Apr 172013
 

 

Ўзбекистон: Маҳаллий матбуот гунг бўлганми?

Шу йилнинг 6 апрель – шанба куни Қарши- Тошкент йўналиши бўлаб келаётган йўловчи автобус Жиззах давонининг тоғдан қуйилиш қисмида  қарама-қарши келаётган юк ташувчи Камаз русмли транспортга куч билан келиб урилган. Биздаги маълумотларга қараганда,автоҳалокат туфайли автобуснинг 20 нафар йўловчиси  оламдан кўз юмган. Тан жароҳати олганлар ҳам талайгина.  Айни дамда тегишли идоралар томонидан мазкур автоҳалокат сабаблари ўрганилмоқда.

Мана,бахтсиз ҳодиса содир бўлганидан ўн кун ўтибди ҳамки,   мазкур фожиа бирор бир ўзбек матбуотида тилга олинмади. Марҳумларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик ҳам билдирилмади,ҳатто.

Тўғри,“дунёни сув босса ўрдакка не ғам?” деганларидек,Ўзбекистон расмийлари сиёсий саҳнада соҳта обрў орттириш билан андармон. Ҳукумат раҳбарлари халқ ҳаёти,инсон тақдири ташвишга солмаслиги аён.

 

Бироқ,ачинарли жиҳати шундаки,наҳот юртдошларимиз қисмати журналистларни ҳам қизиқтирмаса? Ахир мазкур автоҳалокатда бир эмас, икки эмас, 20 нафар қурбон бўлганлиги айтилмоқдаку! Машъум автоҳалокат фожиаси  ёритилса Ўзбекистон ҳукуматининг дунё ҳамжамияти олдидаги обрўига путур етиб қоладими? Амалдаги ҳукуматнинг сохта обрўи инсон умридан ҳам устунми? Инсон ҳаётининг ҳукумат олдида писта пўчоқчалик қадр-қиммати йўқми?Бир пайтлар “Темур тиғи етмаган жойни,қалам билан олди Алишер” деган эди шоир фахр билан. Ватандошларимиз ҳаёти билан боғлиқ бўлган биргина фожиа – автоҳалокат мавзусига мурожаати эта олмас экансиз,  ҳайф эмасми сизга қалам!

 

Биламиз,Ўзбекистон амалдорларининг йўқотадиган нарсаси бисёр,маҳаллий журналистлар,айтингчи,сизнинг бой берадиган нимангиз бор,қаламингиздан бошқа?

 

Қўрқиб,икки букилиб,мум тишлаб,куну тун йўқ нарсалар ҳақида сайраб – маддоҳлик қилиб  нима топдингиз?  Топганингиздан йўқотганларингиз тош босиб кетади,агар билсангиз:Ўзингиздан батамом кечдингиз,ўзлигингизни йўқотиб қўйдингизку!

 

Журналистлари – зиёли қатлами “зомби” бўлган элнинг эртасидан нима умид энди?!

 

 

Орзигул ХУДОЁРОВА

 

Бирдамлик”  Халқ Демократик Ҳаракати

 

Ўзбекистон бўлими фаоли

 

 

http://birdamlik.info/?p=27404#more-27404