Nov 042012
 

БИРНИКИ МИНГГА,МИНГНИКИ ТУМАНГА

Гарчи тўрт туркий мамлакат Қозоғистон,Озарбайжон,Туркия ва Қирғизистоннинг раҳбарлари ва зиёлилари бирлашиб қатор яхши тадбирлар ўтказаётган бўлсада,Марказий Осиё туркийларининг баъзилари бош қўшмаётганининг,айниқса оддий аҳолининг бу улуғ воқеага бефарқлигининг ўзларига боғлиқ ва боғлиқ бўлмаган объектив сабаблари бор. Биринчидан,туркийларнинг қатор вакиллари,хатто туппа тузик зиёлилари ҳам,у ёки бу туркий ёки бошқа миллатлар ҳақида бўлмағур мақоллар,латифалар тўқишни ҳали ҳам тарк этмаганлар. “Тожикдан дўстинг бўлса,ёнингда ойболтанг бўлсин”,дейди бир оми ўзбек оғзининг таноби қочиб. Қозоқнинг ақли ноқис бошқа вакили эса,бу мақолни “Ўзбекдан ошнанг бўлса,ёнингда ойболтанг бўлсин”,тарзида ишлатади.

Агар эътибор берган бўлсангиз,Шўро даврида ўзбеклар ичида тожиклар,қозоқлар ёки қирғизларнинг устидан кулиш учун тўқилган,ёки асинча,тожиклар,қирғизлар орасида ўзбекларни майна қиладиган латифалар бўларди…“Бир куни бир тожик,(ўзбек,қозоқ,қирғиз…) деб оғзини таноби қочиб,бу гаплар қандай оқибатларга олиб келишини англамай гапирадиган латифагўйлар бўларди. Аксариятимиз уларнинг гапига “ваҳ-ҳоҳ-ҳо” лаб кулардик. Кейинги пайтларда турли миллатга мансуб туппа тузик қизиқчилар (бунинг салбий оқибатларини билган ёки билмаган ҳолда) бу хил латифаларни катта концерт залларида гапириб,гўё одамларни кулдириб юришди…Латифагўйлар концерт залларида айтган латифалар бир пайтнинг ўзида минглаб одамларга етиб боради. Тағин машҳур қизиқчилар бу хил латифаларни дискка айлантириб оммага соттиради. Миллионлаб одам бу хил миллий адоват уйғотадиган латифаларни эшитади ва фалон миллат пистон экан,деган фикрга тўғри деб ишонади…
Бу хил нохуш ишларга халқ орасида машҳур зиёлилар ҳам бош қўшганининг гувоҳи бўлганмиз. Ҳозир Ўзбекистон Қаҳрамони бўлиб юрган бир шоирнинг туркия турклари ҳақида:“Лўлисифат халқ,одамни алдаб,чув тушириб кетади”,деганини эшитганмиз. Назаримизда у умр бўйи раис бўлиб ишлаган отасидан ёки онги ўсмай қолган бирон қишлоқдошидан бу гапни эшитиб қолган ва сўзининг оқибатини билган ёки билмаган ҳолда такрорлаб юради…Чунки бу гапни у бизгагина эмас,шогирдларига ҳам айтиб юргани аниқ. Бир куни ўша “қаҳрамон”га яқин юрадиган ва унинг ҳар бир гапини ҳақиқат сифатида қабул қиладиган бир шогирди:“турклар оферист халқ”,деганини кўпчилик йиғилган даврада айтиб қолди. Устозимиз,профессор Бегали Қосимов унга:“Бу гапингиз нотўғри. Турклар бизнинг қардошларимиз,улардан ўзбек ёки қозоқ ҳеч қачон зарар кўрмаган ва кўрмайди ҳам”,деди. Биз ҳам домлани фикри тўғри эканлигини айтиб:“Сиз у қаҳрамонга ишонманг. У туппа тузик шеър ёзиб юрган бўлсада,туркийлик нима эканлигини билмайди” дедик. У жим қолди ва узоқ йиллар бирга юрганимизда бу гапни қайта такрорламади.
Худди шу “машҳурлар” туфайли миллатнинг оми вакиллари (афсуски,туркийлар орасида омийлар оз эмас) руҳида бир-бирови ҳақида салбий фикр ва туйғулар шаклланади. Салбий фикр шакллангандан кейин у отадан болага,маҳалладан маҳаллага ўтавергандан кейин 1989 йили Фарғонада,1990 йили Ўш ва Ўзганда,2010 йил июнида Ўш ва Жалолободда бўлиб ўтган қирғинларга йўл очилади…
Шу хил ижобий. (баъзан салбий) фактларни эсласак “Бирники мингга,мингники туманга” деган мақол эсимизга тушди…

Ботир НОРБОЙ,Сейтбой БАЙДУЛЛАЕВ.

 

http://birdamlik.info/?p=25041#more-25041