Nov 022012
 

 

Швед полициячилари Нодира Аминова шахсиятини ҳимоя қилиш мақсадида¸ уни юзига ниқоб тутилган ҳолда маҳкамага олиб келмоқда.

Ҳурмат Бобожон

02.11.2012


Нодира Аминова Швециянинг Стромсунд шаҳрида ўзбекистонлик таниқли имом Обидхон қори Назаровга уюштирилган суиқасдга алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинган эди. Аммо швед маҳкамаси Аминовага қўйилган айблар етарлича тасдиғини топмади¸ деган асосда уни суд залидан озод қилди. Озодлик билан суҳбатда Нодира Аминова ҳозирда доимий қўрқув остида яшаётганини айтади.

28 яшар Аминова айни кунларда турмуш ўртоғи ва фарзанди билан Швециянинг жанубий қисмида яшаб келмоқда.

Нодира Аминова Озодлик билан суҳбатда ўзи ва эрининг исми-шарифи ва фотосуратлари айрим журналистлар тарафидан Интернетда тарқатиб юборилгани ўзларини анча қийин аҳволга солиб қўйганини гапиради.

– Ҳозир биз ҳамма нарсадан қўрқиб қолганмиз. Тўрт томондан қўрқиб қолганмиз. Қаерга боришни, қанақа қилиб яшашни билмаяпмиз, умуман иккиланиб қолганмиз. Чунки бошимизга қўйилган айблар катта ваҳима бўлиб кетди. Бу ерга келишимиздан мақсад билим олиш ва мамлакатга қайтиш эди. Ҳозир энди нима қилишни билмай, ўйланиб турибмиз¸ дейди Аминова.

Ўзбекистонлик жуфтлик Нодира Аминова ва Баҳодир Пўлатов Швецияда бошпана топган ўзбек имоми Обид қори Назаровни отган шахсга қотилликни уюштиришда ёрдам бериш айблови билан шу йилнинг 15 май куни Швеция жанубидаги Скене шаҳрида қўлга олинган эди.

Аминова ўша кунги ҳибсга олинишини яхши эслайди:

– Ўша куни шундоқ кўчага чиққанимда, автобус бекати томон кетаётганимда бир аёл келди, “Исмингиз шуми”, деди, “Ҳа” дедим. Кейин ҳужжатини кўрсатиб “Сизни олиб кетамиз, саволларимиз бор” деди. Тинчликми, дедим, сабаб ўшанда бу нарса хаёлимга ҳам келмаганди. Шу билан тегов изоляторида икки ой сақлашди. Шароитлар, муомала жуда яхши, лекин ҳеч ким билан гаплашишга рухсат беришмасди, дейди Аминова.

Июл ойида Швециянинг Остуршенд шаҳридаги маҳкама эр-хотинга қўйилган айблов бўйича исбот-далиллар етарли эмас¸ деган қарорга келди ва июл ойида иккала судланувчини ҳам суд залидан озод этди.

– Қамаворишади, бир неча йилга кетдим шекилли, деб ўйлагандим. Йўқ, суд адолатли қарор берди, бизни шартларсиз озод қилди. Мамлакатдан чиқиб кетмаслик керак, деган шарт қўйилмади. Ўзбекистонга кетишимиз ҳам мумкин эди. Лекин навбатдаги маҳкамани кутяпмиз,  дейди Аминова.

Швед прокурори Кристер Петерсон айбланувчиларга 8 йил қамоқ жазоси сўраган эди. Ўзбекистонлик эр-хотиннинг озодликка чиқарилганидан норози бўлган Петерсон суд қарори юзасидан ўтган ой юқори инстанция маҳкамасига шикоят аризаси киритди.

– Шу апелляция суди келаси йил бошида, январ ойида бўлса керак. Лекин, адвокатимизнинг айтишича, прокурор суднинг бизни оқлаш ҳақидаги қарорини шубҳа остига қўядиган бирон янги далилни тақдим этмаган, дейди Нодира Аминова.

Журналистлар бизни ноқулай аҳволга солиб қўйишди

Нодира Аминова ўзи ва эри устидан таргов ва маҳкама жараёнини ёритган айрим журналистларни айбсизлик презумпцияси қоидаларига амал қилмаганликда айблайди.

– Айбсизлик презумпцияси деган тамойил бор. Яъни ким айбли, бунга суд қарор беради. Судгача ҳеч ким айбли ҳисобланмайди. Суд эса бизни оқлади. Лекин, бу ерда яшайдиган ҳамюртларимиздан қўрқиб қолганмиз. Улар бизни суд ҳали бўлмасидан жиноятчига чиқариб қўйишди ва суддан кейин ҳам улар бизни айблашда давом этмоқда. Халқаро журналистика қоидаларига асосан, жиноятда шубҳаланаётган шахслар номи оммага эълон қилинмайди. Швед матбуоти шу қоидага амал қилди, лекин айрим ўзбек журналистлари бизни исмимизни Интернетда эълон қилиб юборди ва бизни анча ноқулай аҳволга тушириб қўйишди, дейди Аминова.

Ўзбекистон Халқ ҳаракати сайтида эълон қилинган очиқ хатида Аминова жумладан шуларни ёзади:

“Воқеанинг фақат қоралов томонини эмас, оқлов томонини ўрганиб чиқишга ҳеч ҳаракат қилдингизми? Йўқ. Ҳеч ким ҳатто қизиққани ҳам йўқ. Мен ҳам бировга ўз ҳикоямни айтиб бергим келади ахир. Мен ҳам жиноятчиларга ҳар доим ёмон кўз билан қараганман, шунинг учун ҳамманинг нафратини яхши тушунаман. Аммо бу каби адолатсизлик, бу каби омадсизлик, бу каби шармандачиликка ҳеч ким жим қараб туролмайди. Агар Интернет янгиликларидаги ҳамма нарса ҳақиқат бўлганида эди, майли тўғри айтишяпти¸ деган бўлар эдим. Асосан, банк ҳисобимдаги пуллар тўғрисидаги миш-мишлар жуда ачинарли… Ҳозир булар менинг барча тинчимга, барча орзу-ҳавасларимга, келажакдаги режаларимга нуқта қўйиб қўйди”.

Жуковскийнинг ниятини билмаганмиз

Прокурор тақдим этган айблов хулосасига кўра, ўзбекистонлик эр-хотин Обидхон қори Назаровни отган Юрий Жуковский исмли шахсга имом яшаган жойни аниқлаш ва меҳмонхона топиш¸ шунингдек машинани кирага олишга ёрдам берган.

Маҳкамада уларнинг телефон қўнғироқлари, квитанциялар, компютердаги ёзишмалари ва банк ҳисобларига шубҳали пуллар келиб тушгани эр-хотиннинг қотил билан ҳамкорлик қилганига далил сифатида келтирилганди.

Прокурорга кўра, эр-хотин Обидхон қори Назаровнинг манзилини Интернетдан қидириб топиб, ижарага олинган машинада имомнинг кундалик ҳаётини ўрганиш учун Стромсундга ҳам бориб келганлар.

Нодира Аминова прокурор иддаоларини рад этар экан, шимолга боришдан мақсадлари Қорбобо юртини зиёрат қилиш бўлгани ҳақидаги судда айтганларини такрорлади.

– Биласиз Стромсунддан шимолроқда Лопландия бор. Кичкиналигимизда Қорбобонинг юрти бўлган Лопландия ҳақида эртакларда кўп ўқиганмиз, шунинг учун у ерга борганмиз, мақсадимиз Лопландияни кўриш эди¸ дейди Аминова.

Обидхон қори Назаровга ўз уйи йўлагида ўқ отганликда айбланиб¸ қидирувга берилган Ўзбекистон фуқароси Юрий Жуковский билан танишлигини эътироф этган ҳолда Нодира Аминова¸ бу одамнинг асл муддаосидан мутлақ бехабар бўлганини айтади:

– Жуда соддадил инсон бўлиб кўринди у бизга. Жиноятчига сира ўхшамайди. Ўзи рус, ғирт русча гапиради. Оиласи билан тез-тез гаплашарди. Кичкина боласи ҳам бор экан Россияда. Акамнинг ўртоғи сифатида уйимизда меҳмон қилдик. Лекин нима қилаётгани ҳақида бизга ҳеч нарса гапирмасди. Бир неча кундан кейин шу хабарни Интернетда ўқиганимиздан сўнг шок бўлиб қолдик. Чунки биз унга ёрдам берганмиз, ниятини билмаганмиз¸ дейди Аминова.

Ўтган ой швед матбуотида Обидхон қорига суиқасдда гумонланган Юрий Жуковскийнинг Россияда қўлга олингани ва унинг Швецияга экстрадиция қилиш масаласи муҳокама қилинаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Аминовага кўра¸ Жуковскийнинг швед маҳкамасига олиб келиниши¸ ўзи ва турмуш ўртоғи юзини ëруғ қилишга ëрдам беради:

– Биз бу хабарни эшитиб хурсанд бўлдик. Агар у одам шу ишни қилган бўлса ҳам¸ қилмаган қилмаган бўлса ҳам биз тўғримизда ҳақиқатни айтса яхши бўлади,  дейди Аминова.

Обид қори Назаров шу йил 22 феврал куни Швециянинг Стромсунд шаҳарчасидаги ўз уйи йўлагида қуролланган номаълум шахс томонидан отиб кетилди.

54 яшар Обидхон қори Назаров ҳамон оғир аҳволда шифохонада қолмоқда.

– Обидхон аканинг оила-аъзолари бизни ҳали ҳам айбдор, деб ўйлашаётган бўлишса , нима дейишни билмайман уларга. Бизда жиноят қилиш нияти бўлмаган экан, биз айбдор бўлмаймиз, дейди Нодира Аминова суҳбат сўнггида.

 

http://www.ozodlik.org/content/article/24758578.html