Sep 112012
 

Бир неча кундан буён сира ухлай олмаяпман. Нега дейсизми? Мени ғам
босди. Бир неча сайтларга кириб уларда эълон қилинаётган мақолаларни
ўқиб ва кузатиб бораяпман. Менинг ғам тортишимга бир ҳолат сабаб
бўлаяпди. У ҳам бўлса Тожикистондаги РОҒУН ГЭСи ва Қирғистондаги ҚАМБАР ОТА ГЭС ларининг қурилиши ва улар қурилгандан сўнг ўзбек халқининг аҳволи нима кечиши кўз ўнгимга келаяпди. Ўзларингизни хабарларингиз бор, мен Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида яшайман. Бу ҳудуд асли чўл зонаси. Ҳовлиларимизга бир назар солсангиз, дарахтларимиз
сувсизликдан қовжираб қолган. Жазирама иссиқда баьзида ичимлик сувини
ҳам топа олмай сарсон бўламиз.

Ёз ойида Ўзбекистонликларни севиб тановвул қиладиган нарсаси бу
тарвуз ва қовун бўлади. Ёз ойида пишир, куйдир қилиб ётиш шарт эмас.
Помидор, бодринг бўлса бўлди. Гоҳида битта салат билан ҳам қорнингиз
тўқ, демак ғамингиз ҳам йўқ бўлади. Менинг бошимга тушган ўй – бу
келгусида сувсиз қоладиган бўлсак халқнинг аҳволи ҳозиргиданда баттар
оғирлашиши. Фермерлар ишсиз қолади. Полиз экинларидан асар ҳам
қолмайди. Фарзандларимиз мева –чева истеьмол қилмай касалманд бўла
бошлайди.

Ўзбекистонда жуда кўпчилик анемия (камқонликга) хасталигига дучор
бўлган. Бу касалликни енгиш учун дори-дармон етарлик эмас. Витаминга
бой махсулотлардан истеьмол килиш шарт бўлади. Мен Ўзбекистон
ичкарисида яшайман ва бу муҳитни четда юрган ватандошларимиздан кўра
яхшироқ биламан.
Мен хукумат томонини олаётганим йўқ. Бу фикрларни ватанимни ва
халқимизни жонимдан ортиқ севганим учун ёзаяпман. Ўзбекистон
президенти И.А.Каримов балки жуда тўғри айтаётгандирлар деган фикрга
келаяпман.

Президент пахтани ўйлаётгандирлар, аммо мен келгусида халқ абгор бир
ҳолатга тушиб қолишидан хавотирдаман. Чунки мен шу халқнинг ичида
яшаётган энг оддий инсонман. Энг асосийси мени ваҳимага солган бир
нарса, бу урушни бошланиб қолишидир. Урушни олдини олишимиз керакдир
унда. Мен онаман! Ҳеч қачон  уруш тарафдори бўлмаганман ва бўлмайман
хам. Бегунохлар қонини тўкилишинг кимга кераги бор?

Азиз мухолифатчилар, мен билмайман бу масалани бирор бир бошқа ечими
борми ёки йўқ? Наҳотки айни дамда юрт, ватан, халқ тўғрисида қайғурмасак.
Биз халқ душмани эмасмизку! Ўйлайлик, олди-қочди гаплардан бироз
чалғийлик-да ватан учун қайғурайлик! Мени тўғри тушунинглар, мен
уйқусиз тунларни бедор ўтказаяпман, келажак учун қайғураяпман. Мендан
мухолифатчилар, инсон хуқуқлари ҳимоячилари бу мақоламдан сўнг хафа
бўласизлар. Буни биламан, аммо хафа бўлманглар! Бу айни хақиқатдир.
Фақат мени тўғри тушунасизлар деган умиддаман. Қаердандир сув тортиб
келишни йўлга қўйиш керакми, ё  сув заҳираларни топиш керакми? Бошқача
йўллари ҳам бордир ахир? Кимда қандай фикр бор азизлар? Мен
фикрларингизни кутиб қоламан. Мени бу ғамдан қутқаринглар!
Ватан учун қайғурайлик!

 

11 сентябрь, 2012 йил.

Гулшан Қораева

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти

Қашқадарё вилоят бўлими раиси.