Jun 292013
 

 

 

Жаҳонгир Маматов

 

kitobҲурматли ўқувчилар!

Бугундан бошлаб “ИАК” мемуарини қайта эълон қилиб борамиз. Гап шундаки, шу йилнинг 1-сентябр куни “ИАК” китоб ҳолида нашрдан чиқади. Китоб нашри билан узоқ йиллардан бери интернетда турган варианти орасида  таҳририй фарқ  бор.

Қолаверса, ҳар бир инсон каби камина ҳам камчиликлардан, хатолардан холи эмас. Бунинг устига мазкур асар Ўзбекистон тарихида Ислом Каримов, унинг сиёсати ва мустақиллик давридаги зиддиятлар ҳақида ёзилган илк китоб бўлгани учун ҳам жиддий хатолардан холи бўлишини истардик. Шу боис кимнинг мулоҳазаси, тузатишлари, таклифлари бўлса бош устига. Изоҳ бўлимида қолдирилса, ҳали ҳам китобни тузатиш имконияти мавжуд. Ёрдам учун олдиндан миннатдорлик билдириб, Жаҳонгир Маматов.

 ИАК

Мемуар

Тошкент-Баку-Истанбул-Вашингтон. 1992-2005 йиллар.

1. УМИД ёки КИРИШ ЎРНИДА

Бу китобни “Қувғин” романидан олдин қоралай бошлагандим. Лекин бутун воқеаликни ифодалаш ва зулм характерини очиш ҳамда ўқувчига етиб боришини қулайлаштириш мақсадида “Қувғин”да бадиий йўлни танлагандим.

Маълумки, Ўзбекистоннинг Ислом Каримов давридаги асл тарихи устидан қора чапланиб, унинг ўрнига ёлғон тарих ёзилди. Воқеалар мутлоқ бузиб кўрсатилди. Хоинлар қаҳрамонга, қаҳрамонлар хоинга айлантирилди

Шуларни эътиборга олган ҳолда ва бадиий асар четида қолган ҳужжатларни қайта кўздан кечирган вазиятда  “ИАК” ҳужжатли китобни ёздим.

Бу ерда асосан тарихни, яъни бўлган воқеаларни ўз ҳолича келтиришга, тарих ўлмаслигини кўрсатишга, зулмнинг илдизи ва асл қиёфасини бор ҳолича чизишга уриндим. Билмадим, бажара олдимми, йўқми?

Ҳар биримиз ана шундай кўрганларимизни ва билганларимизни ёзсак, тарихни тиклаган бўламиз. Камина бўш қолдирган  жойларни бу воқеаларга гувоҳ бўлганлар тўлдиришар, деган умидим ҳам бор.

2.ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Исми ва шарифи: Ислом Абдуғаниевич Каримов. (Қисқартмаси-ИАК).

Туғилган  вақти: 1938 йил, 30 Январ.

Туғилган жойи: Самарқанд шаҳри.

Оилавий аҳволи ва оиласининг таркиби: икки марта уйланган.

Расман эълон этилмаган  маълумотларга кўра  Ислом Каримовнинг биринчи хотинидан Петр исмли ўғли бор.

Иккинчиси билан, яъни  Татяна Акбаровна Каримова билан яшайди. Қизлари-Гулнора ва Лола. Гулнора Каримова Америка фуқароси  Мансур Мақсудийга турмушга чиққан ва 2002 йилда ажралган. Икки боласи бор: Ислом ва Иймон.

Миллати: аслида тожик,  расмиятда ўзбек.

Она тили:тожик. Лекин рус тилида ҳам она тили каби гаплашади.

Кейинчалик ўрганган тили: ўзбек.

Маълумоти ва мутахассислиги: Ўрта Осиё политехника институтининг инженер-механиклик факултетини 1960 йилда битирган.

Тошкент халқ хўжалиги институтининг иқтисод бўлимини 1967 йилда битиргани ҳақида дипломга эга.

Норасмий маълумотларга кўра бу дипломни ўқимасдан олган. Текширишнинг иложи йўқ, чунки билим даргоҳининг ўша йиллардаги архивига сирли равишда ўт кетган..

Президентлик даврида иқтисод фанлари доктори ва Ўзбекистон фанлар академиясининг ҳамда Россиядаги бир қатор академияларнинг аъзоси бўлган.

Хизмат пиллапоялари:( Расмий эълон қилинган маълумотларга кўра)׃

1960 – Тошкент қишлоқ хўжалик машинасозлиги заводида мастер ёрдамчиси, мастер, технолог.

1961–1966 – инженер, Тошкент авиасозлик бирлашмасида инженер-конструктор..

1966–1983 – Ўзбекистон ССР давлат планлаштириш қўмитасининг бўлимида  бош мутахассис, қўмита раисининг ёрдамчиси, бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғи, қўмита раисининг биринчи ўринбосари.

1983–1986 – Ўзбекистон ССР Молия вазири.

1986 – Ўзбекистон давлат планлаштириш қўмитасининг раиси, Бош вазир ўринбосари.

1986–1989 –Ўзбекистон Компартияси  Қашқадарё вилоят  қўмитасининг биринчи котиби.

1989–1991 –Ўзбекистон Компартияси МК Биринчи котиби.

1990–1991 – КПСС МК аъзоси, КПСС МК Сиёсий Бюросининг аъзоси.

1990 йил 24 Март  –  Ўзбекистон Олий Кенгашининг сессиясида Ўзбекистон президенти этиб сайланди.

1991 йил 29 декабрда  –  умумхалқ сайловида президент этиб сайланди.

1995 йил 26 Март куни президентлик муддати референдум йўли билан 2000 йилга қадар узайтирилди.

2000  йил 2 Январда   такрор президентликка сайланди, деб эълон қилинди.

2002 йилда референдум йўли билан президентлик  даври етти йилга узайтирилди ва унинг 2007 йилга қадар тахтда қолиши кафолатланди.

Мукофотлари: “Меҳнат қизил Байроқ” ордени ва “Халқлар дўстлиги” ордени ( СССР пайтида олган),  “Ўзбекистон Қаҳрамони” биринчи рақамли олтин медали билан (Президентлиги даврида таъсис этган ва биринчисини ўзи олган), Мустақиллик ордени  ва Президентлиги даврида таъсис этган ва  ўзи олган орденлари, биринчи даражали Рус православ Черкови ордени  ва бошқа бир қатор хорижий давлатлар мукофотлари, Мисрдаги Ал-Аҳзар университетининг профессори унвонини олган.

Асарлари: 10; 12 томлик тўпламлар. (Бошқалар ёзиб у ўқиб берган нутқлар  ва  бошқалар ёзиб унинг номи билан нашр этилган асарлардан иборат).

Севган спорт тури теннис ўйини.

Бошқарув усули: ленинча коммунистик бошқарув усули.

Бошқарувдаги маҳорат майдони: “Ҳаммани бир-бирига душман қилиб қўй ва бошқар!”, усули.

Истаги:  тарихда иккинчи эмас, биринчи “Амир Темур” бўлиб қолиш.

3. ҲАЙРАТ

Халқнинг бир қисмини алдаш мумкин, яна бир қисмини доим алдаш мумкин, халқнинг ҳаммасини вақтинча алдаш мумкин, лекин бутун ҳалқни ҳамма вақт алдаш мумкин эмас, деганди Америка президентларидан бири.

Чунки ғарбда мамлакатни идора қилишга даъвогар шахсларнинг “етти кўрпасини” ағдариб кўрадилар. Шахснинг ҳалоллиги, ростгўйлиги, диёнатли, иймонли, инсофли, ақл-идрокли ва саломат бўлишига аҳамият берилади.

Америкада сайловлар даврида номзод ёшлигида қимор ўйнагани, қандайдир ҳужжатли филмни хавфсизлик идорасига сотгани, наркотик қўллангани, гўзал бир хонимга кўнгил қўйгани каби ҳолатлар ҳам сув бетига қалқиб чиққан. Чунки Америка халқи фермага мудир эмас, мамлакатга раҳбар, агар мамлакат вужуд бўлса, вужудга бош, агар мамлакат бош бўлса, бошга ақл исташади.

Собиқ Совет иттифоқи даврида эса шахснинг ўзи эмас, ҳужжатлари «тоза» бўлса бас эди. Ҳар қандай ифлосликка булғанган ҳужжатни ҳам пул бир пастда тозаларди. У пайтда шахснинг партияга садоқати, халққа қўрқмай ёлғон сўзлай олиш қобилиятига эътибор бериларди.

Хўш, бугун нега Ўзбекистонда мустақил мамлакатда яшаб, ҳамон  Ленин чизиб берган йўлдан бир қадам ҳам нарига ёки берига одим отилмаяпти? Чунки ҳокимият макрнинг мулкига айланди, макрнинг  домига тушди.

Макр маҳоратдир, деган гап бор. Макрнинг миллион қармоғи бўлади. Биридан қочсанг иккинчисига тутуласан. Макрдан узоқ бўлишнинг йўли иккитадир. Бири уни билиш, иккинчиси уни йўқотиш. Биринчисига эга бўлмай иккинчисига эришиб бўлмайди. Табиатнинг оддий қонуни бу. Шу ниқтаи назардан келиб чиқиб, аввало кутилмаганда ҳокимият тепасига кўтарилган ва тарихнинг бурилиш нуқтасида Ўзбекистонда миллат ҳамда мамлакат тақдирига қора тамға урган шахснинг, яъни макр манбаини ўрганиб кўриш керак.

Ҳокимиятни макр билан қўлга олган ва макр билан бошқарган Ислом Каримовни ҳам яқиндан, ҳам узоқдандан яхши танийман. Тарихнинг бурилиш нуқталарида у билан  кўп марта тўқнаш келдик. Унинг шахси, нимага қодир бўлиб, нимага қодир эмаслиги, қандай қилиб ҳокимиятни бу қадар маҳкам ушлаб олиши, нима сабабдан зулм ва қатағон йўлини танлаши, миллонлаб одамларни бахтсизликка бошлаши сабаблари унинг қиёфасида, маънавиятида “мана-ман” деб тургандай.

Кўпчилик унга ишондими ёки ундан қўрқдими? Ўзбекистонни сақлаб қолиш учун унинг қаттиққўллиги, яккаҳокимлиги керак эдими ёки бу қаттиққўллик, яккаҳокимлик Ўзбекистон келажагини таҳлика остида қолдирдими? Нима сабабдан бугунга қадар халқ унинг кимлигини танимайди ва мамлакатни қандай бошқариши ҳақида  аниқ маълумотга эга эмас? Бу унинг маҳоратими ёки жамиятнинг ожизлигими? Хуллас, бу каби сарҳадсиз саволларга боис бўлган Ислом Каримов ким?

Илк дафъа Ислом Каримовга дуч келганимда орзуларим туғён урди. “Юракдаги бундай ловуллаган олов, куч-ғайрат, фидойилик билан партия идораларида қандай ишлаяпти экан, бу зот?”- деган савол ўртади.

Тасаввур қилинг, собиқ шўролар мамлакатида тўқнашувлар туфайли қуёш чизиғидан чиққан бир пайт. Ҳам фикр, ҳам мушт тўқнашувлари. Озодлик ва қуллик курашмоқда эди. Собиқ комфирқа нима бўлса-да ўзини сақлаб қолиш талвасасида. Бунинг эвазига кўп нарсадан қочмоққа ва кўп нарсани емирмоққа тайёр. Шундай кезда шўролар мамлакати таянган ва ишонган «штаб»лардан бири Ўзбекистон комфирқасининг биринчи котиби Ислом Каримов Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида сайловчилар билан (Ўзбекистон ССР Олий Советига 12-чақириқ сайловлари бошланган пайтда) учрашмоқда. Энди-энди ўзбек тилини ўргана бошлаган «биринчи»нинг сўзларни қўпол тарзда бузиб айтиши, кулгига боис бўладиган иборалар ишлатиши, олди-қочди гаплардан қутула олмаслиги ҳеч кимнинг ғашига тегмас эди. Чунки у курмаклар аро пишиқ гуручлар сочаётганди׃

«Қачонгача еримиз, Ватанимиз, бойликларимизга нарёғдан келганлар хўжайинлик қиладилар?». Қарсаклар.

«Қачонгача ўзбек тили хор булади? Ўз тарихимиз, динимиз, тилимиз, қадриятларимиз қачонгача карам (қарам      демоқчи- Ж.М.) бўлади? Биз озод, мустақил бўлишимиз учун керак бўлса жонимни бераман». Гулдурос қарсаклар.

«Биз фақат пахта, тиллолар эвазига дунёда энг бой яшашимиз мумкинлигини мана шу манбардан (минбардан, демоқчи – Ж.М.) ишонч билан айтаман». Қарсаклар.

Бу заминдаги ҳамма нарсалар дунё бозорида энг баланд баҳога сотилади. Олтин дейсизми, пилла дейсизми, қаракўл, пахта дейсизми, ҳаммаси жаҳон бозорининг энг чаққон маҳсулотлари, булар ўзимизга қолса, биз дунёнинг  бой давлатларидан бири бўламиз. Манa мен иқтисодчи сифатида бунга гарантия бераман: Ўзбекистоннинг бойликлари ўз халқини боқишга, боққанда ҳам тўлиқ боқишга етиб ортади, мана кўрасизлар!” (Қарсаклар)

«Мен нарёғдан, келинг очиқ айтай, Московдан қўрқадиган ерим йўқ. Сизлар ҳимоя қилсаларинг, бас! Нима дейсизлар?» Гулдурос қарсаклар.

«Фарғона, Бўка, Паркент воқеаларини ким уюштирганини биламан. Очиб ташлаймиз ҳали. Олдингизда тиз чўкиб айтаманки, ҳаммаси жазосини олади». Қарсаклар.

«Сайловлар озод бўлади. Кўппартиявийликка йўл очамиз. Коммунистик партия майдондан чиқади. Московда ухлаб ётган депутатларимизни ишга соламиз, улар ҳақимизни ўндириш учун ишламасалар ким ишлайди?». Қарсаклар.

Дин эркин бўлади, истаганимизча мачит қурамиз, бизга ресторанлар, қасрлар керак эмас, бизга ибодат қиладиган жой керак”. Қарсаклар.

Намоз ўқигани учун партиядан ўчирган замонлар ўтди, энди керак бўлса бу юртда намоз қилмайдиган бўлмайди” деган гапни Конституцияга киритиб қўямиз. Диндан бехабар бўлганлар ўргансин, кейин кеч бўлади. Оллоҳга хизмат қилишни ўрганмаган одам менинг дўстим эмас!. Қарсаклар.

«Пахта иши» билан қамалганларни, иншоллоҳ озод қиламиз. Халқимизнинг номини осмонга кўтарамиз». Карсаклар.

«Ерни деҳқонга берамиз, Горбачёв қўлини пештахта (пеш демоқчи-Ж.М.) қилмасин кўп. Сиз қўлласангиз, биз ҳам қўлимизни пештахта қиламиз». Гулдурос қарсаклар.

Қарсак урганлар ва Каримовни қўллаб гапирганлар сафида камина ҳам бор эди. У жуда кўп одамлар ўйлаб юрган гапларни тилга келтирган эди. Унинг айтган кўп гаплари менинг ҳам орзуларим эди.Унинг нутқини ким ёзиб берган бўлса ҳам халқнинг кўнглидагини сатрларга тўкканди ва Каримов уни  вақтида тилга келтирганди.

Ўшанда “Биринчи”, яъни республиканинг бошида турган шахс бемалол ёлғон гапириши, халқни алдаши, бугун айтиб эртага сўзидан қайтиши мумкин, деган фикрдан йироқ эдим. Таассуфки, ана шу мен йироқ бўлган фикрлар ҳақиқатнинг ўзгинаси экан.

Ҳа, ҳақиқат олис-олисларда, етганлар бор, етмаганлар бор!

(Давоми бор).

jahonnoma.com