Jan 072013
 

Эсингизда бўлса,  Қирғизистондаги “Бирдамлик” фаоллари Фарҳодхон   Мухтаров,Адхам Тангриев ва Муборакхон Маматқуловалар ўз пайтида Ўзбекистон Конституцияси кунини нишонлаш тадбирини уюштиришиб  Қирғизистондаги ўзбекистонлик қочқинларга Ўзбекистон Конституциясини бепул тарқатишган эди. Шунингдек,улар ўзбекистонлик қочқинлар ва уларнинг фарзандларига бағишлаб уюштирилган янги йил байрамида ҳам фаол иштирок этишиб ватандошларининг кўнгилини чоғ қилишган эди. Бу сафарги байрам арафасида ҳам улар яна бир хайрли тадбирга қўл уришди,яъни миллати ўзбек бўлмиш қирғизистонлик  машҳур инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси,ўзининг ҳуқуқбонлик фаолияти учун турли халқаро мукофотларга сазовор бўлган,ҳозирда Қирғизистон қамоқхоналаридан бирида сақланаётган  Азимжон Асқаровни яқинлашиб келаётган байрам билан  қутлаб,унга байрам совғалари туҳфа қилиш тараддудига киришишди.Улар бир амаллаб Азимжон ака билан алоқага чиқиш йўлини топишди,аммо байрам арафасида ҳам,байрамдан кейин ҳам бир неча кун давомида Азимжон ака билан боғлана олишмади.Охири,кетма—кет тинимсиз уринишлардан сўнггина,улар Азимжон ака билан суҳбатлашиш бахтига мушарраф бўлишди.

Улар суҳбат давомида Азимжон акани кириб келган янги йил билан чин қалбларидан қутлашиб,эзгу тилакларини изҳор қилишди ва  байрам муносабати билан уларга совға жўнатмоқчи эканликларини айтишиб нимага муҳтож эканликларини сўрашди. Одатда,қамоқдаги маҳкумлар озодликдаги яқинларидан ўзларига сигарет ва нос каби нарсаларни жўнатишни сўрашади,чунки бу нарсалар қамоқда пул вазифасини ўтайди ва уларга қамоқда кўп нарсаларни (кийим-кечак,ширинлик,гўшт маҳсулотлари ва ҳоказо) айирбошлаш мумкин,аммо Азимжон ака зиёли одам эмасми,моддий озуқадан кўра маънавий озуқага кўпроқ муҳтож эканликларини билдириб дин,психология,фалсафа  ва санъат мавзусидаги бир қанча китобларни  ўқиб чиқиш орзусида эканликларини айтдилар. Шунингдек,улар Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати 2012 йилда қирғизистонлик ўзбекларни маънавий қўллаб-қувватлаш,уларга нисбатан бўлаётган босимларни тўхтатиш  учун Тошкентдаги Қирғизистон элчихонаси ёнида пикет ўтказмоқчи бўлганидан хабардорликларини,бу  пикетни ўтказишга Каримов режими тўсқинлик қилганидан афсусда эканликларини билдирдилар.

Фарҳодхон Мухтаров,Адхам Тангриев ва Муборакхон Маматқуловалар Азимжон ака сўраган китобларни одатдаги,яъни  қоғоздаги формасида туҳфа қилинганидан кўра совғага аталган пулга яна бироз пул қўшиб Азимжон акага  электрон китоб(e-book)  ҳадя қилишни маъқул деб топишди. Ўзингиз ўйлаб кўринг,ўқиб бўлинганидан кейин ўзи шундоқ ҳам тор бўлган камерада жой эгаллаб ётадиган бир нечта китобдан кўра ихчамгина электрон китоб яхши эмасми? Электрон китобнинг  катталиги одатдаги китобдан катта эмас,аммо хотирасида юзга яқин китобнинг электрон вариантини сақлай олади ва  ўқиб бўлинган китобларни унинг хотирасидан ўчириб,  ўрнига янги китобларни юкласа бўлади.

Шундай қилиб,Фарҳодхон Мухтаров,Адхамжон  ва Муборакхон опалар  шаҳар дўконларидан электрон китоб қидириб кетишди ва бир амаллаб топишди.Улар электрон китобни энди харид қиламиз деб туришганида харидорлардан бири:“Электрон китоб сотиб олгандан кўра планшет- компьютер сотиб олганларингиз яхши. Планшет- компьютер электрон китобдан бироз қиммат,аммо унинг функциялари электрон китобникидан анча кўп. Электрон китоб фақат китоб вазифасини бажара олса планшет- компьютер ҳам электрон китоб,ҳам компьютер вазифасини бажара олади”- деб маслаҳат бериб қолди. Бу маслаҳат Фарҳодхон Мухтаров  ва Муборакхон опаларга жуда маъқул келди ва энди улар планшет- компьютер сотадиган дўконларни қидириб кетишди. “Астойидил қидирган топади” – дейишганидек тиниб-тинчимаган  бирдамликчилар планшет-компьютер сотадиган дўконни ҳам топиб,ҳам копьютер,ҳам электрон китоб вазифасини бажара оладиган,ичида яна аллақанча функциялари бор  мўъжазгина планшет- компьютер сотиб олишди. Азимжон ака бу планшет- компьютерни ишлатишлари осон бўлиши учун улар бу планшетга ҳам ғилоф,ҳам клавиатура вазифасини бажарадиган мослама,иккита 16 гигабайтли флешка,стилус (махсус қалам)  каби нарсаларни ҳам харид қилишди. Муборакхон опа:“Яхшилик қилсанг охиригача қил”– деб қўйдилар бу нарсаларни харид қилаётиб. Шундан сўнг,улар бозорга бориб Азимжон ака  учун нон ва турли ширинликлар сотиб олишди. Улар эртага турмага  бориб,насиб қилса,буларнинг барини Азимжон акага топшириб,уларни хурсанд қилишмоқчи.

Барча ўзбекистонликлар шу иккита бирдамликчи каби ватанпарвар ва миллатпарвар бўлишганида эди балки,Андижон ва Ўш фожиалари рўй бермас,ўзбеклар,ўзбекистонликлар ҳозирги аянчли аҳволда бўлмас эди. Барча ўзбекистонликлар Фарҳодхон Мухтаров,Адхам Тангриев ва Муборакхон Маматқулова каби инсонлардан ўрнак олишлари лозим.

Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати

 

http://birdamlik.info/?p=25809