб ўйлашарди. Шу боис бу одамга унча ишонқирамай қарадим ва бир куни:

-Тақсир бошқа бир идорага раҳбар бўлганингизда гапингизга ишонардим, лекин ўғрихонада ишлайсиз-ку?!-дедим.

Унинг жаҳли чиқди. Аммо билдирмай, жилмайди.

-Бўри еса ҳам, емаса ҳам оғзи қон экан-да! Ўғри бўлганимда катта ўғрилар билан ўчакишиб қолмаган, уларнинг партиясига қарши чиқмаган бўлардим. Юринг бир кун шу ўғрихонага олиб борай, йўлда боргунча ва қайтиб келгунча кўп гапларни айтиб бераман, ҳам одамлар билан ўзингиз гаплашасиз,-деди.

Мен учун қизиқ эди. Бунинг устига Бош прокурор Бўритош Мустафоев унинг устидан иш қўзғатиш учун Олий мажлисга талабнома киритган ва Каримов биздан ана шу масалани қўллашни сўраганди.

Ҳақиқатдан ҳам бир кунда кўп нарсани ўргандим. Унинг идорасида одамларга яратилган қулайликлар бошқа бирор жойда йўқ эди. Сауналардан тортиб, бепул сартарош хизматига қадар…

Сартарошчи билан гаплашиб қолдим. Нуроний бир киши. Тошкентда яшар ва ҳар куни шунча узоқ йўлга қатнар экан.

-Рашидовнинг сартароши эдим. Каримовни ҳам яхши танийман,-деди у.- Ҳамма катталар менда соч олдирар эдилар. Рашидов гўридан чиқарилган пайтда мени ҳам терговга тортишди ва ишсиз, кўчада қолдим. “Сенга нима гап айтганди” деб кўп қийнашди. Бир куни бир мулла йигит мени Самандар укамизнинг ёнига бошлаб келди. У менга яхшигина маош тайинлади ва истаган кунларим келиб, одамларга бепул хизмат қилишга буюрди. Идорамизни ўраб олган кунлари Каримов мени бу ердан олиб, ўз идорасига қайтармоқчи бўлди, аммо бормадим…

Кейин Каримовнинг “ўнг қўли” бўлган Зелемхон Ҳайдаровга бу гапни эслатганимда:

-Агар шу одамни жавоб берганда иши ёпилиб кетган бўларди. Ислом акамнинг жуда жаҳллари чиқди ва “Қўқоновни қамоқда чиритаман”, деб айтдилар. Ҳали ҳам бир гаплашинг, шу одамга жавоб берсин,-деди.

Самандар акага бу гапни айтдим. Аввал ранжиди. Чунки хабари йўқ экан. Сартарош уйига телефон қилган одамлар ҳақида ва таклиф борасида унга ҳеч нарса демасдан рад жавоби қилган экан.

Кейин бирдан Самандар аканинг юзи ёришди ва:

-Оддий одам бўлса ҳам жуда мард экан,-деди сартарош ҳақида.

Унинг ишхонасида асосан ёшлар ишлар ва кўпчилиги мачитга қатнар, намозхон йигитлар экан.

-Бир куни шуни ҳам сизга айб қилишлари мумкин, у диндорлар ташкилоти қуриб олган дейишлари мумкин,-дедим унга.

-Сиз айтган каби бизнинг идоранинг номи ўғрихона бўлиб танилган, бу ерда ишлаган ҳамма ўғрилик қилади, деб ўйлашади. Шундай ҳам бўлган. Аммо мен болаларга бирортанг ҳам халқ мулкига кўз тикмайсан, деганман, бунинг устига улар намозхон бўлишгани учун Худодан қўрқишади ва юлғичлик қилишмайди. Аммо улардан радикал диндорлар чиқмайди,-деди,- улар ақли-ҳуши жойида, паст баландни тушунадиган йигитлар.

-Агар юлғичлик бўлмаса одамларга бу қадар кўп маошни қаердан бераяпсиз? Бунча шароитлар қаердан?-деб сўрадим.

-Балки ҳали ҳам кимлардир юлғичлик қилар? Лекин на биз ва на ҳукумат ҳали ушлаган эмас. Шароитга келсак, ҳали, бу ҳеч нарса эмас, мен Вазирлар маҳкамасига хат ёзиб жамоа учун ер ажратилишини сўраганман ва бу ерда ишлаганларнинг ҳаммасига биттадан данғиллама уй қурдираман,-деди у.

-Ўзингизга ҳамми?

-Мен ҳам жамоа билан бирга яшайман. Қолаверса нега қурмаслигим керак?

-Лекин бу қадар пул осмондан тушадими?

-Агар йўлини билсангиз осмондан тушади. Мен бугунга қадар халқимнинг бир тийинига хиёнат қилганим йўқ. Россия билан бошқа давлатлар орасида нефт маҳсулотлари олди-сотдисида воситачилик қиламиз. Россияга харидорлар топиб бераман, харидорга эса арзон маҳсулот ва келишувнинг 10 фойизи бизнинг идорага келиб тушади, бу эса жуда катта пул.

-Ҳукуматдагилар биладиларми буни?

-Бизнинг ҳукуматдагилар ҳеч нарсани билмайдилар ва билишни ҳам истамайдилар. Бир куни Бош вазирнинг ўринбосари телефон қилиб, Чинозда, катта йўл устидаги “бензоколонка”да  унинг йигитларига яхши бензин беришмаганини айтиб, шикоят қилди. Мен унга бизнинг “бензоколлонкамиз” йўқ, у бошқа идорага қарайди десам ҳам ишонмади. Булар ҳатто ўзлари раҳбар бўлган соҳаларнинг тузилишини ҳам билмайдилар,-деди.

Ўша кунлари ҳукумат бензин нархларини ошириб юборди.  Самандар Қўқонов сессияда микрофон ёнига бормас эди, ўрнидан туриб гапирарди ва овози ўткир бўлгани боис ҳайъатдагилар бемалол уни эшитардилар. Ўшанда у:

-Ислом, ака, бензинни бунча қиммат қилишнинг нима кераги бор? Менга имкон беринг, бир ҳафтада ҳаммаёқни бензинга тўлдираман, ҳукумат ҳам фойда қилади, халқ ҳам,-деди.

Каримов эса жилмайиб:

-Мустафоевдан сўраймиз,-дея киноя қилди ва бундан жаҳли чиққан Самандар Қўқонов қўл силтаб, ташқарига чиқиб кетди…

Бир куни унинг идорасидаги касаба иттифоқи раиси телефон қилди:

-Биз Эрк партиясининг бўлимини ташкил қилаяпмиз, келишингиз мумкинми?-деди.

Муҳаммад Солиҳ билан бирга бордик. Самандар Қўқонов йиғилишда қатнашмади. Кейин у бунинг сабабини:

-Яна мен қатнашганим учунгина одамлар режимга қарши бўлган гапларга қўшилишди, дейишлари мумкин деди у.

Унинг идорасидан 500 киши Эрк партиясига аъзо бўлишини Ислом Каримов ўзига қарши яна бир ҳужум деб қабул қилди.

Олдин ҳам Каримов уни ўзига қарши чиқаётган исёнчи деб билар эди.

-Агар у “йўқ” деса бирор киши ҳам ўзича бир иш қилмайди,-деганди Каримов,  7-сессиядан кейин у ҳақда гаплашар эканмиз.

-У тадбиркор ва ишбилармон одам, кўзи тўқ, халқнинг ҳақига хиёнат қилишни ёмон кўради, топганини ишчилари билан баҳам кўради, одамлар ҳақида ғамхўрлик қилади, нега ундан фойдаланмайсиз,-дедим Каримовга.

-Бундай одамлар жамият учун жуда таҳликали,-деди у,-улар етмиш йил заҳмат билан қурилганини бир кунда бузишни истайдилар. Аҳмоқ оломон шундайларга эргашиб кетаверади. Халқнинг “Янгини қурмасдан эскини бузма” деган мақоласига (мақолига демоқчи-ЖМ) қарши булар. Бунақа одамларнинг ўрни қамоқда!

-Лекин эскини бузмасак янгини қаерга қурамиз, қолаверса, агар бузсак қуришга мажбур бўламиз, бузмасак бошпана борку, деб юраверамиз.

-Бу ҳам ўшанинг гапими? Сизга ҳам таъсир қилиб бўлибди-ку?-дея кесатти Каримов.

-Таъсир қилиб-қилмаганини билмайман, лекин бугун ана шундай янги қарашдаги ишбилармонлардан қўрқмаслигимиз керак,-дедим.-Қўлламасангиз ҳам уни ўз ҳолига қўйишингиз керак! Халқ унга ишонмоқда, жамоаси ишонмоқда, биз нега ишонмаслигимиз керак. У қураётган уйни кечаси ёқиб кетишгани ҳақида прокуратура бирор иш қўзғатган эмас, лекин акасининг қўйлари бор, дея унинг устидан иш очилгани кулгили эмасми?

-Нима қилади бўлмаса бензинга хўжайинлик қилиб. Мафиянинг болалари борган экан, 93-бензин керак деб, бермабди, мафия билан ўйнашиб бўладими? Нима у Худо бўлдими? Шундан кейин ёқиб юборишади-да,-деди Каримов ва бирдан жим бўлиб қолди. У айтиши керак бўлмаган гапни айтиб қўйган эди.

-Уйига ўт қўйилганда жиноят содир этилиб, прокуратура иш қўзғатмаган бўлса ва иккинчи ҳолатда жиноят бўлмаган ҳолда унинг устидан иш очилган бўлса, бу масалани сессияга олиб чиқиш керак экан,-дедим тилимни тия олмай.

-Ука, пўписа қилманг, ўшанинг ишини ёпиш керакми, ана Мустафоевга айтинг, ишни тўхтатсин,-деди Каримов суҳбатимизга нуқта қўйиб.

Аммо Бўритош Мустафоевга “Тўхтатма!” деб айтибди. Кейин билсам, Мустафоев Самандар акадан бир миллион доллар сўрабди ва буни Каримовга бериши кераклигини айтибди. Самандар ака Каримовни ҳам, Мустафоевни ҳам ҳақорат қилиб юборганини оқизмай-томизмай етказишгани боис қўзғатилган иш яна давом эттирилган экан.

Биз Мустафоевнинг талабномасини баҳона қилиб, бутун гапни сессияда очишга қарор қилганимизни кимдир Каримовга сотгандан кейин сессия арафасида Мустафоев талабномасини орқага олди ва ишни ёпди.

Аммо орадан икки йил ўтиб, Каримов Олий Мажлисдаги мухолифатни бартараф қилгач, Қўқонов устидан яна иш очган. Бу пайтда Туркияда эдим. Эшитишимча унинг уй-жойлари, бойликлари ҳақида махсус филм қилдиришган ва унинг номини ёмон олтиққа чиқаришган. Илгари фелеътон ёздиришган бўлишса бу сафар филм.

Самандар ака ошқозони касал одам. Доим парҳезда юрарди. Уни Каримов 22 йилга қамаб юборди.

Унинг “жамиятимиз”га ёт бўлган бир одати бор, у ҳам бўлса чўрткесарлиги. Яъни каминага ўхшаб ўхшаб кўнглидагини қўрқмай очиқ айтиб юборарди.

Еттинчи сессия танаффусида депутатлар Каримовни ўраб олишганда у:

-Тақсир сиз ўзбек халқининг ажалисиз,-деганди Каримовга.  Бу жуда оғир гап. Айниқса Каримов кабилар бундай гапни асло кўтара олмайди.

Дарҳақиқат, кин ва гина сақлайдиган Каримов бу гапни ҳалига қадар унута олмагани аниқ. У ҳалигача Самандар Қўқоновдан қўрқади. Халқ унга эргашиб кетишидан, каримовлар қурган эски, нураган бинони бузишидан қўрқади.

Бир куни ишга кетаёганимда номерсиз машина билан уриб кетмоқчи бўлишди, тасодифан қутулиб қолдим, аммо ишга қадар орқадан қувиб боришди. Бу ҳақда ҳукуматдагиларга ҳам хабар бердик. Эътибор қилишмади. Эртасига бу ҳақда “Известия” газетасининг биринчи саҳифасида хабар чиқди. Кейин билсам, Самандар ака газетани олиб, Бош прокурор Бўритош Мустафоевнинг ёнига бориб, бу масалада иш қўзғатишни талаб қилибди.

-Ҳар бир кўча ҳаракатига иш очамизми энди,-дебди Мустафоев.

-Аблаҳ одам экансиз, халқ  депутатига, Олий мажлис қўмитаси раисининг ўринбосарига, ЭРК партияси котибига суиқасд бўладию сиз оддий кўча ҳаракати дейсиз-а,-дея газетани унинг юзига улоқтириб кетибди.

Бўритош Мустафоев бўлган воқеани сўзма-сўз ёзиб, Олий мажлисдан Самандар Қўқоновга чора кўришни талаб қилганди.

Унга:

-Қатағон кундан-кунга ошиб бораётган бир пайтда ўзингизни оловга уриб нима қиласиз?-десам.

-Самандарман, ўзимни оловга уришим керак!-деганди.-Лекин шу билан менинг устимдан йўқ жойга иш қўзғаган Мустафоевнинг ўзига ўзининг неча пуллигини исбот этдим.

Исмнинг ҳам аҳамияти катта дейишади. Баъзан исм ҳам инсоннинг ҳаёти ҳақида бир қиссадир. Халқимизнинг ривоятларида, эртакларида Самандар деган бир баҳайбат жонивор олов ичида туғилиб, олов ичида яшагани ҳикоя қилинади.

Қарангки, Самандар Қўқонов ҳам оловли бир даврда туғилиб, умри олов ичида қолди.

Бу оловнинг гўлахиси эса Ислом Каримов бўлди.

(ДАВОМИ БОР).

http://turonzamin.org/2013/07/30/iak26/#more-22773